Шуша оккупациясига 25 йил тўлди

Озарбойжоннинг кўҳна тарихий-маданий маркази – Шуша шаҳри босиб олинганига 25 йил тўлди. 1992 йилнинг 7-8 май кунлари 250 йиллик тарихга эга шаҳар Арманистон қуролли кучлари томонидан оккупация қилинган эди.

Озарбойжон матбуотига кўра, Қорабоғдаги Арманистон ҳарбий операцияларида 876 та аҳоли пункти, 7000 га яқин саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари, 4366 та маданий объект, 616 та мактаб, 242 та мактабгача таълим муассасаси, 397 та шифохона, 10 та поликлиника, 10 та туғруқхона, 76 та аптека, 4 та санаторий ва 10 та масжид вайрон этилган. Шу жумладан, бир замонлар гуллаб яшнаган Шуша шаҳри бошига ҳам кулфатлар ёғилган.

Қорабоғ хонлиги юрагида жойлашган Шуша шаҳри кейинги асрларда мураккаб синовларга рўбарў бўлди. 1751-1797 йилларда шаҳарга форс хонлари кетма-кет босқинлар уюштирди. 1805 йилда шаҳар тинчлик илинжида Русия империяси таркибига кирди. Аммо Русия империяси колониал сиёсат юритиб, Қорабоғ хонлиги, жумладан, Шуша шаҳрига армани миллатига мансуб аҳолини кўчириб келтирди. Яъни, мутахассислар Қорабоғни эгаллаш кўп асрлик мустамлака режаси экани, 1992 йилдаги уруш эса ўша режанинг мантиқий якуний эканини тахмин қилади.

“Шуша оккупацияси пайти 480 нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилган, 600 дан ошиғи жароҳатланган, 22 мингдан зиёд аҳоли киндик қони тўкилган ватанида қочқинга айланган. Бундан ташқари, 68 киши, жумладан, аёллар ва болалар асир олинган. 6800 хўжалик, 44 мактаб, 279 маданий обида, жумладан, бир қанча масжид ва уй-музейлар вайрон қилинган”, – дейди Америкадаги Монтана университети профессори Томас Гольц.

Мазкур шаҳар асрлар давомида Озарбайжоннинг маданият ўчоқларидан бири бўлиб келган. Қорабоғ хонлиги пойтахти бўлган шаҳарда юз йилликлар мобайнида улуғ санъаткорлар, шоир ва мусаввирлар яшаб келган. Масалан, Озарбайжон мумтоз мусиқаси отаси, мусулмон оламидаги илк опера муаллифи Узайр Ҳожибеков ҳам шу шаҳарда таваллуд топган. Шуша Озарбайжон муғоми ватани ҳамдир.

1988 йили Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибидан чиқиш ҳақида баёнот бергач, бир неча йил давомида ҳарбий тўқнашувлар давом этган. 1994 йил май ойида томонлар ўт очишни тўхташ борасида келишувга эришган. Икки давлат ўшандан буён ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ва Россия, Франция, Германия ҳамда АҚШ иштирокида муаммо ечими борасида музокаралар юритиб келмоқда.

Расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ўз ҳудуди эканини таъкидлаб келади. Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.

С.Салим


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!