Қўрғон бахшилари достончилик санъати, бахши-шоирликнинг қиммати, достону термаларнинг ижро жараёнидаги ўрнию баҳоси ҳақида билдирилган муҳим назарий фикрлардан бири шуки, «Кўпкаридан аввал қоқма бўлади, қоқмада чавандоз отини совитади. Терма ҳам достоннинг қоқмасидир». Олимларнинг тилида бахшиларга хос, ўта ҳаётий тарзда, ниҳоятда образли йўсинда айтилган бу қуйма фикр моҳиятида термаларнинг достон ижро жараёнидаги ўрни, бахши билан тингловчи ўртасида руҳий бирликни пайдо қилишдаги муҳим вазифаси, шунингдек, алоҳида бир жанр сифатидаги бадиий-эстетик мезони аниқ-равшан тушунтириб берилган.
Бугунги кунга қадар фольклоршуносларимиз томонидан кўплаб термалар ёзиб олинган. Булар орасида «Дўмбирам», «Нима айтай?», «Кунларим», «Яхшироқ», «Айрилса» каби намуналарни деярли барча бахшилар ижросида кузатиш мумкин. Шу билан бирга, маълум достончилик мактаблари вакиллари репертуаридагина мавжуд «Кийик», «Калава» каби турлича мавзу ва типдаги «хос» термалар ҳам учраб туради. «Калава» Қўрғон достончилари севиб куйлаган, халқ турли давраларда тез-тез бахшилардан талаб қилган ўзига хос терма саналади. Аммо ўтган асрда фольклоршуносларимиз катта-катта эпик асарларга асосий диққатини қаратганликлари сабаблими, «Калава» хилидаги кўплаб термалар ўз вақтида ёзиб олинмаган, ҳатто уларнинг борлиги ҳам қайд этилмаган. Биз бу асарни Қўрғон достончилик мактабининг кенжа вакилларидан бири Юсуф бахши Саримсоқ ўғлидан ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида ёзиб олган эдик.
Юсуф бобо бахшизода, отаси Саримсоқ бахши Эргаш шоирнинг дўсти ва шогирди бўлган. Юсуф бахши отасидан бир неча достон, кўплаб термаларни ўрганган. Уларни вақти-вақти билан кичик давраларда дўмбира жўрлигида куйлаб турар эди. Шундай давраларда тингловчилар «Калава»ни эшитмай тарқалишмасди.
• ТАҲЛИЛ
• ТАЛҚИН
• ҲИССА
Юсуф бахшидан бу термани илк бор тинглаганимда кўз олдимга болалигимдан таниш бир оила ҳаёти келди. Худди термадаги каби бу оила ҳам эру хотиндан иборат эди. Уларнинг турмушлари ҳам ўзларига яраша ўтарди. Хотин эрини, эр хотинини «Мен одам қилиб юрибман», деб ўйларди. Ҳар қайси ҳам ўз йўлига ҳақ бўлса керак. Хотин ҳамиша эрини «анқов», «лақма», «ҳисобини топмаган кўр» (чолнинг бир кўзига пайраҳа тегиб айбдор бўлиб қолганди) деб уришарди. Эри индамасди. «Менга ақл ўргатишга сен эси пастга ким қўйибди», деб ўйлармиди ёки бошқа сабаби борми, бу ёғи менга қоронғи. Эрининг индамаслиги хотиннинг ишончига ишонч қўшарди. Хотин ўзи бўлмаса, «бу рўзғорнинг ўчоғи ўчишини» кўрган кишига айтарди. Одамлар ҳам унинг кўнглига қараб, «Сиз борсиз, чолингиз бор», деб шаънига бир-икки мақтов гап айтишса, хотин қопдай шишиниб, «Мен зўр эканман», деб қўядиган чойни ҳам унутарди. Ана шунда «дока рўмол қуригунча» жанжал бўларди. Жанжаллар баъзан арзимаган нарса устидан чиқарди. Мен шундай айтишувнинг бирига гувоҳ бўлганман. Хотин олиб-сотардан бир кийимлик атлас олмоқчи экан.
Эр: – Олган кийимлигинг икки қизга сеп бўладику, атласни нима қиласан? – деди.
Хотин: – Оламан, тўйга кийиб бораман, – деб туриб олди.
– Бор олавер, – қичқирди эр.
– Пул беринг, – хотиннинг ҳам овози бир парда баландлади.
– Пул йўқ!
– Пул бермасангиз қўйни сотаман, ана сигирни сотаман!
– Сотмайсан!
– Э, болам, бефарзандлик қурсинда, бўлмаса чўпон… дегандилару, жим бўлгандилар.
Хотин қарғанди. Эр сўкинди. Кейин хотин ёш боладек ерга ўтириб олиб, сўзланиб йиғлашга тушди. Эри бўлса, сўкинганича ташқарига чиқиб кетди. Бир қанча вақтдан кейин унинг Расул атторникидан қоғозга ўроғлик нарса олиб чиқиб кетаётганини кўрдим.
Бундай жанжалларнинг аксариятида хотиннинг қўли баланд келарди. Балки, шунинг учунми, қўшнилар доим хотиннинг исмига «пошшо» сўзини қўшиб айтишарди. Хотинга бу сифат ёқарди. Айниқса, қайнилари «фалончи пошшо» деса суюниб, семиз қўйдек гавдаси беўхшов ирғалиб куларди.
Мен онамдан: «Нега чўпон тоға хотинидан қўрқади», деб сўраганимда,
Биз болалар хотинни «пошша хола» дердик. «Пошша хола» тикиш-бичишни билмасди. Онам: «Худога шукр, яхшилик кунда шўрва қайнатишни, нон ёпишни ўрганган экан», дердилар. Ип йигиришга келсак, «Калава»даги хотин билан мусобақалашса, иккаласи тенг келиши аниқ эди. Онам синглим бирор-бир ишни эплолмаса, «Пошшага ўхшамай кетгур», деб уришарди… Чўпон тоғанинг Эгамберди полвон исмли жияни ҳам бизга қўшни эди. Эгамберди аканинг хотини Улбиби чеча калтароқ, думалоққина жувон эди. Ораси бир ярим, бир яшардан олти ўғли, бир қизи бор эди. Чўпон тоға Эгамберди аканинг оиласига ул-булдан қарашиб турарди. Ҳар бозор болаларни қуруқ қолдирмай нимадир олиб келарди. Бир куни Эгамберди ака хотинини урибди. Улбиби янга Чўпон тоғаникига йиғлаб борибди. Шунда Чўпон тоғанинг: «Ўғил туққан хотинниям урадими?!» деб чатнаб келаётганида кўрган эдим. Энди ўйласам, Чўпон тоғанинг бутун дарди, орзулари шу гапида мужассам экан.
Ўтган воқеаларни ўйлар эканман, «Калава» ҳам замонасининг «пошша»си ҳақида тўқилганига ишонч ҳосил қилдим.
Бир хотин бор экан Қўқон ша(ҳ)рида,
Ул хотин бир хизмат қилар бойига,
Бойи қарар шу хотиннинг раъйига,
Бир дона дук йигирар бир ойига,
Пул топади ул ўтирган жойига.
«Калава»ни ижод қилган бахши ўз қаҳрамони феълини яхши билган. Хотиннинг «ўтирган ерида пул топиши», «эрининг у билан ҳисоблашиб иш кўриши»ни айтиб, унинг бир ойда бир доно дук йигиришини қистириб ўтиши бекор эмас. Ана шу мисра «хотиннинг ўтирган жойида пул топиш», «ишни қилса доим хотин чопчон (чаққон)” қилишига мажозий маъно беради. Чунки хотин «ўн бир ойда базўр нимча (400 грамм) ип йигирган бўладида».
Бахшининг бу мулойим тасвири худди бизда Чўпон тоғанинг хотинига қўшнилар «пошшо» деб мурожат қилишганидек ўз қаҳрамони руҳига мос услуб танлаганидан далолат беради. Бахши қаҳрамонини фақат сиртдан кузатмайди, балки унинг қалбига ҳам қулоқ тутади.
Нимча бўлганини энди билади,
Ҳе, бечора мийиғида кулади…
Эй бечора, кўринг, кўп гап ўйлади,
Орасига йиригини жойлади.
Ипим ғимча кўринсин деб бечора,
Икки учдан ғимча қилиб бойлади.
Пули кўпга, кўзи кўрга учра деб,
Кўтариб уч марта ерга тайлади.
Хотиннинг иши битди, тоғни кўтарган паҳлавондек, калавани эрига берди. Энди унинг ўзини тутиши, овози ҳам ўзгаради. Сўзларида ҳокимларга хос қатъийлик пайдо бўлди.
– Сўзимга қулоқ сонг, ҳая, бой,
Айтганимнинг ҳаммасини қилинг, ҳой!
Хотин ўзини калавани йигириш давомида ўйлаган ўн бир ойлик орзусининг ҳаммасини бир бошдан эрига буюрди. Эрини дарвозадан чиқарар экан, хаёлига яна бир ўй ялт этиб келдию, дарҳол «анқов» чолга тайинлади:
Бозор бориб оғзинг очилиб турма,
Харидор гирдингни ўраб олганда,
Калаванинг мағзин ёриб кўрдирма.
Бозор бориб оғзинг очилиб турсанг,
Калавамнинг мағзин ёриб кўрдирсанг,
Арзон-гаров сотиб, олиб пулини,
Анқовлик қиб кисопурга урдирсанг,
Тургин, кетгин, чиркин кўзга кўринманг!
Ана энди хотиннинг кўнгли бироз таскин топди. Ола дукур урган юраги тинчигандек бўлди. Чоли эса бозор йўлида тобора кичрайиб, охири кўринмай кетди…
Кулгисиз мажлис қуруқ, жонсиз кўргазмага ўхшайди. «Чечанликда сўзга сувдайин оққан» бахши ҳар бир сўзнинг ижодда ўз ўрни борлигини, сўз фарқини оқиллар айиришини яхши билади. Эргаш шоир бир термасида:
…Сўзни юбориб далага
Кулгисиз мажлис бўлами?! деб келтириб ўтганидек, ҳазил-мутойиба, юмористик асарларнинг ҳам бахшилар ижодидаги юкини аниқ ҳис қилади.
«Калава»да фавқулодда образлар йўқ, тасвирлар жуда ҳаётий, воқеликка кулги нуқтаи назаридан холисона баҳолаш бор.
Тасвирчи тасвирланувчиларни кулги жамоасида кўради, баҳолашни тасвир тубига яширади. Шу маънода «Калава» ифода усули фольклорга хос бўлсада, бир қадар ёзма адабиётга яқин туради.
Термадаги чолу кампир оддий одамлар. Уларнинг кўнгли тоза, болага ҳам ўхшайди. Болалиги соддаликни, соддалиги тозаликни билдиради. Омма эса уларни ўзидан ажратиб «гўл» деб атайди. Халқ деб аталувчи кўпчиликнинг бир четида гўллар турса, қарама-қарши қутбида хослар ўрин олади. Хослар ва гўлларни уйғунлаштирадиган нуқта бор: соддалик – тозалик. Хослар, гўллар камчиликни ташкил этади. Оломон эса уларнинг ўртасида кўпчилик бўлиб оқади. Оломон гўлларга қайтолмай, хосларга етолмай ора йўлда сарсон ўтади.
Оломоннинг кулгисини гўлларнинг ҳаракатлари уйғотади. Аслида, гўл кишилар оломон ҳар куни яширин амалга оширадиган хатти-ҳаракатларни бир бор ошкора бажариб кўрсатади, холос. Лекин у-бу юмушни худди микроскоп остида амалга оширгандек яширмай, барчанинг кўз ўнгида қилади. Ўз ҳаракатини хаспўшламайди, кийим кийдириб безамайди. «Калава»да чол-кампир тасвири орқали омманинг ҳаракатлари, феъл-атвори микроскоп остига қўйилган. Тингловчи «Калава» қаҳрамонларига ачингандек кўринади. Ана шу ачиниш туйғуси уни ўз ботинига йўналтиради. У ботинида ўз ҳолатлари, кечинмалари, ўй-туйғуларига дуч келади. Ана шу нуқтада у «Калава» ва ботинидаги ўзи қочиб, яшириниб яшаётган ички «мен»и билан юзма-юз қолади. Чол-кампир устидан тўкилган кулгиси бумеранг каби ўзига қайтади. Чинакам сатира ва юморнинг вазифаси кишига ойна кўрсатиш, ўз ботинини томоша қилиш имконини беришдир. «Калава» шу маънода ўз вазифасини аъло даражада бажара олади.
«Калава» – юмористик асар, яхши сўз меваси.
… Яхши сўз одамнинг бўлмай хаёлин,
Алағ бўлмайин дўстлар эшитса,
Юракнинг қайғуман занги кетади… деб айтилганидек, қайси даврада «Калава» термаси куйланса, эшитган одамларда енгил кулги уйғотиб, алал-оқибат, ўз кўнглига саёҳат қилишга ундаган. Бахши шоир таъкидлаганидек, юракнинг қайғуман зангини кетказган.
КАЛАВА
Бир хотин бор экан Қўқон ша(ҳ)рида,
Ул хотин бир хизмат қилар бойига,
Бойи қарар шул хотиннинг раъйига,
Бир дона дук йигирар бир ойига,
Пул топади ул ўтирган жойига.
Ишни қилса доим хотин чопчон қиб,
Ҳисобласа ийиқни бир кун йиғиб,
Ўн бир ойда базўр бўпти нимча ип.
Нимча бўлганини энди билади,
Ҳе, бечора мийиғида кулади,
Кунчивоққа жойни қалин солади.
Бўтадай бўп-эй, бечора бўзлади
Сойга тушиб кўринг тута излади.
Чархга солиб, кўринг, тута қилади,
Кўп гапларни у ўтириб ўйлади.
Товоққа соб уни бир кун сувлади,
Қозонга соб уни ҳафта буғлади.
Қозондан чиқариб энди олади,
Чархга солиб калавалар қилади.
Эй бечора кўринг, кўп гап ўйлади,
Орасига йиригини жойлади.
Ипим ғимча кўринсин деб бечора,
Икки учдан ғимча қилиб бойлади.
Пули кўпга, кўзи кўрга учра деб,
Кўтариб уч марта ерга тайлади.
Калавани олиб бойига берди,
Бойи ҳам олдида қўйнига урди.
Нима об келай, буюр энди савдонг, деб,
Кампирига қараб тампийиб турди.
– Сўзимга қулоқ сонг, ҳая бой,
Айтганимнинг ҳаммасини қилинг, ҳой!
Манглай терим, кўп бўлгандир меҳнатим,
Эшитаман кўрганим йўқ ўзини,
Биринчи обкелинг олабуйрак чой.
Ундан ўтиб гўшт бозорига боринг,
Дурум, сара гўшти гўсфандни олинг.
Дурум, сара яна чарви, дигар боз,
Чучбаракка ул ҳам бўлар жуда соз.
Бир ботмон сабзи онг, бир ботмон пиёз.
Бир хил хотин рўзғор лаззатин билмас,
Қайтай, сенинг рўзғорингга бул ҳам оз.
Беш кийимлик об кенг малитин сурпдан,
Йигирма кийишлик сақолик тикдан.
Ўттиз кийим об келинг курталик читдан,
Навбат билан олиб кияй сандиғдан.
Қирқ кийимлик об кенг ярқироқ атлас,
Атласдан бошқасин ойиминг киймас,
Ундан кей ойиминг қовоғин уймас.
Йўқчилар қилади бозорда сўроқ,
Йигитлар ичади суҳбатда ароқ.
Бош ювганда жуда қадри кўп ўтган,
Ўн жуфт олиб келинг шамшати тароқ.
Ипликка жудаям қадри кўп ўтган,
Бир кило обкелинг яхши толь ипак.
Чарх йигириб пилтани қилай пинак,
Ўнта обкелинг говмушу инак.
Эртан-мертан мен ҳам жойимдан турсам,
Куви пишиб, қўшнига айрон берсам,
Айрон ичиб қўшниларим завқ қилса.
Савдонинг устига савдо қўшинг, ҳой,
Айтганимнинг ҳаммасини қилинг, бой.
Ўнта олиб келинг араби қўй,
Бизлар бўлайлик чўлда элибой.
Қиши ўтиб ана кириб келди ёз,
Эллувта макиён, ўн бешта хўроз,
Жўжа очириб ҳузурини кўрсак соз.
Бозор бориб оғзинг очилиб турма,
Харидор гирдингни ўраб олганда,
Калабанинг мағзин ёриб кўрдирма,
Армон билан ани пулдан қолдирма.
Бозор бориб оғзинг очилиб турсанг,
Калабамнинг мағзин ёриб кўрдирсанг,
Арзон-гаров сотиб, олиб пулини
Анқовлик қиб кисопирга урдирсанг,
Тургин, кетгин, чиркин кўзга кўринманг!
Айтувчи: Юсуф Саримсоқ ўғли
Ёзиб олувчи: Шомирза Турдимов
Изоҳлар:
Араби қўй – қоракўл қўй.
Бўп – бўлиб.
Бойига – эрига.
Чиркин – хунук, ифлос (қарғиш).
Чопчон қиб – чаққон, тезгина қилиб.
Чучбарак – чучвара.
Дук – чархнинг йигирилаётган ип ўралиб борадиган қисми (ЎТИЛ).
Дурум – иккинчидан дегани; хотин гўёки шаҳарлик, мадраса кўрган тоифадек форсий ибораларни ишлатяпти.
Элибой – асосан чорвачилик билан шуғулланган аҳоли элибой деб юритилган.
Ғимча – хипча.
Говмуши-инак – сигир-бузоқ.
Ийиқ – чархнинг механизми.
Калава – чархга бир неча марта текис қилиб ўралган ва чархдан чиқариб олиб тахланган бир ўрам ип (ЎТИЛ).
Кей – кейин.
Кисопир – киссавур.
Кунчивоқ – кунгай бет, кун тушиб турган жой.
Курта – пахта солиб, қавиб тикилган кийим.
Малитин сурп – сурп тури.
Нимча – тахминин 400 грамга яқин оғирлик ўлчови (ЎТИЛ).
Олабуйрак чой – чой тури.
Онг – олинг.
Пилта – пахтанинг бир тутами.
Пинак – пахтани чўзиб ийикка солиш.
Сақолик тик – эркаклар кўйлак-иштон қиладиган йўл-йўл мато.
Шамшоти тароқ – шамшот дарахти ёғочидан ясалган тароқ.
Соб – солиб.
Тампийиб – гердайиб туриш.
Тута – ипни ўрашда ишлатиладиган 15-20 см узунликдаги ёғоч.
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 8-сон