Баҳодир Раҳмонов. Есенин бўлиб гапирмоқ бахти

Талант қуёшга ўхшайди. Демак, унинг нури барчага баробар. Мана шу баробарлик эса эзгуликни туғдиради. Дунёда миллатлар ва турли тиллар мавжуд экан, адабиёт осмонида чарақлаб турган қуёш нурларини кўнгил оламига олиб кирмоқлик ҳам чинакам бир фидоийликдир.

Голубая да веселая страна.
Честь моя за песню продана.
Ветер с моря, тише дуй и вей –
Слышишь, розу кличет соловей…

Дилларга ором бағишловчи, кўнгилларга нур олиб кирувчи, юракларни гўзал ҳис-туйғуларга тўлдирувчи бу каби дилрабо сатрлардан бебаҳра қолишлик, яъни ўз она тилингда ўқий олмаслик қуёш тафтини сезмагандай гап.

Мовий ўлкам, қувноқ диёрим,
Қўшиқ учун бахшида борим.
Тингла, майин эсган шаббода,
Булбул гулни чорлайди боғда…

Энди юрагингизга нур тўлиқ кира бошлади, бутун вужудингизга таралди, ҳис-ҳаяжон тўлиб-тошди, гўзалликка тўлиқ ошно бўлдингиз. Ҳатто шеър руҳи ўзбек мусиқа созларидан ажиб бир наво бўлиб тарала бошлайди ва хонанданинг майин овози сўзнинг сеҳрли оҳангларига айланади. Қачонлардир олис Россиянинг чекка бир қишлоғидан чиққан бир деҳқон шоирнинг юрак сўзлари ўзбекча қўшиқ бўлиб худди ўзиникидай қалбингизни завқ-шавққа тўлдиради. Кўнглингиз ором олади.
Мана сизга қон билан кирган, онага қиёс қилинган тилнинг куч-қудрати. Мана сизга таржима санъати, таржимон маҳорати.
Бу каби санъат намуналари ўтган асрнинг 60-йилларида шеърият мухлислари қалбига янги бир дунё олиб кирган эди. Есениннинг қалб олами бу – гўзаллик ва эзгуликка тўла, ўта муҳаббатли, ҳатто зиддиятли ва ниҳоят, фожиали. Айтишларича, қуёшга тик қарай оладиган жонзот – бу шер экан. Қуёшга қиёс қилганимиз – талантларнинг таржимонларини ҳам шу жиҳатдан шерга ўхшатсак муболаға бўлмайди. Чунки таржимон, аввало, ўша талантнинг руҳий оламига, шу оламнинг қуёшига қалб кўзи билан тик боқа олиши керак, унинг ҳар бир нуридан ёғилаётган меҳр-муҳаббату нафратни, қалб кўзини ёш билан тўлдириб, куйдириб юборувчи дарду аламларини ўзига сингдириб тоблана олиши шарт ва шу ҳолатда қалам тебратиши зарур. Шундагина бадиият осмонидаги нур заминнинг яна бир ҳудудига борича етиб келади.
Таржимачиликдаги фикр-мулоҳазалардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, Эркин Воҳидов Есенин қалб зиёсини ўзбек юрагига бор ёғдуси ва тафти билан олиб кира олган эзгу-фидоий ва моҳир таржимон сифатида ҳам танилди. Нафақат ўз шеърлари билан, балки Есенин таржималари билан ҳам ўзбек адабиёти саҳифасига нозик ҳиссиётли ва талантли ижодкор муҳрини боса олди. Шоирнинг ўзи таржиманинг аҳамияти ҳақида қуйидагиларни ёзади. “Жаҳон ва қардош халқлар адабиётларидаги буюк сиймолар тажрибаси ҳақида ёзилган энг ёрқин тадқиқотлар ҳам шоир ёки ёзувчига бевосита таржима билан машғул бўлишда олган сабоғу билимлардан ортиқроқ нарса беролмайди. Ахир шоҳ асарни таржима қилаётганда, озгина бўлса-да, руҳан унинг муаллиф даражасига кўтариласан ёки муаллиф ролига кирасан, Данте, Шекспир, Гёте, Толстой, Чехов, Есенин бўлиб гапирасан”.
Шуни алоҳида қайд қилиб ўтиш керакки, Есенин бўлиб гапирмоқ бахти, агар ўхшатиш жоиз бўлса, Эркин Воҳидовнинг кўнгил айвонига гўё қалдирғочдай эрта баҳорда келди. “Эсимда, иккинчи курс студенти эдим, – деб хотирлайди таржимоннинг ўзи. – Пахта теримига ҳашарга чиққан кунларимиз ишдан сўнг ётоқда, хира чироқ нурида ярим кечагача есенинхонлик қилар эдик. Ўшанда “Эрон тароналари”нинг бир қанча шеърлари ўзбек тилига таржима қилинди”. (50-бет)

Мен Босфорда бўлмаганман ҳеч,
Уни суйлаб беролмам сенга.
Лекин мовий кўзларинг ҳар кеч
Денгиз бўлиб кўринар менга.

Қилмаганман Боғдодга сафар,
Карвон билан элтмадим хино,
Аммо бир зум тин олсам нетар
Тиззангга бош қўйиб, дилрабо!

Шафқат айла, жонгинам, дерман,
Ҳам қилурман қанча илтижо,
Россияда машҳур шоирман,
Нечун зарра қилмайсан парво?!

Бу каби шеърларнинг қадр-қимматини, аҳамиятини, таъсирини юракдан ҳис қилиш учун ХХ асрнинг ушбу таржималари пайдо бўлган маълум бир даврини қисман бўлса ҳам тасаввур қила олишимиз керак бўлади. 1937 йилги ва 50-йиллар бошидаги қатағон… Уруш ва урушдан кейинги оғир йиллар… Шахсга сиғиниш… Шўро сиёсати ва адабиётидаги партиявийлик… Буларнинг ҳаммаси 50-йилларнинг иккинчи ярми ва 60-йиллар адабий муҳитида бироз эркинлик бўлишига қарамай адабиёт заминига эҳтиёткорлик уруғини сепиб улгурган эди. Қолаверса, сиёсат қобиғини ёриб чиқиб юракни ҳақиқат нурига тута оладиган эркинлик – бу фақат орзу-хаёл. Шундай муҳитда адабиёт қалб гўзалликларини, орзу-истакларини, юрак ва жамият, инсон ва замон ўртасидаги зиддиятларни борича очиб ташлай оладиган чинакам кўнгил адабиётига айлана олмаслиги табиий. Қалблар эса ҳақиқий шеъриятга, самимий муҳаббатга, гўзал ҳис-туйғуларга ташна… Мана шундай пайтда, кутилмаганда Есенин шеърлари ўзбек тилида жаранглай бошлади:

“Хуросонда бир дарбоза бор
Остонаси гулга кўмилган.
Унда яшар бир парирухсор…”

“Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам,
Билсанг, шимол Ватандир манга.
Далалардан сўйлайми сенга…”

“Кел, жонгинам, қўшиқ айт, Хайём –
Куйлаб ўтган қўшиқлардан айт
Боғда гуллар жавлон урган пайт…”

“Нечун маъюс таратар зиё
Ой Хуросон чаманларига…”

“Оқшом менга ҳижоб остидан,
Дилбар кўзин сузмади бекор…”

Қанча ташна кўнгиллар ҳузур қилиб ором олди экан бу таржималардан!
Шу ўринда бир савол туғилади. Таржима ҳам “Эҳтиёж фарзанди”ми? Ҳаммамизга маълумки, севимли шоиримиз А.Орипов шеъриятни “Эҳтиёж фарзанди” деб атаган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, қалби давр билан ҳамнафас уриб турган, даврга керакли сўзни айтмоқчи бўлган ижодкорнинг таржималари ҳам, албатта, “Эҳтиёж фарзанди” янглиғ туғилади. Айниқса, таржимон ўша ижодкорга юракдан боғланган бўлса. Есенин таржималарининг худди шу ҳолатда пайдо бўлганлиги ҳам шоир қайдларидан маълум: “Есенинга худди ўз ўртоғимдек, гоҳо кўчада шўхлик қилиб юрувчи ўспириндек… қаттиқ боғланиб қолдим. Ана шу меҳр туфайли таржимага ўтирдим. Уни таржима қилишга мени ҳеч ким ундагани йўқ эди”. (172-бет). Бундан ҳар хил фикр-мулоҳазаларга бориш мумкин. Балки эндигина шеъриятга кириб келган, қалби эзгу ҳис-туйғуларга тўлиб-тошган ёш қаламкашнинг бир шоирга бўлган меҳр-муҳаббати воситасида ўз кўнгил истаклари ва армонларининг ҳамоҳанг эканлигига ишорадир. Айтолмаган дардларини мана шу таржималар орқали айта олишликдир. Биргина мисол:

Нега советларни айблагайман,
Нега ундан ризо бўла олмадим?
Чунки ўзгаларнинг курашида мен
Порлоқ ёшлигимни кўра олмадим.

Сўз эркинлиги, фикр эркинлиги бир сиёсат доираси билан чегараланган ва қаттиқ назоратда бўлган Советлар мамлакатининг, айниқса, ўша 50-60-йилларда қайси бир ижодкор ёза оларди бундай сатрларни. Бошини кундага қўйиш билан баробар эмасмиди. Фақат ўтган шоирлар ижодидан қилинган таржималардагина қисман имкон бор эди, холос. Балки давр эҳтиёжи Есениндай журъатли шоирни бир ўзбек ижодкорининг қалбига мадад бериш учун руҳан юзма-юз қилгандир. Нима бўлганда ҳам бор ҳақиқат шу: Есенин шеърияти ўзбек адабиётида ўзининг муносиб таржимонини топди.
Ўзбек китобхонлари 60-йилларнинг бошидаёқ Есенин шеърларини ўз она тилларида илк бор китоб ҳолида ўқий бошладилар. Бу ўша давр адабий ҳаётида катта ҳодиса сифатида қабул қилинди. Бу ҳайрли ишнинг давоми ўлароқ 1965 йилда Есениннинг “Танланган шеърлар”и, 1971 йилда “Замин дарғаси” китоблари янги таржималар билан тўлдирилган ҳолда шеърият мухлисларига етиб борди. 1981 йилда Есениннинг “Лирика” номли ўзбек тилидаги барча таржималари жамланган навбатдаги китоби чоп этилади. Ўша йилларда биз – ТошДУ талабаларининг шоир ва таржимон Эркин Воҳидов билан учрашуви бўлиб ўтганди. Эсимда, ўшанда талабаларимиздан бири шундай савол билан мурожаат қилди: – Есениндан қилган таржималарингиз ўзингизнинг назарингизда қай даражада амалга оширилган деб ўйлайсиз, ўзингиз қандай баҳо берган бўлардингиз? Эркин Воҳидов шундай жавоб берган эди: – Гарчанд шеърият мухлислари ушбу таржималаримни севиб ўқиб, ҳайратланиб, юраклари ҳис-туйғуга тўлиб таржимонга мақтовлар ёқдиришаётган бўлса ҳам, Есениндай ноёб талантнинг юрагидан узилиб тушган умрбоқий сатрлардаги дардли маъно-мазмунни, воқеликдан жунбушга келган ҳис-туйғуларни, изтиробли юрак кечинмаларини, қолаверса, бадиийликни, жозибадорликни, гўзалликни борича, ўша даражада ўзбек тилида бадиий ифода эта олдимми, ололмадимми, ўзим бир аниқ бир хулосага келолмайман. Лекин бир нарса кўнглимга таскин беради, агар Есенин ўзбек бўлганида, албатта, шундай ёзган бўлар эди.
Таржимани санъат деб билган ва амалда бунинг уддасидан чиқа олган ижодкоргина ўзига ишонч билан шундай жавоб бера олади. Таржимашунослик тарихидан шу нарса маълумки, бир тилдан иккинчи тилга бадиий таржима шунчаки тил билган ҳар қандай одамнинг кундалик иши эмаслиги, балки у соф ижодий-бадиий жараён, яъни санъат яратиш жараёни эканлиги доимо назарий қоида бўлиб келган. Шунинг учун ҳам ҳар бир давр таржимачилигида мана шу қоида талаби билан боғлиқ муаммолар келиб чиқаверган. Айниқса, бадиий асарларнинг сўзма-сўз таржимасидан келиб чиқадиган камчиликлар аввалдан то шу кунгача давом этиб келаяпти. XIX асрнинг иккинчи ярмидаёқ рус танқидчиси В.Г.Белинский шундай ёзган эди: “Оригиналга яқинлик асарнинг ҳарфини бериш эмас, балки унинг руҳини сақлаб қолишдан иборатдир… Таржима қилинган ифоданинг ички ҳаёти оригиналнинг ички ҳаётига мос келиши лозим”. Бизнинг таржималаримизда кўпинча оригиналнинг Белинский айтган “ички ҳаёти” йўққа чиқиб кетади, чунки таржимон фақат асарнинг сўзларинигина таржима қилади, унинг умумий руҳини беришга интилмайди”. Бу фикрлар 1961 йилда нашр қилинган “Таржима санъати” китобидан олинди. Айнан шу йили Сергей Есенин шеърлари илк бор ўзбек тилида китоб ҳолида чоп этилади. Бундан ташқари украин шоираси Леся Украинканинг “Ўтмиш эртаги” шеърлар тўплами ҳам Эркин Воҳидов таржимасида ўзбек китобхонлари жавонидан ўрин олди. Бу китоблар ўша давр таржима санъатига путур етказаётган сўзма-сўз ўгиришнинг яроқсиз эканлигига қарама-қарши ўлароқ санъат даражасидаги эркин бадиий таржиманинг юксак намунаси бўлиб адабий жараёнда пайдо бўлди, қад кўтарди. “Шеъриятда сўзма-сўз таржима нима?” Шу саволни қўйиб, Э.Воҳидовнинг ўзи жавоб берар экан, ёзади: “ – У бузилган иморатнинг ускунаси холос”. Яна қуйида давом этиб: “Меҳрсиз, ёлғиз қалам ҳақи умидида қилинган таржима муҳаббатсиз никоҳдан туғилган етим боладай мунғайиб туради”, – дейди. (31-бет).
Бадиий таржиманинг мукаммал намунасини яратиш, умуман олганда, таржимон иқтидоридан ташқари яна кўп жиҳатларни, изланишларни талаб қилади. Аввало, шоир шахсини, сўнг ўша даврни, сиёсатни, ижтимоий ва адабий муҳитдаги зиддиятларни, асарнинг ёзилиш сабабларини, мақсад ва ғоясини, нима демоқчи эканлигини зукко олим каби ўрганиш ва ниҳоят, шоир дардларини ва унинг замон зиддиятлари ичра уриб турган юрак ҳолатини бутун нозикликлари билан ҳис қила олиши керак. Буларнинг ҳосиласи эса шеър руҳиятини қай даражада аниқ бера олганликда билинади. Эркин Воҳидов таржималарининг ютуғи ҳам айнан шунда.
Есенин шеърларининг руҳиятини англаб етишга ёрдам берувчи яна бир фактга қисқагина тўхталиб ўтишни жоиз деб билдик. Мутахассисларга маълумки, тақдири зиддиятли кечган рус ёзувчиси Иван Буниннинг ижоди лиризмнинг кучлилиги билан ажралиб туради. Чунки у жамият ва инсон тақдири масаласига қалб дунёси билан қараган. Инсоннинг яшашдан мақсади ва умр мазмунини, тириклик моҳиятини унинг кўнгил дунёсини излаган. Ижтимоий ўзгаришларнинг аҳамияти ва қимматини қалб эҳтиёжлари доирасидан туриб баҳолаган. Афсуски, ҳар бир давр, ҳар бир тузум сиёсатининг пойдевори эса асосан иқтисод бўлиб келган, албатта, кўнгил эмас. Энди тасаввур қилаверинг, кўнгил одамларнинг дарду армонларини. Шунинг учун ҳам инсон қалби оёқ ости қилинган ўша ваҳшатли йилларда Бунин учун “Санъат инсон қалбининг қўшиғи, мусиқаси ва муножоти” бўлганлигини ўзи қайд қилган.
Есенин ҳам Бунин каби ўша ваҳшатли давр ижодкори. Қолаверса, шоир ва ўта лирик. Лириканинг ватани эса юрак. Талантлар юрак аталмиш мана шу ватанга хиёнат қилмаганлар. Тузум билан талант ўртасидаги зиддият ҳам айнан шундан келиб чиққан. Мана шу садоқат туфайли уларнинг тақдири оғир кечган. Бу каби жиҳатлар Есенин ва Буниннинг руҳан яқин эканликларидан ҳам далолат беради. Шунинг учун ҳам Есенин сўз санъатини тушуниш ва айниқса, таржима қилишда юқорида келтирганимиз Бунин қайдларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик фойдадан ҳоли эмас. Албатта, талантли таржимон маҳорати билан берилган шоир шеър­ларининг руҳи охир-оқибатда шунга олиб боради ва шундай бўлди ҳам. Есенин шеърлари ўзбек тилида “инсон қалбининг қўшиғи, мусиқаси ва муножоти” бўлиб юракларни ҳайрат ва ларзага солиб келмоқда.

Кел, жоним гитарам,
Куйлагин букун.
Фақат шод оҳангда бўлсин куйларинг.
Токи чиқиб кетсин
Ёдимдан бутун
Зарра ором билмай ўтган кунларим.

Бу сатрлар 1971 йилда чоп этилган “Замин дарғаси” китобидан олинди. Ундан ўн йил кейинги нашрда эса таржимон томонидан қайта ишланганлигининг гувоҳи бўламиз:

Кел, жоним гитарам,
Янграгин бугун!
Лўли қиз, шўх бўлсин чалган куйларинг.
Токи унутайин
Оғуга тўла
Ардоқсиз, оромсиз ўтган кунларим.

Қайта ишлашдан, ўзгартиришлардан мақсад ҳам “қалб муножоти” бўлиб тўкилган бу каби сатрларнинг руҳини ўша даражага етказишликдир. Лирик қаҳрамоннинг ички кечинмаларини янада аниқ ва тўлиқроқ очиб беришдир.
Инқилоб кишилар тақдирини бутунлай ўзгартириб юборади. Ёшлар янги давр сиёсатига жўр бўлиб шиддат билан одим ташламоқдалар. Кексалар эса ғамгин. Баъзиларга тарозининг тоши қай томонга бўлса, бас. Деҳқонларга эса картошка ва нон кифоя. Лирик қаҳрамон-чи, эски тузумдан кўнгли тўлмаган, янги тузумни эса фақат буюк ғоялар билан қабул қилишга тайёр. Шунинг учун ҳам азобда. “Мен-чи, мен ёшмасман, қари ҳам эмас – чириб йўқолгудек бу замонада. Шуннинг-чун ҳам балки шаробхонада Гитара оҳанги қилар мени маст”, – дейди. Лирик қаҳрамон мана шундай изтироблар гирдобидан чиқиш учун гитарадан ва лўли қиздан мадад олмоқчи. Унинг илтижоси энг оғир руҳий ҳолат. Бу ҳолат шеърнинг юраги. Агар шу юрак уриши кардиограммадек тўғри ва аниқ кўрсатилсагина бутун шеърнинг руҳияти сақланади. Ўзгартирилган вариантда таржима шу даражага кўтарилган. Қиёс қилинг: “Гитара милая Звени, звени!” – “Кел, жоним гитарам, Янграгин бугун!” Олдинги нашрдаги “куйлагин” сўзи “янграгин” деб ўзгартирилган. Бу сўз русча “звени” сўзининг маъносига мос келади. “Янграмоқ”да бошқа овозларни босиб кетадиган кучлилик, атрофни бутунлай эгаллаб олишлик мавжуд. Лирик қаҳрамонга айнан шу керак. Токи эшитилмаса юрагини зада қилган замон шовқин-суронлари… “Сыграй цыганка” – олдинги нашрда мурожаат лўли қизга қаратилганлиги тушириб қолдирилган. “что нибудь такое” – “фақат шод оҳангда бўлсин куйларинг”. Ўзгартирилганда: “Лўли қиз, шўх бўлсин чалган куйларинг”. Мана энди шу мисрадан келиб чиқадиган таг маъно ва шоир дарди ҳақида гапириш мумкин. Шундай мақол бор: “Кимнинг аравасига тушсанг, Ўшанинг ноғорасига ўйнайсан”. Лирик қаҳрамон мана шундай ҳолат арафасида. Шунинг учун ҳам илтижо айнан Лўли қизга қаратилади. Чунки лўлиларда эркинлик бор. Улар бировларнинг эмас, фақат ўзларининг ноғораларига ўйнайдилар. Чалганларида ҳам бор куч билан чаладилар, куйлаганларида ҳам бор овоз билан куйлайдилар. Дунёни унутадилар, юракдаги бор ғуборларини чиқариб юборадилар. Кейинги сатрларнинг ҳам маъно-мағзини, ҳаётий асосларини англаб етганингиз сайин шоирнинг оддий бу мурожаати эмас, балки чорасиз бир дардли юракнинг илтижоси эканлигига ишонч ҳосил қиласиз: “Чтоб я забыл” – “Токи чиқиб кетсин Ёдимдан бутун”. Қайта ишланганда: “Токи унутайин”. “…отравленные дни, Не знавшие ни ласки, ни покоя” – “Оғуга тўла Ардоқсиз, оромсиз ўтган кунларим”. Энди қиёс қилинг: “Ёддан чиқармоқ” ва “Унутмоқ” – синоним сўзлар. Лекин “унутмоқ”да дард ва нола кучлироқ ифодаланади. Агар сўнгги сатр фақат “…оромсиз ўтган кунлар” билан кифояланиб шундай қолдирилганда, лирик қаҳрамоннинг айнан шоирлик билан боғлиқ энг муҳим ижтимоий даражадаги юрак дарди очилмай қолган бўлар эди. Ахир шоир бошидан унинг ширин орзуларини, гўзал ҳис-туйғуларини, эзгу ғоялар умидини ўлдирган оғу тўла кунлар ўтмадими?! Янги тузум аллақандай ҳис-туйғусиз, қуруқ мақтовлардан иборат чақириқ, шиорлар тўлган инқилобий шеърларни, қўлига асл шеърият қаламини эмас, сиёсат қуролини олган шоирларни кўкларга кўтариб ардоқламадими?! Булар шу даврнинг, шу сиёсатнинг бошланиши эди-ку! Шоир ўтган кунларини унутишга урғу берган бўлса ҳам, лекин лўли қизга илтижоси орқали бундан кейин бутунлай эркин, бор овоз билан куйлай ололмаслигига, бир сиёсий қобиқ ичида қолиб кетиш хавфи борлигига ишора қилаётгандай. Унинг руҳий ҳолати шундай хулосага олиб келади. Таржимоннинг кейинги ўзгартириши натижасида мана шу руҳий ҳолат нозик ишораларгача тиклаб берилган. Бундай ўзгартиришлар биз қайд қилиб ўтган нашрда 50 дан ортиқ ўринда учради. Айрим жойларда бир сўздангина иборат бўлса, баъзи ўринларда бир сатр, ҳатто бутун бир банд қайта ишланган.
Ҳа, Есенин бўлиб гапирмоқ бу жуда катта масъулият. Чунки талантлар ҳар бир сўзни халқ кўз ёши тўкилган тупроқ мисоли олиб, уни юрак қони билан қориб, бадиият хумдонида пишириб, сайқал бериб, сўнг тиклаётган шеърият қасрига мустаҳкам ва қойилмақом қилиб териб қўядилар. Таржимон, аввало, шу қасрнинг гўзаллигидан ҳайратланиши, унинг ҳар бир ғиштига юрагини қулоқ қилиб босиши керак. Шунда унинг бутун бир руҳий дунёсига мана шу қасрнинг сирли оҳанги қуйила бошлайди. Таржимон ана шу оҳангни етказиши керак экан китобхонга. Бизнинг қатъий хулосамиз – шу. Есенин шеърларининг ўзбекча таржимасини ўқиганимиздан кейин шу хулосага келдик: Есенин шеърларининг руҳи юрагимизни бутунлай эгаллаб олгандан кейин, Есенин шеърларининг ажиб оҳанги кўнглимизни бутунлай ҳаяжонга солиб ташлагандан сўнг.
Шунинг учун ҳам ўзбек адабиёти ва ўзбек китобхонлари фидойи, жонкуяр, талантли таржимон Эркин Воҳидовдан доимо миннатдор бўлиб келганлар ва шуни ишонч билан айта оламизки, бу миннатдорлик Есенин шеърлари каби умрбоқийдир.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 12-сон