Бу йил улуғ рус прозаики А.П.Чеховнинг вафот этганига 110 йил тўлади. Ўтган асрнинг тўртинчи йилидан сўнг рус дунёси алғов-далғов бўла бошлаб, инқилоблар, жаҳон урушлари жамиятга салбий таъсир этиб, эндигина йўлга солинган инсоният турмушини яна издан чиқариб қўйганди. Гўёки даҳо адиб ўлганига ер юзи бардош бера олмай қолган ва исён, урушлар кўтариб : “Бизни тушунган, яхши кўрган,гуманист энди йўқ!.. шу биттагина юпанчимиз ҳам қолмади…” дегандек кўринади. Аммо, инсонлар тушуниб етдики, Чехов ўлмаган экан, унинг барҳаётлиги айни ўша нотинч замонлардаёқ англаб етилди…
1960 йилнинг январида ўзи кўп тасвирлаган оддий рус қишлоқларининг бирида Антоша Чехов дунёга келганида рус адабиётидаги “Олтин давр” ҳукмронлигининг биринчи босқичи тугаб, аста-секин кейинги авлод майдонга чиқмоқда эди. Рус адабиёти аллақачон Пушкин, Лермонтов ва Белинскийларсиз қолган, буюк Гоголь ҳам 8 йил олдин бу дунёни тарк этган пайтлар эди ўшанда.
Афсуски, Антон Павлович адабиётга ўтмишнинг энг қора даврларидан бирида кириб келди. 1880 йилда унинг биринчи ҳикояси чоп этилганида, ҳали Достоевский ва Тургенев ҳаёт эди. Ва рус адабиёти ҳамон ўз қанотларига таяниб парвоз қилаётган, аммо оддий халқидан тортиб амалдор-у ҳукмдоригача қолоқлик ботғоғига ботиб, азоб чекаётганди. Балки Чехов ўшандаёқ ич-ичидан шуни ҳис қилган ва адабиёти, ватани, халқи учун буюк хизматлар қилиши лозимлигини англагандир. Ва Чехов буни астойдил бажара олди ҳам. Гарчи одамзоднинг ўртача умрининг атиги учдан бирини яшаб, 44 ёшда дунёдан кўз юмган бўлса ҳам, умрининг охирларигача Лев Николаевич Толстой билан ҳамнафас бўлиб, рус халқини қалбига малҳам бўлувчи асарлар битди.
Замондошлари ва адабиётшунос олимлар Чеховнинг феъл- атвори ҳақида жуда илиқ сўзлар айтишади. “Чехов: ҳазилкаш, одамшинаванда, самимий, сал тортинчоқ, лекин, ҳақиқат учун жонини аямайдиган ижодкор, ҳалол ва меҳрибон шахс. У аёлларни севади. Бироқ, уларга она, опа-сингил, қизалоқ, меҳрибон рус аёллари сифатида қарайди”.
Агар Сахалинга бормаганида Чеховнинг ўлими содир бўлмасмиди деган савол туғилади. Тақдири илоҳийга қарши бориб бўлмаслиги шундан ҳам аёнки, Чехов 10 ёшидан бошлаб ўпка сили билан оғриб келади. 1884 йилда касаллик кучайиб, унинг машҳурлиги ва ёрқин ижоди билан ёнма-ён юра бошлайдики, 1888 йилда унинг ўзи атайлаб Сахалинга кетади-ю ўз умрини янада қисқартиради, касалликка эса куч беради гўё. Ҳолбуки, Чеховнинг асл касби шифокорлик эди…
Чехов 24 йил ичида 30 жилдга яқин асар ёзди. Лекин бирорта роман ёзмади. Ўша минглаб катта-кичик асарларидаги бош мавзу гуманизм бўлди. Тасвирлар Қадимги Русиянинг айбномасидек кўринса-да, уларда рус одамларига ачиниш туйғуси кучлидир.
Антон Чехов кўп сўзни ортиқча биларди, “Қисқалик – талантнинг синглисидир” деб ўзига услуб танлаганди. Шуниси қизиқки, қисқаликни танлаб, ўз умрини ҳам қисқартиргандек…
Адибнинг ижоди дунё қаламкашларига шунақа катта таъсир кўрсатганки, ҳозиргача “Чеховшунослик”, “Чехов ҳикоялари мактаблари”, “Чехов драматургияси” сингари маҳорат йўналишлари мавжуд. Ёзувчининг 50 га яқин тахаллуси бўлгани эътиборга молик. Бу ҳам андишанинг мевалари. Чехов ижодида юмор билан бирга дард ҳам катта кучга эга. Образлари орасида биронта мукаммал одамни топиш мушкул. Уларни касаллик, саводсизлик, телбалик, турли иллатлар, мансабпарастлик, бойлик, мастлик кемириб туради. Балки шунинг учун ҳам Чехов идеал одамни орзу қилиб: “Кишида ҳамма нарса гўзал бўлиши зарур – юзи, сўзи, кийими, қалби, ҳатто фикри ҳам” деб ёзгандир.
Чехов драматургияси алоҳида мавзу, лекин ҳозир ҳам театрларда Чехов ҳафталиклари фестиваллари ўтказилиб туриши эътиборга молик. Инглиз адиби Жон Голсуорси: “Чехов ўз пьесаларини фақат рус кишилари учун ёзгани учун, ҳалигача уни бошқа мамлакат актёрлари маромига етказиб ижро эта олмайди” деб фикр билдирган эди. Бу гапнинг тагида ҳақиқий рус табиатига ва қалбига доир бўлган шахсга нисбатан чуқур ҳурмат ётганини сезиш мумкин.
Ишонасизми, Антон Павлович Чехов ҳам шеър ёзган. Соф наср устаси ҳам поэзияга қўл урган. Аммо, ўзининг иқрорига кўра умрида биттагина шеър битган холос…
Чеховнинг ҳаёти мантиқ сўзига мос келади. У адабиётга кириб келганида чуқур фикрлаб кўп ва енгил ёзарди, сўнг ҳаётнинг нормасини излаб, дунёқарашидаги бош ғоясини жиддийлаштира борди. Натижада асарларининг мағзи қаттиқлашди. Сони камайди, ҳажми эса ортди. Ҳатто жамият ва рухиятнинг туб нормативини топиш учун драматургияга ҳам мурожаат этди. Атрофига улуғ инсонларни тўплади. Толстой, Короленко, Горкий, Бунинлар Чеховни жуда яхши кўришгани бежиз эмас. У барчага намуна бўлди! Ёзувчилик фақат шон-шуҳрат ва унвонлардан иборатмаслигини оммага билдирди. Яъни император Николай II Максим Горкийни Академиядан четлатгани учун, янги берилаётган Академиклик унвонини ҳам кескин рад этди…
Чехов ўлганида Толстой ва Горкийлар изтироб чекиб, йиғлаган бўлса, унда уни севган аёллар-у бутун рус халқи қандай аҳволга тушган экан деб ўйлаш ҳам қийин. Балки Чеховнинг китобларини ўқиб овунишгандир. Унинг руҳи китобларида яшамоқда-ку. Ўзи айтганидек китобларини ўлимидан сўнг 7 йил ўқишгани йўқ. “Ҳар ким ўз ота- боболаридан кўпни кўришга ва билишга интилиши лозим” деб айтиб кетганида ўзига ишора қилмаганмиди?
Чехов қалбларда шундай муҳр қолдириб кетганки, ҳикоялари ўқилганида образлари ва диалоглари аниқ эсда қолмайди. Аммо дарров юракка чиппа ёпишиб, дардларимизни қўзғайди. Кулдириб азоблайди. Қаттиқ таъсир кўрсата олади.
Максим Горкий ўшанда: “….орамиздан бир чўнг ва доно бир одам маюс кулимсираб яшаб ўтди, у халқига астойдил, куюниб,аммо,секингина, ёмон яшаяпсиз одамлар, дея мурожаат қилиб кетди” деган бўлса,Иван Бунин: “Чеховми? У – ҳақиқий мастер!!” деб реал баҳо берганди реалист адибдан ҳайрат аралаш завқ олиб.