Шифокор-ёзувчилар

Севимли адибимиз Абдулла Қаҳҳор,Ёзувчилик касб эмас, ҳунар деган эди. Ҳақиқатдан ҳам буюк адибларнинг кўпчилиги қалам тебратишдан ташқари, қандайдир касб билан ҳам шуғулланишган.

Масалан, тиббиёт билан шуғулланган машҳур қаламкашлардан биз Сэр Артур Конан Дойл, Антон Павлович Чехов, Михаил Булгаковларни яхши биламиз. Шифокорлик қилган ёки табобатдан бохабар бўлган таниқли адибларнинг умумий сони эса 120 дан ортиқ эканлигини таъкидлаш жоиз.

Маълумки, А.П.Чехов ўзи туғилган Таганрогда қишлоқ доктори бўлиб, одамларни даволаган, кейинчалик Сахалин ва Сибирь қамоқхоналарига бориб, муолажалар қилиб, маҳбусларга ёрдам берган. Унинг асарларидаги воқеалар кўпинча шифокор тилидан баён этилганлиги фикримизга мисол бўла олади.

Таниқли рус адиби Михаил Булгаков ҳам Киев университетини тугатиб, шифокорлик дипломига эга бўлган, сўнгра у ўз мутахассислигини адабиёт билан ёнма-ён олиб борган.

“Шерлок Холмс” ҳақидаги детектив асарларнинг муаллифи сэр Артур Конан Дойл ҳам бадиий ижоддан ташқари табобат билан машғул бўлган. Бунга унинг ёшлик йилларида Эдинбург университетининг тиббиёт факультетида таҳсил олганлиги туртки бўлган. Дойл ўз асарларида тиббий билимлари ва тажрибаларини, изқуварнинг шериги доктор Уотсон сиймосида моҳирона акс эттирган.

Немис мутафаккири И.В.Гёте умри давомида қўл урган ўнлаб касблар орасида тиббиётга алоҳида ёндашгани бизга маълум.

Унинг замондоши ва ҳамюрти Фридрих Шиллер 1776-1780 йилларда тиббиёт академиясида таҳсил олган. У ерни тугатгач Штутгартга полк фельдшери этиб юборилган.

2011 йилда адабиёт йуналишида халқаро Нобель мукофотига лойиқ кўрилган швециялик шоир Тумас Транстрёмер – кучли психолог мутахассис саналади.

Шунингдек, Николай Коперник, Зигмунд Фрейд, Франсуа Рабле, Жан Поль Марат, Альфред ди Мюссе, Сомерсет Моэм, Девид Купер, Томас Браун, Артур Шницлер, Жон Китс, Жон Армстронг каби ижодкорлар ҳам тиббиёт(медицина) оламига мансуб шахслар сирасига киради.

Хулоса ўрнида, шифокор-ёзувчиларнинг гуманистлигини ва инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсата олувчи, уларнинг кўнглига осон йўл топа оладиган, идеал шахслар эканлигини таъкидлаб ўтиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, тиббиёт ва адабиётда гуманизмнинг юксак,аҳлоқий ғоялари туташади.

Темур Тангриберганов