Пенчо Славейков (1866-1912)

Пенчо Петков Славейков (27 апрель 1866, Трявна, Болгария — 28 май 1912, Брунате, Италия) — болгар шоир, адиб. Таниқли болгар шоири Петко Славейковнинг ўғли. “Эпик қўшиқлар”, “Бахт тўғрисида тушлар”, “Хушбахтлар оролида” каби кўплаб адабий асарлар яратган.

* * *

Куз барглари қовжироқ, заъфар,
Ерга сочар уларни бўрон.
Қадамимдан синар хазонлар,
Соясидан айрилмиш ўрмон.

Хазонларнинг шивирлашларин
Соясидан айри ўрмонда,
Англагайман кузнинг бўрони
Мени ерга қулатганган онда

КЕЧА КЎЗ ЁШ ТЎКАР…

Кеча кўз ёш тўкар сокин ва сўзсиз,
Аччиқ алам билан тан олар, эссиз:
Оппоқ кун Кечани олмас ёдига,
Оппоқ кун ҳеч қачон етмас додига.
Билишни истамас: у нега маҳзун,
Бу теран ва абад қайғу не учун?

Тонг нурли жамолин кўрсатган чоғлар,
Майсалар бўйнида шудринг мунчоқлар.
Бу шаффоф томчилар қайноқ, шашқатор,
Лек сира ачинмас Кун деган ғаддор.
Боқар — табассуми ёрқин ва майин,
Гўё бу ғуссага дахли йўқдайин.

***

Тушимда ҳам, ўнгимда ҳам, ёр,
Жамолингга этдинг маҳлиё —
Бамисоли тундай фусункор
Нур сочувчи кундуздай гўё.

Соғинаман кундузи тунни,
Соғинчларим азоб жонимга.
Тунлар эса туш кўриб кунни
Чорлагайман уни ёнимга.

Рус тилидан Гулноз Мўминова таржималари