Арасту ким?

Арасту (Аристотель) Қадимги Юнонистонда буюк кишилардан бўлган. У ҳамма даврларда яшаб ўтган буюк файласуфлар сирасига киради.

Арасту файласуф Афлотун ҳузурида йигирма йилга яқин таълим олади. Афлотун вафот этгандан сўнг Арасту ўз таълим услубини ривожлантира бошлайди. У амалда инсон дуч келадиган барча муаммолар билан қизиқарди. Ақл қай тарзда ишлайди? Ҳақиқат қаерда-ю ёлғон қаердалигини қандай ажратиб олишимиз мумкин? Ҳокимиятнинг қандай шакли афзалроқ?

Арасту атроф муҳитни кузатган ва далиллар тўплаган ҳолда бу саволларга жавоб топишга интилди. У ҳар бир ҳодиса ўзининг мантиқий изоҳига эга деб ҳисоблаган ҳамда тадқиқотлар ва кузатувлардан ҳукм чиқариб, уни таърифлаб берган илк олимлар қаторида туради.

Арасту ўз мактабига асос солади ва унга «Лицеум» деб ном беради. У ҳар бир киши яхши ва фойдали яшаб ўтиш имкониятини билиш йўли билан оламда ўз ўрнини эгаллаши мумкинлигига ишонтиришга ҳаракат қилади. У ёшлик ва қарилик оралиғидаги умрга — «олтин ўрталик»ка ишонарди.

Гувоҳлик беришларича, Арасту астрономия, физика, поэзия, зоология, нотиқлик санъати, биология, мантиқ, сиёсат, бошқарув, ахлоқ илми бўйича тўрт юзга яқин асар ёзган.

Арасту асарларини бутун жаҳонда одамлар юзлаб йиллар давомида ўқиб- ўрганишмоқда. Ҳеч бир олим шунча узоқ давр мобайнида одамлар тафаккурига бу қадар таъсир кўрсатмаганди.

Ҳозирги олимлар Арастунинг икки минг йилдан зиёдроқ вақт илгари олиб борган кузатишлари бугунги кун нуқтаи назаридан ҳам тўғри эканлигини тасдиқлашмоқда. У ҳар бир фикр исботланиши даркорлигини ҳамда билимлар асоси далиллар эканлигини бизга англатади.