Меҳмет Акаржа: “Туркияни парчалаб ташламоқчи бўлган кучларнинг умиди чиппакка чиқди”

2016 йилнинг 15 июль санаси замонавий Туркия тарихидаги бурилиш нуқтаси бўлди. Бу ҳақда Туркия Республикаси Бош вазири девони ҳузуридаги Матбуот ва ахборот бош бошқармаси раҳбари, Бош вазир маслаҳатчиси Меҳмет Акаржа (Mehmet Akarca) 17 октябрь куни Анқарада ўтган  “Тарих ва миллий бирликни англаш” мавзусидаги халқаро анжуманда маълум қилди.

Марказий Осиё ҳамда Озарбойжондан келган журналистлар билан учрашган Меҳмет Акаржа 15 июль кунги давлат тўнтаришига уриниш ҳақида батафсил маълумот берди.    

“FETÖ террорчи ташкилоти 40 йил давомида яширин равишда фаолият юритиб, давлат идораларига ўз тарафдорларини киргизишга уринган. Мазкур террорчи ташкилот шу қадар махфий иш тутганки, ҳатто Туркия Президентига яқин бўлган ва унинг хавфсизлигига масъул бўлган мансабдорлардан бири FETÖ террорчи ташкилоти тарафдори бўлиб чиқди. Менга қолса, уларни фаришта қиёфасидаги шайтонлар деб атаган бўлар эдим”, – деди Меҳмет Акаржа.

Бош вазири девони ҳузуридаги Матбуот ва ахборот бош бошқармаси раҳбарига кўра, мамлакат етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг жасорати ва турк халқининг бирдамлиги туфайли бир гуруҳ хоин ҳарбийларнинг давлат тўнтаришига уриниши муваффақиятсиз якунланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 июль куни Туркияда давлат тўнтаришига уриниш рўй берди. Туркия раҳбариятига кўра, мазкур жиноят АҚШда яшаётган Фатҳулла Гулен ва унинг террорчи ташкилоти томонидан уюштирилган. Расмий Анқара АҚШдан Фатҳулла Гуленни Туркияга экстрадиция қилишни сўраб мурожаат йўллаган.

Давлат тўнтаришига уриниш вақтида 240 дан ошиқ шаҳид бўлган, 1500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Ҳарбий исён халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.

Меҳмет Акаржа журналистлар билан учрашувда 15 июль фитнаси ортида дунёнинг йирик салтанатлари – геосиёсатнинг катта ўйинчилари турганини ҳам қайд этди.

“Давлат тўнтаришига уриниш ортида йирик салтанатлар тургани сир эмас. Террорчилар эса уларнинг қўлида қурол бўлди, холос. Ғанимлар ягона Туркияни парчалаб, пароканда қилмоқчи бўлишди. Барқарор мамлакатни Сурия, Ироқ каби ҳарб майдонига айлантиришга қасд қилишди. Аммо қасд қилганлар паст бўлди. Туркияни парчалаб ташламоқчи бўлган кучларнинг умиди чиппакка чиқди.  80 миллион нуфусли турк халқи бир тану бир жон бўлиб демократик тузум ва фаровон ҳаётни ҳимоя қилди”, – деди Меҳмет Акаржа.

Кўр ҳассасини бир марта йўқотади деган гап бор. Матбуот ва ахборот бош бошқармаси раҳбарига кўра, Туркияда рўй берган мазкур фитнадан Марказий Осиё давлатлари ҳам керакли хулоса чиқариб, хатоларни такрорламаслиги лозим. Хусусан, Фатҳулла Гулен раҳбарлик қилаётган террорчи ташкилотнинг дин, маърифат каби жозибали ғояларига алданиб қолмаслик даркор.

Меҳмет Акаржа бу борада муайян воқеа-ҳодисалар хусусида ижтимоий фикрни шакллантирувчи оммавий ахборот воситаларининг масъулияти катта эканини таъкидлади.

Бу ўринда Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим дунё матбуотини 15 июль воқеаларини ёритишда “қора пропаганда” воситаларидан фойдаланишда айблаганини эслатиб ўтиш жоиз. Бош вазир ҳузуридаги бош бошқарма раҳбари мулоҳазалари ҳам ҳукумат раҳбари фикрларига ҳамоҳанг янгради.

Аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон демократик йўл билан сайланган давлат бошқаруви идораларига қарши чиққан ҳарбийларни cаратон ўсмасига ўхшатган ва барча бошқарув органлари бундай вируслардан тозаланишини айтган эди.

Туркиянинг яқин тарихига назар солинса, 1960, 1971, 1980 ва 1997 йилларда ҳарбийлар давлат тўнтаришларини амалга оширганини кўриш мумкин. Марказий Осиё ва Озарбайжон журналистларининг ташрифи доирасида Бош вазири девони ҳузуридаги Матбуот ва ахборот бош бошқармаси бинoсида мазкур давлат тўнтаришларига бағишланган суратлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Собир Салим

Анқара


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!