Аҳмад Табибий – XIX аср охири – XX аср бошларида Хоразм адабий муҳитида фаолият кўрсатган сермаҳсул ижод соҳиби. У бадиий адабиётнинг деярли барча турларида ижод қилди, бетакрор асарлар яратди, устозлари Мунис, Огаҳий, Комил каби ўзига хос шоир, достоннавис, таржимон, тазкиранавис бўлиб танилди.
Аҳмад Табибий шахсияти, ижодий мероси ҳақида дастлаб Муҳаммад Юсуф Баёний, рус туркшуноси А. Н. Самойлович, шоирнинг замондоши Ҳасанмуродқори Муҳаммадамин Лаффасий асарларида маълумот берилган. Лаффасий ёзади: «Ферузнинг фармони илан Аҳмаджон дағи Табибий тахаллуси билан шеър машқин қилиб, анча абётлар ёзиб, Ферузга мақбули табъ бўлиб, тўрт мужаллад девон асар табъ қилибдур. Икки мужаллад форсий тилида, икки мужаллад туркий — ўзбек тилида бўлиб, онлардан дигари Ферузнинг фармони билан бир йил муддат ичра жами шуарони тартибга солиб, ёзиб чиқадур».
Аҳмад Табибийнинг ижодий фаолияти ҳақвда маълумот, унинг асарларидан намуналар 1945 йилда тузилган «Ўзбек адабиёти тарихи хрестоматияси» ва Раҳмат Мажидийнинг «Ўзбек адабиёти» ки-тобида ҳам берилган. Булардан ташқари, филология фанлари доктори М. Юнусовнинг «Комил Хоразмий» (Т., 1960), В. Мирзаевнинг «Аваз Ўтар ўғли» (Т., 1961), профессор Ғ. Каримовнинг «Ўзбек адабиёти тарихи» (учинчи китоб, Т., 1987) асарларида ҳам Аҳмад Табибий ҳақида қимматли маълумотлар мавжуд.
XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср бошлари Хоразм адабий муҳити, унинг намояндалари ижоди ҳақида яратилгак деярли барча илмий адабиётларда Аҳмад Табибий ижодига оид фикр ва мулоҳазалар учрайди.
Ҳаёт йўли
1968 йили Ф. Ғанихўжаев Табибийнинг ҳаёти ва ижодий мероси мавзуида номзодлик диссертацияси ёқдади. Шу йили унинг «Танланган асарлар»ини нашр эттирди. 1978 йили эса «Аҳмад Табибий» (ҳаёти ва ижоди) номи билан у ҳақдаги монографиясини эълон қилди.
Аҳмад Табибий 1869 йили Хоразм хонлигининг сиёсий ва маданий маркази Хива шаҳрида туғилди. Унинг отаси асли афғонистонлик, кейинчалик Хоразмга келиб турғун бўлиб қолган Али Муҳаммад Хиванинг машҳур табибларидан эди. У кичик дўконча очиб, атторлик билан ҳам шуғулланган. Али Муҳаммад ўғлининг ўқишига катта аҳамият берди. Форс, араб тилларини чуқур ўрганишига раҳнамолик қилди, табибликни ўргатди. Шунинг учун ҳам Аҳмад ўзига «Табибий» тахаллусини танлади. Унинг шеъриятдаги шуҳрати кенг ёйилди. Натижада Муҳаммад Раҳимхон Феруз уни саройга таклиф қилди. Табибий саройда экан, Аваз каби қобилиятли шоирларга устозлик қилди. Бу ҳақда Лаффасий тазкирасида қуйидагиларни таъкидлайди: «Аксари вақтлар Аваз Ўтар билан улфатлиғ қилиб, шахмат ўйиниға машғулотлиғ қилиб, ўзларига таскинлиғ билан шеър машқини қилиб турадур эрдилар… Ҳамма вақтлар танбур чертиб, ўз шикаста хавотириға тасалли бериб турадур эрди».
Аваз Ўтар ўғли ҳам Табибийни устози сифатида ҳурмат қилди, шеъриятда унингдек бўлишга интилди:
Не ғам эмди, Аваз, назм илмида бўлсанг Табибийдек,
Ки дерлар, кўрган эл назмингни, устодингга салламно.
Лаффасийнинг ёзишича, Табибий паст бўйли, очиқ чеҳра, ширин сўз, нозик табиат киши бўлган. Шахмат билан танбурни ғоят хуш кўрган. Бир шеърида ёзади:
Табибийким, анга танбурсиз базм ичра роҳат йўқ,
Чекар Мутриб ани ё базмидин соз айлабон танбур.
Шоир саройда шеърият, илм-маърифат аҳли ўртасида катта ҳурматга эга бўлди, хон эътиборини қозонди, табиб сифатида кишилар дардига даво излади. У хон саройида уюштирилган му-шоираларда, ҳафтанинг ҳар жума ва душанба куни ўтказиладиган китобхонлик йиғинларида иштирок этди. Шунга қарамай, Табибий ўз тирикчилигини саройга боғлаб қўймади. Кичик дўкон очиб, дори-дармон савдоси билан шуғулланди. Шунинг учун бўлса керак, шоир шеърларида ҳаёт тарзи, муҳтожлиги ҳақида куюниб айтган фикрларга дуч келамиз. Жумладан, «Пўстин» радифли шеърида у шундай ёзади:
Адамдин то келиб қилдим бу қашшоқ хонани маскан,
Киярга топмадим умрим ўтиб, мен банаво пўстин…
Совуқдин гоҳ қочиб кирсам ичига қалтираб, қақшаб,
Танимға парвариш қилғай эди мисли ано пўстин…
Бу қиш ичра тараҳҳум айлабон мискин Табибийнинг,
Тани урёнига бергай Худо чакмон ва ё пўстин.
Хон Табибийнинг кучли иқтидорини билиб, унга масъулиятли ишларни топширарди. Йиғинларнинг бирида Хоразм шоирлари тазкирасини тузишини амр этади. Баёний бу воқеани шундай ҳикоя қилади:
«Хон ҳазратлари Табибийға амр этдилар, токим ул ғазалларни маснавий зимнида жамъ қилиб, бир китоб этгай. Табибий фармон мужиби билан амал қилиб, ул ғазалларни жамъ қилиб, ҳар ғазални ёзмоқчи бўлғонда, маснавий била ул ғазални айтғон ким эрканин баён этиб, бу тариқада тамоми ғазалларни жамъ қилиб, тамом этиб, ул китобға «Мажмуатуш-шуаро» от қўйулди». Баёний воқеани баён этгач, шоирни қуйидагича таърифлайди:
Табибийким, шоири муҳтарам,
Нетай они атворин айлаб рақам.
Маорифда ўзни тутар кўб ориф,
Мажолисда доғи ҳарифу таъриф.
Бир ойнадур сўзлари сарбасар,
Рамуз они аксидадур жилвагар…
Аҳмад Табибий «Мажмуатуш-шуаро»ни 1909 йили поёнига етказди. Унинг қурилиши ва услубида Қўқонда тузилган Фазлий Намангоний тазкирасининг таъсири сезилади. Ҳар иккала тазкира бир хил номланган. Фақат бирини иккинчисидан фарқлаш учун ҳукмдорларга боғлаб, «Мажмуатуш-шуаройи Умархоний» ва «Мажмуатуш-шуаройи Ферузшоҳий» деб айтиш удум бўлган.
Лаффасий маълумотига кўра, Аҳмад Табибий ёшлигида жигар хасталигига йўлиққан ва шу касаллик билан 42 ёшида вафот этган. Лаффасий ёзади: «Аҳмаджон Табибий Феруз – Муҳаммад Раҳимхон вафотидан кейин анча муддатлар ўтмасдан жигар хасталигига мубтало бўлиб… қирқ икки ёшида, 1328 ҳижрий, 1910 йил октябр ойинда… фалаки золим жафокордин шиквалар қилиб, кўнгул мақсудиға етиша олмасдан бул дунёдин кўз юмиб, охират сафари қилиб, жаннат бўстонида манзил қиладур».
Адабий мероси
Аҳмад Табибий қисқа умри давомида салмоқли адабий мерос қолдирди. Унинг беш девони бор. «Туҳфатус-султон», «Мунисул-ушшоқ», «Ҳайратул-ошиқин» девонлари ўзбек тилидаги шеърларидан, «Миръотул-ишқ», «Мазҳарул-иштиёқ» девонлари эса форс-тожик тилидаги шеърларидан ташкил топган. Бундан ташқари, шоир катта ҳажмдаги «Вомиқ ва Азро» достони муаллифи. Тазкиранавис сифатида «Мажмуа-туш-шуаройи Ферузшоҳий»нинг тузувчиси. Таржимон сифатида Фузулийнинг «Ҳафт жом» асарини форс тилидан таржима қилди. Ниҳоят, у ёш истеъдодларнинг севимли устози эди.
У ёшлик чоғларидаёқ шеърлари билан назм мухлислари эътиборини қозонди. Зуллисонайн шоир сифатида ўзбек ва форс-тожик тилларида салмоқли шеърий мерос қолдирди. Таъкидлаш керакки, у бу ишларга хон рағбати, ҳатто топшириғи билан киришган эди. Шоир «Мунисул-ушшоқ» девони «Дебоча»сида қуйидагиларни ёзади: «Бу фақир қўлида жамъ бўлғон китобнинг сони беш девондур. Аларнинг учтаси туркий ва иккитаси тожикчадур. Биринчисини адолатли шоҳға ҳадя қилиш сабабидин «Туҳфатус-султон» деб атадим, иккинчи девонға ошиқлар унсияти сабабидин «Мунисул-ушшоқ» («Ошиқлар дўсти») номи берилди. Учинчисиға фақат ишқ ҳолатларидан гапирилган важҳдан «Миръотул-ишқ« («Ишқ ойнаси»), деб ном қўйдим. Тўртинчи девонға ошиқлар ўқиб ҳайрон бўлсинлар деб, «Ҳайратул-ошиқин» деб исм берилди. Бешинчиси бедиллар иштиёқи жилвагоҳи бўлғони сабабидин «Мазҳарул-иштиёқ» («Иштиёқ изҳори») деб аталди».
Юқорида зикр қилинган беш девоннинг биринчиси Душанбедаги академик А.А.Семёнов уй-музейида, қолган тўрттаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида сақланади.
Маълумотларга қараганда, мазкур беш девон шоир умрининг сўнгги беш йилида тартиб қилинган.
Табибий Алишер Навоий ва Фузулий ижодига алоҳида ихлос билан қаради. Умуман, унда анъанавийлик кучли. У саройда хоннинг эътиборида бўлишига қарамай, ҳамиша нимадандир кўнгли тўлмайди, ҳаётдан қониқмайди, дилгир яшайди. Ишқий шеърларида ҳам ижтимоий оҳанглар янграб туради. «Чарх жафоси», «мажруҳ, афгор жисм», «фалак»нинг «каж» («тескари»)лиги, «бераҳм»лиги тез-тез тилга олинади. «Фалак» радифли шеърида «нодонни азиз ва мукаррам айлаб», «доно кишиларни асру хор этган» фалакдан шикоят қилади. Иккинчи бир шеърида эса замонасининг ижтимоий манзарасини шундай чизади:
Оламга боқсанг, ҳосили боштин оёқ кулфат эрур,
Бир роҳатининг кейнида беҳадду сон меҳнат эрур.
Бир ошиқиким, лаҳзайе топса висоли дилбарин,
Доим ҳамул бечораға сўнгра ғами фурқат эрур.
Йўқтур жаҳонға эътимод ушбу жиҳатдин, эй қўнгул,
Ким инқилоб этмак анга даврон аро одат эрур.
Бас, шундай экан, ягона йўл қолади: имкон қадар инсонларга яхшилик қилмоқ, нафъ етказмоқ. Ёлғиз шу йўл билангина кишилар бошига бераҳм даврон томонидан отилаётган жабру жафо тошлари заҳрини камайтириш мумкин. Шоир даврон манзараси тасвирида яна буюк устози Навоийнинг одамийлик ҳақидаги ҳикматларига эргашади:
Икки жаҳоннинг комини гар истар эрсанг, эй кўнгул,
Келганча қўлдан халқға еткур, басе, такрор нафъ.
Табибий шеъриятининг мазмун-моҳиятини, руҳини тушуниб олишда замондоши, рус шаркшуноси А.Н.Самойловичнинг шоир ҳақидаги хотиралари алоҳида аҳамиятга эга. Таниқли туркшунос 1909 йили Хивага келган, 1638 саҳифалик «Мажмуатуш-шуаро»ни эринмай ўқиб чиққан ва унинг тузувчиси билан узоқ суҳбатлар қурган эди. Сўнг эса, мажмуа ҳақида каттагина тақриз эълон қилди. Олим XX аср бошидаги анъанавий шеъриятимиз намуналарини кузатар экан, унда янги адабиётга хос хусусиятлар пайдо бўлаётганини нозик ҳис қилади ва буни Табибий мисолида шундай тушунтиради:
«Шоир, айтишига қараганда, эркин фикрли қарашлари сабабли мадрасадаги мусулмон фанларининг тўла курсини ўзлаштиришдан воз кечган, — деб ёзади у Аҳмад Табибий ҳақида. – У Хивага хиваликларнинг мустамлакачилар — руслар, немислар билан, татарлар билан бевосита алоқалари туфайли ва ундан ташқари янги йўналишдаги татарча, усмонча китоблар, журналлар ва газеталар орқали кириб келаётган европача илм мазасидан жиндак татиган. Ҳукмдорининг топшириғи билан дори-дармон учун Машҳадга бориб, ўша ерда малака ошириб қайтган Аҳмад Табиб мусулмонча усулда табиблик қилади. Ва, чамаси, бу хивалик лейб-медик ўз «илм»и устидан пинҳона кулади. Кузатишимча, «Мажмуа» муҳаррирининг ўз жонажон Ўрта Осиё адабиётининг бениҳоят узоқ ва мутлақо якранг асрини кечираётган ҳозирги қиёфасига ҳам муносабати худди шундай. Ва ёш Хиванинг адабиёт соҳасида якка-ёлғиз бўлмаган бу вакили, гарчи ҳозир афлотунчасига бўлса-да, усмонли, туркий-қозон, туркий-кавказча энг янги асарларга, таржима ва оригиналларга, шубҳасиз, мойил. Шоирнинг менга ўз қаламкаш биродарларини «буларнинг ҳаммаси учун Мир Алишер Навоий ўрнакдир, лекин ҳеч бири унинг истеъдодига эга эмас»,— деб таърифлаганидаги дилгир-нафратчан юз ифодаси шундоқ эсимда».
Шундан бўлса керак, Аҳмад Табибий ижодида маърифат мавзуи, маърифатпарварлик ғояси муҳим ўрин эгаллайди. Шоир ҳаётни тубдан яхшиловчи, жамиятни, мамлакатни қолоқликдан, зулматдан қутқарувчи, халқни фаровон ҳаётга етакловчи йўл – маърифат деб билди. Шоирнинг фикрича, илм-маърифат жоҳилни, ғофилни жаҳолат уйқусидан уйғотади, унинг ҳаётига файз бағишлайди. Табибий илмни тарғиб қилар экан, уни эгаллаш учун қунт билан меҳнат қилиш зарурлигини таъкидлайди:
Кимдаким аҳли жаҳондин бор илму маърифат,
Килғусидур они бархурдор илму маърифат…
Ғафлату жаҳл уйқусиға ғарқ бўлгон шахсни
Файз бирла ул қилур бедор илму маърифат.
Эй биродар, олиму ориф бўлурға жаҳд қил,
То етургай қўнглунга анвор илму маърифат.
Илм бирла маърифат таълимини тарк этмагил,
Ҳосил эт боринча жон, такрор илму маърифат.
Юқорида айтганимиздек, Аҳмад Табибий шеъриятига Фузулийнинг таъсири катта бўлган. Биргина Табибий эмас, умуман, Хоразм адабий муҳитида улуғ озарбойжон шоири Муҳаммад Фузулийнинг таъсир доираси – нуфузи катта. Мунис, Огаҳий, Рожий, Комил, Ферузлар Фузулий ғазалларига мухаммаслар, таз-минлар битдилар. 1908 йили Аҳмад Табибий Фузулийнинг фал-сафийдидактик достони «Ҳафт жом» («Етти жом»)ни форс тилидан таржима қилди. Бундан ташқари, Фузулийнинг ушбу достони таъсирида «Етти равза» («Етти боғ») номли ахлоқий-таълимий достон яратди. Ушбу достон 7 равза ва 14 ҳикоядан ташкил топган. Ҳикоялар Муслиҳиддин Саъдий «Гулистон»идаги ҳикояларни эслатади:
Эрур тарбиятда ажаб хосият,
Ки аксарға таъсир этар тарбият.
Агар тарбият қилмас эрса асар,
Топилмас эди ҳеч соҳиби ҳунар.
Чу устоддин етса қаттиғ сухан,
Бўлур жаҳл учун дафъи ранж миҳан.
Достоннинг ҳар бир боби муайян ахлоқий-таълимий масалага бағишланган. Масалан, асарнинг биринчи бобида — карам ва саховат, иккинчи бобида – илм ва маърифат, учинчисида — сабр ва қаноат, тўртинчисида – севги-садоқат ҳақида гап кетади ва ҳоказо. Ҳар бир равза – боб учун алоҳида ҳикоятлар келтирилади. Муаллиф ҳар бир мавзу бўйича ўз фикр-қарашларини баён этади. Сўнг унга мутаносиб бир ахлоқий ҳикоя илова қилади.
Табибий адабиётимиз тарихида достоннавис шоир сифатида танилган. У Шарқ адабиётида машҳур бўлган «Вомиқ ва Азро» афсонасининг шеърий вариантини яратди. Мазкур мавзуга ҳам «Юсуф ва Зулайҳо», «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин»даги сингари жуда кўплаб шоирлар мурожаат қилганлар ва турли вариантларини яратганлар.
Ушбу достон ҳам шоирнинг бошқа кўплаб асарлари сингари Муҳаммад Раҳимхон Феруз амри ва ҳомийлигида майдонга келди.
Достоннинг қисқача мазмуни қуйидагича: Сабо мамлакатининг подшоҳи Носир ўғил кўради, унга Вомиқ исм қўядилар. У ёшлигидан илм-маърифатга берилади, юнон донишманди Маобид унга мураббийлик қилади ва жуда қисқа муддатда эл назарига тушади.
Жабилсо мамлакати шоҳининг қизи Азро канизаклари билан сайр қилиб, Шаҳрисабзга келади ва Вомиқни кўриб, севиб қолади. Азро ўз шаҳрига келиб, расмини чиздиради ва уни Вомиққа юборади. Расм Вомиқнинг отаси Носир қўлига тушади ва уни ўғлига кўрсатмай, ундан яширади.
Бу ўртада Носир взфот этади. Вомиқ тасодифан расмни кўриб, Азрога ошиқ бўлиб қолади. Вомиқ севгилисини излаб, Жабилсога йўл олади. Достонда уч жуфт севишганлар: Вомиқ ва Азро, Осаф ва Шакардўхт, Наим ва Ҳавроларнинг саргузаштлари анча таъсирли ифодаланган. Ниҳоят, улар бир-бирларига етишиб, тўйлари бўлади. Вомиқ Жабилсога шоҳ этиб тайинланади. Вомиқ ва Азро ўғил кўрадилар ва унга Носири соний (Иккинчи Носир) деб исм қўядилар. Қариб қолган Вомиқ ўғлига мамлакатни адолат билан бошқариш ҳақида васият қилади:
…Ҳарис ўлма жаҳон молиға асло,
Карамни пеша қил ўзга мудомо.
Сипаҳ хайлиға қил инъому эҳсон,
Раоёни этиб лутф ила шодон.
Яна бўлғил ҳамиша соҳиб инсоф,
Замонни қилмағил харжингда исроф…
Улум аҳлиға қил доим муҳаббат,
Жаҳолат аҳлидин эт асру нафрат…
Достонда севги ва садоқат, дўстлик, илм-маърифат, халқпарварлик ва ватанпарварлик, қаҳрамонлик ғоялари тараннум этилган. Образлар талқинида Низомий ва Навоий достонлари таъсири қўзга ташланади. Айниқса, Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонидаги тасвир воситаларидан кенг фойдаланган. Ҳар икки асарнинг вазни ҳам бир хил: ҳазажи мусаддаси маҳзуф (мафоийлун мафоийлун фаулун).
Шоир «Вомиқ ва Азро» достони хотимасида қуйидагиларни ёзади:
Биҳамдиллаҳки, Холиқ ёвар ўлди,
Мутеъим бахту толеъ чокар ўлди.
Ки, яъни нусхаи «Азро ва Вомиқ»,
Мурури соли сак ичра мувофиқ.
Демак тарихини чун жойиз эрди,
Мингу уч юз йигирма саккиз эрди.
Демак, ушбу достон ит йили, 1328 ҳижрий, 1910 милодий йилида ёзиб тугатилган. Сўнг Муҳаммад Юсуф Чокар томонидан 2 нусха кўчирилади. Асар 16200 мисра — 81 бобдан ташкил топган.
Табибийнинг «Вомиқ ва Азро» достони ўзбек мумтоз адабиётининг достон жанридаги гўзал ёдгорликларидан бири сифатида қадрлидир.