Туркия элчиси Аҳмет Башар Шен улуғ мутафаккир Алишер Навоийга эҳтиромини билдирди

Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг турк тамаддунида тутган ўрни улкан эканини таъкидлади.

9 февраль куни Тошкент давлат шарқшунослик институти туркология кафедраси, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети турк тили бўлими ҳамда Тошкентдаги турк мактаби ўқитувчилари билан учрашган элчи ўзбек зиёлиларини Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги билан қутлади.

Элчи Аҳмет Башар Шен Туркияда Алишер Навоий шахсига қизиқиш баланд экани ва шоирнинг ижодий мероси чуқур ўрганилаётганини қайд этаркан, ўзи ҳам улуғ мутафаккир асарларидан намуна ўқиди.

Дипломат қардош ва дўст Ўзбекистонда фаолият бошлаганидан мамнунлигини ўзбек тилида изҳор этди. Шу билан бирга, турк тилига жуда яқин бўлган ўзбек тилини у қадар машаққатсиз ўрганаётганини таъкидлади.

Элчи икки қардош халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашда зиёлилар, тил ўқитувчиларнинг ўрни катта эканига урғу берди.

“Туркия ва Ўзбекистонда турк ва ўзбек тилини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватласак, ушбу тилни мукаммал биладиганлар сонини қанча кўпайтирсак, халқларимиз ўртасидаги қардошлар муносабатларини ҳам шунча мустаҳкамлаган бўламиз. Ушбу учрашув мазкур хайрли мақсад йўлидаги дебочадир”, – деди элчи Аҳмет Башар Шен.

Учрашув давомида Тошкент давлат шарқшунослик институти туркология кафедраси мудири Зилола Худойберганова  ва тадқиқотчи Холида Имомова икки халқ ўртасидаги илмий-маданий алоқалар хусусида сўзлади.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмет Башар Шен 2016 йил 13 декабрдан Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Собир Салим

Шу мавзудаги мақола:

Аҳмет Башар Шен: “Туркия–Ўзбекистон дўстлик алоқаларини янада юксалтиришга бел боғлаганман”. 28.01.2017


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!