Аҳмет Башар Шен: “Туркия–Ўзбекистон дўстлик алоқаларини янада юксалтиришга бел боғлаганман”

Туркиянинг Ўзбекистондаги янги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен 27 январь куни оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди. Дўстона руҳда ўтган учрашувда туркиялик дипломат қардош Ўзбекистонда элчилик фаолиятини бошлаганидан мамнунлигини билдирди.

“Мен Туркия Республикаси дипломати сифатида ота юртимиз саналган Ўзбекистонда фаолият юритишни шараф деб биламан. Тили, дини ҳамда маданияти муштарак бўлган дўст ва қардош ўлкага элчи сифатида тайинланишим менга ифтихор бағишлайди”, – деди Аҳмет Башар Шен.

Элчи айни пайтда мамлакатларимиз ҳамкорлигида янги саҳифалар очилаётгани, бу борада Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг 2016 йил 17-18 ноябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи муҳим ўрин тутганини таъкидлади.

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи (ҳозирда Ўзбекистон Президенти) Шавкат Мирзиёев ва Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўртасидаги музокараларда икки мамлакат ҳамкорлиги мавжуд имкониятларга мос эмаслиги, бу борада фойдаланилмаган имкониятлар талай экани қайд этилган эди. Олий даражадаги музокаралар якунида эса Тошкентда Ўзбекистон–Туркия ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш, унинг доирасида Ўзбекистон–Туркия сармоявий форумини ташкил қилишга келишиб олинган эди.

Элчи Аҳмет Башар Шен айни пайтда қўшма комиссия ва сармоявий форумни муносиб даражада ташкил этиш учун тайёргарликлар амалга оширилаётгани, икки давлат ўртасида делегациялар алмашуви кутилаётганини маълум қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан

Сир эмас, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини дунёда биринчи бўлиб 1991 йил 16 декабрда тан олган. 1992 йил 4 мартда эса икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган.

Туркия элчиси жорий йилда дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлиши ва бу муҳим сана эканини таъкидлади.

“2017 йил мамлакатларимиз ҳамкорлигида янада юксалиш йили бўлишига ишонаман. Умуман, қардош ўзбек заминидаги элчилик муҳлатим мобайнида дўстлигимизни бундан-да мустаҳкамлаш йўлида бор куч-ғайратимни ишга соламан. Зеро, Ўзбекистонга бир олам эзгу мақсадлар билан ташриф буюрганман”, – деди туркиялик дипломат.

Аҳмет Башар Шен 2016 йил 13 декабрдан Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда. У мазкур муддат давомида икки бора – 2016 йил 28 декабрь ва 2017 йил 19 январь кунлари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама этди.

Қолаверса, дипломат жорий йил январда Анқарада ўтган IX Элчилар анжуманида қатнашиб, Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим қабулида бўлган ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик хусусида суҳбатлашган.

Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим билан

Яқинда элчи Аҳмет Башар Шен Twitter ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифаси орқали Самарқанд шаҳрини зиёрат қилгани хусусида маълум қилиб, тарихий обидаларнинг фотосуратларини илова қилди. Бундан ташқари, дипломат шахсий саҳифа орқали Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейи зиёратига оид суратлар билан ўртоқлашди.

Туркиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси Аҳмет Башар Шен 1967 йилда туғилган. 1988 йили Анқара университетининг Сиёсатшунослик факультетини тамомлаган. Дипломат, шунингдек, Истанбул университетида Европа Иттифоқи ҳуқуқий тизими, Штутгарт университетида эса сиёсатшунослик ҳамда олмон тили ва адабиёти йўналишларида таҳсил олган. Туркия ташқи сиёсат маҳкамасидаги фаолиятини 1996 йили бошлаган. Шу тариқа у 20 йил давомида Ташқи ишлар вазирлигининг турли бошқармаларида, шунингдек, Туркиянинг Берлин ва Минскдаги элчихоналарида, Нью-Йоркдаги бош консуллигида масъул вазифаларни бажарган. Аҳмет Башар Шен Ўзбекистонга келгунга қадар (2012-2016 йиллар) Туркиянинг Берлиндаги бош консули сифатида фаолият юритган.

Собир Салим