Суқрот чиндан ҳам донишманд одам идеали ҳисобланади. Лекин Суқротнинг ўзи, чинакам донишмандлик ўзининг сариқчақага арзимаслигини англашдадир, деб уқтирганди.
У Юнонистонда, Афинада тахминан эрамиздан аввалги 470-йилларда туғилган. Унинг болалиги ва ота-онаси тўғрисида маълумот жуда кам. У ўзидан кейин ҳеч қандай асар қолдирмаган. Бироқ унинг шогирди, қадимги юнон файласуфи Афлотун Суқрот таълимоти ва ғояларини устози ҳаётидан олинган лавҳалар билан уйғунлаштириб, мулоқот шаклида баён қилиб берган.
Афлотун таъкидлашича, Суқрот бутун вақтини Афина бозорларида, ўз сўзларини тинглашга рози бўлган ҳар қандай одам билан гаплашиб ўтказарди. У, айниқса, бирон-бир масалада ўзининг қатъий фикрига эга бўлганлар билан суҳбатлашишни ёқтирарди. Суқрот бундай одамларга йўл-йўлакай саволлар бериб, уларни гаплашишга мажбур қилар, сўнг эса улар бу қадар ишонч билан фикр юритаётган масалада жоҳил эканликларини кўрсатиб берарди. Шу боис саволлар бериш орқали баҳс олиб бориш — услуби Суқрот услуби, деган ном олди. Унинг асосий ҳаётий қоидаси «Ўз-ўзингни англаб ет» қоидаси бўлган.
Афиналиклар ўзларининг олам тўғрисидаги асосий ғояларини Суқрот рад этганлиги туфайли уни ёқтиришмасди. Улар Суқротга у худоларга, ҳақиқатга ва адолатга ишонмаслигини айтишарди.
Эрамиздан аввалги 399 йилда душманлар уни Афина ёшларини бузишда ҳамда диний мажбуриятларини менсимасликда айблаб, судга чақирадилар. Бундай айбловларга ҳеч ким ишонмасди. Буни Суқрот ҳам яхши биларди. Унинг судда ўзини ҳимоя қилиб сўзлаган, кейинчалик Афлотун томонидан ёзиб олинган нутқи мардона, ҳазил ва истеҳзога бой эди. У ўзига ўлим жазосини тайинлашларини билгани ҳолда, ўзини ҳақиқатни топишга бағишлаб, аввалгидек яшайвериши даркорлигини баён этади.
Суқрот ўзининг сўнгги кунини ҳам дўстлари билан жоннинг абадийлиги тўғрисидаги масалани муҳокама қилган ҳолда ҳибсда ўтказди. У ўзига берилган, оғу солинган идишни дадил қўлга олиб, асло иккиланмай, сипқариб юборади. Дўстлари кўз ёш қилишади, аммо Суқрот улардан сукут сақлашни илтимос қилади ҳамда мамнун — лабларида табассум билан жон таслим қилади.