Юлий Цeзар нимаси билан машҳур?

Эрамиздан аввалги 59 йилда Юлий Цезар консул қилиб тайинланади. Рим республикасидаги бу энг юқори лавозимдан сўнг у Шимолий Италия ва Галлия вилоятларига ноиб этиб юборилади. Касби-кори жангчи бўлган Цезар Галлия, Германия ва Британиядаги келт халқлари ерларини босиб олишни кўнглига тугиб қўяди. Эрамиздан аввалги 54-йилга келиб у Британия денгизи (ҳозир — Ла-Манш бўғози) соҳили бўйлаб Рим дунёси шимолий чегарасини белгилайди.

Цезар ҳарбий юришлари даврида Британияга икки марта — эрамиздан аввалги 55 ва 54 йилларда бостириб кирди. У маҳаллий қабилалар Ла-Манш орқали Шимолий Галлия халқларига бошпана бериб, ёрдам кўрсатаётганликларини тушунарди. Илк бор у 12 минг кишилик қўшин билан Кентдаги ҳозирги Дил қишлоғига яқин жойга қўр тўкади, маҳаллий қабилалар бошлиқларини Рим ҳукмдорлигини тан олишга ва бундан сўнг унинг Галлиядаги душманларига ёрдам кўрсатмаслик тўғрисида ваъда беришга мажбур этади.

Бир йил ўтгач, Цезар яна Британияга бостириб киради. Энди унинг қўшинида 37 минг аскар бор эди. Мамлакат ичкарисига, ҳозирги Хертфордширгача кириб бориб, маҳаллий қудратли қабила устидан ғалаба қозонади. У Британияда горнизонларини қолдирмаган бўлса-да, Римнинг Галлия шимолидаги ҳудудларини хавфдан холи қилган.

Юлий Цезар ўлдирилгач, унинг асранди ўғли Октавиан ўз душманлари устидан ғолиб келади ва Римда энг қудратли одам бўлиб қолади ҳамда давлатни ёлғиз ўзи бошқаради.

Эрамиздан аввалги 27 йилда Сенат унга алоҳида Август номини берган ва бу ном кейинчалик императорлар номининг бир қисми бўлиб қолган.

Ўхшаш мақолалар: