Буробия Ражабова. “Кимки деҳқонлик айлади пеша…”

http://n.ziyouz.com/images/alisher_navoiy2Алишер Навоий “деҳқон” атамасини ўз асарларида подшоҳларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тобелари — тўрт гуруҳнинг тўртинчиси, яъни зироат аҳли, зироатчиларга нисбатан қўллаш билан бирга, ушбу атамани Аллоҳ — яратувчи маъносида ҳам ишлатади. Бундай маъно “Ҳайрат ул-аброр” достонининг “Кўнгил таърифида” бобидаги қуйидаги мисраларда шундай ифодаланган:

Субҳи азал қилди чу деҳқони сунъ,
Одамий хокийни гулистони сунъ —

дейди улуғ шоир.

Навоий шон-шараф ва қадри беҳад юксак, барча айблардан холи, моддий ризқларни яратувчи ­деҳқонни «Маҳбуб ул-қулуб» асарининг ўттиз биринчи фасли — “Деҳқонлар зикрида» шундай таърифлайди: «Деҳқонки, дона сочар, ерни ёрмоқ била ризқ йўлини очар. Агар ростлиқ ва салоҳи бордур, уйи солиҳ ноқасидин намудордур. Қўши ҳам икки зўр паҳлавон, юкига бўюн сунуб олида равон; иш қилурда ҳамдам ва ҳамқадам, деҳқон аларни суради андоқки одам. Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин. Ҳар қаён қилсалар ҳаракат, элга ҳам қут еткурур, ҳам баракат.

Деҳқонки, тузлик била дона сочар, ҳақ бирига етти юз эшигин очар. Сочқон дона кўкаргунча, ўруб хирмон қилиб, маҳсулин кўтаргунча қурту қуш андин баҳраманд ва дашт ваҳши анинг била хурсанд. Мўрлар уйи андин обод ва гўрлар хотири анинг бирла шод. Кабутарларга андин мастлиқ, тўрғайларга андин нишотга ҳамдастлиқ. Ўроқчига андин рўзи, бошоқчининг ёруб андин кўзи.

Барзагарга андин ком ҳосил, пуштакашга андин мурод восил. Гадо андин тўқ, кадхудо тўқлуги ҳам андин ўқ. Мусофирга андин таом, мужовирга андин ком. Итмоқни танури андин қизиқ, аллоф бозори андин иссиқ. Фуқаро ризқи вофий, гурабо қути андин кофий. Зоҳидга андин ҳузури тоат, обидга андин лофи қаноат. Сойил харитасида андин муҳайё ақтои шоҳ хизонасида андин баҳру кон матои.

Деҳқоннинг бир дона сочарида бу ҳолдур, ўзга ишлари таърифи маҳолдур.

Боғи жаннатдин намудор, полизида руҳ қути падидор. Ашжорининг ҳар бири чархи ахзар, ул шажар ва раёҳин ва фавоқиҳи нужум ва ахтар. Фуқаро сирка ва душоби андин, ағниё нуқлу майи ноби андин.

Гуногун фавоқиҳ билаким боғда тазйин, чаман мулкида боғланиб таъбия ва ойин.

Мундоқ киши керакки, бухлдин муарро бўлса ва кизбу имсоқдин мубарро. Шоҳ молин берурдин ибо қилмаса ва забун шерикка жафо қилмаса, то донаси дурри саодат бар бергай ва тухум сочиб, анжуми улуви рифъат тергай. Мундоқ одамнинг фарзанди халифадур, балки марзуқлар анга фарзанд ва ул Одами Сафийдур.

Қитъа:

Кимки деҳқонлик айлади пеша,
Дағи нон бермак ўлди анга шиор.
Бўйла кимса улувви рифъатдин,
Одам ўлмаса, одамий худ бор».

Назаримизда, Навоийнинг бу таърифида деҳқон ҳақидаги барча ҳақиқатлар ўз ифодасини топган.

Биринчидан, еттита жонли-жондорнинг, ҳар хил ижтимоий тоифадаги ўн саккиз нафарнинг ризқини тадрижий усулда бирма-бир санаб кўрсатадики, бу бизга «ҳар бир банданинг ейдирган бир парча нони олтмиш қўлдан ўтиб, унинг оғзига ­тушадур» (Алихонтўра Соғуний. “Тарихи Муҳаммадий”. “Шарқ”, 2007. 37-бет) деган машойихлар ­ҳикматини эслатади.

Иккинчидан, таърифда деҳқон билан боғлиқ барча муомала-муносабат ҳамда мулк шаклларини кўрсатиб, деҳқон ўзининг заҳматли ишлари натижасида элга, шоҳга, барча тирик жонларга розилик келтиради, деган Навоийнинг ихлоси акс этган.

Навоий темурийлар замонига яраша бу ижтимоий табақанинг бутун асбоб-шароитларини тўлиқ баён қилар экан, Амир Темур ва темурийларнинг деҳқонга яхшилик қилишни қонун даражасига кўтарганини ёдга солади. “Темур тузуклари”нинг иккинчи қисмида қонун кучига эга бўлган 27 та тузук ўрин олган. Улардан бирида шундай дейилади: «…Деҳқонлар ва раиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-тикин учун зарур уруғ ва асбоб тайёрлаб берилсин» (Темур тузуклари. Сўзбоши муаллифи ва масъул муҳаррири Муҳаммад Али. “Шарқ”, 2005. 80-бет). Ёки Шоҳруҳ мирзо ўғли Улуғбек мирзога Мовароуннаҳр ва Туркистон мамлакатининг бошқарувини бағишлар экан, бу ҳақда тарихчи Абдураззоқ Самарқандий ўз китобида шундай ёзади: «…Оталик шафқати юзасидан подшоҳона илтифоти билан ўнга яқин насиҳат сўзлади. Насиҳатларидан бири эса олам ободлигининг сабаби ва одамзод ризқининг воситаси бўлмиш деҳқонларни зулму адолатсизликдан ҳимоя қилиб, адлу инсоф билан (ўзингга) яқин қилгин» (“Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”. 2-жилд. Биринчи қисм. “Ўзбекистон”, 2008. 161 — 167-бетлар).

Алишер Навоийнинг деҳқонлар портретига чизгиларини иккига, яъни анъанавий изоҳлар ва янги бадиий топилмаларга тасниф қилиш мумкин. Анъанавий ўринлар азалдан мавжуд бўлиб, булар Навоийга қадар яратилган «Авесто» тарихий-адабий ёдгорлигида, Носир Хисрав ижодида, Кайковуснинг «Қобуснома»сида, Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» каби асарларда берилган бадиий лавҳалардир. Демак, шу ўринда анъанавийликни бирма-бир изоҳласак. «Авесто»да: «Эй оламни яратган зот! — Эй ҳақиқат! Заминни ҳаммадан кўра кўпроқ бахтиёр қилган тўртинчи шахс ким? Ахура Мазда жавоб берди: — Эй Сипийтаман Зардушт!

У ҳаммадан кўп буғдой, гиёҳ ва мевали дарахатлар эккан зотдир! У қуруқ ерларга сув чиқарган ва сувли ерларни шудгор қилган зотдир (“Авесто”. Тарихий-бадиий ёдгорлик. “Шарқ”, 2001. 113 — 115-бетлар).

“Авесто”да тўртинчи шахснинг омочи билан заминга бахт ато этиб, ўз ўрнида заминдан неъматлар олиши дуо тарзида айтилса, Навоийда эса деҳқоннинг қўши билан қилган биргаликдаги саъй-ҳаракати элу юртга қут-барака, хонадонларга маъмурлик олиб келиши — барча тирикчиликнинг тузалишидир, деб баҳоланади.

Жаҳонгашта ижодкор Носир Хисрав етти йиллик сафари давомидаги кузатувларини «Сафарнома»да ёзиб қолдирган. Унда баъзи юртлардаги ўзига хос деҳқончилик ишларига ҳам тўхталган ўринлар талайгина. Муаллиф ўз ўрнида ҳар хил касб эгалари орасида деҳқон меҳнатини, айниқса, кўкка кўтариб шарафлайди:

Косибдан ҳам жаҳонда деҳқон ортиқ.
Ҳамма жондорга этмиш ризқ тортиқ.
Жаҳон хуррамлигин боиси деҳқон.
Унинг бирла экинзор боғу бўстон.
Бу ишдан яхши оламда не бордур,
Бу иш Одам Атодин ёдгордир.

(Носир Хисрав. “Сафарнома”, “Шарқ”, 2001. 4-бет).

Деҳқон мадҳини Носир Хисрав шеърий шаклда ёзади ва деҳқонни фариштадан устун қўяди, жафокаш, паҳлавон дея алқайди. Навоий деҳқон мадҳини насрий усулда ифодалаган бўлса-да, зийрак ўқувчи ҳар иккала ижодкорнинг деҳқон ва иш қуроли, деҳқон ва ризқ, деҳқон ва ободлик масалаларига алоҳида урғу берганига эътибор қаратади. Деҳқончилик Одам Атодан ёдгор эканига Навоий талмеҳ санъати воситасида ишора қилади.Ушбу ишора жавоби Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” ва “Рисолаи тийр андохтан”нинг Одам Ато нақлида берилган.

Кайковус “Қобуснома” асарининг 43-бобини “Деҳқончилик ва бозор пешалари баёни зикрида” деб номлар экан, насиҳат тарзида фикрларини шундай баён қилади: “Эй фарзанд, агар деҳқон бўлсанг, барча деҳқондан шинастароқ (билимдонроқ) бўлғил ва ҳар бир экинни эксанг вақтидан ўтказиб экмағил. Агар вақтидан ўн кун бурун экканинг икки кун вақтидан сўнг экканингдан яхшироқдур…” (Кайковус. Қобуснома. “Ўқитувчи”, 2006. 181-182-бетлар).

Кайковус ҳам, Навоий ҳам ўз асарларида ­деҳ­қонлар таърифига алоҳида фасл, боб ажратган. Бироқ Кайковус деҳқончиликнинг баъзи ­сир-асрорларини ўғлига насиҳат тарзида “буни ҳам ўрганиб қўйсанг яхши бўлади”, деган орзу-истак сифатида баён этган. Навоийнинг “Деҳқон зикрида”ги фикрларида эса ўттиз йилдан ортиқ давлат ишида ишлаган, сувсиз ерларга сув чиқарган, сув тўғонлари қурган, деҳқонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган хайрул башар амирнинг ҳаётий нозик кузатишлари акс этган.

“Қутадғу билиг” асаридаги қаҳрамонлар Ўгдулмиш билан Ўзғурмиш орасида бўлиб ўтган савол-жавобда деҳқонларни “Булар мутлақо керакли кишилардир”, деган ҳурмат, эҳтиром таъкидланади:

Тағин бир тоифаси деҳқонлардир.
Булар мутлақо керакли кишилардир.
Булар билан сен аралаш ҳамда қовуш,
Томоқ жиҳатидан сен ташвишсиз яша.
Ҳамма қимирлаган(жон)га булардан манфаат бўлади…
Деҳқон кишилар қўли очиқ бўлади,
Кўнглини Худо берганидан ҳам зиёда кенг тутади.
Бутун ер юзидаги ҳамма қимирлаган жоннинг,
Юрадиганларнинг овқати-ю, учадиганларнинг дони улардан,
Ўзинг булар билан аралашгин, қўшилгин,
Тилда яхши сўзла, юзингни очиқ тут”.

(Юсуф Хос Ҳожиб. “Қутадғу билиг”. “Фан”, 1971. 659 — 661-бетлар).

Юсуф Хос Ҳожиб сингари Навоий ҳам ўз асарларида ўндан ортиқ: шамшир, қалам, муомала, зироат аҳлига ўз даври нуқтаи назаридан баҳо берган. Ҳукмдорнинг, элнинг ва бошқа “нафас олувчи”ларнинг бутун ҳаёти деҳқон меҳнати туфайли эканини кўрсатган.

Навоийгача бўлган деҳқонлар ҳақидаги дуо, таъриф, тавсифу эътирофлар ҳамда Навоийнинг деҳқонлар зикридаги насрий қасидасидан англашимиз мумкин бўлган хулоса шуки, ҳамма нарса деҳқон меҳнати шарофатидир, деган тарих шиори, ҳаёт шиори, ижодкорлар шиоридек талқин қилинади. Деҳқонларнинг инсоният фаровонлиги йўлида меҳнатидан, ризқу баракатидан “ҳамма қимирлаган(жонлар)лар манфаат кўриши” ўз бадиий ифодасини топган.

Ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Навоий халқ насрининг сажъ санъатига катта эътибор бериб, сочар-очар, бордур-намудордур, паҳлавон-равон, маъмурлиғ-масрурлиғ, ҳаракат-баракат, рўзи-кўзи, ҳосил-восил каби йигирматача саж гуруҳини “Деҳқонлар зикрида”нинг бошидан охиригача қўллаган.

“Мулку миллат ишларини равнақ эттириш билан банд” (Давлатшоҳ Самарқандий) шоирнинг хулосаси қитъа воситасида берилади: “Қўши ҳам икки зўр паҳлавон, юкига буюн сунуб оллида равон; иш қилурда ҳамдам ва ҳамқадам, деҳқон аларни суради андоқки одам”. Бу таърифда деҳқон меҳнати — ерга ишлов бериш жараёни, кучи билан боғлиқ ҳаётий лавҳа жонланади. “Барака хирмонда эмас, бир дона буғдойда” деган халқ мақолидаги “бир дона” рамзий образини шоир “Деҳқоннинг бир дона сочарида бу ҳолдур, ўзга ишлари таърифу маҳолдур”, дея ҳаётга ва ақлга ёқадиган қилиб тасвирлайди. Улуғ амир “бир дона” рамзий образида ҳар йили деҳқончиликнинг умумий унумларидан қирқдан бирини Худо йўлида – закот топширмоқ фарзлигига ҳам ишора қилган. Деҳқоннинг “бир дона”си дунё тирикчилигига ёки охиратга фойда бериши айтилади. “Бир дона” образида улкан бир дунёни, оламни тушунган шоир ҳайрат билан деҳқонга “бир дона”нинг етти юзтага айланишини Оллоҳ таолонинг яратувчилик қудратидан, касби кордаги тўғрилик, ростликнинг баракатидан нишона, деб билишни уқтиради ва ўз ҳайратларига деҳқонни ошно қилади. Шоир юқоридаги фалсафий қарашларини “Ҳайрат ул-аброр”нинг “Карам васфида” бобида лирик шаклда ҳам ифодалаган:

Мазрааи базлда сочмоқни туз,
Ким бирига Тенгри берур етти юз.

Яъни эҳсон экинзорига дон сочишни одат қил. Шунда биттасининг ўрнига етти юзтасини беради.

“Ҳайрат ул-аброр”нинг “Деҳқонлар зикрида” фаслини, қадимги қоидаларга кўра “танти” сифатлашини, “бобо” кунясини олган ер султони, ер тарбиячиси танти бободеҳқонлар ҳақидаги фахрия, мукаммал портрет, дея оламиз.

Буробия Ражабова,

ЎзР ФА Алишер Навоий ­номидаги Тил ва адабиёт ­институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 10-сонидан олинди.