Лоҳутий Абулқосим Аҳмадзода (1887.4.12, Кирмоншоҳ, Ғарбий Эрон — 1957.16.3, Москва) — форс-тожик шоири, янги тожик шеъриятининг асосчиларидан бири.
1905—11 йиллардаги Эрон инқилобининг иштирокчиси. «Бисотун» газетаси (1916, Кирмоншоҳ шаҳри), «Форс» журнали (1921, Истанбул шаҳри)ни нашр эттирган. 1922 йил 2-Табриз қўзғолонига («Лоҳутийхон қўзғолони») раҳбарлик қилган. Бу қўзғолон бостирилгач, Эрондан чиқиб кетишга мажбур бўлади. Аввал Москвада, сўнг Душанба шаҳрида яшай бошлайди.
«Уч қатра» (1932), «Фарангистон сафари» (1934) достонлари, «Шевченко васиятномасига жавоб» (1934), «Оқин Жамбулга» (1937) ва бошқа шеърлари халқлар дўстлиги мавзусида. 2-жаҳон уруши йиллари ёзилган шеър ва достонлари фашизм устидан ғалабага ишонч руҳи билан суғорилган.
«Темирчи Кова» (1939) либреттоси тожик адабиётида бу жанрда ёзилган илк асардир. Урушдан кейинги йилларда яратилган асарларида тинчлик тараннум этилган («Тинчликсеварлар қўшиғи», «Митинг» ва б.). «Эрон наъраси» (1950), «Корея халқига» (1952) шеърларида эса Шарқ халқлари озодлик ва мустақиллик учун курашга даъват этилади.
А. С. Пушкин, А. С. Грибоедов, В. В. Маяковский, У. Шекспир, Карпьо Вега ва бошқа ёзувчиларнинг асарларини тожик тилига таржима қилган.
Лоҳутий бир неча йил Тошкентда яшади. Ўзбекистонга бағишланган бир туркум шеърлар яратди («Ўрта Осиё», 1934; «Ўзбекистон», 1939; «Ўзбек онасининг топшириғи», «Дўст келди», 1941 ва б.). Асарлари ўзбек тилида нашр этилган (Девон, 1958; «Танланган асарлар», 1968).
ҒАЗАЛ
Менинг вафоли ёрим жононаликда машҳур,
Қалбим ўшал санамга кошоналикда машҳур.
Зулфин домига маҳкам илинди мурғи кўнгил,
Лаб узра холи ёрнинг якдоналикда машҳур.
Ёр ишқида юракка бир ўт туташди, қизғин,
Ҳусни шамликда, қалбим парвоналикда машҳур.
Дилбар кафтида турган май косаму лаболаб,
Ишқ базми ичра кўнглим паймоналикда машҳур.
Ёрга беҳад садоқат жонимга жо бўлибдир,
Ошиқ элига ишқим дарсхоналикда машҳур.
Сармаст вужуду ақлим ҳар лаҳза васлин истаб,
Айб этмангиз, гар бўлсам девоналикда машҳур.
Қайга урманг қадамни, достон этурлар ишқим,
Бўлди Лоҳутий исми афсоналикда машҳур
* * *
Сенинг дардинг — менинг қалбимга ором,
Сенинг номинг — менинг қалбимга илҳом,
Сенинг ёдинг билан бахтим саранжом,
Дилим — меҳрингга лиммо-лим эрур жом,
Висолингдан ҳосилдир мақсуду ком.
Сенинг ишқингни пинҳон айламасман,
Яъни аҳдимни вайрон айламасман,
Бўлак-ла ишқу паймон айламасман,
Бу жонни сенсизин жон айламасман,
Шу дард-ла ўлсам, афғон айламасман.
Билиб қўй, лолу беморинг эрурман,
Дили оташда абгоринг эрурман,
Жунуни қадду рафторинг эрурман,
Менга сен ёр, сенинг ёринг эрурман,
Тирикман, зори дийдоринг эрурман.
Хонамга бир нафас кирсанг не бўлғай?
Ёнимда лаҳза ўлтирсанг не бўлғай?
Сўраб ҳолимни улгурсанг не бўлғай?
Кўзим усти, ё ўлдирсанг не бўлғай?
Хонамга бир нафас кирсанг не бўлғай?
Тилак Жўра таржимаси