Воймир Асенов – таниқли болгар шоири. Болгариянинг Петрич шаҳрида туғилган. Йигирмага яқин шеърий тўпламлари нашр этилган. Кўплаб миллий адабий мукофотлар билан тақдирланган. Қатор шеърлари инглиз, француз, ҳинд ва бошқа тилларга таржима қилинган.
БИЛЛУР
Севар эдим сени, муҳаббат,
Исминг нақши чекилмиш жонга.
Бугун тавба кунидур албат,
Сажда қилгум сен бор томонга.
Эҳтиросинг буюк, телбаваш —
Этар бизни жаннатдан жудо.
Сени қўмсаб, изладим яккаш
Зоҳидмасман, кечирсин Худо.
Пайдо бўлдинг қаршимда, жўшқин
Оламингни этиб намоён.
Ўт гирдоби ичра ёнардим,
Алдамадинг сен мени шу он.
Қалбим ўтда айладинг абгор —
Аммо қалқдим Қақнус қушидай.
Севги, боққин, тўрт атрофинг қор —
Сен гўзалсан ошиқ тушидай!
Бугун яна чорладинг қайта,
Куйинг ичра биллурий садо…
Пешвоз чиқгум, сен аввалгидай
Ҳузуримга қайтарсан, илло!
Рус тилидан Гулноз Мўминова таржимаси