Туркия 1992-2016 йиллар давомида ўзбекистонлик талаба ёшлар ҳамда тадқиқотчиларга 2196 та стипендия ажратди. Бу ҳақда Туркия Республикаси Бош вазири девони ҳузуридаги Хориждаги турклар ва қардош жамиятлар департаменти раҳбари ўринбосари Сердар Гундўғон 18 октябрь куни Анқарада ўтган журналистлар билан учрашувда маълум қилди. “Тарих ва миллий бирликни англаш” мавзусидаги халқаро дастурда Марказий Осиё ҳамда Озарбойжондан келган журналистлар иштирок этмоқда.
Сердар Гундўғоннинг таъкидлашича, Туркия ҳукумати дунёнинг бошқа мамлакатлари қатори туркий тилли давлатлар билан маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада эса 2010 йилда Бош вазир девони ҳузурида ташкил этилган Хориждаги турклар ва қардош жамиятлар департаменти катта роль ўйнамоқда. Мазкур муассаса чет элда яшаётган 8-10 миллион чоғли туркларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг миллий ўзлигини асраб-авайлаш йўлида қатор йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Таълим лойиҳалари ҳам департамент фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши саналади.
“Туркия сайёрамизнинг турли ҳудудларидаги мамлакатларга ҳар йили ўртача 5000 та таълим гранти ажратмоқда. Айни вақтда мамлакатимиз олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 90 мингга яқин талабанинг 16 мингтаси айнан Туркия ҳукумати гранти совриндорлари саналади. 1992 йилдан ҳозирга қадар Туркия ҳукумати дунё мамлакатларига 28600 та стипендия ажратди”, – деди Хориждаги турклар ва қардош жамиятлар департаменти раҳбари ўринбосари.
Айни вақтда Туркия Шарқу Ғарб ўртасида маърифий кўприк вазифасини ўтамоқда. Яъни мамлакатда Ғарбнинг илм-фан соҳасидаги сўнгги ютуқлари Шарқнинг маънавий қадриятлари билан вобаста этилмоқда. Шу боис ҳам дунёнинг турли минтақалари қатори туркий тилли давлатлар вакилларининг Туркияда таҳсил олишга қизиқиши ортмоқда.
“Туркий халқлар қардош ва биродар элатлардир. Истагимиз, улар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик янада ривожлансин. Халқлар бир-бирини янада яқиндан танисин, ўзаро ҳамкорлик ришталари янада мустаҳкамлансин. Туркий тилли халқлар ўртасидаги ҳамкорлик, айниқса, бугунги глобаллашув даврида янада долзарб аҳамият касб этмоқда”, – деди Сердар Гундўғон.
Қайд этилишича, бу бора ҳали фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд. Хориждаги турклар ва қардош жамиятлар департаменти айни шу имкониятлардан унумли фойдаланиш йўлида керакли чора-тадбирларни кўришга интилади.
Собир Салим