Яқинда ўзбек шеърияти тарихига доир мақола ёзиб, таҳририятга олиб бордим. Мақолани ёшгина, лекин ўзига етгунча қайсар адабий ходим таҳрир қилди. У ишга шу қадар берилиб кетиптики, қўлёзманинг бирон соғ жойи қолмапти, ҳатто шоирлар саналган жойда Ғайратийнинг номини ўчириб ташлапти. Мен бунинг боисини сўрадим.
— Қўйинг, домла, бунақа шоирларни тиқиштираверманг, — деди у насиҳатомуз оҳангда.
Унинг беписандлиги ғашимни келтирди.
— “Бунақа шоир” деганингиз нимаси? Нима бўпти Ғайратийга?
— Билмагандай сўрайсиз-а, — деди адабий ходим тажанг бўлиб. — Чўлпонни қаматган одамни нечук тарғиб қилайлик?
Мен Чўлпонни Ғайратий “қаматгани”дан бехабар эдим. Ажабо, Ғайратий уни қанақа қилиб қаматганикин — устидан чақув ёзганмикин, тегишли идораларга хуфя ахборотлар юбориб турганмикин ёки шоирни фош қиладиган ёлғон-яшиқ мақола бостирганмикин?
Хаёлимдан кечаётган фикрларни пайқагандай, адабий ходим гапларини тасдиқлайдиган “далиллар”ни қалаштириб ташлади.
— Яқин ўртада ҳеч ким уни тилга олгани йўқ. Бирон газета ёки журнал унинг тўғрисида лом-мим демаяпти. Радио билан телевидение ҳам уни эсламай қўйган.
Адабий ходим сўзларни чертиб-чертиб, комил ишонч билан сўзларди. Лекин унинг “далиллари” мени қониқтирмади.
— Сиз Ғайратийни биласизми? Унинг қайси асарини ўқигансиз? Нимага асосланиб Чўлпоннинг кушандасига чиқариб қўйдингиз?
У ҳамон аввалги беписандлиги билан баҳсимизга нуқта қўйди.
— Мен унинг асарларини ўқимаганман, ўқимайман ҳам. Лекин Чўлпонга қарши шеър ёзганини биламан…
Э-э, гап бу ёқда экан-ку! Дарвоқе, 20-йилларда Ғайратий чиндан ҳам “Тузалган ўлкага” деган шеър ёзган эди. Лекин бу шеър Чўлпоннинг “Бузилган ўлкага!” деган шеърига мазмунан бутунлай тескари бўлса-да, Чўлпонни фош қилиш мақсадида ёзилган эмасди. Ғайратийда бундай мақсаднинг ўзи бўлиши ҳам мумкин эмасди, чунки у Чўлпонни ўзининг устози деб билар, унинг биронта асарини қолдирмай ўқиб борар, ундан кўп нарса ўрганарди. Чўлпон ҳам Ғайратийни ҳурмат қилар, Тошкентга келганида уни йўқлаб турар, уйида меҳмон бўлиб, ҳар хил мавзуларда гурунглашиб турарди. Чўлпон ўзаро баҳс-лар, қарашлардаги хилма-хиллик дўстлар ўртасидаги муносабатларга соя солмаслиги керак деб ҳисобларди. Шунинг учун Ғайратий “Тузалган ўлкага” шеърини ёзганда ундан хафа бўлиш ўрнига Чўлпон шеърни ўқиб чиқиб, таҳрир ҳам қилиб берган. Чўлпоннинг қамалишига бу шеър сабаб бўлган десак, ҳақиқатга хилоф гап бўлур эди. Ғайратий шеъри босилгандан кейин кўп йиллар ўтгачгина Чўлпон қамоққа олинган.
Лекин бу гал мени ажаблантирган нарса бошқа эди — қаршимда турган, ўзининг ҳар бир гапини ҳақ деб ишонган адабий ходим нега бу қадар юзаки ўйлайди? Ундаги мутакаббирлик, аждодларимизга, маданий меросга, кечаги кунимизга бу қадар беписандлик билан қараш қаердан пайдо бўлиб қолди? Одамларга ўйламай-нетмай, тузукроқ билмай туриб баҳо бериш, улар устидан узил-кесил ҳукм чиқариш ёшликда бўладиган, вақти-соати келганда ўтиб кетадиган шунчаки ғўрлик бўлса майли-я, аммо унинг томир-томирларига сингиб улгурган эътиқодга айланган бўлса, нима бўлади? Табиийки, мен бу ўринда кечаги кунимизни, кечаги одамларимизни ялписига мақтаб кўкларга кўтаришга даъват қилаётганим йўқ, мен фақат мулоҳазакор бўлишга, одамлар ҳақида ҳукм чиқарганда етти ўлчаб иш юритишга ундамоқдаман, холос.
Ғайратий, албатта, Ғафур Ғулом эмас, Ойбек ҳам эмас, у ҳатто Миртемир ҳам эмас. У — Ғайратий эди ва Ғайратий сифатида адабиётимизнинг тарихида ўзининг муҳим ўрнига эга. Албатта, у 74 йиллик умрида фақат равон йўллардан юрмаган бўлиши мумкин, балки адашгандир, хатолар қилгандир, бироқ унинг бўлган-бўлмаган “хатолари”ни рўкач қилиб қоралашга ошиқмайлик. Тоғлар фақат чўққилардан иборат бўлмагандай, адабиётимиз ҳам Ғайратийга ўхшаш сиймоларсиз анча кемтик бўлиб қолади.
* * *
Мен Ғайратийнинг номини илк бора мактабда ўқиб юрганимда эшитгандим. Тўғри, ҳали унинг бирорта асарини ўқимай туриб, номини эшитдим, ҳатто исми Абдураҳим, фамилияси Абдуллаев эканини, “Ғайратий” эса тахаллуси эканини билиб олдим. Бу тахаллус жуда жарангдор эди, гўё ундан аллақандай жўшқинлик уфуриб тургандай эди. Тан бериш керак — тўнғич авлодга мансуб ёзувчиларимиз тахаллус танлашга анча уста бўлишган. Бироқ надоматлар бўлғайки, Ғайратий ҳақида кўпроқ нарса билишга ҳарчанд уринмай, ўша кезларда бир-иккита ғийбатнамо мақоладан бошқа ҳеч нарса тополмадик. Кейинроқ аспирантурада ўзбек поэмалари ҳақида тадқиқот олиб борар эканман, 20-йилларда яратилган поэмалар билан ҳам танишиб чиқдим. Маълум бўлдики, Ғайратий 20 — 30-йилларда ўзбек шоирлари ичида энг кўп достон яратган шоир экан. Унинг “Йўқолган бола”, “Онамга хат”, “Жинаста” каби достонлари жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотган ва алоҳида китоб тарзида босиб ҳам чиқарилган. Лекин нима учундир кейинги йилларда унинг авжи пасайиб, матбуот саҳифаларида кам кўринадиган бўлиб қолган экан.
Тақдир тақозоси билан мен 60-йилларнинг охирида Ғайратийга ҳамсафар бўлиб қолдим-у, бу одам ҳақидаги тасаввурларим бутунлай ўзгариб кетди. Олтмишлардан ошиб қолган, ўрта бўйли, чорпахил гавдали, очиқ кўнгилли одам экани кулча юзидан билиниб турадиган Ғайратий ҳам ҳазил-мутойибага мойил, ҳам кўпни кўрган босиқ, андишали бир инсон экан. Биз ўшанда Қирғизистонга оқин Тўғолоқ Мулданинг юз йиллик тўйига меҳмон бўлиб боргандик. Бишкекда, Норин вилоятида, оқин туғилиб ўсган Отбоши туманида чўпонлар овулларида беш кеча-ю беш кундуз меҳмон бўлдик, зиёфатларда ўтирдик, бирга нонушталар қилдик ва кечалари ярим кечагача уйқу ўрнига гурунглашиб чиқадиган бўлдик. Ғайратий домла ширинсухан, ҳикояни ўринлатиб гапирадиган одам экан. Аммо бу гурунгларимиздан аввал Бишкекка келган биринчи кунимиздаёқ Ғайратий тўғрисида аввал билмаган анча-мунча нарсани билиб олган эдим. Тўғолоқ Мулданинг тўйига ҳамма республикалардан меҳмон келган эди. Уларнинг орасида таниқли адиблар ва мунаққидлар ҳам кўп эди. Келган кунимиз меҳмонхонада Люциан Ипполитович Климович деган адабиётшуносга рўпара келдим. Унинг ислом тарихига оид китоблари бор эди. Миллий адабиётлар бўйича мажмуаси машҳур бўлиб кетганди. Мен унинг китобларини ўқиган ва ўзи билан Москвада икки-уч марта учрашган эдим. Люциан Ипполитович мен билан апил-тапил саломлашди-ю, Ғайратий билан қучоқлаша кетди.
— Ўзингмисан, Ғайратий? Бормисан, дўстим? Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди-а! Эҳ-ҳе, қанча сувлар оқиб кетди. Лекин тузуксан, ҳали ҳам ёшликдаги шижоатинг йўқолмапти!
Ғайратий ҳам илиқ гаплар айтиб, эски қадрдонининг кўнглини кўтарди.
Мен уларнинг қачон, қандай қилиб бу қадар дўстлашганларининг тагига етолмай, ҳайрон эдим. Бир-икки кундан кейин Климовичдан Ғайратий билан дўстлашиш тарихини сўрадим.
— Мен Ғайратий билан ўттиз йилча аввал танишган эдим. мен ўша пайтда миллий адабиётлар бўйича ёзмоқчи бўлган китобимга материал йиғмоқда эдим. Ғайратий эса пролетар адабиётининг атоқли намоёндаси эди. Унинг маслаҳатларидан кўп баҳраманд бўлганман.
Эртаси куни Олмаотадан улуғ қозоқ адиби Мухтор Авезов келди. У ҳам Ғайратийни яхши билар экан, ҳатто бир-бирларини сенсирашиб гаплашар эканлар. Мухтор оға Ғайратийдан ҳол-аҳвол сўрагач, Ойбек билан Ғафур Ғуломни суриштирди, ўзбек адабиётидаги янгиликлардан сўради. Уларнинг орасида қалин дўстона муносабат мавжуд экани яққол сезилиб турарди. Мен бу иноқлик тарихини суриштирдим. Маълумки, Мухтор Авезов 20-йилларда Тошкентда ўқиган ва бир неча муддат Ўрта Осиё давлат дорилфунунида дарс ҳам берган. Ўша йилларда у ўзбек ёзувчилари билан, шу жумладан, Ғайратий билан ҳам дўстлашган экан.
Қизиқ, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб бежиз айтилмаган экан-да! Ўзимизнинг юртимизда жуда камсуқум, камтар бўлиб юрган Ғайратий бошқа юртларда юксак қадрланар экан.
Шундан сўнг мен Ғайратий билан боғлиқ материалларни чуқурроқ ўргана бошладим. Буни қарангки, бениҳоя камтар ва камсуқум бўлиб кўринган бу одамнинг ҳаёти баайни зўр саргузашт филмлардагидек бир-бирини алмаштириб турган ғаройиб воқеаларга, парвозлар ва тушишларга, кескин драмаларга ва ҳатто фожеаларга тўла бўлган экан
Туғилган куниёқ ўлимга маҳкум қилинган чақалоқ тўғрисида эшитганингиз борми? Ғайратий дунёга келиши биланоқ ана шундай мудҳиш қисматга рўпара келган. Унинг қотили отаси бўлмоғи керак эди. Гап шундаки, Ғайратийнинг онаси кўз ёраётиб нобуд бўлган. Хотинини жонидан ортиқ яхши кўрган ота алам ичида ўзини йўқотиб қўйиб, фожеанинг сабабчиси деб янги туғилган фарзандини билади ва уни чопиб ташламоқчи бўлади. Азага келган маҳалла аёллари чақалоқни бир амаллаб олиб қочадилар. Ота бу мудҳиш фожеа рўй берган уйдан бутунлай бош олиб чиқиб кетади ва Қирғизистонга Тўқмоқ шаҳридаги қариндошлариникига кетиб, ўша ерда ўн икки йил қолиб кетади. Ғайратий эса маҳалладаги Ойимхон деган ярим уйғур аёлнинг қўлида қолади. Ойимхон меҳрини аямай етим қолган гўдакни ҳар томонлама парвариш қилиб, улғайтиради. Аммо у ҳар қанча ғамхўр ва меҳрибон бўлмасин, етимлик етимлик-да — Ғайратийнинг болалиги анча машаққатлар ва хўрликлар ичида кечади.
1914 йилда ота Тўқмоқдан Тошкентга қайтади ва ўтган ишлар учун ўғлидан кечирим сўрайди. Уруш даврининг қийинчиликларига қарамай, ота-бола иноқлик билан турмуш кечира бошлайдилар. Ёш Ғайратий ўқиб, савод чиқариш имконига эга бўлади. Ўқиш жараёнида Ғайратий шоирлик истеъдодига эга эканлиги маълум бўлади. У шеърлар ёза бошлайди, орадан кўп ўтмай яқин ўтмишда ўзи бошидан кечирган етимлик машаққатлари, сарсон-саргардонлик ҳақида достонлар тўқийди. Илк достонлари жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинади. У Ғафур Ғулом ва бошқа шоирлар билан дўстлашади. Унинг уйига келиб турадиган қаламкашлар орасида Абдулла Қодирий ва Чўлпон ҳам бор эди. Кейин адабий ҳаётда фавқулодда ҳодисалар юз беради-ю Ғайратийнинг ижод борасидаги беқиёс парвози бошланади.
1925 йилда РКП (б) Марказий Қўмитасининг “Партиянинг адабиёт соҳасидаги сиёсати тўғрисида” деган қарори чиқади. Албатта, бу қарор ҳам бошдан-оёқ синфий кураш руҳи билан суғорилган эди. Партия зоҳиран адабиётдаги гуруҳбозликларга қарши курашаётган кўринса-да, аслида “буржуа адабиёти”, “дворянлар адабиёти”, “деҳқонлар адабиёти”, “зиёлилар адабиёти” деб адабиётни майда қисмларга ажратиб ташлаган ва улар ўртасида муттасил синфий кураш бўлишини тасдиқлаган эди. Бу муросасиз курашда йўқсуллар адабиёти гегемон бўлмоғи керак эди. Ўша давр мафкурасининг талабига кўра, пролетар ёзувчиси келиб чиқишига кўра ишчилар синфи билан боғлиқ бўлмоғи керак эди. Ғайратий ишчи оиласида туғилмаган эди, аммо у Тошкентнинг Дегрез маҳалласида таваллуд топган эди. Бу маҳаллада косиблар, ҳунармандлар яшарди. Шунинг учун ҳам Ғайратийни “пролетар шоири” деб эълон қилишди ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бошланди. У пролетар ёзувчилар уюшмасига қабул қилинди ва қисқа муддатда унинг пешқадам намояндаларидан бирига айланди. Ўз-ўзидан равшанки, пролетар адабиётининг аравасига тушган одам унинг чилдирмасига ўйнаб, унинг қўшиғини куйламоғи лозим эди. Шунинг учун бу йўлга қадам қўйган ижодкор завод-фабрикаларни, уларнинг вағир-вуғурини, цехларнинг шовқинини, мўрилардан чиққан тутунларни, вагранкалару сеялкаларни тасвирламоғи керак эди. Фақат ўзбек шоирлари эмас, бутун Иттифоқ бўйлаб, ҳамма ижодкорлар шунга даъват қилинар ва шундай асарлар битган ижодкорлар рағбатлантириларди. Тузукроқ таҳсил кўрмаган, жаҳон адабиётининг кўп асрли тажрибаси билан пухта танишмаган Ғайратий бу сафсаталарга чиппа-чин ишонди ва “пролетарча” йўлда ижод қила бошлади. Натижада унинг ҳар бир достони, ҳар қайси шеърий тўплами олқишлар билан кутиб олинди, кўкларга кўтариб мақталди, бошқа тилларга таржима қилинди, китоблари ҳатто Москвада ҳам чоп қилина бошлади. Бу парвознинг энг баланд авжи шу бўлдики, 1934 йилда у шўро ёзувчиларининг 1-съездига вакил қилиб сайланди. Ўшанда Ўзбекистондан съездга атиги ўн бир киши вакил бўлганди. Булар — Ойдин, Алексеев, Ғафур Ғулом, Умаржон Исмоилий,Раҳмат Мажидий, Л.Е.Пинхасов, Зиё Саид, Назир Сафаров, С.Холдорова ва Ҳусайн Шамс эди. Ўша пайтларда Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Уйғун кабилар ҳақиқий истеъдод эгалари эканларини намойиш қилиб улгурган эдилар. Лекин уларнинг ҳеч қайсиси съездга вакил қилинмади. Ўзбекистондан борган вакиллар ичида ўша пайтда энг катта обрўга эга бўлгани, шубҳасиз, Ғайратий эди. Шунинг учун уни съезд ҳайъатига ҳам сайладилар. Ғайратий съезднинг охиригача — 15 кун Шолохов, Фадеев, Пастернак каби ёзувчилар қаторида ҳайъатда савлат тўкиб ўтиради. Эҳтимолки, бу кунлар унинг ҳаётидаги энг бахтиёр, энг тотли кунлар бўлган бўлса ажаб эмас.
Сўнгра… 1937 йил бошланди — мамлакат тарихидаги энг даҳшатли қора кунлар етиб келди. Мамлакатнинг гули бўлмиш, унинг ифтихорини ташкил қилувчи миллионлаб одамлар қамоқларга ташланди, Сибир сургунларига жўнатилди. Бутун мамлакат бўйлаб мудҳиш қатлиом қора тўрларини ёйди. Ғайратий бу даҳшатлардан омон қолди, аммо улар шоирнинг ички дунёсини, маънавий оламини ағдар-тўнтар қилиб юборди. Унинг шу пайтга қадар ишониб келган “ҳақиқатлари” сароб бўлиб чиқди. Сиғиниб келганлари буткул ёлғон экан. Бундай алданиш, ишончларнинг чил-парчин бўлиши, умидларнинг чиппакка чиқиши ҳар қандай одамни ҳам гангитиб қўяди. Мамлакатдаги бесаранжомлик бошқа кўпгина ёзувчилар каби Ғайратийга ҳам ёмон таъсир қилади. Ўзини тутқун ҳис қиладиган, тилига кишан урилган ижодкорнинг қўли ишга бормай қолишида ҳайрон қоладиган нарса йўқ. Буларнинг устига, оилавий ҳаётдаги нохушликлар қўшилиб, Ғайратийни янада тушкунроқ аҳволга солди. Ғайратий 20-йиллардаёқ бир муаллима аёлга уйланди. Бу аёл нафақат хушрўй, оқила эди, балки Ғайратийни чин дилдан ҳурмат қилар ва унинг ижодий иши учун ҳамма шароитни яратиб беришга ҳаракат қиларди. Бироқ бир неча йил турмуш қилсалар-да, улар фарзанд кўришмади. Шунда аёл ўз ихтиёри билан Ғайратийга бошқа оила қуришга розилик берди. Бунақа воқеалар ҳар қанча хушмуомалалик билан битмасин, барибир, юракда оғир чандиқ қолдиради. Ғайратий анча вақтгача бўйдоқ юради. Кейин қариндош-уруғларини кўргани Тўқмоққа боради. У ерда қариндош-уруғлари Ғайратийнинг бўйдоқлигини кўриб, уни қўшниларининг қизига рўпара қилишади. Қиз Ғайратийга маъқул келади ва унга уйланишга рози бўлади. Ўша пайтларда Ғайратий билан турмуш қуришга рози бўлган Шафоатхон эндигина ўн беш ёшга тўлган эди. Эру хотин ораларидаги катта фарққа қарамай аҳил ва иноқ турмуш кечира бошлайдилар. Орадан кўп ўтмай эгизак опа-сингиллар туғилади — уларга Ўлмас ва Сўлмас деб исм қўйишади. Бу орада Ғайратийнинг биринчи аёли ҳам уларникига келиб, уй ишларига қарашиб, эгизакларни боқишга кўмаклашиб туради. Эгизаклар уч ёшга тўлгач, Шафоатхон ва Ғайратийга ялиниб-ёлбориб, уларнинг биттасини сўраб олади ва уйига олиб кетади. Бироқ қизалоқ хасталаниб оламдан кўз юмади. Бундан жуда қаттиқ изтиробга тушган муаллима ҳатто шу қиз ҳам менга вафо қилмади дея куйиб, қайғуриб, қисматига тан беради ва Ғайратий хонадонидан оёғини тортади. Ғайратийнинг оилавий ҳаёти изга тушиб кетади. У аввалгидай иштиёқ билан бўлмаса-да, аста-секин ижод қилишда давом этади. Лекин энди у аввалгидай тарақ-туруқларга тўла асарлар эмас, чинакам инсоний мазмун билан йўғирилган шеърлар ёза бошлади. Унинг шеърлари кўпчиликка маъқул бўлади ва хонандалар томонидан қўшиқ сифатида кенг ижро этила бошлайди. Бу эса унга нафақат шуҳрат келтиради, балки бошига яна балоларнинг ёғилишига ҳам сабаб бўлади. Баъзи-бир мутасаддиларнинг санъат ва адабиётга қараши ғоятда чекланган бўлади. Улар “Санъат халқникидир” деган шиорни “санъат юқори рутбали амалдорнинг хизматкоридир” деб англашади ва санъаткорга, адибга шу тушунчадан келиб чиқиб муомала қилишади. Шундай мутасаддилардан бири Ғайратийга ўзи ҳомийлик қиладиган хонанда аёл учун қўшиқ матнини ёзиб беришни буюради. Ғайратий ғурури баланд инсон эди, у ҳар қанча қийин шароитда қолган бўлмасин, катталарга ялтоқланишни хоҳламасди. У мутасаддининг буйруғини бажармайди. Лекин Ғайратий “Ўйнашманг арбоб билан” деган доно мақолни унутиб қўйган эди. Мутасадди унинг ўзига ҳеч нарса демаса-да, бу гапларни ичига тугиб қўяди. Ҳа демай, Ғайратийнинг таъзирини бериш ва танобини тортиб қўйиш учун қулай баҳона ҳам топила қолади. Урушнинг бошланишида Ўзбекистонга кўчириб келтирилган яҳудий миллатига мансуб бир мутахассисни Ғайратий яшайдиган уйга жойлаштирган эдилар. Негадир, уларнинг орасидан қорамушук ўтиб қолади-ю, Ғайратий унинг миллатини камситадиган гап қилади. У одам шикоят қилади. Анчайин маиший можаро бўлган бу ҳодисага дарҳол сиёсий тўн кийгизадилар. Қарабсизки, атоқли шоирни миллатчиликда айблашади ва қамоққа олишади. Бунақа воқеаларнинг охири нима билан тугаши маълум эди,аммо бир неча йил аввал ёзувчиларнинг съездида орттирган дўстлари унинг жонига оро киришади. Ўша пайтда Тошкентда истиқомат қилаётган атоқли ёзувчи А.Н.Толстой ва Ўзбекистон ҳақида ажойиб роман ёзган украин ёзувчиси Иван Ле Ғайратийнинг катта хизматларини таъкидлаб, юқори ташкилотларга уни қамоқдан бўшатишларини сўраб мурожаат қилишади. Икки атоқли адибнинг илтимослари, ҳар қалай, ўз таъсирини кўрсатади ва Ғайратийни қамоқдан чиқаришади, лекин уни бутунлай оқлашмайди, аксинча, Тошкентда яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳозирги ТошГРЭС ҳудудида жойлашган, ўша пайтларда анча овлоқ жой ҳисобланган Ўнқўрғонга бола-чақалари билан бадарға қиладилар. Ғайратий бадарға йилларида қишлоқ мактабида ўқитувчилик қилади. Бу йилларда у яна кўпгина жудоликларга учрайди, хўрликларни бошидан кечиради. У энг қалин дўстидан маҳрум бўлади — кунлардан бирида қишлоқ чойхонасига кирса, энг ишонган дўсти одамларга “Ғайратий билан муомала қилманглар, у синфий ёт унсур, халқ душмани” деб турганининг устидан чиқиб қолади. Бу уни қаттиқ изтиробга солади, одамларга бўлган ишончини заифлаштиради.
Аммо шоирни хўрлаган ва изтиробга солган нарса фақат яқин дўстининг хиёнати эмасди — бутун жамият гўё уни ўзидан нарига улоқтириб ташлагандай эди. Ҳамма газеталар ва журналларда унинг асарини босмай қўйишди, ҳамма нашриётларнинг эшиги унинг учун тақа-тақ ёпилди, радиода айтиладиган қўшиқлари олиб ташланди, китоблари таъқиқланди, номини тилга олиш мумкин бўлмай қолди. Ана шу зулматли кунларда унинг кўнглига умид солган бир тола нур ҳам бор эди. Ғайратий расмий доираларнинг рухсати билан Тошкентдаги Островский номидаги пионерлар саройида адабиёт тўгарагига раҳбарлик қилди. Тўгаракка қатнайдиган болалар ичида бир неча иқтидорлилари ҳам бор эди. Айниқса, Эркин Воҳидов ўзининг фавқулодда истеъдоди билан ҳаммадан ажралиб турар ва Ғайратий қалбида йиғилиб қолган ҳамма меҳрини унга бахшида этди. Кейинчалик Эркин Воҳидов Ғайратийнинг номини бир неча марта эҳтиром билан тилга олди ва ундан устоз сифатида кўп нарса ўрганганини таъкидлади.
Орадан йиллар ўтди… 1956 йилдан кейингина Ғайратийнинг бошидаги қора булутлар арий бошлади. У оиласи билан Тошкентга қайтиб ижод билан шуғуллана бошлади. У шеърлар, қиссалар ва ҳикоялар ёзди, бир қатор тўпламлар эълон қилди. Унинг кўпйиллик ижодий фаолиятини назарда тутиб, Ғайратийга “Ўзбекистон халқ шоири” деган унвон ҳам берилди. Лекин, барибир, аввалги кўтаринкиликдан, завқ-шавқдан, ғайратдан нишон ҳам қолмаган эди. Бир марта дарз кетган кўза ҳар қанча қадоқламагин, аслига қайтмас экан. 1973 йилда Ғафур Ғулом номидаги Бадиий адабиёт нашриёти унинг икки жилдлик танланган асарларини нашр этди. Унинг биринчи жилдига лирик шеърлар, “Ғурбатда Фурқат”, “Шоир”, “Ўлмас қўшиқ”, “Оловли йилларда” каби достонлар киритилган. Иккинчи жилд эса “Бизнинг Ҳамза”, “Бахмал қирғоқ”, “Ёшлигим”, “Оқин ҳукми” каби қиссалар ва ҳикоялардан таркиб топган. Ғайратий 1974 йилнинг 27 декабрида шу китобини менга “Ҳурматли Озодга муаллифдан эсдалик” деган дастхат билан тортиқ қилган эди. Яқинда — Ғайратий таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан мен бу китобни яна бир кўздан кечириб чиқдим, яна бир бор бу бетакрор, ўзига хос инсон билан Тошкентдаги учрашувларимни, Бишкек сафарида бирга ўтказган кунларимни эсладим. Чиндан-да бу камсуқум ва камтар инсон билан чақчақлашиш ўта мароқли эди ва айни чоғда гурунглар кишини маъюс ўйларга ҳам ғарқ этар эди. Ғайратий, шубҳасиз, катта истеъдодга эга эди. — У шўро замонида эллик йил давомида ўз асарлари билан халққа хизмат қилишга ҳаракат қилди. Аммо шўро ҳукумати унинг барча ширасини сўриб олгандан кейин, ўзини узум пўстлоғидай туфлаб ташлади. Илк қадамлариданоқ шўро мафкурасининг сохта назарияларига мубтало бўлиб қолган Ғайратий кейинчалик ижодда тўғри йўл излаган бўлса-да, уни ҳамма вақт ҳам топа олган эмасди. Ундан китоблар қолди, қобилиятли ва иқтидорли фарзандлар қолди. Айни чоғда Ғайратий адабий тўгаракда Эркин Воҳидовдек буюк шоирга адабиётнинг алифбесини ўргатди, уни катта ижод йўлига солиб юбордики, биргина шунинг ўзи учун Ғайратийни ҳар қанча эъзозласа арзийди. Шунинг учун ҳам бугун — Ғайратий таваллудининг юз йиллигида ижодий парвозларга тўла ва айни чоқда машаққатли, баъзан эса фожеали ҳаёт йўлини босиб ўтган, чархнинг ҳамма жабру жафосини тўла бошидан кечирган бу инсонни хотирлаб руҳини шод этайлик. Чунки у ҳар қанча оғир шароитда яшаган бўлмасин, инсоний ғурурини йўқотмаган, манфаат йўлида истеъдодни эгри йўлга бурмаган бир инсон эди. У хушомадгўйлик ва маддоҳлик йўлига кирмади Имкони борича яхши ном қолдиришга интилиб ўтди. Оллоҳнинг раҳматлари ёғилсин унга!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 39-сонидан олинди.