Европа Иттифоқи элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорликни қандай баҳолайди?

Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан сиёсий жабҳадаги ҳамкорликни жадал ривожлантирмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс 4 май куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Бу борада икки ўртадаги делегациялар алмашуви фаоллашганини қайд этиш лозим. Масалан, 2016 йил октябрда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Брюсселда ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа Комиссияси вице-президенти Федерика Могерини билан музокаралар ўтказди.

Ўз навбатида, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Петер Буриан жорий йилда Ўзбекистонга икки бора ташриф буюрди. Хусусан, жорий йил январдаги ташрифи чоғи Петер Буриан Европа Комиссияси вице-президенти Федерика Могеринининг Президент Шавкат Мирзиёевга мактубини топширди. Мактубда расмий Брюссель Тошкент билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истагини билдирган.

ЕИ махсус вакили ўтган ҳафта ҳам Ўзбекистонда бўлиб, расмий доиралар билан музокаралар ўтказди. Музокаралардан сўнг П.Буриан Ўзбекистонда сўнгги пайтларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолади, жумладан, 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини алоҳида қайд этди. ЕИ Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги маълум қилинди.

Элчи Эдуардс Стипрайс журналистлар билан мулоқотда иқтисодий соҳадаги алоқаларга ҳам тўхталди.

2016 йилда икки томонлама савдо айланмаси 1 млрд 800 млн еврони ташкил этди (бу кўрсаткич 2015 йилда 1 млрд 837 млн евро эди). ЕИ Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари тўртлигидан ўрин олди. Европадан Ўзбекистонга  машиналар, ускуналар, кимё маҳсулотлари, дори-дармон ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилинди. Ўзбекистондан эса Европага кимё маҳсулотлари, тўқимачилик моллари, кийим-кечак, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа хомашёлар юборилди.

“Ҳар икки томон бугунги савдо ҳажми қониқарсиз эканини тан олиб, уни кўпайтириш чораларини кўрмоқда. Бу мақсадда ЕИ ва Ўзбекистон икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни рағбатлантиришга қаратилган турли воситаларини ишга солмоқда”, – деди элчи Эдуардс Стипрайс.

Бу борада Савдо ва сармоя бўйича кенгаш тузиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Қолаверса, ЕИ Ўзбекистондан тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш учун имкониятлар яратмоқда. 2016 йил декабрда  Европа парламентида Ўзбекистондан экспорт қилинаётган пахта ва тўқимачилик маҳсулотларига бож тўловини камайтиришга қаратилган ҳужжат ҳам қабул қилинди.

ЕИ дипломати Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида ҳам маълумот берди. Масалан, 2014-2016 йилларда 2 миллион евролик болалар учун инклюзив таълим лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида 2016-2018 йилларга мўлжалланган инклюзив таълим бўйича Миллий стратегия ишлаб чиқилди.

ЕИнинг кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш йўналишидаги лойиҳаси бўйича ўзбекистонлик 130 нафар ишбилармон ва менежерлар Европанинг 20 мамлакатида малака ошириш имконига эга бўлди. Муваффақиятли амалга оширилган ушбу лойиҳа муддати яна олти ойга узайтирилди.

Бу йил ЕИ маҳаллий логистика бирлашмаларини ҳамда қишлоқ хўжалиги ва туризмни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларга ҳам ҳомийлик қилмоқда. Хусусан, 2014-2020 йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида 168 миллион евро ажратиш кўзда тутилган.

Элчи Эдуардс Стипрайс таълим йўналишидаги ҳамкорликка ҳам юқори баҳо берди.

Шу мавзудаги мақола:

ЕИ делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс Ўзбекистон билан ҳамкорлик хусусида. 28.01.2017


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!