Шодмон Отабек. Тавба (ҳикоя)

— Келдингизми? — аёлнинг ҳар куни бир хил такрорлайдиган бу сўровида кўп йиллар бирга яшаган эр-хотинлар ўртасидагина бўладиган бир яқинлик, меҳр-садоқат оҳанги зуҳур эди.
— Келдим, ўзинг тузукмисан?
— Ҳмм…
Аёл сассиз юриб айвонга чиқди. Газга чой қўйди. Хонтахтага дастурхон ёзди. Елим халтага ўралган нонни олиб ушатди. Сочиққа ўралган, ҳали совимаган косадаги мантини эри томонга суриб қўйди. Чойни дамлаб келиб, қайтарди.
Акбарали кийимларини алмаштирди, ювиниб келиб хотини қаршисига чўкди.
— Овқатингиз совимасин, олинг, — деди хотини косага ишора қилиб. — Ҳалима манти қилган экан, ҳали ташлаб кетувди.
Ҳалима уларнинг тўнғич фарзанди, қўшни уйда эри, бир қизи билан яшайди. Ҳар овқат қилганда ота-онасини йўқлаб, насиба олиб келади. Ўғиллар — Фаррух билан Шерзод ҳам шу маҳалладан қўним топишган.
Туман газетасида узоқ йиллар бош муҳаррир бўлган Акбарали пенсияга чиққач, зерикиб қолди. Бир куни шаҳардан талабаликда орттирган яқин дўсти Шокир йўқлаб келди. Туриш-турмушини кўриб, энсаси қотди:
— Шуям ҳаёт бўлдими, оғайни? Томорқангни шўр босиб кетибди, уни эпақага келтиргунча ийиғинг чиқиб кетади. Нима зарил сенга бу ерда яшаш? Ўлай агар, мен бунақа жойда бир кун ҳам туролмасдим.
— Хўш, нима қил дейсан?
— Э-э, шунга ҳам бош қотириб ўтирасанми? Ҳовлини сотиб, шаҳарга — бола-чақаларингни олдига борасан-да! Зерикмайин десанг, иш ҳам топилади.
— Қаний-чи, яна ўйлаб кўрармиз… — Акбарали мужмал жавоб қилди.
Шокир шаҳарга боргач, дўстининг фарзандларини ёнига чорлаб, маслаҳат берди: «Отангни анча юмшатиб қўйдим, бу ёғи энди ўзингларга боғлиқ, яна бир ўртага олсанглар кўчиб келади».
Фарзандларнинг қийин-қистовига болаларини соғиниб, тез-тез кўз ёши қилиб оладиган хотинининг оби дийдаси ҳам қўшилдию Акбарали ноилож туман марказидаги катта ҳовлисини арзон-гаровга сотиб, шаҳарга кўчиб келди. Мўъжазроқ, таъмирталаб бир ҳовлини сотиб олишди. Бекор юриб ўрганмагани учун Шокир директорлик қилаётган нашриётда ишлай бошлади.
Хаёлга берилган Акбарали совиб қолган чойни ҳўпларкан, хотинига зимдан разм солди. Бир замонлар ақлу ҳушини ўғирлаган, куйдирмажон чеҳраси ҳар куни тушларига кириб чиқадиган хотини қарий бошлаган, ажин тўр ташлаётган юзлари салқи тортганди. Кўпдан ўйлаб юрган гапини бу гал ҳам ичига ютишга мажбур. «Йўқ-йўқ, айтолмайман. Айтиш… мумкин эмас! Айтсам… шафқатсизлик бўлади. Бечора ўзи зўрға юрибди, бунақа гапни кўтаролмайди».
— Озгина қопти, еб қўя қолмайсизми? — хотини чойни янгиларкан, косадаги мантига ишора қилди.
— Мен тўйдим, ўзинг-чи? Ўзинг евдингми?
— Ҳмм…
Акбарали овқатланаётганда хотинининг билинар-билинмас қуруқ нонни кавшаб ўтирганини эслади: «Ўзи емаган. Одати шунақа — агар насиба бир коса бўлса, менга илинади. Бир ўзига қозон осиб ўтирмайди. Ўзи емай менга едиради. Менга худди боласидек қарайди. Пешонамга шундай хотин битган-у, мен ношукур…»
Хаёл уни яна узоқларга олиб кетди… Меҳринисо ундан бир синф қуйида ўқирди. У ҳам мактабнинг кўзга кўринган, аълочи ўқувчиларидан эди. Яхшигина рақсга тушар, байрамлар, тантаналар усиз ўтмасди. Акбарали Меҳринисо билан ана шундай тантаналарнинг бирида яқинроқ танишиб олди. Ўшанда даврани бошқариш икковига топширилганди. Қизалоқнинг қўнғироқдек жарангдор, ёқимли овози анча вақтгача қулоқлари остида акс-садо бериб турди. «Қўшиқ айтса ҳам бўлар экан бунақа овоз билан, — деб ўйлади, фақат буни ўзи билмайди, айтиш керак унга». Айтди ҳам. Кутилмаган жавобни эшитиб ҳайрон бўлди.
— Отам артист бўлмайсан, деб огоҳлантириб қўйганлар!
— Ие, отангиз келажагингизни ўйламайдиларми?
— Ўйлайдилар, аммо…
— Қизиқ, отангиз… қаерда ишлайдилар?
— Отам… шу мактабда директор.
— Ўҳ-ҳў!.. Ўзлари директор бўлатуриб…
— Отам яхши одам! Мен отамни яхши кўраман! — қиз қошларини беихтиёр чимириб, ранжиганнамо сўзлади.
Директорнинг қандай одам эканлиги орадан кўп йиллар ўтгач маълум бўлди. Меҳринисо билан муносабатларидаги илиқлик, яқинлик юқори синфга ўтгач, пахта йиғим-теримида ўзгача тус олганди. Қаерда, қайси пайкалда бўлмасин, Акбарали худди сеҳрланган одамдек ўз-ўзидан Меҳринисо пахта тераётган эгат ёнида пайдо бўлиб қолаверар, қизнинг кўзга кўринмас бир оҳанрабоси ўсмирни ўзига чорлар эди. Уларнинг суҳбати сира тугамасди. Фақат битта нозик мавзу – севги-муҳаббат ҳақида оғиз очишмасди. Чамаси, улар бу ҳақда гап очишга ҳали эрта деб ҳисоблашар ёки ийманишарди.
Мактабни битиргач, шаҳарга ўқишга кетди. Омади бор экан, ўзи орзу қилган институт талабаси бўлди. Қишлоқда қолган Меҳринисо билан хат ёзишиб турди. Ҳар гал қиздан хат олганда қувончи кўксига сиғмас, яшаш янада завқли-шавқли туюлар, ўзича бахтли келажак режаларини тузарди. Меҳринисо Акбаралидан фарқли равишда ўша – энг керакли, зарур сўзни тилга олишдан ҳамон ийманар, айни чоғда ўз муҳаббатини иболи қизларгагина хос бўлган бетакрор, назокатли бир йўсинда, оддий сўзлар билан изҳор этарди.
Ўша кезлар Акбарали хизмат ёшида бўлгани учун сентябр охирларида чақирув қоғози олди. Октябр ойида курсдошлари пахтага, Акбарали эса ҳарбий хизматга жўнаб кетди. Меҳринисо билан ёзишмалар давом этди. Бир куни Меҳринисодан буюртма хат олди. Мактубдаги «Отам мени мажбуран қариндошининг ўғлига эрга бермоқчи, чорангизни кўринг!» деган жумлани ўқиб, бошига биров тўқмоқ билан ургандек гарангсиб қолди. Отаси зиёли, ўқиган-тушунган одам бўлатуриб, наҳотки шундай қилса, наҳотки қизининг хоҳиш-иродаси билан ҳисоблашмаса?!
Акбарали қишлоқдаги ҳадди сиғадиган ҳамма таниш-билишларига хат ёзиб, аҳволни тушунтирди, иложи бўлса отани инсофга чақириб, ёрдам беришларини ўтинди. Иккилана-иккилана қизнинг отасига ҳам хат ёзишга журъат этди. Еган-ичгани татимади. Озиб-тўзиб кетди. Ниҳоят, хатларига жавоб кела бошлади. Ҳаммасининг мазмуни бир хил: ота ўжарлик қилиб турганмиш. Қиз аллақачон унаштирилибди, фотиҳани бузиб бўлмас эмиш!
Ахийри ҳарбий қисм командири ҳузурига кириб, дардини айтди. Командир тушунадиган одам экан, кўнглини кўтариб, навбатсиз таътилга рухсат берди. Афсуски, ғишт қолипдан кўчган, кескинроқ чора кўрмоқдан бошқа илож қолмаган эди. Отасининг феълини яхши билган Меҳринисо бор гапни яширмай, тўғрисини айтди. Юзага келган вазиятда энди панду насиҳатлар, чора-тадбирлар иш бермас, Акбарали хизматга кетиши билан орадан кўп ўтмай Меҳринисони эрга бериб юборишлари аниқ экан.
— Хўш, унда нима қилдик бўлмаса? — Акбарали оғир хўрсинди. Меҳринисонинг нозик қўлларини қайноқ кафтига олиб, кўзларига тикилди.
— Ўзингиз… биласиз. — Қиз йигитнинг меҳр тўла ўтли нигоҳига дош беролмай, кўзларини ерга тикди. Айни чоғда ҳар қандай чорага рози эканини билдириб қўйгани учун хижолат чекди. Қиздан айни шу жавобни кутган Акбарали сал енгил тортди. Ҳал қилувчи сўзни энди у айтиши лозим эди.
— Бўлмаса, гап бундай, — деди йигит бир томоқ қириб олгач, жиддий тортиб. — Мен сизни… олиб қочаман!
— Вой, ўйлаб гапиряпсизми? — кутилмаган таклифдан қиз чўчиб тушди.
— Ҳа, ўйлаб гапиряпман. Бундан бошқа чорамиз йўқ.
— Қизиқ, мени… қаёққа олиб қочасиз?
— Қаёққа бўларди, ҳозирча борадиган ягона маконим – хизмат жойимга олиб кетаман.
— Қизиқ, мен у ерда нима қиламан? Қаерга жойлашаман?
— У томони билан ишингиз бўлмасин, ҳаммаси яхши бўлади. У ерда ҳам яхши инсонлар кўп, ёрдам беришади. Муҳими – улар бизни тушунади. Қўрқманг, бизни бутун армия ўз ҳимоясига олади.
Меҳринисо бундай таклифни мутлақо кутмаган эди. Ўйланиб қолди. Ота-онаси бу кўргуликни кўтара олармикин? Уни …кечиришармикин?
— Ота-онангиз… ота-онамиз кейинчалик бизни кечиришади, — йигит қизнинг хаёлидан кечган иштибоҳни сезгандек далда берди. — Набиралари билан келиб кечирим сўраймиз.
Меҳринисонинг чеҳраси кутилмаганда ёқимли бир ҳисдан ёришиб, мулойим тортди. Уялгансимон бошини йигитнинг кўксига босди… Эртаси куни Шокир Акбарали билан Меҳринисони вокзалдан Сибирга кузатиб қўйди.
Акбарали Меҳринисо билан ҳарбийда кечган, гўё жуда узоқ ўтмишда рўй бергандек туюлувчи ғаройиб, бахтли ҳаётини ширин бир тушга ўхшатади. Ҳар гал уни эслашдан ҳузур қилади. Ҳаётда севгисига, севганига эришолмаганларнинг оҳ-воҳлари, важ-корсонларини тан олмайди, ҳазм қилолмайди. Бундай кимсаларни ношудликда, иродасизликда айблайди. Албатта, агар сарҳисоб қилиб айтиладиган бўлса, ўтган ҳаётидан рози, ҳатто мамнун. Фақат …ўша машъум хатога йўл қўймаганда эди, ҳаммаси рисоладагидек, бекаму кўст, беғубор бўларди.
Ўшанда таҳририятда котиба бўлиб ишлайдиган бева аёл Назокатнинг тоғда яшайдиган ёлғиз онамни кўриб келайлик, деган илтимосига йўқ деёлмай йўлга чиққанди. Кўзга яқин, истараси иссиққина бу жувоннинг ўзига бўлакча, гоҳо ошкора суқ бир назар билан қарашини сезиб юрса ҳам бунга жиддий эътибор бермасди. Машина паст-баланд тепаликлар, адирликлардан ўтаётганда Назокат ногоҳ таклиф қилди:
— Илтимос, шу ерда бирпас тўхтайлик. Атрофни қаранг гўзаллигини!
Назокат Акбаралининг қўлидан тутиб, қизғалдоқлар томон етаклади. Акбарали беихтиёр, сўзсиз, итоат билан аёлга эргашди. Ўша лаҳзадан бошлаб инон-ихтиёри ўзидан соқит бўлганини сезмай қолди. Аёл уни қўлидан бўшатмас, олға бошлар ва нимадир демоқчи бўлар, баҳор ҳавосидан энтикиб, кўксига сиғмаётган истакдан кўзлари оловдек ёнарди…
Машинада уришиб қолган одамдек индамай боришаркан, Акбарали аёлдан, ундан ҳам кўра кўпроқ ўзидан ижирғанарди. Энг қимматли нарсасини бир зумда йўқотиб қўйган одамдек тажанг эди. Ноқулай сукунат узоқ давом этди.
— Қўрқманг, ҳеч кимга айтмайман!..
— Гап бунда эмас! — деди Акбарали жаҳл билан.
— Нимада бўлмаса?
— Э-э!.. — Акбарали хит бўлиб қўл силтади…
…Ўша воқеадан кейин Акбарали ҳаловатини йўқотди. Ичини номаълум, саркаш бир ғашлик тинимсиз кемирарди. Ҳали-ҳамон нега хиёнат қилганини тушунолмас эди. Шайтон йўлдан урдими? Аёлнинг макрига учдими? Ахир яқин-яқингача чин юракдан севган одам ҳеч қачон хиёнат қилмайди, деган тушунча-эътиқод билан яшаб юрарди-ку! Уни нима жин урди? Тўғри, Назокат ҳеч кимга оғиз очмади. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолди. Аммо ўзи-чи?.. Ўзи билади-ку! Ўзидан қочиб қаёққа боради? Гуноҳини ювишга қолган умри етармикин? Тақвога берилгандан буён Аллоҳ астойдил тавба қилган бандаси гуноҳини кечиришига ишонарди. Аммо юрагида ўчмас доғ бўлиб ётган ўша гуноҳдан бутунлай фориғ бўлиш учун биргина тавбанинг ўзи етармикин? Ҳозирча бошқа чорасини билмайди. Демак, биргина йўл қолган – хотинига айтиш, тавба-тазарру қилиш керак. Агар айтмаса, уни юрагида олиб юраверса, хотинини яна бир карра алдаган бўлади.
Меҳринисо эрининг анчадан буён ниманидир айтмоқчи бўлиб, қийналиб юрганини сезар, вақти-соати келганда ўзи оғиз очиб қолар, дея арқонни узун ташлаб юрарди. Аммо ҳадеганда эридан садо чиқавермагач, бояқишнинг мушкулини осон қилмоқчи бўлди.
— Кўпдан буён сезиб юрибман, бир нима демоқчи бўляпсиз-у аммо негадир ботинолмаяпсиз. Бирон гапингиз бўлса айта қолинг, ўзингизни ҳам, мени ҳам қийнаманг.
Акбарали тараддудланиб, худди жиноят устида қўлга тушгандек талмовсираб қолди. Хотинининг юзига қарай олмади. Ичидан зил кетди. Пешонасидан совуқ тер чиқди.
— Тўғри, сенга… муҳим бир… йўқ-йўқ, унчалик муҳим ҳам эмасдир, аммо айтмасам бўлмайдиган бир гапни, бир сирни айтишим керак. Вақти-соати келганда айтарман ҳам… Фақат сен… мени шоширма. Ўзим айтаман, албатта айтаман.
— Зарур гап бўлса, айта қолинг энди одамни хит қилмай! — деди хотини бетоқат бўлиб. — Ахир мен бегона эмас, ўттиз йил бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдошингизман-ку! Менга… ишонмайсизми?
Акбарали бошини хам қилганча дастурхон четини эзғилаб ўтираверди. Анчадан кейин ҳадиксираб хотинига қаради. Бояқиш мўлтираганча ҳамон эрининг оғзига тикилиб ўтирарди. Акбарали шундагина бу гапни ортиқча пайсалга солса хотинига ҳам жабр бўлишини англади.
— Мен… сенинг олдингда гуноҳкорман, шунга… тавба қилмоқчиман.
— Сиз… гуноҳкорсиз? — хотини янглиш эшитдиммикин, дея қайта сўроқлади.
— Ҳа, гуноҳкорман.
— Қизиқ, қандай гуноҳ экан у?
— Мен сенга… хиёнат қилганман. Бошқа… аёл билан. Фақат бир марта…
Акбарали мана шу даҳшатли сўзларни айтаётганда хотинининг юзидаги адоқсиз изтироб аралаш бир лаҳза қотиб қолган аянчли ҳолатни кўриб титраб кетди. Хотинига раҳми келди. Ўзидан нафратланди. Айни чоғда энг қийин қилкўприкдан ўтиб олгандек сал енгил тортди. Аммо бу лаҳза бир зумгина давом этди.
— Нега? Нега?!.. — хотинининг кўзлари жиққа ёшга тўлди.
— Кошки буни ўзим ҳам билсам! — деди Акбарали пешонасига аёвсиз муштлаб. — Ўзинг яхши биласан — хотинбоз эмасман, сендан бошқа аёлни… кўрмаганман, аммо нима жин уриб ўша куни…
— Бас! — деди Меҳринисо жаҳл билан. — Қандай қилиб ифлослик қилганингизни айтиб ўтирманг. Нафратланаман…
Хотини ундан нафратланяптими ёки ўша ифлосликдан — Акбарали билолмай қолди. Бу борадаги ҳар қандай гап хотинини жазавага солиши мумкинлигини ўйлаб, ноилож тилини тийди.
— Қизиқ, қилгуликни қилибсиз, энди бу гапни менга нима учун айтаяпсиз? Нима учун?
— Ахир ўзинг қўймадинг-ку айта қолинг деб! — Акбарали хотинига ҳайрон бўлиб тикилди.
— Сизнинг бунчалик тубанликка боришингизни мен қаёқдан билай?!
— Тўғри, мени ҳар қанча қораласанг ҳам ҳақлисан. Агар мени кечиролсанг – кечир! Охиратимни ўйлаб, тавба қилмоқчи эдим.
— Хиёнатни… кечириш мумкинми? — Меҳринисо эрига нафрат билан тикилди. — Охиратингизни ўйлабсиз-у мени ўйламабсиз-да! Ахир мен энди қандоқ яшайман?..
— Агар мени… чиндан севган бўлсанг…
— Севгига тил тегизманг, энди севги ҳақида гапиришга ҳаққингиз йўқ.
— Хўп, хўп… — тили қисиқ Акбарали итоат билан бошини эгди. Эгилган бошни қилич кесмас, деб ўйлади.
— Мен аҳмоқ бўлиб, сизга ишониб… худди декабристларнинг хотинларига ўхшаб орқангиздан Сибирларга бориб юрибман.
Орага узоқ, ноқулай сукунат чўкди. Ҳар қандай гап хотинига ёқмаслигини билган Акбарали чурқ этмай ўтираверди. Ахийри хотини ўзича ҳукм чиқарди. — Мен барибир бу кўргуликни ҳазм қилолмайман, энди бу ерда сиз билан хотиржам яшолмайман. Кетаман, мени қишлоққа обориб қўйинг.
Акбарали хотини шаҳардаги невараларини бир-икки кун кўрмаса туролмаслигини билгани учун бу пўписадан қўрқиб ўтирмади. Уни аёлининг «энди хотиржам яшолмайман», деган гапи ўйлантириб қўйди. Бежиз хавотирланмаган экан. Ўзи касалманд аёл энди узоқ-узоқ ўйланиб, хаёл сурадиган бўлиб қолди. Иштаҳаси бутунлай йўқолиб, озиб-тўзиб кетди. Энди эри ишдан келганда эшикни ҳам бориб очолмас эди. Уззу кун жойида чўзилиб ётгани-ётган эди. Бу кўргуликларнинг ҳаммасига ёлғиз ўзи айбдор эканини билган Акбарали ичидан зил кетиб, ўз ёғига ўзи қоврилиб юрди. Дардини бировга айтиб, кўнглини бўшатолмас эди. Гоҳо ўзи билан ўзи пичирлашиб қоларди: «Ажабо, хом сут эмган банда билиб-билмай энг яқин одамининг умрига зомин бўларкан-да. Худо кўрсатмасин, агар хотинимга бир нима бўлса, бунга энг аввало ўзим айбдор бўламан. Ўзим!.. Унда мен қандоқ яшайман?..»
Ахийри хотинининг аҳволи оғирлашгач, касалхонага ётқизишди. Бояқиш тузалиш ўрнига кундан-кунга аҳволи оғирлашиб, сўниб-сўлиб борар, дарди ичида бўлган Акбаралининг ичига қил сиғмас эди.
Умр шами сўниб бораётганини сезган хотини бир куни Акбаралини ёнига имлади.
— Қўлингизни беринг, — деди овози алланечук титраб.
Акбарали ҳайрон бўлиб қўлини узатди.
— Унисиниям беринг.
Акбарали баттар таажжубланди, хавотирланиб, иккинчи қўлини ҳам узатди. Аёл эрининг икки кафтига юзларини босганча узоқ туриб қолди. Шу тарзда эри билан видолашаётган аёл оҳиста пичирлаб, деди:
— Мен сиздан… барибир… розиман…
Аёл шу кўйи қайта бош кўтармади. Рози-ризолик изҳорида айтилган ўша «барибир» деган сўз Акбаралининг юрагига бир умр тошдек чўкиб қолди.