Ўқув дастури
Кекса профессорим ҳаётининг сўнгги дарслари унинг уйида, у миттигина ҳибискус бутасининг пушти барглари тўкилишини томоша қилиши мумкин бўлган кабинет деразаси ёнида, ҳафтада бир марта ўтиларди. Синф сешанба кунлари йиғиларди. Дарс нонуштадан кейин бошланарди. Фанимиз “Ҳаёт мазмуни” деб аталарди. Унда профессор бошдан кечирган ҳаётий сабоқлар ўқитиларди.
Баҳо қўйилмасди, лекин ҳар ҳафта оғзаки имтиҳонлар олинарди. Сиздан саволларга жавоб беришингиз ва ўзингиз ҳам саволлар тузишингиз талаб этиларди. Ўқтин-ўқтин профессорнинг бошини кўтариб, ёстиққа қулайроқ жойлаштириш ёки тушиб кетган кўзойнагини бурнининг устига яхшироқ қўндириш каби жисмоний машқларни ҳам бажаришга тўғри келарди. Хайрлашув чоғида уни ўпиб қўйиш орқали қўшимча балл ишлаб олиш мумкин эди.
Ҳеч қандай ўқув қўлланмаларидан фойдаланилмаса-да, муҳаббат, иш, жамият, оила, кексайиш, кечиримлилик ва ниҳоят, ўлим каби кўплаб мавзулар муҳокама қилинарди. Сўнгги маъруза лўндагина, бор-йўғи бир нечта сўздан иборат бўлди.
Битирув оқшоми ўрнига дафн маросими ўтказилди.
Якуний назорат имтиҳонлари олинмаса-да, берилган сабоқлар хусусида узун мақола ёзиш талаб этиларди. Қуйида ўша мақола билан танишасиз.
Кекса профессорим ҳаётининг сўнгги дарсларида бор-йўғи бир нафар талаба қатнашганди.
Ўша талаба мен эдим.
1979 йилнинг кеч баҳори, иссиқ ва дим шанба оқшоми. Юзлаб талабалар бош кампуснинг майсазорига қатор қилиб терилган йиғма ёғоч курсиларда ёнма-ён ўтирибмиз. Мовий нейлон ридоларни кийиб олганмиз. Узундан-узоқ нутқларни сабрсизлик билан тинглаймиз. Маросим якунлангач, бош кийимларимизни осмонга улоқтиришимиз билан расман олийгоҳ – Массачусетс штати Уолтҳам шаҳри Брандейс университетининг охирги босқич битирувчиларига айланамиз. Кўпчилигимиз учун ҳозиргина болалик даври ўз ниҳоясига етди.
Маросимдан кейин севимли профессорим Морри Шварсни топиб, уни ота-онам билан таништираман. У, гўёки кучли шамол исталган пайтда осмонга учириб кетадигандек, майда қадамлар билан юрадиган кичик жуссали киши. Битирув оқшоми ридосида у инжил пайғамбари ва Мавлуд элфи қиёфалари қоришмасидан ҳосил бўлган кўринишда эди. Унинг кўзлари кўкиш-яшил рангда, сийраклашиб бораётган кумушранг сочлари пешонасига тушиб турар, қулоқлари катта, бурни учбурчак шаклга эга, тутам-тутам қошлари эса оқара бошлаган. Тишлари эгри, пастки тишлари, гўёки кимдир мушти билан уларни ичкарига киргизиб юборгандек орқа томонга қийшайганлигига қарамасдан, у кулганда, ўзингизни унга ер юзидаги илк ҳазилни айтиб бергандек ҳис қиласиз.
У ота-онамга унинг барча дарсларига қолдирмай қатнашганимни айтади. “Ажойиб ўғлингиз бор, бошқаларга ўхшамайди”, — дейди профессорим уларга. Уялганимдан ерга қарайман. Кетишимиздан олдин профессорга аталган совғамни бераман: олд томонига профессор исм-шарифининг бош ҳарфлари туширилган жигарранг портфель. Совғани бир кун олдин савдо марказидан харид қилганман. Профессорни унутиб юборишни хоҳламасдим. Балки у мени унутишини хоҳламагандирман.
“Мич, сен яхши инсонсан”, — дейди у, портфелни мамнуният билан кўздан кечираркан. Кейин у мени бағрига босади. Белимда унинг нимжон қўлларини ҳис қиламан. Бўйим уникидан новчароқ бўлгани сабабли у мени бағрига босганда, ўзимни ғалати, ундан каттароқ сезаман, гўёки мен ота, у эса фарзандимдек туюлади. У мендан хабарлашиб турасанми деб сўрайди, мен ҳеч иккиланмасдан: “Албатта”, — деб жавоб қайтараман.
У орқага тисарилганда, кўзлари ёшланганини кўраман.
Китобни тўлиқ ҳолда сақлаб олинг (кирилл ва лотин алифбосида)