Наим Каримов. Таниқли фольклоршунос олима ва шоира

Ўзбек халқи – жаҳон маданияти тараққиётига ҳисса қўшган халқлардан бири.
Ўзбек маданиятининг энг қадимги намуналари бизга археологик қазилмалар чоғида топилган сопол, мис ва кумуш идишлар, тилла ва бронза тангалар, уларга зарбланган подшоларнинг қиёфалари, Афросиёбдан топилган девор суратлари ва ҳ.к.лар шаклида етиб келган. Биз шу ашёларга асосланган ҳолда ўзбек халқи маданияти тарихи милоддан олдинги олис асрларда бошланганини биламиз.
Ҳар бир халқ маданиятининг муҳим ва асосий соҳаларидан бири бадиий адабиётдир. Ўзбек халқи адабиёти қачон ва қаерларда бошланган? Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғотит турк” асарида келтирилган халқ қўшиқлари қачон яратилган? Кошғарий “Девон”и тузилгунга қадар ҳам адабиётимиз намуналари яратилганми?..
Афсуски, ўзбек адабиётининг ёзув кашф этилгунга қадар яратилган намуналари оғиздан оғизга, авлоддан авлодга ўтиш орқалигина яшаб келган. Шундай “адабий жараён”да нафақат халқ достонлари, қиссалари, ҳикоялари, балки қўшиқлари ва ҳатто мақоллари ҳам “йўл”да – оғиздан-оғизга, авлоддан-авлодга ўтиш жараёнида “тўкилиб” қолган бўлиши шубҳасиздир. Ҳатто жадид маърифатпарварлик ҳаракати бошланган ХИХ аср охири – ХХ аср бошларида ҳам ҳеч ким Каспий денгизидан Тяншан тоғларигача бўлган кенгликда истиқомат қилган туркий халқлар оғзаки ижоди дурдоналарини ёзиб олишни ўйламаган. Айниқса, “тўрт девор” ичида яшаган, бегона эркак билан мулоқотда бўлиши гуноҳи азим ҳисобланган аёлларнинг достончилик, қўшиқчилик, мақолчилик ижоди намуналарини авлодларга қолдириш имкони бўлмагани учун улар тарих қаърига сингиб кетаверган.
Тошкент вилоятининг Пискент туманида яшаган 1909-йил 20-апрелда Акмалхон хонадонида мақоламиз “қаҳрамон”и Музайяна Алавия туғилган. У яшаган хонадонда Ойимбибиш исмли оқсоч ҳам яшаган. Таниқли адабиётшунос олима Маҳбуба Қодированинг маълумот беришича, Музайяна Алавия ёшлик чоғларида Ойимбибишнинг қоронғи кулбасига кириб, ундан ўзбек халқ қўшиқ ва эртакларини эшитиб роҳатланар, бошидан ўтганларини айтиб берганида эса, унинг аҳволига ачинар экан.
“Ойимбибиш эна, – деб ёзади олима, – жуда ёшлигидан эшонларга назир қилинган ва умр бўйи бировларнинг эшигида хизмат қилиш, кулфат тортиш билан кунини ўтказиб юрган ғариби бенаво эди. Ойимбибиш чаққон, уддабуррон, сержаҳл бўлгани учун ундан хотинлар ҳайиқардилар. “Эрим ҳам қўшиқ, болам ҳам қўшиқ”, деб эрта-ю кеч ғамгин қўшиқлар айтиб, ўзини овунтириб юрарди. Унинг эри Қорабой ёш ўлиб кетган, фарзандлари ҳам бўлмаган экан.
Музайяна унинг

Оқ эди билакларим,
Кўп эди тилакларим.
Тилагимга етолмай,
Эзилди юракларим.

каби қўшиқларни эшитганида, энагасининг ғариблиги, бахти қаролигига ич-ичдан ачинар ва бироз бўлса ҳам, унинг кўнглини овлаш, дардини тарқатиш учун олдига кириб турар ва кундузлари ишлаб, қўшиқ айтиб юрган пайтларида эса: “Қўшиқларингизни йиғламасдан айтинг, энажон, мен ёзиб олай”, – деб орқасидан юрарди”1.
Музайяна Алавиянинг отаси Акмалхон мулла, ўқимишли бўлишига қарамай, анчагина мутаассиб, дилозор киши бўлиб, қонидаги нохуш зарралар ўқтин-ўқтин хуруж қилиб турарди. Музайяна туғилган куни ҳам шундай бўлди. У ўғил туғмагани учун хотини Мўътабархонга бутун нафратини сочиб, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар олдида уни ҳам, ўзини ҳам шармандаи шармисор қилди. Мўътабархон кейин ҳам укаси – нозиктаъб шоир ва олим Абдулла Алавий туфайли турмуш ўртоғидан кўп озорлар чекди. Акаси туфайли ўзбек зиёлиларининг янги авлоди етишиб чиқаётганини, янги маърифат ва маданият асри бошланганини ўз кўзи билан кўраётган Музайяна шу даврга муносиб қиз бўлиб улғайишга интилди. Тоғасининг Тошкентдан олиб келган газета ва журналларини ўқиб, ёруғ оламда рўй бераётган янгиликлар билан таниша бошлади. Музайянадаги маърифатга ташналикни кўрган Абдулла Алавий хусусий сабоқ бериши учун Масфия исмли татар аёлини унинг уйига олиб келди. Масфия эса шу уйга гўё Музайянага пайпоқ тўқишни, кийим тикишни, намоз ўқишни ўргатадиган аёл сифатида кириб келди.
“Бир куни дарс қилиб ўтирганимда, – деб хотирлаган эди Музайяна опа, – отам устимизга келиб қолди. Масфия опа дарров “Муҳаммадия” деган диний китобни очиб, бизга ўқий бошлади. Буни кўрган отам беҳад хурсанд бўлди. Ҳеч қаерга чиқишга рухсат этмайдиган отам Масфия опанинг уйига паранжида бориб келишимизга қаршилик кўрсатмас эди”.
Абдулла Алавий жиянининг зийрак, билимли, истеъдодли қиз бўлиб улғайиши учун Пискентга – Акмалхон хонадонига глобус, граммафон сингари фан ва маданият янгиликларини олиб келиб, бошқа халқлар ва мамлакатларнинг илм-фанда нечоғлик илғорлаб кетганини айтар, янги тарихий давр ёшлардан рус тили ва рус адабиётини ҳам билишни талаб этгани учун Музайянага янги-янги муаллималарни бошлаб келар эди. Шу тарзда Музайяна ҳаётида дастлаб Лида исмли аёл пайдо бўлади. Лида оиласи билан Пискентдан кўчиб кетганидан сўнг, унинг ўрнига Шамсижаҳон исмли муаллима келади. Абдулла Алавий жиянининг ҳаёт йўли маърифат ёғдулари билан чароғон бўлиши йўлидагина куйиниб қолмасдан, яна 13 нафар пискентлик қизнинг ҳам Шамсижаҳон туфайли саводли, ўқув-ёзувни биладиган ёшлар бўлиб ўсишига ёрдам беради.
Отаси мутаассиб бўлишига қарамай, Музайяна ноёб бир оилада туғилган эди. Тоғаси Абдулла Алавийдан ташқари, бувиси Ҳабибахон ҳам, онаси Мўътабархон ҳам, ҳатто Облиқда яшаган яқин қариндоши Фотимахон ҳам маърифат нурларидан баҳраманд кишилар бўлишган. Бувиси Ҳабибахон Музайянага “Шоҳнома”, “Туҳфат ул-Обидин”, “Баёзи Хислат” сингари асарлардан парчалар ўқиб, уни мумтоз Шарқ адабиёти намуналари билан илк бор ошно қилган бўлса, онаси Мўътабархон Навоий, Фузулий, Ҳувайдо, Машраб асарларини ёқимли овози билан ўқиб, қизида мумтоз ўзбек адабиётига меҳр уйғотган. У улуғ ўзбек ва озарбайжон шоирларининг асарларини ўқиш жараёнида уларда мужассамланган мазмун ва маҳоратдан мутаассир бўлиб, ўзи сезмаган ҳолда Музайянада ҳам шеъриятни ҳис этиш малакасини ҳосил қила бошлаган. Фотима хола эса Ойимбибиш каби халқ оғзаки ижодининг битмас кони эди. Музайяна ҳам шу холаси, ҳам энагаси туфайли болалик ва ёшлик чоғларидан бошлаб ўзбек халқ оғзаки ижодига меҳр ва муҳабат туйди.
“Музайяна, – деб ёзади адабиётшунос Маҳбуба Қодирова, – кўпинча энагаси билан сумалак пишириш маросимига борарди. Бунга асосан кампирлар, аёллар ва ёш қиз-келинлар ҳам иштирок этардилар. Хурсандчилик нима эканини билмай, болалик даврини ичкарида ўтказаётган Музайянага бундай хушчақчақ йиғинлар катта завқ бахш этарди. У сумалак атрофида қаҳқаҳа солиб ўйин-кулги қилаётган қиз-келинларнинг хурсандлигига қўшилиш, улар ижро этган қўшиқ, лапарларни эсда тутиб қолиш, ёзиб олиш иштиёқи билан ёнарди”.
1926-йили Музайяна ҳаётида унутилмас воқеа рўй берди. Ўша йилларда Ленинграддаги Шарқ тиллари институтида таҳсил олаётган Абдулла Алавий таътилга келди. У таътилни ўйин-кулги билан ўтказмасдан Оҳангарон туманидаги Эвалак қишлоғига бориб, шу ерда яшаган Берди бахшидан “Алпомиш” достонини ёзиб олди. Кунлардан бирида у Музайянага шу достон қўлёзмасини Тошкентга олиб бориб, Ўзбек билим ҳайъатига топширмоқчи эканлигини айтади. Тошкентда халқ ижоди асарларини ёзиб олиб, тўплаб, шу масала билан шуғулланадиган идора борлигидан хабар топган Музайяна тоғасига қувониб: “Ака, менинг ҳам халқ эртак ва қўшиқларини ёзиб юрган дафтарим бор. Шуни ҳам олиб кетмайсизми?” – деди. Абдулла Алавий жиянининг бундай муҳим ва хайрли ишга қўл урганидан беҳад мамнун бўлиб, уни шу қутлуғ ишни давом эттиришга илҳомлантиради. “Чироғим, – гап бошлайди у, – фольклор – халқимиз маданиятининг ноёб хазинаси. Мақолми, қўшиқми, эртакми, достонми – қўни-қўшниларингдан, пискентликлардан эшитган халқ ижоди асарларини ёзиб олавер!.. Мен сенинг дафтарингни ҳам халқ оғзаки ижоди билан шуғулланувчи идорага топшираман. Бу асарларни Музайянахон ёзиб олган, деб қайд этиб қўйишади”.
Шу кундан бошлаб халқ ижоди Музайянанинг тақдирига, Музайяна ҳаётининг маъносини белгиловчи омилга айланди.
Ўтган вақт ичида Музайянанинг оила ва ҳаёт, адабиёт ва халқ оғзаки ижоди ҳақидаги тасаввурларигина ёрқинлашиб қолмай, ўзи ҳам кўзга кўриниб қолган, “дўппи билан урса йиқилмайдиган” ҳолга келган эди. Шу ҳол у яшаган хонадонга совчиларнинг оқиб кела бошлашига сабаб бўлди. Кунларнинг бирида Акмалхон қизининг раъйини билмай-сўрамай туриб, тошкентлик синглисидан келган совчиларга рози эканлигини билдирди. Бўлажак куёв эшонзодалардан экан. Музайяна бу воқеадан хабар топиши билан ёлғиз нажоткори – Ленинградга, Абдулла тоғасига Моҳира опа орқали хат юбориб, орзу пиёласи чил-чил синиш олдида турганини айтди. Жиянининг илғор, истеъдодли ўзбек қизларидан бири бўлиб улғаяётганини кўрган ва шу билан фахрланган Абдулла Алавий Музайянага хат йўллаб, бардам бўлишни, ўз бахти ва келажаги учун курашишни маслаҳат берди. Айни пайтда қайсар ота номига ҳам хат ёзиб, уни инсофга чақирди.
Музайяна опанинг архивида сақланиб қолган шу хатда бундай сўзлар ёзилган эди: “Тўра ака, Музайянажон нозик табиатли, жуда ҳам тийран, андишали, зийрак қиз. Шоирлик таъби бор. Ўтмишда бундай зийрак табиат қизлар ўзлари кутган орзу-ҳавасларига эришолмасдан йиғлаб келиб, йиғлаб кетганлар. Мен ўшалардек бахтсиз бўлмасин, деб қўрқаман. Агар биз уни ўқитсак, яхши бир киши бўлиб етишади. Шунинг учун уни куёвга беришда жуда эҳтиётлик зарур. Сабр қилинг, синглимнинг инжу кўнгли яраланмасин, келажакка ишонч билан кулиб турган кўзлари ёшга тўлмасин!..”
Аммо хурофот чангалида яшаётган ота бу сўзларга парво ҳам қилмади.
Шу орада Пискентда ер-сув ислоҳоти билан боғлиқ воқеалар бошланди. Камбағаллар ўз ризқларига эришиш учун қанчадан қанча ерларни ўзлаштириб олган бойларга қарши бош кўтардилар. Хотин-қизлар мудҳиш ўтмишнинг рамзи бўлган паранжиларини гулханга отдилар. Шундай жасур аёллардан бири Музайянанинг энагаси Ойимбибиш эди. Энаганинг бундай жасоратини кўрган Музайяна қатъий қарорга келиб, ота-она уйини тарк этади. “1927-йил 23-сентябрь куни кечаси соат 3 да шоша-пиша, бир оёғимга ўзимнинг, иккинчи оёғимга отамнинг маҳсисини кийиб қочдим”,3 – деб эслайди Музайяна опа ўша тарихий кунни.
Акмалхон оиласида рўй берган фавқулодда воқеа катта шов-шувларга сабаб бўлди. Турли “миш-мишлар” тўқилди. Лекин энг муҳими шуки, Музайяна Пискент хотин-қизлар клуби мудираси Марям Баттолова ёрдамида Тошкентга, кейин Ўзбек хотин-қизлар билим юрти мудираси Робияхон Носирова ёрдамида Самарқандга бориб, билим юртига ўқишга кириб, ўз орзуси сари дадил қадам ташлаган эди. У Самарқандда Ҳамид Олимжон, Тошпўлат Саъдий, Шукур Саъдулла, Ойдин Собирова, Хосият Тиллахонова, Маҳбуба Раҳимова сингари ижодкор тенгдошлари даврасида ҳаётининг илм ва ижод нурлари билан музайян бўлган янги даврини бошлади.
Музайяна 1930-йили билим юртини тугатиб, Педакадемия (ҳозирги Самарқанд давлат университи)га ўқишга кириб, билим хазинасини завқ-шавқ билан эгаллашга киришади. У, бир томондан, шу дорилфунунда, иккинчи томондан, дорилфунунда муаллимлик қилаётган меҳрибон тоғаси Абдулла Алавий бағрида, учинчи томондан, Ойдин Собирова, Иқболхон Акбарова, Инобат Асад қизи сингари янги ўзбек маданиятининг қалдирғочлари даврасида ҳаётининг энг бахтли кунларини кечира бошлайди.
Кунларнинг бирида у бувиси Ҳабибахон билан Пискент тоғлари этагида жойлашган Облуқ қишлоғига саёҳатга боради. Баланд тоғлар бағридаги шаршаралардан зилол сувларнинг шарқираб оқиб тушиши, тоғ этакларидаги дов-дарахтлар-у, ўт-ўланлар бўйини чор атрофга таратиб эсган майин шабада мавжлари Музайянани мафтун этади. Бир замон, шундай фусункор бир дақиқада олисдан “қўзичоғ”ини ухлатаётган ёш онанинг қўшиғи эшитилиб қолади:

Тол ичидан танлаб олган
Толи чавкарим болам, алла.
Гул ичидан искаб олган
Гули райҳоним болам, алла…

Бу “алла” сўзларидан ҳам, айтувчи аёлнинг дилбар овозидан ҳам сархуш бўлган Музайяна тинчини йўқотади. У Ҳабибахоним билан бирга “алла” овози мавжланиб келаётган ўтовни қидириб топиб, бўлажак ҳикояси қаҳрамони Зеби билан танишади. Зебининг бошидан кечирганларини жон қулоғи билан эшитиб, илк насрий асари – “Қизлар” ҳикоясини ёзади.
Мураккаб давр эди. Бир томондан, “тўрт девор” ичида яшаган хотин-қизларнинг озодлик шабадаларидан баҳраманд бўлиши, иккинчи томондан, шу шабадаларнинг бегуноҳ тўкилган қонлар ҳиди билан эсиши…
Музайяна шуларнинг ҳаммасини ўз кўзи билан кўрди. Ўзбек хотин-қизларнинг дарди ҳатто шу кенг оламга ҳам сиғмаслигига ишонди. Аммо бу дардни фақат кўринмас бир нарсага – қўшиққа жойлаш мумкинлигига амин бўлди. У оналари, опалари, тенгдошлари ва сингилларининг дардлари “битилган” қўшиқларни ёзиб олиш, тўплаб, китоб қилиб чиқариш бахтли ва бахти қаро Ўзбек Аёллари олдидаги бурчи эканлигини сезди.
Музайяна қишнинг қаҳратон кунлари, ёзнинг жазирама офтоби демай, қиш кунларида тиззагача лойга ботиб, ёз кунларида эса юк машиналари-ю аравалар қолдирган чанг-тўзон демай, вилоятма-вилоят, қишлоқма-қишлоқ кезишдан чарчамади-ҳормади. 20 – 30-йилларда нафақат қишлоқ йўллари, балки катта-кичик шаҳарларнинг йўллари ҳам ҳали тош кўрмаган, шағал кўрмаган, асфальт кўрмаган йўллар бўлганини кўз олдингизга келтирсангиз, унинг Инсон сифатидаги, Олима сифатидаги жасорати Памир тоғларидек ёрқинлик касб этади.
Музайяна шу йўлларни кечиб, ашула овози эшитилган, эртак овози келган, қулоққа Алпомиш-у, Гўрўғли-ю Равшанлар отининг дукури чалинган мамлакатимизнинг қарийб ҳар бир қишлоғига бориб, ўзбек халқ оғзаки ижодининг қоғозга тушмай, ёддан кўтарилиб кетиши мумкин бўлган дурдоналарини ёзиб-олиб келди. Шу йилларда Ғози Олим Юнусов, Ҳоди Зариф, Буюк Каримий, Мансур Афзалов сингари фольклорчи олимлар етишиб чиққан бўлсалар-да, “ичкари”га фақат Музайяна Алавиягина кириб, хотин-қизлар ижоди намуналарини улар оғзидан эшитиб, ёзиб олиши мумкин эди. Ва у шундай ишни қойилмақом қилиб бажарди. Шунинг учун ҳам Музайяна опани Ҳоди Зариф билан бирга ўзбек фольклоршунослик фанига асос солган олима, десак адолатдан бўлади.

* * *

Шу ерда бир лирик чекиниш қилсак.
Музайяна ота хонадонида яшаган кунларнинг бирида муаллимаси Шамсижаҳон опа унга… бир хат беради. Хат бундай сўзлар билан бошланган эди: “Иффатли гўзал қардошим!..” Музайяна бу сўзларни ўқиши билан қип-қизариб кетди. Хатни охиригача ўқиб бўлмасданоқ кимдан келганини билди. У Тошкент ва Ленинградда таҳсил олган йигит эди. Хат ўзганинг қўлига тушмаслик учун йиртиб, ёқмоқчи бўлди. Лекин муҳаббат навоси замзама қилиб турган хатни ёқиб ташлашга кўзи қиймади. Яхшиямки, отаси унга кўз тегмаслиги учун уч бурчакли қизил духоба туморни совға қилган экан, у хатни шу тумор ичига жойлаб, уни доим ўзи билан бирга олиб юрадиган бўлди.
Музайянанинг Самарқандга қочиб келганини эшитган Лутфулла (бояги хат муаллифи, Музайянанинг яқин қариндоши) севгилисини излаб топганидан боши осмонга етиб, Самарқандга учиб келди ва 1930-йилнинг айни баҳор кунларида, Абдулла Алавийнинг уйида икки ёшнинг никоҳ кечаси бўлиб ўтди.
Инсон бахтнинг қадрига етиш учун Аллоҳ ўқтин-ўқтин унинг ҳаётига совуқ шамолларни пуркаб туради. 1931-йил январида Музайяна ва унинг оиласи ҳаётини шундай совуқ шамол вайрон қилиб кетди: ўзбек халқининг хассос шоир ва олимларидан бири, Чўлпоннинг севимли шогирди ва дўсти, Музайянанинг тоғаси эмас, жонажон акаси ва мураббийси Абдулла Алавий вафот этди. Шу куни Самарқанд устидаги юлдузлар ҳам кўз ёшларини тўкдилар. Абдуллазиз Самарқанд Музайянага ҳувуллаб қолган, ҳазин бир масканга ўхшаб қолди…
Улар – ёш келин билан куёв Тошкентга кўчиб кетдилар.
Ёш оила Қатортол қишлоғидаги Мулла Олимбойнинг болахонасида яшай бошладилар. Музайяна Хирмонтепада жойлашган мактабнинг 4-синфидан – 10-синфигача ўзбек тили ва адабиётидан дарс берди. Кечқурунлари саводсизликни тугатиш курсларини бошқарди, қишлоқнинг маърифий-маданий ҳаётида қизғин иштирок этди. Аммо…
Аммо Музайяна ҳали бахтнинг қадрига тўла етиб улгурмаганми, Аллоҳ унга яна бир даҳшатли воқеани раво кўради. Аслида бу даҳшатли воқеа Аллоҳнинг иродаси эмас, балки Музайяна – шаънига шарафлар ўқиб яшаётган мустабид давлатнинг қилмиши эди: 1930-йили Маориф халқ комиссарлигида хизмат қилаётган Лутфулла Алавий “халқ душмани” сифатида қамоққа олинди.
Музайяна бундай сўзларни айтиб, йиғлаб-қақшаб қолди:

Қон йиғлатиб ташлаб кетди, ёр кетди,
Тилай кетди, менга қараб, зор кетди.
Раҳм айламай кимлар олди ёримни,
Айтмайдилар ёрга айтиб зоримни…

…Умр пиёлангизга бир томчи заҳар тушдими, бу пиёлани кўз ёшларингиз билан қанчалик ювманг, унга қуйилган сув ўқтин-ўқтин сизни заҳарлаб туради. Музайяна турмуш ўртоғининг манглайига “халқ душмани” тамғаси ўйилганидан кейин, руҳий азобларни енгиш учун бутун кучини ишга, аҳоли ўртасида маърифат нурларини тарқатишга бағишлади. Лекин 1934-йили туман газетасида “Ўқитувчи” имзоси билан “Қўй терисини ёпинган бўрилар” фелетонининг чиқиши унинг бошига бало тошларининг ёғилишига сабаб бўлди. “Қулоқлар” фелетонни Музайяна ёзган деган гумон билан унинг уйига ўт қўйиб юбордилар. Шундан кейин у Тошкент шаҳрига кўчиб келиб, шаҳар мактабларидан бирида муаллималик қилди. 1937-йил даҳшатлари бошланиб, тириклар шаънига ҳам, ўликлар шаънига ҳам туҳмат тошлари отилди. Марҳум “пантуркист Абдулла Авлоний” бошига отилган тошлар катта қисми Музайянанинг азиз бошига келиб тушди. Музайянанинг “шахсий иш”ини текшириш учун келган комиссия унинг кундалигини варақлар экан, Ҳофиз Шерозийнинг бир форсий шеъри ва унинг таржимасига кўзи тушиб қолди. Музайяна улуғ шоир шеърининг бир байтини бундай таржима қилган экан:

Биз – кемаси синганлармиз, қўзғол, нажот шамоли,
Шоядки яна кўрсак ул ёр-у ошнони.
“Аксилинқилобий ғоя” момогулдиракдек янграб турган бу байт Музайянанинг мактабдан ва таҳсил олаётгани – педагогика институтининг сиртқи бўлимидан ҳайдалишига сабаб бўлди.
Лекин Оллоҳ инсон бошини тошдан, иродасини пўлатдан ясаган экан. Давлат ҳам, мутаассиб руҳонийлар-у бағри қаттиқ золимлар ва замонлар ҳам Музайянани енга олмадилар.

* * *

1939 йили Музайяна хаста отасини кўргани туғилган қишлоғига боради. Буни қарангки, у отасининг кўнглини сўраб, дуосини олгандан кейин кутилмаган бир воқеа рўй беради. У беиз, бедарак кетган, бир-биридан ваҳмли тушлар кўриб, тириклигига ишонмай қўйган турмуш ўртоғи “абадий музликлар ўлкаси” – Сибир ўрмонларидан озод бўлиб, Пискентга ўз оёғи билан кириб келади.
Ҳаёти яна равон изга тушган Музайяна 1940-йили Ўзбекистон Фанлар Комитети қошидаги Тил ва адабиёт институтига илмий ходим бўлиб ишга киради. Шу кундан бошлаб унинг фольклорчи олима сифатидаги қайноқ ижодий фаолияти авж олиб кетади. Олима Ўзбекистоннинг барча вилоятларга бўйлаб уюштирилган илмий экспедицияларда фаол қатнашиб, халқ бахшилари, достончилари, эртакчилари ва қўшиқчилари оғзидан кўплаб асарларни ёзиб олади. Ислом шоир, Фозил шоир, Боймурот Боймат ўғли каби халқ ижодкорлари билан ҳамкорлик қилади, Фозил шоирдан “Гўрўғли” туркумига кирган “Интизор” ва “Кунларим” достонларини ёзиб олиб, нашр этади. 1951-йили ташкил этилган халқаро экспедиция билан Фарғона водийсига борганида, Қўқонда – Руҳий, Мукаррам, Яйпанда – Мирза Марям, Марғилонда – Дилкаш, Наманганда – Шарофатхон сингари фанга номаълум шоир ва қўшиқчиларни кашф этиб, уларнинг асарларини ёзиб олади. Олима Хива шаҳрида бўлганида эса “ўзбек Ванга”сини кашф этади.
“Назира, – деган эди олима Маҳбуба Қодировага хивалик ногирон халқ қўшиқчисини эслаб, – бизни уйига олиб борди. Бадиҳагўй, биринчи учрашувдаёқ одамни кўролмаса ҳам (унинг икки кўзи кўр эди) сўзидан кимлигини билиб оладиган ва ўша киши шаънига дарров шеър тўқийдиган йигирма тўққиз ёшли бу аёл жуда истеъдодли эди. У қўшиқчиликда ўз устози Анаби қори (Она биби Отажонова)дан қолишмасдан қўшиқларини гармон билан ижро этарди. Айниқса, тўй қўшиқларини хилма-хил турда, енгил, хушчақчақ оҳангда маҳорат билан куйларди. Назиранинг репертуарида кичкина, қисқа қўшиқлар, лапарлар, ўланларгина эмас, балки “Тоҳир-Зуҳра”, “Сайёдхон”, “Ошиқ Ғариб” каби традицион достонлар ҳам мавжуддир”.
Сахий одам юрган йўлида тилла танга топганидек, Музайяна қаерга борса, фанга номаълум бўлган, асарлари қишлоғидан нарига тарқалмаган юзга яқин ёки юздан зиёд халқ достончилари, эртакчилари, қўшиқчиларини кашф этди. М.Қодированинг маълумот беришича, Музайяна 1877-йили Фарғонанинг Ёрмозор қишлоғида сувоқчи-гилкор оиласида туғилган Шуҳратий деган шоир билан учрашиб, унинг Муқимий ва Фурқат ҳақидаги хотираларини ёзиб олган экан. “Мен, – деган экан Шуҳратий олима билан суҳбати чоғида, – шеърга ва шеър ёзишга қизиқиб юрганимда Муқимийни кўриш, у билан суҳбатлашиш орзуси бор эди. Бир куни биз дўстим билан Қўқонга бордик. Мен йигирма ёшларда эдим. Аммо Муқимий ўз аҳбоблари билан Яйпан саёҳатига отланиб турган эканлар. Кўришдик ва суҳбатлашиб танишиб кетдик, озгина шеърхонлик бўлди. Агар шунда кўришмаганимизда умр бўйи армонда ўтар эдим. Шоир Фурқатни ҳам кейинроқ кўришга мушарраф бўлдим: Ёрмозордан Марғилонга тушганимда Фурқат растада бир сотувчи дўконида ўтирган экан. Туриб кетаётиб мен кимлигимни, отамни сўраб қолди. Шунда Фурқатнинг тили чучук эканини пайқадим”.
Музайяна Алавия беором ва беҳаловат ҳаёти давомида Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек сингари улуғ инсонларни ўз кўзи билан кўриб, уларга замондош ва суҳбатдош бўлганидан фахрланиб, ҳар бири ўзбек халқининг миллий бойлиги бўлган халқ ижодкорларини эса биз учун, келажак учун кашф этиб яшади. У умри давомида тўплаган халқ ижодкорлари асарларини таҳлил ва тадқиқ этиб, 1959-йилда “Ўзбек халқ қўшиқлари” мавзуйида номзодлик диссертациясини ёқлади. Шу йили унинг шу номдаги монографияси чоп этилди. Биз олиманинг турли йилларда дунё юзини кўрган “Ўзбек халқ қўшиқлари”, “Ўзбек фольклоридан намуналар”, “Гражданлар уруши ҳамда халқ хўжалигини тиклаш ва социалистик индустрлаш даврида ўзбек халқ поэтик ижоди”, “Янги қўшиқлар” сингари асарлари туфайли ўзбек халқ оғзаки ижодининг фақат бир соҳаси – қўшиқчилик соҳасининг ўзиёқ жавоҳирлар билан тўла уммон эканлигини англадик.
Музайяна Алавия илмий изланишлардан ташқари, ўнлаб шеърлар, “Гулбаҳор”, “Зайнаб учган” сингари достонлар ёзган, маънавият масалаларига бағишланган “Одамийлик ҳақида”, “Дил нидоси”, “Камтарлик – яхши фазилат”, “Ён қўшним, жон қўшним”, “Ўйларимдасиз” сингари рисолалар яратган таниқли шоира ва публицист эди. Бутун умрини Ўзбек Аёлининг, унинг салоҳияти ва ижоди меваларининг юзага чиқишига бағишлаган олима ва шоира учун дунёда Онадан азиз инсон бўлмаган. Ана шу муқаддас Она образи шоира ва олима ижодининг бош қаҳрамонидир. Унинг “Она” деб номланган шеъри бундай сатрлар билан бошланган:

Меҳнат, муҳаббати унинг тенгсиздир,
Қуёш мартабали азимдан азим…
Бағри яйраш жойи, қалби денгиздир,
Коинот бош уриб қилади таъзим.
Унинг меҳри билан ёруғдир олам,
Сахий камтарлиги ўхшайди ерга.
Унинг хизмати-ла юксалар одам,
Одам унинг билан ғарқдир меҳрга.
Яхшилик тилайди ҳаммага бирдай,
Сочи оқ, қалби оқ, оқдан кўйлаги,
Ҳамманинг қалбида балқийди нурдай,
Она бўлса тоғдай инсон юраги!..

Музайяна Алавиянинг ўзи ҳам шундай Оналардан бири ва тимсоли эди.
Олима 1988 йил 3 мартда вафот этган.
Лекин у ибратли ҳаёти, қилган ишлари, яратган асарлари, тарих қаърига кетишдан сақлаб қолган халқ ижоди дурдоналари билан халқимиз ёдида, маданиятимиз тарихида бир умрга қолган.

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 9-10-сон