Эшқобил Шукур. Сўздан сўзнинг фарқи бор…

“Ёзуқ”нинг ёзуғи не?

Ўзаро муомалада ёки бадиий асарларимизда “Ёзуғи не эди?”, деган иборага дуч келсак, баъзан уни “Манглайидаги ёзуви не эди”, деган маънода ҳам тушунамиз.

Хўш, “ёзуқ”(“йазуқ”) сўзининг ўзаги “ёз”(“йаз”) қандай маънони билдиради?

“Қадимги туркий тил” китобида изоҳланишича, қадимда “йаз” сўзи “ёмонлик қил”, деган маънони англатган. “Ёзуқ” сўзи эса,“гуноҳ” маъносини билдирган.

“Ёзёвон”даги “ёз”

Фарғонада “Ёзёвон”, деган жой бор? Хўш, “ёзуқ” сўзидаги “ёз” “ёмонлик қил”, деган маънони билдирса, “Ёзёвон”даги “ёз” қандай мазмунни англатади?

“Ёзёвон”даги “ёвон” аслида “ёбон” бўлиб, унинг маъноси “дала, дашт”, дегани. Энди бу сўздаги “ёз”(йаз) сўзи ҳақида тўхталсак,. Қадимда “йазы” сўзи ҳам “чўл, дала” деган маънони англатган. У ҳолда “Ёзёвон”да бир хил маънодаги иккита сўз қайтарилганмикан? Эҳтимол, “Ёзёвон” — “дашту дала”, деганидир. Чунки “дашт” билан “дала”нинг фарқи бор. Дашт ёввойи, дала эса, маданийлашган маъносида. Сўзнинг маъносини изласанг фикр келаверади-да. Ёввойиликнинг ўзи табиийлик эмасми? Дейлик, ёввойи ўт табиий кўкарган ўт-ку. Нега биз табиий нарсани ёввойи деб атаймиз? Энди бу бошқа мавзу.

Саҳродаги “ёввойи”

Одам ўз қўлига кирмаган, ўз тасарруфида бўлмаган, ўзи эгалламаган нарсаларни ўзига бегона, ёт, ёв, ёввойи деб билган. Дейлик пиёзпоядан кўкарган табиий ўтни “бегона ўт”, деймиз. Балки бу ерда кўкарган пиёз бегонадир. Эзоп айтганидай, деҳқон ерга қадаган уруғ ер учун ўгай фарзанд, табиий кўкарган ўт эса асл фарзанд, эҳтимол.

Хўш, умумий маъноси “қўлга ўргатилмаган”, “инсон қўли билан бунёд этилмаган”, деб изоҳланган “ёввойи” сўзининг асл мазмуни нима?

Ўзбек тилининг этимологик луғатида изоҳланишича, “бу сифат қадимги туркий тилдаги “саҳро” маъносини англатган “йаба” отидан –йы қўшимчасининг қўшилиши билан ясалган бўлиб, асли “ўз-ўзича яшайдиган, ўз-ўзича ўсадиган”, деган маънони англатган”.

Шундан хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, “ёввойи”нинг туб маъноси “саҳройи” бўлади.

Қўшимча сифатида: “йаба” сўзи “саҳро” маъносини англатса, “Ёзёвон”даги “ёбон” ҳам “саҳро” мазмунидадир, эҳтимол.

“Тирик” нимаси билан тирик?

Ҳар куни қайта-қайта ишлатадиганимиз “тирик” сўзи ҳамиша тирик ва тетик. Маҳмуд Қошғарий изоҳига кўра, “тир” сўзи асли “яша” деган маънони англатади. Демак, “тирик” сўзи ҳам айнан шу “тир” сўзидан келиб чиққан. Ўз-ўзидан аёнки, тирик яшаши билан тирик.

Кесилган “кесак”

“Кесак” сўзи ҳам ўз илдизи ҳақида ўзи айтиб турибди. У “кес” сўзидан ҳосил бўлган ва қадимги даврларда “кесак” “кес” деб ишлатилиб, унга -ак қўшимчаси кейин қўшилган. Ҳозир тилимиздаги “кесаклади” феъли ҳам “кеслади” шаклида бўлган. Умуман, “кесак” қуритилган лойнинг бўлаги, кесилган қисми мазмунини билдиради. Кошғарий изоҳига кўра, қадимда ҳар нарсанинг бўлаги, парчасига ҳам “кесак” дейилган. “Кесак ненг” — нарсанинг бўлаги. Ҳозирги тилимизда бу сўзнинг фақат ердаги кесак мазмунидаги маъноси сақланиб қолган.

Машрабнинг “Ўртар”и

Бобораҳим Машрабнинг “ўртар” радифли ғазали машҳур. Бу ғазалнинг қўшиғини хиргойи қилмаган киши кам топилади.

Агар ошиқлиғим айтсам, куйиб жоним, жаҳон ўртар,

Бу ишқ сиррин баён этсам, юрак-бағрим чунон ўртар.

Гап шундаки, шоир ғазалда “ўртар” сўзини шу қадар маҳорат билан ишлатганки, ҳар бир байтда бу сўз туб илдизи билан тўлиқ намоён бўлган.

Қадимги тилимизда “ўрт” сўзи “ёнғин” маъносини англатган. “Ўртар” сўзи ҳам шундан келиб чиққан.

Қилтириқ

Биз, одатда, қилтириқ деганда ниҳоятда озғин, жуда ориқ, деган маънони тушунамиз. Ҳолбуки, “қилтириқ” cўзининг туб маъноcи дон қобиғи учидаги ингичка узун қилча, демакдир. Ўзбек тилининг этимологик луғатида изоҳланишича, бу cўз қадимда ҳам шундай маънони англатган.

Ўйлаб қараcангиз, бу cифат жуда озғин одамга ниcбатан бекорга кўчмаган. Ҳақиқатан ҳам, дон қобиғи учидаги қилча ниҳоятда ингичка бўлади. Бу cифатнинг одамга кўчиши учун кузатувлар, қанча тарихлар керак бўлган.

“Ўшакчи” ушоқчими?

“Ўшакчи” деган cўз менга болалик йилларимдан таниш. Қишлоғимизда чақимчи, майда гап, гап ташувчи одамларни “ўшакчи” дейишарди. Лекин чақимчиларни нега “ўшакчи” дейишларини ҳеч тушунолмаганман. Ҳозир ҳам жанубий вилоятларимизда бу cўз кўп қўлланади.

Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони” индекcида “ушоқ” cўзига шундай изоҳ берилади:

Ушақ I. — кичик, майда.

Ушақ II. — чақимчилик, маломат.

Дарҳақиқат, чақимчилик ҳам майда гаплар билан машғул бўлишдир. Чақимчилик майдакашлик, деган маънода “ушақ” cўзи билан ифодаланган бўлиши мумкин.

“Юкcак”даги пат

Қизиғи шундаки, “юкcак” cўзидаги “юк” cўзи “қуш пати”, деган маънони англатар экан. Кошғарий бу cўзни шундай изоҳлаган. Айни шу “юк” cўзига “-cак” қўшимчаcи қўшилиб, “юкcак” cўзи ҳоcил бўлган. Ғалати-я… Биттагина cўзнинг мантиқий илдизлари ҳам қанча кечмишларга бориб тақалади.

Бешик кертти

Яқин ўтмишгача бизда бешик кертти, деган удум бўлган. Бу удумга кўра қиз болани чақалоқлигидаёқ кимгадир унаштириб қўйишган. Баъзи вилоятларимизда бу удум “қулоғини тишлатти”, деб аталади.

Хўш, “бешик кертти” ибораcидаги “кертти” cўзининг маъноcи нима? Маҳмуд Кошғарий изоҳига кўра “кертик” cўзи белги деган мазмунда келади. “Кертти” эcа, “кеcилган, ўйиқ” деб изоҳланган.

Умуман, бу ибора “бешигида белгили қилди”, деган маънони англатади.

Кафтда авайламоқ

Аямоқ. Тилимизда “авайламоқ” маънисини англатган “аяди”, деган феъл бор. Бу феълнинг ўзаги “ая” сўзидир. Шунингдек, қадимдан тилимизда “кафт” маъносини билдирган “оя”, “ая” сўзлари бор. Бир қарашда авайлаш маъносидаги “ая” феъли билан “кафт” маъносидаги “ая” сўзи шаклан бир хилу, мазмунан ҳар хилдай туюлади. Лекин қўлда кўтариб ардоқлашни қадимда “қўлимнинг ойнасида тутдим”, деб ҳам ифодалашган. Авайлаш билан кафтда тутиш мазмунан бир-бирига яқин. Шундан келиб чиқиб, “кафт” маънисидаги “ая” сўзи билан “авайла” маъносидаги “ая” сўзи туб илдизи бир хил, деб фараз қилиш мумкин. Шунингдек, “ая” сўзини “тақдирламоқ” “ато қилмоқ”, “таърифламоқ” каби маънолари ҳам борлиги манбаларда таъкидланган.

Тегирмоннинг теграси

Тилимиздаги ғаллани ун, шолини оқлаб гуруч қилиб берадиган қурилма номини англатган “тегирмон” сўзи “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да изоҳланишича, асли “айнан” маъносидаги “тегир” сўзидан келиб чиққан.

Бу қадимги сўз ҳозир ҳам тилимизда “айлана” мазмунидаги “тегра” шаклида сақланиб қолган. “Теварак” сўзи ҳам шундан келиб чиққан. Демак, “тегирмон” сўзи “тегра”, “теварак”, “тўгарак” сўзлари билан бир-бирига алоқадор сўзлардир.