Ушбу хотираларни қоғозга туширишдан олдин Неъмат Аминовнинг (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) “Икки пуллик обрў”, “Қаҳқаҳа”, “Ёлғончи фаришталар” номли китобларини яна бир бор ўқиб чиқдим, худди биринчи марта ўқигандек завқландим. Бир-бирига ўхшамаган турфа қаҳрамонларнинг ўзига хос тилда жаранглаган ажабтовур гап-сўзлари қулоғим остида акс-садо берди…
Биз Неъмат аканинг ўзини кўрмасдан сўзини ўқиган, сўзини ўқиб ўзини тасаввур қилишга уринган эдик. Эсимда, бир куни (ўтган асрнинг етмишинчи йиллари) ёзувчи Эркин Аъзамовнинг уйида Мурод Муҳаммад Дўст, Нодир Норматов, камина — тўртовлон тонг отгунча гурунглашиб, Неъмат аканинг ҳажвияларини алоҳида бир завқ-шавқ билан бир-биримизга ҳикоя қилиб, мириқиб кулишган эдик. Бу ҳажвиялар биз шу маҳалгача ўқиган асарларга мутлақо ўхшамасди.
Неъмат ака айрим қаламкашлар каби институтни битириши биланоқ пойтахтга интилмади. Ўткир, мағзи бутун ҳажвиялари билан танилгач, нуфузли “Муштум” журналига ишга таклиф этилади.
Пойтахтда ёзувчининг истеъдоди ҳар жиҳатдан намоён бўлади, ҳажвиялардан ташқари жуда кўплаб фелетонлар, мақолалар ёзди, танқидни, ҳажвни нотўғри талқин қилувчиларнинг турли тазйиқларига сабр-тоқат билан чидади. Бир муддат бадиий таржима билан ҳам жиддий шуғулланди. Мольернинг “Сохта оқсуяк”, Б.Нушичнинг “Министрнинг жаноби олиялари”, Дерфашнинг “Тирқиш”, Гориннинг “Сен ким-у, мен ким?”, Михалковнинг “Думалоқ хат” каби комедиялари ва Чехов, Зошченко, Аверченко, Марти Ларни, Азиз Несин каби кулги дарғаларининг асарларини маҳорат билан ўзбекчалаштирди. Борис Приваловнинг “Улибки Майсари” китобининг таржимаси эса, ўз даврида анча-мунча шов-шувга сабаб бўлган эди. Нашриёт муҳаррири таржимани асоссиз салбий баҳолаб, матнни қизил қаламда бўяб ташлайди. Устоз аввалданоқ кўнгли чопмаган бу ишга қўл урганидан пушаймон бўлади. Бу орада нашриёт таржимашунос олим Ғайбулла Саломовдан ушбу таржимага холис баҳо беришни илтимос қилади. Олим 42 бетли ички тақризида таржимани юқори баҳолайди. Ўша тақриз шундай якунланган эди: “Ҳурматли Борис Привалов афандим мабодо Насриддин Афанди ҳақида янги асар ёзмоқчи бўлсалар, Неъмат Аминовнинг ушбу таржимасини тил биладиган яхшироқ бир таржимон топиб русчага ўгирсалар, Насриддин Афанди ҳақида ажойиб, ҳақиқатга мос келадиган бир асар яратган бўлурдилар…”.
Таржима асарнинг савияси аслиятдан кўра юқори бўлиши (кўпинча бунинг тескариси бўлади) амалиётда кам учрайдиган воқеадир.
Неъмат Аминов ижодида ҳажвиёт устивор йўналиш касб этди. Турли йилларда ёзувчининг “Икки пуллик обрў”, “Қирқ учинчи почча”, “Лабиҳовуз хандалари”, “Жигари тўкилди”, “Тилла табассумлар”, “Чинорлар қўшиғи” каби китоблари чоп этилди.
Неъмат аканинг ҳажвиялари шавқ билан ўқилгани учунми, бир қарашда осонгина, бир нафасда ёзилганга ўхшайди. Аммо мундоқ ўйлаб кўрилса, бу фазилат юксак маҳорат маҳсули эканлиги маълум бўлади. Ҳажвияларига туртки берган воқеа-ҳодисалар ҳаётийлиги ва табиийлиги билан ажралиб туради, шуниси билан таъсирчан, китобхон кўнглига яқин. Ёзувчи моҳир рассом каби бир-икки характерли чизиқлар воситасида қаҳрамон қиёфасини ўқувчи кўз ўнгида яққол гавдалантириб қўяди.
Неъмат Аминовнинг адабий мероси ҳақида гапирганда, шубҳасиз, биринчи галда унинг “Ёлғончи фаришталар” ҳажвий романи тилга олинади. Бу бежиз эмас. Адабиётшуносларнинг эътирофича, адабий жанрлар ичида энг қийини драматургия. Менимча, энг қийини — ҳажвий роман ёзиш! Бунинг исботи — “Ёлғончи фаришталар”. Бу асар ҳозиргача адабиётимизда яратилган ягона ҳажвий роман сифатида ҳам диққатга сазовордир.
Асарнинг биринчи қисми “Елвизак” номи билан нашр этилгандаёқ тилга тушиб, машҳур бўлиб кетган эди. Иккинчи қисми “Суварак” деб аталди. Ҳар икки қисмнинг бош қаҳрамони елвизакфеълу суваракмижоз Баширжон Зайнишев. Сир эмас, эндиликда Баширжон Зайнишев дейилганда китобни ўқиган ва ундан завқланган мухлислар лабида беихтиёр табассум пайдо бўлади. Баширжон Зайнишев шунчаки тўлақонли, мукаммал яратилган характер эмас, замона зайли билан юзага чиққан ўзига хос типдир.
Ўтган асрнинг ўрталарида одамларни раҳбарлик ишига тайинлашда ғалати тамойиллар бўларди. Шулардан бири “номенклатура” деб аталар, бунинг жайдари маъноси — раҳбар одам гўё онасининг қорнидан раҳбар бўлиб туғилар, бир ишдан олинса, худди томдан ташланган мушук оёғи билан ерга тушгандек, албатта, яна бошқа ишга раҳбар бўлиб оларди. Баширжон Зайнишев ҳам турли лавозимларда ишлайди ва қаерда ишламасин, ҳамма жойда ишни расво қилади, чунки ҳамиша биринчи галда ўз манфаатини ўйлайди, порахўрлик, таъмагирлик қилади, маишатга берилади. Қилмишлари очилиб, энди шарманда бўлай деганда ҳар гал суянган тоғи Шамси Тўраевич унинг жонига оро киради.
“Ёлғончи фаришталар”нинг муҳим фазилатларидан бири — қаҳрамонлар нутқининг ўзига хослиги. Ҳар бир қаҳрамон фақат ўзига хос тилда, ўзига хос йўсинда сўзлайди, шу аснода унинг характери ёрқинроқ очилиб боради. “Мен “атеистман”! …Лекин, худога шукур, мусулмонман…”, дейди Баширжон Зайнишев кўкрагига уриб. Суғурта идорасида раҳбарига қандай қилиб давлат мулкини ўмариш юзасидан “қимматли” маслаҳатлар берган хотинмижоз Қиёмхоннинг асл башараси ҳам нутқи орқали фош қилинади. Айрим жиҳатлари билан Садриддин Айний яратган машҳур Қори ишкамбани эслатувчи Вафо атторнинг нутқи янада характерли. Умуман айтганда, ёзувчи тилимизнинг бебаҳо, бетакрор бойлиги бўлмиш шевалардан унумли фойдаланган. Бухоро воҳасининг ўзига хос колорити, нафасини ёзувчи асарларининг ҳар бир сатрида сезиш, ҳис қилиш мумкин. Бу эса жуда муҳим фазилатдир.
Неъмат аканинг асарларида диққатни жалб қиладиган муҳим жиҳатлардан яна бири — қаҳрамонларнинг исму шарифи. Қаҳрамонларга исм танлай билиш ҳам алоҳида маҳоратни талаб қилади. Ёзувчи томонидан топиб қўйилган исмлар қаҳрамонларнинг кимлигини кўрсатиб, таърифлаб тургандек туюлади. Ҳа, биз Баширжон Зайнишев деганда бежиз кулиб қўймаймиз. Ёки Қирмизхон, Қиёмхонларнинг номлари ҳам алоҳида бир “юк” ташиётганга ўхшайди. Буни қарангки, ҳатто Қирмизхоннинг дугонаси ҳам… Ношпўттихон! Топилмадан завқланиб, беихтиёр, “Э қойил-е!” деб юборасиз.
Бугунги кун — эртанги тарих. Яхши асар ўз даврининг бадиий солномаси. Ҳозирги ёшлар “Ёлғончи фаришталар”ни ўқиб, яқин ўтмиш — ўтган асрнинг 60-70-йилларидаги ижтимоий ҳаёт, урф-одатлар, турфа хил одамларнинг туриш-турмуши ҳақида ҳам анча ёрқин тасаввур ҳосил қилишлари мумкин. Назаримда, бу асар шу жиҳати билан ҳам аҳамиятлидир.
Неъмат ака ёлғон мақтовга муҳтож эмас эди. У ҳақда ҳар қанча яхши гап айтсак виждон қийналмайди. Чунки у ростдан ҳам боладай содда, беғубор, имон-эътиқодли инсон эди. Шу фазилатлари билан мухлислару шогирдларга суюкли эди. Одамнинг маънавияти, ички дунёси юзида акс этади, дейишади. Ҳақ гап. Неъмат аканинг хушрўй чеҳрасидан ҳамиша нур ёғилиб турарди. Шу ўринда “Яхшиликни аввало чеҳраси очиқ кишилардан изланг”, деган ҳадиси шариф эсга тушади. Устознинг одамларни ўзига жалб қиладиган оҳанрабоси бор эди. Неъмат ака табиатан қувноқ, ҳазилкаш ва ҳозиржавоб одам эди. Ҳикоя қилишга, латифа айтишга уста эди. Шу боис, у қатнашган даврада, албатта, теша тегмаган ҳангомалар, бетакрор ҳазил-мутойибалар бўларди. Ҳар бир воқеа-ҳодисани устоз ўзига хос тарзда, кўпинча ҳазиломуз оҳангда шарҳлар, кейинчалик бу ҳазил-мутойибалар оғиздан оғизга кўчиб юрарди. Камина бундай теша тегмаган ҳазилларнинг айримларини “Дўрмон ҳангомалари” китобимга ҳам киритганман.
Самимий, беғубор ҳангомалар Неъмат аканинг бисотида кўп эди. Давраларда шунақа ҳангомаларни айтиб, ҳаммани кулдиргач, қаҳ-қаҳанинг ортидан секингина: “Буни ўзим ёзаман!”, деб қўшиб қўярди. Дарвоқе, шундай ҳангомаларнинг бир қисмини ёзувчи “Шунда мен…” деб номланган туркум остида чоп эттирган.
Неъмат ака маърифатли инсон эди, кўп ўқирди. Китобхонликка, мутолаа маданиятига алоҳида эътибор берарди. Эсимда, турли мажлис-анжуманларда ёнма-ён бўлиб қолсак, нутқ сўзловчиларга ўзича баҳо бериб ўтирарди: “Ҳа, тушунарли, бу одам китоб ўқиркан, сўзидан маълум. Мана буниси аравани қуруқ олиб қочяпти, умрида қўлига китоб ушламаган…”. Балки ана шу фазилати инобатга олиниб, Неъмат ака Юртбошимиз ташаббуси билан республикамизда Маънавият маркази ташкил этилганда ушбу нуфузли ташкилотга раҳбар этиб тайинланди. Кўплаб хайрли, савоб ишларга бош-қош бўлди. У ҳеч қачон амал, сохта обрў, манфаат юзасидан ўзини ўтга-чўққа урмади. Ҳалол, камтарона яшаб ўтди. Қўлидан келганча одамларга яхшилик қилди. Адабиётга ўзидан кейин кириб келаётган ёшларнинг бошини силади.
Неъмат аканинг шахсий ҳаёти осонгина, силлиқ кечмаган… Ҳамма нарсани юрагига яқин олиб юргани ахийри ўз таъсирини кўрсатади. Неъмат ака бетоб бўлиб ётганида унинг садоқатли, суюкли шогирди Ашурали Жўраев билан касалхонага йўқлаб борганимиз ҳамон ёдимда. Биз ўзимизча устознинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилсак-да, қандайдир бир нохуш туйғудан кўнглимиз ғаш эди. Айни чоғда, устознинг соғайиб кетишидан умидвор эдик. Афсуски, ўша учрашувимиз охиргиси экан. Энсизгина каравотда бир тутамгина бўлиб ётган устознинг ярим юмуқ, нурсизланаётган мунгли кўзлари бизга муҳим бир нарсани уқтирмоқчи, ниманидир васият қилмоқчи бўлаётганга ўхшарди. Ҳаётининг сўнгги йилларида астойдил тақвога берилган устоз балки: “Оллоҳ инсонни азизу мукаррам қилиб яратган, ана шу номга муносиб бўлиб яшанглар!”, демоқчи бўлгандир…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 13-сонидан олинди.