Пак Ен-Чхоль (1904-1938)

КЕТАЁТГАН КЕМА

Мен ҳам кетаман.
Наҳотки кўз ёш-ла кузатсам ёшлигимни?
Кетаман мен.

Осонми бу файзли соҳилни тарк этмоқ,
Кўз ўнгимда жонланар олмос чўққили
тоғлар манзараси,
Нигоҳларим ардоқлар қадрдон кишиларимнинг
ҳатто ажинларин…
Кетар экан, унутиб бўларми буларни?
Бошқалар кўнглига ғашлик солган
булутларга ҳатто суқланиб боқаман,
Шамол юзларимга урилар.
Учрата олурманми яна орзуларим рамзи бўлган
олмос чўққили тоғларни?

Мен ҳам кетаман.
Наҳотки ёшлигимни кузатсам кўз ёш-ла?
Кетаман мен.

Мирпўлат Мирзо таржимаси.