Жаҳон маданияти тарихида бу қадар кўп афсона ва ривоятлар юзага келишига сабаб бўлган бошқа бир номни топиш мушкул бўлса керак. Ёзувчилар, шоирлар ва рассомлар бу аёлнинг романтик ҳамда бир қадар сирли сиймосини яратганлар. Бош ролни Элизабет Тейлор ўйнаган машҳур филм ҳам Клеопатра образи билан боғлиқдир.
Шарқда Қлубатро номи билан машҳур бўлган бу аёл ҳақида нималарни биламиз?
Клеопатра — ўз даврида Буюк Искандар Мақдуний тахтга ўтказган Птолемейлар авлодидан бўлган, Мисрнинг сўнгги шоҳинасидир. У эрамиздан аввалги 69 йилда туғилган. Отаси Миср шоҳи Птолемей 12 унга ўз авлоди учун анъанавий бўлган Клеопатра исмини беради.
Отасининг ўлимидан сўнг Клеопатра, васиятга мувофиқ, ўз укаси Птолемей билан биргаликда ҳукмронлик қила бошлади. Бироқ бир мунча вақтдан сўнг, вояга етиб қолган Птолемей Клеопатрани Фаластинга сургун қилиб, якка ўзи ҳукмронлик қила бошлайди.
Эрамиздан аввалги 48 йилда Рим саркардаси Гай Юлий Цезар сулола курашига аралашиб, Клеопатрага тахтни қайтариб олиб беради. Эрамиздан аввалги 47 йилда Цезар билан Клеопатранинг ўғли — Цезар Птолемей дунёга келади.
Бир йилдан сўнг Клеопатра, жаҳондаги икки буюк давлат — Рим билан Мисрни қўлининг номи билан бирлаштириш мақсадида у билан Римга келади. Бироқ эрамиздан аввалги 44 йил 15 мартда унинг умидлари чилпарчин бўлади. Шу куни Сенатнинг мажлислар залида Цезар ўлдирилади.
Дафн маҳали эълон қилинган васиятномада Цезар синглисининг ўғли Гай Октавийни ўғил қилиб олгани ҳамда уни асосий ворис этиб тайинлагани маълум бўлади. Цезар Птолемей ҳақида эса васиятномада бир оғизам сўз йўқ эди.
Мисрга қайтгач, Клеопатра ўғлини ҳам ҳоким этиб тайинлайди.
Уч йилдан сўнг Клеопатра Рим империясини Октавий билан бирга бошқараётган Марк Антоний билан учрашади. Эрамиздан аввалги 42 йилда собиқ саркарда Филипп Цезар қотиллари устидан ғалаба қозонади. Шу пайтдан бошлаб Марк Антоний бой шарқий ўлкалар, шу жумладан Мисрнинг ҳукмдорига айланади.
Марк Антоний омадли саркарда эди. Базми жамшидларни, аёлларни, ҳаётни севарди. Буларга Клеопатрага бўлган машъум муҳаббати қўшилди. Эрамиздан аввалги 36 йилда Марк Антоний Октавийнинг опасини ташлаб, Клеопатрага уйланди.
Шундан сўнг омад ундан юз ўгиради. Парфия ҳамда Арманистонга қилинган самарасиз жанговар юришлар Марк Антоний билан Октавиан Август муносабатларини бутунлай ёмонлаштириб, улар ўртасида уруш бошланиб кетади.
Эрамиздан аввалги 31 йилда Октавианнинг флоти Акциум бурнида Антоний устидан ғалаба қозонади. Клеопатра билан Антоний Искандария (Миср)га қочиб қутулишади. Бироқ Октавиан қўшинлари уларни таъқиб қилишни давом эттиради.
Эрамиздан аввалги 30 йилда Октавиан қўшинлари Искандарияга киргач, Антоний ўз жонига қасд қилади. Ўз кўксига ханжар уриб, Клеопатранинг қўлида жон беради.
Клеопатра ҳам, Октавиан қозонган зафар туфайли шарманда бўлишдан қочиб, ўзини ўзи ўлдиради. Ривоят қилишларича, у саватда илонларни келтиришни буюрган ва илонлар заҳридан ҳалок бўлган.
Уларнинг фарзандларининг тақдири ҳам турлича бўлган: Цезар Птолемей Октавианнинг буйруғи билан ўлдирилган, Марк Антонийнинг фарзандларини эса хотини ўз тарбиясига олиб, Римга олиб кетган.