Владимир Тюрденев: “Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда”

20 декабрь куни Тошкентдаги “Пойтахт” бизнес марказида Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев иштирокида анъанавий матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуман аввалида Анқарадаги террорчилик хуружи оқибатида ҳалок бўлган Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карлов хотирасига сукут сақланди.

Шундан кейин элчи В.Тюрденев Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг иқтисод, сиёсат, маданият ва илм-фан жабҳаларидаги бугунги аҳволига тўхталиб ўтди.

“Россия–Ўзбекистон алоқалари жорий йилда изчил ривожланганини мамнуният ила қайд этишни истардим”, – деди Россия элчиси.

В.Тюрденев икки мамлакат раҳбарлари ўртасида яқин дўстона муносабат мавжудлиги, олий даражадаги учрашувлар мунтазам йўлга қўйилганини билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилда икки мамлакат ўртасида Ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши, “Лукойл” компанияси томонидан Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилишининг бошлангани ҳамкорлик самарали кечаётганидан далолат беради.

Россия элчисининг маълум қилишича, жаҳондаги беқарор молиявий вазият икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмига таъсир кўрсатмоқда. Аммо айни пайтда савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистондан Россияга мева ва сабзавот экспортини кўпайтириш режалаштирилмоқда.

“Ўзбекистон томони статистикасига кўра, жорий йилниг 9 ойида ўзбек мева-сабзавотининг Россияга экспорти уч бараварга – 90 минг тоннага қадар ошди. Айни пайтда икки томон Россияга Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириш мақсадида “яшил коридор” ташкил этиш имкониятларини муҳокама этмоқда”, – деди В.Тюрденев.

Маданий-гуманитар соҳада алоқаларни шарҳларкан, элчи  Ўзбекистон фуқаролари Россияда таҳсил олаётган хорижликлар сони бўйича пешқадам ўринда туришини қайд этди. Бу борада биргина 2016 йили 4 минг нафар ўзбекистонлик абитуриент Россия олий ўқув юртларига қабул қилинганини эслаб ўтиш кифоядир. Умуман, илм-фан соҳасидаги робитани мустаҳкамлаш мақсадида йил давомида ўнлаб учрашув, адабий кеча, анжуман ва семинарлар уюштирилди.

В.Тюрденев ўз чиқишида Россия Федерациясига ихтириёрий кўчиб бориш дастури тўхтатилгани хусусида хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.

“Жорий йилнинг апрелида мазкур дастурни олиб бориш ваколатлари Федерал миграция хизматидан Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигига ўтказилди. Мазкур ўзгариш дастур ижросига ҳам таъсир этди. Аммо дастур ҳали-ҳамон давом этмоқда ва унинг ёпилгани ёки вақтинча ёпилгани хусусидаги овозолар асоссиздир”, – деди элчи.

Элчи В.Тюрденев Россия Марказий Осиёдаги стратегик ҳамкори Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга бундан кейин ҳам катта аҳамият қаратишини таъкидлади.

Тадбир якунида матбуот, радио, телевидение ва интернет нашрлари журналистлари ўртасидаги ижодий танлов натижалари эълон қилинди. Икки давлат ҳамкорлигининг турли соҳаларига оид энг яхши материаллар муаллифлари Россия элчихонаси томонидан мукофотланди.

Элчи В.Тюрденев иштирокидаги матбуот анжуманида, шунингдек, Россиянинг Ўзбекистондаги Савдо вакили ўринбосари Л.Покровский, Россия илм-фан ва маданият маркази раҳбари В.Шулика ҳамда Россия элчихонаси масъул ходимлари ҳозир бўлди.

Собир Салим