Монгане Уолли Сероте (Mongane Wally Serote) Йоҳаннесбург биқинидаги Софиятаун деган кичик шаҳарда туғилди. Александр, Лесото ва Соэтоудаги инглиз мактабларида ўқиди. Юқори синфларда қораларнинг ўз-ўзини англаш ҳаракатида қатнаша бошлади, Африка Миллий Конгрессига кирди. Занжиларнинг шеърий йиғинларига боғланди. 1969 йилда бу ҳаракати учун қамоққа олинди ва тўққиз ой турмада ётди. У ердан чиққач, мактабни ташлаб, журналистлик билан шуғуллана бошлади. 1972 йилда “Қорамолнинг ўкириши” номли биринчи шеър тўплами нашр этилди ва у 1973 йилда Ингдид Йонкер мукофотига сазовор бўлди. 1974 йилда Колумбия университетига кириб, 1979 йилда нафис санъатлар магистри даражасини қўлга киритди 1986 йилдан Африка Миллий Конгрессининг Лондондаги санъат ва маданият бўлимида ишлай бошлади. 1990 йилда Жанубий Африка Республикасига қайтиб келди. 1972-2004 йиллар ичида тўққизта шеър тўплами нашр этилди.
ЙОҲАННЕСБУРГ ШАҲРИ
Шундай қилиб, сизларни қутлайман:
Қўлим ишга ундайди шимимнинг орқа чўнтагида
Ёки пиджагимнинг ич чўнтагида.
Ҳаётим Йо`бург шаҳрида ўтади.
Қўлларим оч илондай чўнтакларимни шишириб туради,
Картмоним юпқа, ориқ,
Қорним Йо`бург шаҳрида, дўстона табассум билан
Очликдан инграйди.
Қорним қозонларни ҳам, ҳужжатларни ҳам
Ямламай ютади, шуниям билмайсизми?
Йо`бург шаҳри, э, мен сизни қутлайман,
Ҳаммаси тугади, автобуслар гувуллаши тугади,
Муҳаббатим ҳам орқада қолди,
Бундан бу ёғи кулгили уйлар, одамлар, чанглар уюрмаси,
Қарабсизки, ўлимим ҳам етиб келади,
Менга шундай деб кўз қисиб қўйди
Йо`бургнинг одамлари.
Мен қоралар ва оқлар орасига бораман,
Аммо кўп йўллар бекитилган
Сизнинг йўғон темир нафасингиз шарофати билан.
Йо`бург шаҳрида, эрталаб соат олтида нафас олсангиз, .
Кеч соат бешда нафасингизни чиқарасиз.
Мен шундай пайтда келдим даргоҳингизга,
Келганимда неон гулларингиз
Электр шамолларда ўзини кўз-кўз қиларди
Қолоқлик зулматини яшириб.
Сизнинг цемент дарахтларингиз нақадар гўзал.
Мен келганимда, менинг муҳаббатим,
Чанг-тўзларим, менинг халқим, менинг ўлимим,
Жисм аро кескир олмосдай зулматда бекиниб турган
ўлимим,
Илдизларимни ҳис қиламан.
Кемам лангарини боғладим
Қудратим ва заифлигим шунда
Жисмимда, ақлимда, қонимда.
Ҳамма менга сиз ҳақингизда сўзлайди, яъни
Йо`бург шаҳрига мендан нима талаб
қилинишини сўзлайди…
Йоҳаннесбург! Мен сизга бир гап айтаман:
Хотинлар ва эркаклар сизни дунёга келтиришганда
Сиз дунёга келганингизда
Афтингизда шундай совуқ ифодалар билан,
Емирилган тупроқдаги эгатлар каби
Кўзёшлари ҳам бўлган ифодалар билан –
Бунда ҳеч қандай ҳузур-ҳаловат бўлмаган.
Йо`бург шаҳри – сиз қоқсуяк ўлим сингарисиз
Йо`бург шаҳри, Йоҳаннесбург, Йо`бург шаҳри…
ЖУДА МУҲИМ ДИАЛОГ
Қўрқманг, Баас.
Менинг пайдо бўлганим оддий гап.
Менинг юзларим каби шу қора тунда
Юзларимиз учрашди.
Қўрқманг –
Сиз мени кутмаган пайтингизда
Ҳар доим учрашиб турамиз.
Мен, мендай қора тунда,
Пайдо бўлавераман.
Қўрқманг –
Мендан қўрқишингизда
Юрагингиз айбдор.
Сиздан қўрқишимда
Юзим каби қора тунда
Ақлим айбдор.
Қўрқманг, Баас,
Менинг юрагим денгиз каби кенг,
Сизнинг ақлингиз тупроқ каби.
Бу ҳаяжонли эътироф, Баас,
Қўрқманг.
Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси