Бизнинг таъм сезишимиз — бу беҳисоб лаззат манбаидир. У овқатдан лаззат олиш имконини беради. Аммо бу сезги бизга фақат ёқимли туйғулар учунгина эмас, балки ҳимоя воситаси сифатида ҳам берилган. У кўпинча бизни организмимиз учун хавфли бўлган таомни истеъмол қилишдан сақлайди.
Таъм билиш сезгисининг ўзи нима? Бу молекулалар тўқнашувини сезишдир. Бу ҳаракатланувчи заррачалар таъм нервларини қўзғайди ва биз у ёки бу таъм сифатида идрок этилувчи сигнални қабул қиламиз. Фақат молекулалар у ёки бу даражада эркин ҳаракат қила олувчи суюқ моддалар бизда таъм сезгиларини қўзғаши мумкин. Масалан, ойна парчаси биз учун таъмга эга эмас. Молекулаларни тезроқ ҳаракатланишга мажбур қиладиган ҳамма нарса таъмни кучайтиради. Шунинг учун ҳам иссиқ нарса совуқ нарсага нисбатан тезроқ сезгини келтириб чиқаради. Таъмга таъсирчан нервлар нимаси биландир ўсимталарни эслатади. Айнан шулар биз таъм деб атайдиган сезгини уйғотиш қобилиятига эга.
Бу ўсимтасимон органлар одамда ва ривожланган ҳайвонлар тилида жойлашган бўлади. Уларнинг сонига келсак, ҳар бир турда улар кескин фарқ қилади. Дарвоқе, одам — ўртамиёна дегустатор (чашначи, таъм кўрувчи)дир. Унда атиги 3 мингта таъм сезиш ўсимтаси бор, холос. Балиқларни тўдаси билан ҳатто чайнамай ютадиган китда улар бир нечта ёки умуман йўқ.
Ажабланарлиси шундаки, чўчқа одамга нисбатан анча сезгирроқ: унда 5500 таъм сезиш органи мавжуд. Сигирда — 35 000, антилопада 50 000 дан ортиқроқ. Ҳайвонлар таъм сезгисигагина эга бўлиб қолмай, уларнинг кўпи одамга нисбатан анча яхши дегустатор ҳамдир.
Денгиз ҳайвонлари кўпинча таъм сезиш ўсимталари билан сиртдан қопланган бўлади. Масалан, балиқлар бутун тана сирти билан сезади. Пашша ва капалак каби мавжудотлар таъмни оёқчалари билан «татиб» сезадилар.
Илонлар ва калтакесаклар бу мақсадда тилларидан фойдаланади-ю, аммо биздан фарқ қилади. Улар тил учини зудлик билан теккизиб, емишнинг майда зарраларини илиб олади. Бу зарралар тил учи ёрдамида оғизнинг юқори қисмидаги махсус органга етказилади, у емишнинг таъми ва ҳидини татиб кўради.