Бекободдан қайтаётганимда қаттиқ шамол туриб, чанг-тўзон кўтарилди. Йўллар майда-чуйда шох-шаббага тўлиб кетди. Кейин ёмғир томчилай бошлади. Машинам бирпасда лойсувоқ тортилган деворга ўхшаб қолди.
Бундай машинада Тошкентнинг тоза-озода кўчаларида юриш одобдан эмас. Бунинг устига каллаи саҳардан ишга боришим, бугун тунда навбатдаги лавҳамни ёзиб, муҳаррирга топширишим керак. Машина ювишга вақтим бўлиши даргумон.
Йўл-йўлакай иккита “автомойка”га кирдим – иккаласида ҳам машина тирбанд. Камида бир соат навбат кутиш керак, кимда тоқат бор?
Катта ҳалқа йўл четидаги бетон ариқ бўйида дока осилган дарахт соясида китоб ўқиб ўтирган болага кўзим тушди. Қувониб кетдим.
Йўл четига тўхташим билан ўн икки-ўн уч ёшлардаги шу бола пластмасса челагини кўтариб, олдимга югуриб келди.
– Ассалому алайкум! – деди у. – Бекобод тарафлардан келаётганга ўхшайсизми, амаки?
– Ана холос! Қаёқдан билдинг, синчимисан дейман?
– Биламан-да. Касбим шунақа, – деди у мағрурона.
– Касбинг?! Ўн ёшли мишиқида касб нима қилсин?
– Биринчидан, амакижон, мен бурнини артишни эплай олмайдиган мишиқилар ёшидан аллақачон ўтганман. Ўн иккига кирдим. Иккинчидан, Бекобод катта шамол йўлида жойлашганини, ҳатто сиз айтаётган ўша мишиқилар ҳам яхши билади. Шамол туриб, чанг-тўзон кўтарилса, албатта изидан ёмғир ҳам ёғади. Бекободда кимга маза – автомойкаси борларга!
– Бало экансан-ку, жиян! Шунча гапни қаердан, кимдан ўргангансан?
– Биров ўргатиши шарт эмас, – дея гапни қисқа қилиб, мақсадга кўчди бола: – Хўш, машинани ювамизми? Моторини-чи? Ё фақат юзидаги “пардоз- андози”ни артиб-суртиб қўя қоламизми?
– Нархини келиша олсак, ҳаммасини ювамиз.
– Нархи, амаки, от билан туянинг пули бўлармиди! Бизга битта жўжанинг пулини берсангиз ҳам етади.
– И-е! – Мен машинадан тушдим. – Ўша от билан туяни ё жўжани умрингизда кўрганмисиз ўзи, оқсоқол?
– Нима десам экан… – “Оқсоқол” ўйланиб турди-да, давом этди: – Туянинг ўзини кўрмаган бўлсак ҳам, қумалоғини кўрганмиз, амаки!
– Қойил! Гапга туғилган экансан, бола! Қишлоқданмисан дейман?
– От билан туянинг фарқига бориш учун қишлоқда туғилиш шарт эмас.
Гапдан “мот” бўлдим.
– Хўш, неча пул бўлади?
– Ичи-таши, мотори билан ювиш – йигирма беш минг сўм.
– Йигирма беш минг?! – Мен кўзларимни қинидан чиқиб кетгудай қилдим. – Йигирма беш минг ҳам бўладими? Инсоф – сари барака, жиян!
– Мен нархига тортишаман. Лекин, қўл учида иш қилмайман. Барака қочади.
– Чолларга ўхшаб нуқул мақолу матал билан гапирасан-а! Ўн беш бера қолай? Ўзим ҳам ёрдамлашаман.
– Бўладигани – йигирма. Маъқулми?
– Майли, гапдон бола бўлганинг учун яна беш қўшдим. Йигирма бўлса, йигирма-да.
Бола хурсанд бўлиб, қўлини қўлимга ташлади. Қўллари қаттиқ ва чайир эди.
– Исминг нима, жиян?
– Анвар.
Дарахт соясидаги омонат курсичага кўзим тушди. Устида қалингина китоб. Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи экан. Орасида учи чиройли йўнилган қора қалам. Баъзи жумлаларнинг тагига чизилган: “Майдонга чиққан алп манглайини қашиламайдур…”
Бир пайт нимадир варанглаб кетди. Қарасам, Анвар эски чангютгич билан ўриндиқларни астойдил тозалаётир. Қўшни бинодан дарахтгача электр сими тортиб келинган. Айни саратоннинг чилласида, бу тенги болалар соя-салқин лагерларда маза қилиб дам олиб ётганида, шундай зукко болани пул топиб келасан, деб қайси бераҳм ота-она кўчага ҳайдади экан?
– Тенгдошларинг копток тепиб юрганида сен бунақа юмушлар билан банд бўлиб қолибсан? – дедим туриб челакда сув олиб берар эканман.
Донишманд дедики, осонни кутма,
Имкондан ортиқ бир имконни кутма…
Қўлимдаги челак тушиб кетишига сал қолди.
– Бу бир эрмак-да, амаки. Бекорчидан – худо безор. Балки, келажакда бизнес қилиб, автомойка очарман.
– Навоийнинг ғазалларидан ҳам хабардор экансанми? – дедим қитмирлигим тутиб.
– Ўзингизни гўлликка солманг, амаки. Бу, аввало, ғазал эмас. Навоийники ҳам эмас. Абдулла аканинг шеъри!
Абдулла Ориповнинг унча-мунча катталар ҳам ёддан билавермайдиган сатрларини “кифтини келтириб, жойига михлаб айтгани”, муштдай боланинг шоирни ўзига шунчалар яқин олиб “ака” деб атагани менга роса нашъа қилди. Шундай бўлса-да, ўзимни яна гўлликка солдим:
– Қайси Абдулла ака? Акаларингдан бирортаси шоирми, шеър ёзадими?
– Қойил қолмадим сизга, амаки! Шу ёшга кириб Абдулла Ориповни билмасангиз!..
– Биламан. Лекин у сенинг аканг экани тушимга кирибдими?!
– Машинани шампунлайми ё кирсовун билан ювамизми?
– Қайси бири яхши?
– Шампунласак, машинангиз энди заводдан чиққандай ялтираб кетади. Лекин кейинчалик бўёғининг оҳори кетиб қолиши мумкин.
“Маҳмадана бўлса ҳам тажрибали экан”, деб ўйладим.
– Унда кирсовун билан ювамиз.
– Хўп бўлади.
– Хўш, шоир Абдулла Орипов киминг бўлади?
– Ҳеч кимим. Умримда кўрмаганман. Биз уйда шунақа – “Абдулла ака”, “Эркин ака”, “Омон ака” деб атаймиз. Тўғрироғи, онам шунақа гапирадилар.
– Онанг шеър ёзадими?
– Ёшлигида ёзган бўлсалар керак. Лекин доим шеър ўқийдилар. Абдулла Ориповнинг, Эркин Воҳидовнинг китобларини ёддан биладилар. Сиз ҳали укамни билмабсиз! Унинг шеър ўқишини кўрсангиз, оғзингиз очилиб қолади.
– Ота-онанг нима иш қилади ўзи?
– Онам – мактабда адабиёт ўқитувчиси. Дадам нима иш қилишини билмайман. Бизни ташлаб кетган.
– Э, э, шундай де…
Шундай маърифатли аёлни, зукко ва меҳнаткаш болаларини ташлаб, бошқа хотиннинг этагини тутиб кетган номард эркакни бўралаб сўкким келди-ю, лекин фойдасиз.
Мени бутунлай ром этган бу суҳбатни қандай давом эттиришни билмай ўйланиб қолдим.
– Ҳеч лагерда дам олишга борганмисан, Анвар?
– Бўмасам-чи! Ҳар йили бораман. Кумушконга. Зўр жой. Бу йил фақат укамни жўнатдик. Ўзим боролмасам керак.
– Нега?
– Онам балнисадалар…
– Онангга нима бўлган?
– Рак. Жағларидан. – Анвар оғир хўрсинди. – Челакни ушлаб турасизми, моторнинг устига ағдарилиб кетмасин тағин…
– Қариндош-уруғ, қўни-қўшни, маҳалла-кўй дегандай… қарашиб турибдими? Ёлғиз қийналиб қолмаяпсизларми?
– Қариндош-уруғимиз йўқ. Ота-онам етимхонада катта бўлган. Қўшнилар, маҳалла, мактаб, дўхтирлар – ҳаммаси ёрдам беряпти. Ёзғирсак, ношукрлик бўлади. Лекин, амаки, биласиз-ку, рак ёмон касал. Онам бечоранинг сочлари тўкилиб кетди. Операцияси оғир, дорилари жуда қиммат. Онам, бошимда эркагим бўлганида, шу кўйларга тушмасмидим, деб йиғлаганлари йиғлаган. Мен ўлсам, гўдакларим кимга қолади, дейдилар. Мен эркак бўлмай кимман, дейман. Сиз ўлмайсиз, дейман. Қанча пул керак бўлса – пул, қандай дори керак бўлса – дори, ҳаммасини ўзим топаман, дейман. Сизни ўзим тузатиб оламан, дейман. Укамга ҳам ўзим қарайман, дейман. Ўтган галги операциясининг ҳамма харажатини ўзим топдим. Барибир йиғлаганлари йиғлаган…
– Уканг неча ёшда?
– Саккизда. Иккинчи синфга кўчди.
– Ҳозир ким билан турибсизлар?
– Укам иккаламиз, холос. – У ариқдан челакни тўлдириб сув олди-да, кабинанинг устига сепиб юборди. – Юнусободда икки хонали уйимиз бор. Овқат пиширишни ҳам, кир ювишни ҳам биламан. Онамдан хабар олишга ҳам улгурамиз.
Томоғимга нимадир тиқилгандай бўлди. Миқтигина, катта-катта кўзлари порлаб турган, гапдон ва серҳаракат бу бола билан хайрлашар эканман, ўттиз минг сўм узатдим.
У пулни санади ва ўн мингини қайтарди:
– Йигирма мингга келишган эдик, амаки. Лафзимни бузманг. Инсоннинг эти – ҳаром, лафзи – ҳалол.
– Олақол, бизнинг ҳисобдан уканг билан бир марта музқаймоқ олиб есанглар нима бўпти!
– Раҳмат, амаки. Музқаймоққа ўзимизнинг пулимиз бор. Худога шукр, ҳаммасига етади. Лекин келиб туринг…
“Тафаккур” журнали, 2013 йил 2-сон.