Қўрқув салтанати (Саид Аҳмад ва Ўткир Ҳошимов суҳбати) (1988)

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, СЯ — 928 рақамли собиқ «сиёсий маҳбус» Саид Аҳмад билан суҳбат

Ўткир Ҳошимов. Саид Аҳмад ака! Урушдан яримжон бўлиб келган тоғам бор эди. (Уруш жароҳатлари туфайли кўп яшамади.) Бола эдим. Уйимизга келганида, «урушни гапириб беринг, тоға», деб хархаша қилардим. Тоғам доим битта гапни қайтарар эди. «Қўй, жиян, у кунларни эсимга солма», дерди. Уруш-ку ёмон нарса, минг бир азобни кўрган одам у кунларни тезроқ унутгиси келади. (Бу ҳақиқатни эсимни таниганимдан кейин тушундим.) Аммо одам боласи ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ, қуруқ туҳматга учраса, ҳе йўқ-бе йўқ қамоққа тушса, номи қораланса, шаъни топталсачи?! Фақат ўзи эмас, оиласи, ота-онаси, бола-чақасигача «душман»га айланса-чи? Бу — урушда қон кечишдан кам азоб бўлмаса керак. Урушда-ку, ҳамма нарса ойдин. Ана, рўпарангда душман турибди. Ё уни ўлдирасан, ё ўзинг ўласан. Айбсиз қамалсанг, ўзинг «душман»га айланиб қолсангчи?! Бундан ортиқ хўрлик борми? Айниқса, гуноҳинг йўқлигини, «душман» эмаслигикгни билиб турсанг.

Саид Аҳмад ака! Бир вақтлар «халқ душмани» деб қамалган, партия XX съездидан кейин оқланган талай одамлар билан гаплашишга бир неча бор уриниб кўрдим. Ҳаммасидан худди тоғам айтган жавобни эшитдим. «Қўй, укам, ўша кунларни эсимга солма…» Эсланг-а, Сиз билан ҳам ўша қора кунлар ҳақида суҳбатлашиш ниятида кўп бор гапни айлантириб кўрганман. Ишхонада, уйда, сафарларда юрганимизда… Ҳар қандай вазиятда ҳам Сиз (бошқаларга ўхшаб) «қўй, укам, яхши гаплардан гаплашайлик», деб суҳбат мавзуини буриб юборгансиз. Боиси аён эди. У кунларни эслаш — ҳам оғир, ҳам хавотирли эди. Бугун ўзингиз, юрагингизда тўлиб ётган дардни тўкиб солиш учун суҳбатга таклиф қиляпсиз. Сабаби нима?

Саид Аҳмад. Сабаби кўп. Шу пайтгача кўплар тилини тийиб юрганининг боиси шуки, ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ ўн йил, ўн беш йил, йигирма беш йилга ҳукм қилинган, бир ўзи эмас, авлод-аждодигача «душман» саналган одам эҳтиёткор бўлиб қолади. Сенлар нимани билардинг. «Одиночка» камераларда йиллаб ўтирганлар, кечалари ухламай сўроқ берганлар, фашистнинг концлагеридан баттар шароитда хор бўлганлар, Беломорканалда кафансиз кетган бегуноҳларни кўрганлар, Сибирнинг қаҳратон совуғида қарағай кесганлар, Курил оролларида белигача сув кечиб азоб чекканлар тилини тийиб юришни одат қилади. Тўғри, Хрушчев пайтида «омон-омонлик» бўлди. (Бу жиҳатдан мен ўша одамдан миннатдорман.) Лекин, яхши ниятда бошланган иш ўлда-жўлда бўлиб қолди. Эски хавотир тағин юракни кемира бошлади. «Мабодо ўша замонлар қайтиб келса-чи? Тақдир шамоли тағин тескари эса бошласа-чи?» Ниҳоят мана энди замонлар ўзгарди… Энди ҳаммасини айтса бўлади. Устига-устак ёш ўтаяпти. Эрта-индин етмишга чиқаман… Йўқотадиганимни йўқотдим, қиладиганимни қилдим… Қўлимдан келганича эл хизматида бўлдим. Бир нарсага хурсандман: ўлигим бегона юртларда қолмади. Дўзах азобидан чиқиб келиб ҳам ёздим… Қисматимдан унчаям норози эмасман. Ўзбекистоннинг қай ерига бормай, Саид Аҳмад деса танийдиганлар топилади.

Ўткир Ҳошимов. Узр, ярангизни тирнаяпман. Ростини айтсам, ўша қора кунларни титкилаб ўтириш кўп ҳам кўнгилли эмас. Ҳозир шахсга сиғиниш даврининг фожиаларини очиш ҳақида турли қарашлар бор. Бировлар, «ҳадеб ўтмишни кавлаштириш шартми, бўлар иш бўлди, бу ёғи яхши кетяпти-ку, бундай ҳаракатлар тузумимизнинг моҳиятини қораламасмикин», дейди. Бошқалар (кўпчилик) «йўқ, ҳаммаси аён бўлиши керак, тарихимизда «оқ доғлар» (аниқроғи «қора доғлар») қолмасин, яқин ўтмишда халққа қарши қилинган жиноятларни бутун дунё билсин» деб ҳисоблайди. Бу фикр айниқса, партия XXVII съездидан кейин қатъий тус олди. Менимча, бу гапда чуқур ҳақиқат бор. КПСС Марказий Комитети ҳузурида 34—53-йиллар давомида бегуноҳ бадном қилинганларнинг ҳаммасининг «ишини» (ишчидан тортиб давлат арбобигача, спортчидан тортиб ёзувчигача) синчиклаб ўрганувчи махсус комиссия ишлаётгани бежиз эмас. Мақсад — кимдандир қасос олишдамас. Гап ўша мудҳиш ишларнинг инсониятга қарши жиноят эканини дунёга маълум қилишда. Бундан ҳам муҳими — ўшандай разолатлар такрорланмаслиги керак: сабоқ чиқарадиган пайт аллақачон етди. Биз бугун бу ҳақда очиқ-ойдин гапирмасак, хоҳлаймизми-йўқми, ўша мудҳиш замонни хаспўшлаган бўламиз… Моҳият шунда… Асосий гапга қайтайлик: Сиз қандай қилиб «халқ душмани» бўлиб қолдингиз?

Саид Аҳмад. Эскилар айтади: банданинг боши — Оллоҳнинг тоши. Менинг фожиаларим уйланган кунимдан бошланган. Ҳаётимдаги энг катта байрам фожиа билан аралашиб кетган.

1949 йил 27 ноябрь куни Саида Зуннунова билан тўйимиз бўлди. Саидахон билан кўнгил беришиб турмуш қурдик. ЗАГСдан ўтмадик ҳам. Севишдик, тўй қилдик, вассалом! Саидахонлар оиласида беш қиз, бир ўғил бор эди.

Пешонанинг шўрлигини қара: никоҳ куни Андижондан телеграмма келди. Саидахонлар хонадонидаги якка-ёлғиз ўғил — Насибжон вафот этибди. Келинга билдирмадик. Қайнонам тўйни ташлаб, Андижонга жўнади… Эртасига Тошкентда келин салом бўлди, Андижонда тобут чиқди… Оғир бўлди. Айниқса Саидага… Аммо ҳали бошимизга бундан ҳам мушкул синовлар тушишини билмаган эканмиз.

«Шарқ юлдузи»нинг проза бўлимида ишлар эдим. «Қадрдон далалар» деган қиссам, «Муҳаббат» номли ҳикоялар тўпламим босилган кезлар эди. Саидахон САГУда ўқир, танилиб қолган шоира эди. Хуллас, турмушимиздан нолийдиган жойимиз йўқдек.

1950 йил 10 май куни отпускадан қайтдим. 1 Май кўчасида қаҳвахона бўларди. Мамарасул Бобоев билан Ваҳоб Рўзиматов ҳазиллашишди. «Отпускага кетаётганингизда «ювмасдан» қочиб қолувдингиз, ақалли энди тушликда бизни меҳмон қиларсиз». Учовлашиб қаҳвахонага йўл олдик. Йўлкада ҳазил-ҳазул қилиб кетаётганимизда кўча четига қора «Эмка» машинаси келиб тўхтади. Икки киши икки томонимдан келиб, секин қўлимдан ушлади.

— Бу ёққа юринг,— деди биттаси пичирлаб. Ҳужжатини кўрсатди.

Илгарилаб бораётган ҳамроҳларимга фақат битта гап айтдим.

— Мен кетдим…

Ваҳоб Рўзиматов:

— Меҳмон қилишдан қочдингиз-а! — деганча қолаверди.

Машинага ўтқаздилар. Шофёр ёнида тағин бир одам ўтирган экан. (Кейинчалик билсам, Мансуров деган майор экан.)

У пайтларда халқ ўртасида қўрқув, ишончсизлик авж олганди. Уч киши бир жойга тўпланиб, латифа айтишга қўрқар эди. Латифадан ҳам «сиёсий хато» излашар эди. Уч кишидан биттаси «сотса» тамом! (Аксига олиб, мен латифа айтмасам туролмайман…) Хуллас, қора машинада уйимга олиб келишди. Обиск қилиб ҳамма ёқни тит-пит қилиб юборишди. 1935 йилда рус тилида чоп этилган «Ўзбек адабиёти» деган альманахни топишди. Тўпламда Абдулла Қодирийнинг «Обид кетмон» қиссасидан парча бор экан. «Уйида тақиқланган адабиётни сақлагани учун» деган айбномани шилқ этказиб бўйнимга илишдию, қамоққа олиб кетишди. Онам билан Саидахон чирқиллаганча қолаверди. Тўғри, замон оғир эди. Аммо айбим йўқлигини билардим. Уйимда топилган китоб алоҳида асар эмас, альманах бўлса, тағин рус тилида чиққан бўлса… Қамоққа тушганимдан кейин кўп нарсаларни ўйлай бошладим. 37-йиллардан бошлаб, 50-йилларгача, турли замонларда, вақти-вақти билан Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, М. Миршаропов, Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Боту, Миртемир, Олтойлар; Ш. Сулаймон, Ю. Латиф, Тўхтасин Жалолов, Ғ. Расулевлар; Шайхзода, Шуҳрат, Ҳ. Сулаймон, ака-ука Алимуҳамедовлар; Шукрулло, Мирзакалон Исмоилийлар «халқ душмани»га айланди. Албатта, ўша пайтда (айнан 50-йилда) мен билан олдинма-кетин яна қайси ҳамкасбларимиз қамалганини билмас эдим. Аммо 37-йилда, уруш арафасида қамалганларнинг қандай аксилинқилобий ташқилотларга «аъзо бўлгани», «айбини тўла бўйнига олгани» ҳақида газеталар тўхтовсиз ёзгани эсимда эди. Ҳатто суддаги савол-жавоблар ҳам эълон қилинарди. Ростини айтсам, илгарилари «одамга ишониш қийин экан-да, қаранг, фалончидек одам жосус экан, миллатчи экан, билмай юрган эканмиз», деган хаёл йўқ эмас эди. Ўзим «халқ душмани»га айланганимдан кейин бу гаплар туҳмат эканини тушуна бошладим.

Ўткир Ҳошимов. Даҳшатли жойи шундаки, халқнинг энг сара фарзандлари, партияга, халққа фидойилик билан хизмат қилганларга «халқ душмани» деган тамға ёпиштирилган. Мақсад ўша одамларга нисбатан халқда нафрат уйғотиш бўлган. Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Абдулла Қодирий, Усмон Носир… Булар эл назаридаги одамлар бўлган. Ватанга, халққа сидқидилдан хизмат қилган-ку.

Саид Аҳмад. Эл таниган, эл севган одамларни қамоққа тиқиб, шов-шув кўтаришдан мақсад — халқни қўрқитиш бўлган. Акмал Икромовдек одам отилибдими, сен кимсан, тилингни тийиб юр. Қодирийдек одам қамалибдими, сенга гапни ким қўйибди, овозингни ўчир, доҳиймиз Сталин айбсиз одамни қамамайди… Мана мақсад нима эди!

Ўткир Ҳошимов. «Социализм ривожланган сари синфий кураш кучая боради», деган назариянинг моҳияти туҳматдан иборат эканлигини тарих исботлади. Ахир 30-йилларга келиб, бизнинг мамлакатда антагонистик синфларнинг ўзи қолмаган эди-ку! Иш шу даражага бориб етганки, ҳатто аниқ фанлардан ҳам синфий иллат излаганлар. Ҳали 1931 йилдаёқ «Фан ва техника фронти» журнали ирсият фани материализмга хилоф нарса, у художўйликни тарғиб қилади, деб айюҳаннос солган. Э. Кальман деган академик эса «Фандаги бузғунчилик» деган мақоласида ўша пайтдаги машҳур математик олимлар Егоров билан Богомоловни синфий душман, реакционер деб қоралаган. Ақл бовар қилмайди: наҳотки «икки карра икки — тўрт» деган қоидани капиталистларда бошқача, бизда бошқача талқин қилиш мумкин бўлса? Бундай десак, Хоразмийнинг минг йил аввал яратган «Алгоритми» ҳам «Қулдорлик манфаатини ҳимоя қилувчи» кашфиёт бўлиб чиқади-ку!

Яқин-яқинларгача тағин бир нарсага ҳеч тушуна олмас эдим. Уруш арафасида энг яхши ҳарбий кадрлар репрессияга учради. Бунинг жабрини ҳам халқ тортди. Урушнинг дастлабки йиллари айниқса оғир кечди. Не-не навқирон йигитлар ёғоч милтиқ билан танкка қарши бориб, фашист замбарагига ем бўлди. Ирсиятни қоралаш қишлоқ хўжалиги, чорвачиликни танг аҳволга солиб қўйди, кибернетикани «фандаги шаллақилик» деб эълон қилиш электроника соҳасида капиталистик мамлакатлардан камида 20—30 йил орқада қолишимизга сабаб бўлди. Энг истеъдодли қаламкашларни «душман» дейишди. Ўзбек халқи Қодирийдек, Усмон Носирдек юлдузлардан жудо бўлди.

Уруш-ку, 20 миллион қурбон эвазига ғалаба билан тугади. Хўш, кейин-чи? 50-йилларда бу мудҳишлик нега тағин такрорланди? Урушда қанча одам қурбон берилган бўлса, репрессия туфайли ҳам деярли шунча одам қамоққа тиқилган, хўрланган, миллионлаб кишилар ўлдирилган. Нега 37-йил даҳшатларидан сабоқ чиқарилмади? Шунисига ақлим етмас эди. Энди аён бўлдики, 37-йилларда қамалганлардан баъзилари қандайдир мўъжиза билан омон қолган, юртига қайтиб келган. Мақсад, ўша «ишлар» ноҳақ бўлганини, кечириб бўлмас адолатсизлик рўй берганини халқ билишини «энг юқоридаги» қўли қонга ботганлар асло хоҳламаган. Натижада 37-чи, кейинроқ 40-йилларда қамалиб, урушдан кейин озодликка чиққанларни қайтадан қамашган. Уларга юз минглаб янги қурбонлар қўшилган.

Саид Аҳмад. Фақат бу эмас, ҳали айтганимдек, халқни бўйсундириш учун ваҳимада тутиб туриш керак бўлган. Бу ишда репрессия қўл келган… Мен қамоқда ётиб буларни аста-секин тушуна бошладим. Аммо гуноҳим йўқлиги, бир-икки ҳафтада, узоғи билан бир ойда чиқиб кетишимга ишонар эдим. Бир ҳафта эмас, бир ой эмас, ўн ой эмас, ўн бир ой «одиночка»да ўтириб, сўроқ бердим.

Ўткир Ҳошимов. Гуноҳингиз йўқ, ҳеч қандай исбот йўқ. Сўроқ давом этяпти денг?

Саид Аҳмад. Шошма. Аввал Саидахоннинг бошидан ўтганларини эшит. Балки бу савдоларнинг ҳаммасини сенга айтмагандир. Тирик бўлса, ўзи гапириб берарди. Мен ундан эшитганларимни айтиб берай. Бир хотиннинг эрига садоқати бўлса, Саидачалик бўлар. Эри «халқ душмани» эканини эшитган заҳоти судга ариза бериб, ажрашганларни ҳам кўрдим, эрини душмандан олиб феодалга солиб, газетага хат ёзганларни ҳам, эрини қаматган худди ўша терговчига ўйнаш бўлиб олган хотинларни ҳам… Саиданинг зувваласи бошқа эди…

Шундай қилиб десанг, мен у ёқда ётибман, Саидани «халқ душмани»нинг хотини деб университетда турткилай бошлабдилар (Саидахон Андижон ўқитувчилар институтини битирган бўлишига қарамай САГУда ўқиётган эди). Орадан кўп ўтмай Ёзувчилар союзига чақиришади. «Хоним, сиз бизни уялтириб қўяяпсиз, қамоқ эшигига тугун кўтариб, «передача» олиб бораётган эмишсиз, Ёзувчилар союзининг аъзосига бунақа қилиқ ярашмайди, устига-устак партияга кандидатсиз», деб «акаларча» насиҳат қилишади. Саидахон бўш келмаганидан кейин ҳужум кучаяди. Г. Мильчаков (А. Қаҳҳор бу кимсани «ўзбек адабиётининг қотили» деган эди) М. Шевердин, З. Фатхуллин ўртага олиб, дағдаға қилишади: «Эринг халқ душмани! Энди унинг тириги тугул ўлигини ҳам кўрмайсан! Қани айт, ажрашасанми-йўқми? Ё ўзинг ҳам қамалгинг келяптими?» Саида билан ЗАГСдан ўтмаганимни ҳали айтувдим. Қонун жиҳатидан олганда паспортида печать йўқ. Саида бир оғиз биз қонуний эр-хотин эмасмиз, деса қутулиб қўя қоларди. Йўқ! Саидахон бошқача жавоб қилади. «Яхши! дейди.— Мен эрим билан ажрашишим мумкин. Лекин битта шартим бор: эрим «Мен халқ душманиман», деб ўз оғзи билан менга айтсин! Қўлларингдан келса, мени юзлаштиринглар!» Уни ҳақорат қилиб, хонадан қувиб чиқарадилар. Эртасига Саида Ёзувчилар союзига аъзолик ҳужжатини почта орқали жўнатиб юборади… Сарсон-саргардонлик шундан кейин бошланади.

Саиданинг шеърият ҳақида ёзган диплом иши бекор қилинади. (Мақсад университетни битиришига халақит бериш бўлган). Шунда у қисқа вақт ичида «Олтин водийдан шабадалар» романида коммунистлар образи» деган мавзуда қайтадан диплом иши ёзади ва ёқлайди. Бироқ унга иш бермайдилар, шеърлари босилмайди. Қаерга борса, «халқ душмани»нинг хотини деб ола қарайдилар. Оилада аҳвол танглашади. Онам, хотиним ярим оч ҳаёт кечира бошлайдилар.

Ниҳоят, Саидахон республика Компартияси Марказий Комитетига, хотин-қизлар билан ишлаш бўлимидаги Ҳалима Муҳиддинова деган масъул ходима қабулига киради. «Партия ва ҳукуматимиз хотин-қизларни актив ҳаётга тортиш учун кўп ҳаракат қиляпти. Лекин мен эртадан бошлаб паранжи ёпинишга қарор қилдим!» дейди-да, қўлидаги иккита дипломни (Андижон ўқитувчилар институти ва САГУни битирганлик ҳақидаги ҳужжатларни) улоқтириб чиқиб кетади. Уни йўлдан қайтариб келишади. Ёрдам беришади. «Ёрдам» шу бўладики, уни Қўйлиқдаги корейс мактабига рус тили ўқитувчиси қилиб тайинлайдилар. Табиийки, Саида рус тилидан дарс бера олмайди, ишдан бўшашга мажбур бўлади. Уйда ўтириб, машинисткалик қила бошлайди. Студентларга конспект кўчириб, чойчақа ишлайди. «Абай» романининг таржимасини кўчиради… Баъзан унча ёқтирмаган одаминг дунёда энг асил одам бўлиб чиқиши мумкин. Ўша пайтларда Давлат нашриётида Касабов деган бухгалтер бўлар эди. Нашриётда қалам ҳақи олишга борган жамики ёзувчилардан «чўтал» ундирадиган одати бор эди. Бу қилиғи ҳаммага ҳам ёқавермас эди. Шунинг учун унга «Қассобов» деб лақаб қўйилганди. Саида ҳам «Абай» романини кўчиргани учун ҳақ олганида Касабовга ўн сўм (эски пулдан) беради. Шунда Касабов айтади: «Сендан пул олиб эсимни еганим йўқ. Сен, қизим, кўп хафа бўлма. Бу кунлар унут бўлиб кетади. Кўрасан, эринг яқинда оқланиб келади…» Оиламизнинг энг яқин одамлари қадамини узиб кетганида етти ёт бегона кишидан бундай гап эшитган Саида йиғлаб юборади…

Кези келганда Саидага (демак, менга ҳам) оталик қилган тағин бир одамни айтишим керак. Бу — Бирлашган нашриёт (ҳозирги Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг нашриёти) директори Василий Федорович Архангельский эди. «Халқ душмани»нинг хотинини кўрса ҳамма беш чақирим нарига қочиб юрганида Саидани шу одам ишга олади.

Саиданинг кандидатлик муддати тугаб, партияга ҳақиқий аъзоликка ўтиш пайтида тағин ишкал чиқади. Ёзувчилар союзидаги Мильчаков бошчилигидаги «сиёсий ҳушёр» кимсалар «душманнинг хотини қандай қилиб коммунист бўлиши мумкин», деб нашриёт партия комитетига зуғум қила бошлайдилар. Аммо нашриёт ишчилари (руслар, ўзбеклар) Саидани қаттиқ ҳимоя қиладилар, партия сафига қабул этишни талаб қиладилар. Кураш ишчилар ғалабаси билан тугайди. Кейинроқ Саида «Гулхан», «Ўзбекистон хотин-қизлари» журналларида ишлайди. Саида мени озод қилишни сўраб, Усмон Юсупов номига ариза ёзади. Онам аризани кўтариб Усмон ота қабулига боради. Тўғри йўл билан кириш қўлидан келмагач, отанинг йўлини пойлайди. Бир куни тонг палласи Усмон ота машинадан тушганида олдига югуриб боради. «Сиз Усмон отамисиз?» деб сўрайди, «Ҳа», дейди Усмон Юсупов. «Ёлғон гапирмаяпсизми?» — дейди онам. «Ишонмасангиз мана бу одамлардан сўранг», дейди Усмон ота, атрофдагиларни кўрсатиб. Одамлар тасдиқлаганидан кейин онам аризани Усмон отага топширади. «Ҳақиқат қилинг» деб йиғлайди.

Усмон ота союзга телефон қилади. «Мабодо ўттиз яшар ёш ёзувчи «халқ душмани» бўлса, сенлар қаёққа қараган эдинг», деб қаттиқ койийди. Бу пайтда мен Қозоғистон чўлларида жазо муддатини ўтаётган эдим… Саидахон билан қамоқдан қутулиб келганимдан кейингина ЗАГСдан ўтдик… Мана, Саида вафот этганига 12 йил бўлди. Паспортимни алмаштирганимда 3АГС печатини қайтадан бостирдим. Саида вафотидан кейин ҳам меники…

…Руслар «он сидит в тюрьме» дейди. Татарлар бировга дўқ қилса, «турмаға ўтиртам» дейди. Биз — ўзбеклар «қамоққа тушди», «қамоқда ётибди», деймиз. Ўн бир ой «одиночка»да бўлганимда бир нарсани англадим. Турмада «ётилмас» экан, айнан «ўтириларкан». Дарчасига темир панжара тутилган каталак хона. Дарча жонивор ҳам қўл етмас жойда, тепада.

Ўткир Ҳошимов. Кечирасиз, Саид Аҳмад ака. Ҳеч эътибор берганмисиз? «Одиночка»да узоқ муддат ўтирган одамлардан баъзиларининг кўз қорачиғи юқорига қараб қолади. Мунтазам нурга, ташқарига термўлиб ўтиргандан бўлса керак.

Саид Аҳмад. Яхши кузатибсан. Ташқи ҳаёт билан боғлайдиган бирдан-бир нарса — ўша панжарали дарча… Осмонни кўрасан. Булутларни. Ичкарида эса… Бурчакда ҳожатга ишлатиладиган нажас пақир. Ётиш мумкин эмас. Яккаш ўтираман. Ётсам, эшик туйнугидан дам-бадам мўралаб турадиган назоратчи ўшқиради. «Карцерга тиқаман, аблаҳ!» Одам юрмаса, ётмаса, оёғи шишиб кетаркан. Ботинкам сиқиб, азоб беради. Куёвлигимда кийган кулранг коверкот костюм-шимим бўларди. (Буёққа ўша кийимда келган эканман.) Икки қўлимни икки тиззамга тираб ўтираверганимдан шимимнинг тиззасини кўзи ялтираб, қатирмоч бўлиб кетди.

Қишин-ёзин пийма кийиб юрадиган назоратчи (камера эшигига келиб қулоқ солса, қадам товуши эшитилмасин, деб пиймада юради) ора-чора темир эшикдаги овқат узатадиган туйнукчани очади-да, ҳеч гап йўқ «Ўзинг аблаҳсан!» деб бақиради. «Мен сизга нима дедим?» десам, «Гапирмасанг ҳам биламан, ичингда мени сўкяпсан», дейди. Кечаси ётганда албатта адёлдан бошни чиқариб, чалқанча ухлаш шарт. Чироқни худди кўзингга тўғрилаб қўяди.

Сўроқ бошланди. Конюхов, Коршунов деганлари тергов қилади. Бошлиғи Генкин деган кимса экан. (Яқинда «Известия» газетасида ўқиб қолдим. Бу шахс 37-йилларда Тухачевскийдек буюк саркарданинг «айбини бўйнига қўйган» одам экан. Уларнинг олдида мен кимман! Демак, қисматим олдиндан ҳал қилинганини ўша пайтда билмабман. Гуноҳим йўқ, барибир чиқариб юборади, деб ўйлабман).

Мени Жиноят Кодексининг 66-моддаси 1 ва 2 бандлари билан айблашди. «Советларга қарши пропаганда олиб боргани учун», «Уйида тақиқланган адабиёт асрагани учун». Ҳар гал сўроқда бир гапни қайтаради.

— Хўш, қайси ташкилотга аъзо эдинг? Қўпорувчи ташкилотда яна кимлар бор эди? Мақсадларинг нима эди?

Мен ҳам бир гапни қайтараман:

— Ҳеч қанақа қўпорувчи ташкилотни билмайман. Сиз билсангиз айтинг, бўйнимга қўйинг.

— Биз-ку, ҳаммасини биламиз. Ўзинг айтсанг, гуноҳинг енгиллашади. Ўйлаб кўр…

Ҳаммаси туҳмат бўлса, нимани ўйлай?! Ўн кун ўтади, ўн беш кун ўтади… Тағин сўроқ. Тергов баъзан кечаси билан давом этади. Терговчининг бири дам олаётганида бошқаси сўроқ қилади. Далил топилмаганидан кейин янги айбномалар тақадилар. «Асарларида ўртоқ Сталиннинг раҳбарлик роли кўрсатилмаган», «Халқлар дўстлиги куйланмаган». «Асарларида рус халқи вакилининг образи йўқ».

Ўткир Ҳошимов. Халқлар дўстлигини тараннум қилиш, рус халқи вакили образини асарга олиб кириш масаласида юзакилик авжига чиққан эди. Яқин-яқинларда ҳам

«Маша севар Омонни,
Микола Сорахонни.
Бўйига тенг бўйлари,
Қачон бўлади тўйлари! А-а!

қабилидаги қўшиқлар ёзилар ва куйланар эди. Гўё Омон Машани тезроқ хотин қилиб олса-ю, Сорахон Миколага тега қолса, халқлар дўстлигининг энг юксак чўққиси — шу. Гўё халқлар дўстлигининг бундан теранроқ илдизлари йўқдек. Асарларга рус халқи вакилининг образини киритиш бундан баттар эди. Асар қаҳрамонларининг биронтаси минг чирангани билан ҳал қилолмай турган масалани рус ўртоқ келадию бир зумда ечиб бера қолади. У ҳеч хато қилмайди. Ҳаммадан ақлли… Ахир бу мақтов эмас, ҳақорат-ку! Чинакам бағри кенг рус халқини майна қилиш-ку! Булар ҳам ўша замондаги бебурд «талаб»ларнинг садоси бўлса ажабмас.

Саид Аҳмад. Кейин ундан ҳам антиқа «гуноҳлар» топишди. «Отинг нега Саид Аҳмад, нима саидлар авлодиданмисан? Ё ота-онанг Саид Олимхонга таассуб қилиб сенга Саид Аҳмад деб ном қўйганми?» Сўнг бир ҳикоямга ёпишиб олишди. Мен овсар ўша ҳикояга «Оқсоқол опа» деб ном қўйган эканман. Ҳикояда қишлоқ совети раиси бўлмиш аёлнинг жонкуярлиги мақталган эди. Русчага «Белобородая сестра» деб таржима қилишдию, сен ўзбек совет аёлини соқолли дегансан, демак, феодалсан, деб тағин битта айб тақашди.

Ўткир Ҳошимов. Бемаънилик! Абсурд! «Тавба-тазарру» фильмида бир деталга эътибор берганмисиз? Қамоққа тушган персонаж «ҳа, мен контрреволюцион ташкилот аъзоси эдим, мақсадим Бомбайдан Лондонга тоннель қазиш эди», деб «айбини бўйнига олади». Нега унақа дединг, деб сўрашса, «Тергов ҳужжатлари юқорига бориб етса, мени ноҳақ қамашганини билиб, озод қилади», дейди. Қизиғи шундаки, Абдулла Қаҳҳорнинг «Зилзила» қиссасида ҳам худди шунга ўхшаш эпизод бор. (Афсус, қисса чала қолган. Чамаси, Абдулла ака барибир бу асар эълон қилинмайди, деб ҳафсаласи пир бўлган шекилли). Асар қаҳрамони «мен аксилинқилобий ташкилот аъзоси эдим. Каспий денгизига бориб, катерда Қора денгизига ўтмоқчи эдим», деб «тан олади». Каспийдан Қора денгизига катерда ўтиш ҳақида гапиришнинг ўзи кулгили. Ўртада Кавказ тоғлари ётибди. Қаранг, икки ижодкор бир-биридан мутлақо бехабар ҳолда бир нарсага ишора қиляпти. Қўйилган айбномалар ғирт бемаънилигини айтмоқчи. Начора. Мантиқсиз саволга мантиқли жавоб бериб бўлмайди.

Саид Аҳмад. Мантиқсиз сўроқлар жонга тегар эди. Бора-бора сўроқ пайтида, шимимнинг қатирмоч бўлиб кетган тиззасига тирноғим билан терговчининг расмини чизадиган одат чиқардим. Терговчи тепамга келиб, ўзининг расмини томоша қилади. «Ўхшатибсан, аблаҳ» дейди-да, «ўчириб ташла!» деб ўшқиради. Янги саволларни ўйлаб топади.

— Чет эл журналларини ўқиб турасанми?

— Йўқ.                                                                           .

— Ҳеч кўрганмисан?

— Бир марта кўрганман.

— Қайси журнални?

— Эсимда йўқ. Американинг журнали бўлса керак.

— Қаерда кўргансан?

— Сартарошхонада.

— Ўқиганмисан?

— Йўқ. Инглиз тилини билмайман. Расмларини томоша қилганман.

— Расмлари чиройли-а?

— Чиройли.

— Қоғози ялтироқ, а?

— Ялтироқ.

— Мана энди ҳаммаси аён бўлди. Демак, Американинг журнали яхши, ўзимизнинг «Огонёк» ёмон. Шундайми? Америка журналидаги расм чиройли чиққан. Бўёғи яхши. Демак, у ерда химия саноати ривожланган. Бизда эса ривожланмаган. Қоғози яхши дединг. Демак, у ерда қоғоз ишлаш саноати зўр. Машиналари яхши. Бизники эса—ёмон. Демак, капиталистик системани улуғлаб, социалистик системани қоралаяпсан. Биламиз, ҳаммасини биламиз! Сен аъзо бўлган контрреволюцион ташкилотнинг раиси Ойбек, секретари Яшин. Ташкилотда Шайхзода, Миртемир, Туроб Тўла, Асқад Мухтор, Шукрулло, Шуҳрат, сен борсан. Бошқаларниям биламиз. Қани, айт. Ўзинг айт. Ташкилотда яна кимлар бор эди? Мақсадларинг нима эди?

Саволлар мана шу. Эртасига ҳаммаси қайтадан бошланади.

Ўткир Ҳошимов. Урармиди?

Саид Аҳмад. Бир марта урган. Ҳадеб индамай ўтираверганимда ингичка қилиб букланган «Правда» газетаси билан бошимга урган. Орасида метал чизғич бор экан. «Нега урасан?» десам, кулган. «Ие, ҳали сен «Правда»га қаршимисан, яхши, буниям ёзиб қўямиз…»

Бурчакдаги камерада ётардим. Радио карнайининг товуши, кўчадан ўтаётган одамларнинг гангир-гунгир гаплари эшитилиб қоларди. Баъзан кафедан ичиб чиққан мастларнинг қийқириғи қулоққа чалинарди. Тўғриси, ўшаларга жудаям ҳавасим келарди. Бир куни Туроб Тўла билан Мирмуҳсин радиода шеър ўқиди. Дўстларимнинг ўзини кўриб тургандек дилим ёришди. Эртасига сўроқ пайтида терговчи айтди:

— Ойбек айбини бўйнига олиб бўлди. Фалончи-фалончилар (Туроб билан Мирмуҳсиннинг ҳам номини айтди) ҳам гуноҳига иқрор бўлди. Битта сени деб ҳаммаси қийналиб суд бўлишини кутиб ўтирибди. Сен гуноҳингни бўйнингга олсанг, ҳаммангни лагерга чиқариб юборамиз. Ҳарқалай очиқ ҳавода юрасанлар.

— Радионинг одами бу ерга келдими ё ўзлари боришдими? — дедим ўзимни овсарликка солиб.

— Қанақа радио?

— Туроб Тўла билан Мирмуҳсин кеча радиода ўқиган шеърини шу ерга келиб ёзиб олишдими ё ўзлари радиога бордими?

Терговчининг кўзи ола-кула бўлиб кетди.

— Ҳали радио эшитаман дегин…

Ўша куниёқ чумчуқнинг ҳам овози кирмайдиган бошқа камерага тиқишди.

Тағин бир сафар янги айбнома тақайдиган бўлди. Гўё мен 5 ноябрдан 6 ноябрга ўтар кечаси Рамз Бобожоннинг уйига меҳмонга борганман. Ленинграддан қайтиб келган Рамз гўё «у ёқларда одамлар маза қилиб яшаяпти» деган ва бу билан миллатчилик қилган. Мен ўша куни Рамз Бобожоннинг уйига бормаганим аниқ. Шуни айтдим. Кейин қўшимча қилдим.

— Рамз унақа деганига ишонмайман. Блокададан чиққан Ленинградда одамлар мазза қилиб яшаши мумкин эмас.

Камерага қайтиб киргандан кейин ўша куни қаерга борганимни эсладим. Ўша кеча Ўрта Чирчиқ районидаги машҳур пахтакор Замира Муталова ҳақида очерк ёзиб, райкомдан «Қизил Ўзбекистон» газетасига телефонда очеркни диктовка қилган эканман, ўша ерда тунаб қолган эканман. Навбатдаги сўроқда терговчига шуни айтдим.

— Ишонмасанглар райкомдан сўранглар. Очерк байрам куни газетада босилган.

Хуллас, бу туҳмат ҳам иш бермади: топган гувоҳининг ўзи бошини чангаллаб қолди. Тилимдан илинтириш учун уч кун латифа айттириб ҳам кўрдилар. Терговчи «сени латифага уста дейишади, қани эшитайлик», деб туриб олди. Рўпарангда биров пичоқ ўқталгандек дағдаға қилиб турсаю, тағин «ҳозир кулдирасан» деб талаб қилса ғалати бўларкан. Начора, эсимга келган уят-уят латифаларни айтишга мажбур бўлдим. Бундан ҳам иш чиқариша олмади. («Сиёсий» латифа кутаётгани аниқ эди). «Одиночка»га тушганимга саккиз ойча бўлиб қолганида камерага Илья Григоревич Рафкин деган одамни ҳам қўйишди. Дардлашадиган киши топилганига қувондим. Рафкин Қўқонда врач бўлиб ишлаган экан. Уни ҳам туҳмат билан қамабдилар. У бир гапни кўп қайтарар эди. «Туҳматми, баломи, бўйнимга оламан-у, лагерга чиқиб кетаман». Кейин секин-секин мени ҳам кўндиришга урина бошлади. «Ёш экансиз, ука, берган қоғозига қўл қўйингу қутулинг. Суд қилар, ҳай беш-олти йил берар. Бу каталакда ўлиб кетишдан нима фойда?!» Бир нарсани сезиб қолдим. Рафкин сўроққа чиқиб, бутерброд кўтариб келадиган одат чиқарди, «Ҳа?» десам, «Хотиним передача олиб келди», дейди. Хотинининг передачасида буфетнинг бутерброди нима қилади? Билдимки, у провокатор, терговчи атайлаб қўйган одам. Унинг хоинлигини яна бир нарсадан билиб олдим: Рафкин ҳар гал «сўроққа чақирилганида» ич кийимини янгилаб келади, оёғида яп-янги пайпоқ… У билан гаплашмай қўйдим. Охири уни олиб чиқиб кетишди. Қайта кўрмадим. Бир гал сўроққа чақиришди, терговчи каттакон дафтарни ўқиб ўтирибди. Варақлайди-да, бош чайқаб қўяди.

— Хусанхўжаев Саидахмат, — дейди-да, дафтарни яна варақлайди. — Бу ерда ҳам Хусанхўжаев… Мана, яна икки жойда Хусанхўжаев… Шунча ҳунар кўрсатишга қачон улгурдинг?..

Шу пайт нима бўлдию, уни чақириб қолишди. Ўрнига бошқа терговчи кирди. Дафтарни варақлаб кулди:

— Оббо азамат-ей! ВКП(б) тарихидан эринмай конспект ёзибди-ку.

Бир оздан кейин бояги терговчининг ўзи қайтиб кирди. Шериги чиқиб кетди.

— Хўш, — деди дафтарни варақлаб. — Қаерда тўхтагандик?

— Хусанхўжаев ВКП(б) тарихига кирган жойига келиб тўхтагандик.

— Нима? Қаёқдан кўрдинг? — деди у чинқириб.

Ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир куни сўроққа олиб чиқишди, Деразадан қарасам, қалин қор ёғибди. Терак учида қарғалар ғужғон ўйнаяпти.

— Қаёққа қараяпсан? — деди терговчи.

— Дарахтни томоша қиляпман, чиройли бўпти. Тошкентда шундай баланд тераклар борлигини билмаган эканман.

— Шунақами? — терговчи лабини буриб кинояли илжайди.— Мен сени ўт ҳам ўсмайдиган жойга жўнатмасам, отимни бошқа қўяман!

Февралнинг бошларида тергов тугаб, Саидахон билан учраштиришди. Терговчи сиёсатдан, тергов ишларидан, ташқарида бўлаётган воқеалардан гаплашиш мумкин эмас, акс ҳолда учрашувни тўхтатиб қўяман, деб тайинлади, ўзи гапларимизга қулоқ солиб тикилиб ўтираверди.

Нимани гаплашишни билмасдик. Саидахон ҳам ҳайрон. Шунда у «Сизга пижама олиб қўйдим, бу ердан чиққанингиздан кейин киясиз» деди.

Томоғимга муштдек бир нима тиқилди. Гапиролмай ҳиқиллаб қолдим. Кўзларимдан ёш чиқиб, ўкириб йиғлаб юбордим. Шунча уринаман, йиғини тўхтатолмайман. Саидахон билан ҳеч нимани гаплашолмадик. Свиданияга ажратилган беш минут менинг ҳиқиллаб йиғлашим билан ўтиб кетди.

Камерага қайтиб тушганимда нима учун йиғлаганимнинг сабабини ўйлай бошладим. Даҳшатли терговда, ҳақоратлар, камситишлар авж олган пайтларда ҳам, тонготар сўроқда ҳам кўзимга бир томчи ёш келмаганди. Энди нега бунақа бўлди?

Эсимни танибманки, ўз ташвишимни ўзим кўтарганман. Ўн икки ёшимдан меҳнат қиламан. Уст-бошимни ўзим олганман. Қорним ташвиши ҳам ўзимда эди. Коллективлаштириш йилларида колхозларга чиқиб араб алифбесида, кейин лотин алифбесида алвонга шиорлар ёзардим. Шу учун менга ҳақ тўлашарди. Қишлоқ чойхоналарига «Ленин бурчаги» ясардим. Унга ҳам ҳақ тўлашарди. Фоточилик қилиб, вивескалар ёзиб тирикчилик қилганман. Ўйлаб қарасам, ёшим ўттизга етиб бирон одам менга на битта дўппи, на битта пайпоқ олиб берган экан.

Саидахоннинг «Сизга пижама олиб қўйдим», дегани юрак-юрагимга бориб теккан экан. Умримда биринчи марта мен тўғримда ўйлайдиган одам бор экан, деб ҳаяжонланиб кетган эканман.

Ниҳоят, «одночка»да салкам ўн бир ой ўтиргач, 1951 йил 8 март куни умумий камерага ўтказди. Анча енгил тортдим. Демак, айбим йўқ экан. Бўйнимга қўядиган «гуноҳ» топилмади. Ғалати одамлар бор эди бу ерда. Эсласам кулишни ҳам билмайман, йиғлашни ҳам. Умумий камерада узоқ вақтдан бери ўтирган, соқоли кўксига тушган чол бор экан. Аниқ эсимда йўқ, ҳарқалай Бадахшон томонларидан бўлса керак. Одамлар уни гапга солади:

— Ота, сизни нега қамади?

— Ман ҳайрон,— дейди чол.

— Нима гуноҳ қилувдингиз ўзи?

— Ман гуноҳ қилгон? Йўқ, мен гуноҳ қилгон йўқ. Мен укамга тўйга боргон…

— Укангизнинг тўйига борсангиз қамайдими?

— Ман ҳайрон,— дейди чол.— Ман тўйга боргон. Мани агент дегон. Япон агенти дегон.

— Тўйга қандай борган эдингиз?

— Қандай? Мешни пуфлагон. Панжнинг у бетига мешда ўтгон. Эртаси тўйдан қайтгон. Шапкали чегарачи мани ушлагон, агент дегон…

Маълум бўлишича, чол Панж дарёсининг нарига бетига укасининг тўйига мешга миниб ўтган. Буни қарангки, дарёнинг у бети Афғонистон экан. Қишлоқ одамлари авваллари ҳам мешда уёқдан-буёққа ўтиб юришган. Чол тўйдан қайтиб бу соҳилга ўтганида ушлаб олишган, Япония агенти деб қамашган. Япон разведкаси аҳмоқмики, саводсиз бир чолни агент қиладиган, дейдиган одам йўқ. Чол шўрлик бир неча ойдан бери қамоқда.

— Энди нима қиласиз, ота? — деб сўрашади ҳангоматалаб аристонлар.

— Ўтиравергон.

— Ия, холангизнинг уйими бу ўтираверадиган?

— Холамнинг уйи? Йўқ, ман ҳукуматимнинг уйига ўтиргон.

Ана сизга «сиёсий душман»нинг тушунчаси, Шу беозор чолки сиёсий душман бўлса, билмадим…

Умумий камерадагилар «шунча сўроқ қилиб, айб тополмабди, эрта-индин сизни чиқариб юборади», дейишганида ичимда чироқ ёниб кетгандек бўлди.

Индинига эса… «Хусанхўжаев! Сен «тройка» («особое совешание») қарори билан халқ душмани сифатида ўн йилга ҳукм қилиндинг», деган қарорни ўқиб эшиттиришди. Ҳеч қандай далилсиз, ҳеч қандай судсиз. Ўша заҳоти қопимни орқалатиб, очиқ машинага ўтқазишди. Юк станциясига олиб боришди. Станцияда Шарифа Абдуллаева деган олима ўқитувчимни кўриб қолдим. Опа мени кўриб турган жойида тўхтаб қолди. Фақат бир оғиз «кетдим, кетдим», дейишга улгурдим.

Шу кунгача, ўн ойдан ортиқ «одиночка»да ётганимда ҳам, танҳолик азобида қийналганимда ҳам кўнглимда бир илинж бор эди. «Дунёда ҳақиқат бордир ахир, гуноҳим йўқ, чиқиб кетаман», деб ўйлардим. Вагонга чиққанимдан кейин ичим бўм-бўш бўлиб қолди. Тамом! Энди юртимга қайтиб келмайман. Тупурдим адолатга ҳам, ҳақиқатга ҳам! Ҳаммадан, ўша Сталиндан ҳам, Бериядан ҳам қўлимни ювиб, қўлтиққа урдим. Шунда бир ҳақиқатни аниқ англадим. «Халқ душмани» деб қамалганлар ғирт туҳматга йўлиққан. Ҳаммаси ёлғон, бўҳтон!

Ҳаммаси тамом бўлди. Мени олиб кетишяпти. Маҳбуслар вагонининг купеларидан эшиклар олиб ташланиб панжара ўрнатилган. Худди ҳайвонот боғидаги ваҳший ҳайвонлар сақланадиган қафаснинг ўзи.

Ўйлайман. Нима гуноҳ қилган эдим? Шундай ҳақоратларга арзийдиган бирон жиноят қилганмидим?

Терговда уйқу бермасди. Фақат битта гап: «Ўзинг айт». «Ўзинг айтсанг, гуноҳинг енгиллашади»…

Шу бўҳтонлардан қутулсам бас, деб ўзимга-ўзим туҳмат қилдим. Йўқ «гуноҳларим»ни бўйнимга олдим. Албатта, терговчи бу галларни кимга ва қачон айтгандинг, деб сўрарди.

Шунда мен ўлганига ўн-ўн беш йил бўлиб кетган танишларимни айтардим. Шу гапни айтганимга икки йил, ё уч йил бўлди, дейман. Терговчи айтганларимни ёзиб боради. Менга имзо чектиради. Умидим суддан. Суд пайтида мен бу гапларни айтган пайтимда бунақа одамлар бўлмагани, аллақачон ўлиб кетган экани аниқ бўлади, деб умид қилгандим. Мен кутган суд бўлмади. На прокурорни кўрдим, на судни, на оқловчини.

Вагонга босишганида мендан олдин қамалиб, отилиб, йўқ бўлиб кетган машҳур одамлар хаёлимдан ўтди. Демак, улар ҳам худди мендек судсиз йўқ қилиб юборилган.

Туғилиб ўсган, қанча қувончу ғамларимга гувоҳ бўлган қадрдон шаҳримдан олиб кетишяпти. Камдан-кам одамга насиб қилади, бу йўллардан қайтиб келиш!

Битта купега йигирма тўққиз кишини тиқишди. Бировнинг оёғи бировнинг бошига тегиб турибди. Бировнинг қопи бировнинг биқинида… Ҳаво етишмайди. Қўлимизда кишан!

Ўткир Ҳошимов. Кишан?

Саид Аҳмад. Кишан! Ғинг деганга жўн кишан эмас, фашистлар ишлатган немис кишанини уради. Униси антиқа нарса! Аристоннинг бир қўлини қўлтиғи остидан, иккинчисини елкаси оша орқага тортади-да, шу алпозда «немисча» кишан уради. Одам бу аҳволда узоқ туролмайди, икки қўлини икки ёққа тортишга мажбур бўлади. Қўли қимирлаган сайин кишан суякни қиса бошлайди. Унга сари баттар типирчилайди, типирчилаган сайин кишан ҳалқаси суякни ғажийверади…

Бир неча кун юриб, Шимолий Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳрига бордик. Ким қайси лагерга бориши шу переселенний пунктда маълум бўлди. Мени Жезқазғонга жўнатдилар. Айтмоқчи, шу ерда бир рус киши менга жуда бешафқат, жуда аччиқ бир ҳақиқатни тушунтирди. «Ўн йилга кесилдим, демак, роса ўн йилдан кейин қутулиб чиқаман, деб умид қилма. Кун санама. Ўшанда ўзингга яхши бўлади. Особое совешение қарори билан қамалган одамнинг оқланиши оғир. Тўққиз йилу ўн бир ой ўтганидан кейин арзимаган баҳона топиб, сенга яна ўн йил ёпиштириб қўйишлари ҳеч гап эмас. Шуни унутмагинки, сен «халқ душмани»сан».

Терговчи, сени ўт ўсмайдиган жойга сургун қиламан, деганида билиб гапирган экан. Ҳаммаёқ қип-қизил чўл. Баҳор пайти атроф кўм-кўк бўлиб кетади. Аммо бу — ўт эмас. Қорлар эригандан кейин мис маъдани билан тўйинган тупроқ кўкариб кетади. Унда-бунда йилт этган кўкат кўринадию, аёвсиз офтобда дарров қовжираб қолади. Лагерь бошлиғи Козлов деган одам билан гаплашганим эсимдан чиқмайди.

— Менинг гуноҳим йўқ, граЖданин начальник, судсиз ҳукм қилишди, ҳеч қандай жиноят қилган эмасман,— дедим.

Бошлиқ кулди:

— Нима, сенинг жиноят қилишингни кутиб ўтириш керакмиди? Сенлар томонда Сирдарё оқадими?

— Оқади.

— Темир йўл ўтган кўприги ҳам борми?

— Бор.

— Ана! Бордию сен қўпорувчилар группаси билан ўша кўприкни портлатиб юборсанг, биласанми, давлат неча миллион сўм зарар кўрган бўларди? Ундан кўра лагерда юрганинг яхши-да! Битта сен ўлганинг билан давлат ҳеч нима йўқотмайди. Кўприк портласа, ана у даҳшат.

Ана мантиқ!

Лагерда ашаддий каллакесарлар билан таниқли олимлар, бендерачи, власовчилар билан немис концлагеридан қочиб, партизанлар орасида жанг қилган ва охир оқибат қамоққа тушган фидойи фронтовиклар, ўғрилар билан собиқ давлат арбоблари, Туркистон легионида хизмат қилганлар билан бир бўлак шоколад учун немис варақасини ёпиштирган, Болтиқбўйи республикасидан олиб келинган ўсмир болалар — ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб кетган. Каллакесарлар «сиёсий душманлар»ни мазах қилади. «Ҳа, интеллигентлар, Ватан хоинлари, аҳволинг қалай?»

Эрталаб аристонларни беш киши-беш кишидан қилиб сафга тизади. Соқчи баланд овозда бақиради: «Сафдан икки қадам ўнгга, икки қадам чапга чиқиш — қочиш ҳисобланади. Огоҳлантирмасдан отиб ташланади!» Саф мис конига йўл олади. Икки томонда соқчилар, атрофида ит айланиб юради. Мис конида ишлаш оғир. Ўпка соб бўлади. Ўлиб қолганларни олиб чиқиб кетаётганларида соқчилар ҳар эҳтимолга қарши мурданинг уч-тўрт жойига найза санчиб кўради. (Алдаётган бўлмасин тағин!)

Қишда бараклардан бирига ўт тушди. Кимдир пайтавасини қуритиш учун печка ёнига ёйиб қўйган бўлса керак. Саҳар палласи эди. Барак устидан қулфлаб қўйилган. Мен ҳовлида эдим. Назоратчига уввало ялинаман, қани эшикни очса! «Начальник рухсат бермагунча очмайман», дейди. «Ахир, икки юзта одам ёниб битади-ку», десам, парво қилмайди. «Икки юзта бош, тўрт юзта қўл, тўрт юзта оёқ ҳисобга тўғри келса бас. Ўликми, тирикми, менга фарқи йўқ». Хайрият, начальник буйруқ бериб, баракни очиб юборишди.

Ўткир Ҳошимов. Саид Аҳмад ака! В. Шаламовнинг «Колима ҳикоялари» туркумида лагерь ҳаётининг даҳшатлари тасвирланган. Ёзувчи ўша туркумга ёзган сўзбошисида «Бу ҳаётни тасвирлаш учун юзта Солженицин камлик қилади», деб айтган. Чиндан ҳам бу мавзу адабиётда жуда оз ёритилган. Солженициннинг «Иван Денисовичнинг бир куни» қиссаси, А. Рибаковнинг «Арбат фарзандлари» романи, қисман «53-йилнинг совуқ ёзи» фильмида шундай тасвир бор. Солженициннинг «ГУЛаг архипелаги» романи бизда босилмаган. Чет элда бу романни роса кўтар-кўтар қилишди. Асарни ўқимаганимиз учун бир нарса дейиш қийин. Аммо романнинг номида жуда аччиқ киноя бор. Бутун мамлакат Главное управление лагерей (Қамоқхоналар Бош бошқармасининг) лагерлари билан тўлиб кетган, бутун бир архипелагга айланган эди, деган маъно ётибди… Нима бўлганда ҳам тарихимизда шундай булутли кунлар рўй бергани рост. Уни ўзимизнинг қаламкашлар ҳалол ва холис тасвирламаса, мухолифларимиз баттарроқ дўмбира қилаверади.

Саид Аҳмад. Бунақа асарлар ўша пайтдаёқ яратилган. Бизда эмас, чет элда… Орамизда қардош мамлакатларнинг коммунистлари ҳам бор эди. (Улар ҳам жосус деб қамалган). Ўшалар Англияда чиққан «Темир парда» деган фильм ҳақида гапиришарди. Фильм фонида «Широка страна моя родная» деган машҳур қўшиқ янграб туради. «Где так вольно дышит человек» («Ҳеч ерда инсон биздагичалик эркин нафас ололмайди») деган пайтда кўмир конида қон туфуриб ишлаётган аристонлар, «Человек проходит как хозяин» («Инсон бизнинг юртда хўжайин каби эркин юради») деганда соқчилару итлар қуршовида ишга кетаётган маҳбуслар кўрсатилар экан. Ҳа, мамлакатимизни бутун дунё олдида шарманда қилишга ўша замондаги қўрқув салтанати сабаб бўлди… Шубҳасиз, биз буни тушунардик. Аммо тилни тишлашга мажбур эдик. Ҳар бир баракнинг ўз «сексот»лари (секретний сотрудник) бўларди. Бугун айтган эҳтиётсизроқ гапинг эртага назоратчига етиб бориши ҳеч гап эмас. Бошлиқлар ора-чора «аҳвол сўраб» туради. Бригадада ишлайдиган маҳбусларни навбатма-навбат кабинетида қабул қилади, ҳар бири билан икки минутдан гаплашади. «Ишлар қалай, шикоят йўқми?» «Сексот» шу икки минут ичида ким нима деганини айтиб улгуради.

Бир жиҳатдан мен омадли эканман. Расм чизишим иш берди. Лагердаги стендларни безатаман. Бир сменада қайси бригада қанча руда қазиб, қанча портлатгани, қанча тош ташиганини ҳисоблайман… Ҳаммадан аввал туриб пекарний (нонвойхона)дан бир курак чўғ олиб келаман. Консерва банкага қора мой тўлдириб, чўғда эритаман. «Художник, бошла!» деб буюради назоратчи. Маҳбуслар қатор бўлиб келади. Уларнинг эгнидаги ўчиб кетган номерларни тўрт жойга — курагига, кўкрагига, шимининг ёнбошига, шапкасига қайтадан ёзаман. Одамнинг пашшачалик қадри йўқ. Бир бурда нон учун биров бировни сўйиши мумкин. Ҳунари — ассенизатор бўлган ёшгина йигит бор эди. Унинг вазифаси тўлиб кетган ҳожатхонадаги нажасни аравага ортиб ташиш эди. Тушлик пайтида ошхонага кириб келади. Ҳаммаёғи ифлос. «Қани, қайси бирингни ўпай?» дейди. Ҳамма бир ёққа қочиб, йўл бўшатади. Кўпроқ овқат сузиб беришади.

Ўткир Ҳошимов. Шундай шароитда ҳам инсонлик қиёфасини сақлаб қолганлар бўлгандир ахир. Ҳайвон одамга айлана олмаганидек, одам ҳам бутунлай ҳайвонга айланиб кетмайди-ку!

Саид Аҳмад. Албатта! Номер ёзаётганимда маҳбуслар илтимос қилишарди. «Чиройли қилиб ёз, художник, аккуратний ёз!» Баъзилари хотинининг сарғайиб кетган фотосуратини олиб келади. «Мана шуни чиройли қилиб ишлаб берсанг, темаки оласан». Хотинининг суратига қараб расм чизаман. Чиройли қилиб. Лабларини қизилга бўяйман. Бўйнига маржон тақаман… Берия отилиб маҳбусларга оиласи билан учрашишга рухсат текканида менга расм ишлатиб, эвазига дурустроқ овқат сузиб берадиган ошпаз роса сўккани эсимдан чиқмайди. «Художник бўлмай ўл! Кеча хотиним келди. Сен чизган расмга ҳеч ўхшамайди, кампир бўпқопти!» Йигирма йил ичида хотини кампир бўлмай қиз бўлсинми?

Одамлар уйини, бола-чақасини соғингани учун баъзилар баракда мусича, ўзининг овқатидан оз-оз бериб мушук боқар эди. Бир гал биттасининг мушуги болалади. Ўлгудек пес бир назоратчи бўларди. Еттита мушук болани қопга солиб чиқиб, нонвойхонанинг ланғиллаб турган оловига улоқтиргани эсимда. Зиёлинамо бир одам унга қараб: «Тфу, сен одам эмас, садистсан!» деди. «Садист» деган сўзнинг маъносини ўшанда биринчи марта тушунганман.

Тағин бир воқеа эсимдан чиқмайди. Апрель ойи бўлса керак. Зонанинг тиканли сими орқасида битта лола очилган экан. Муддатини ўтаб бўлишига бир ой қолган сурхондарёлик йигит чидаб туролмади шекилли, югуриб борди. Сим орасидан қўл чўзиб энди лолани узмоқчи эди, вишкада турган соқчи уни қочмоқчи деб ўйлаб, отиб қўйди…

Ҳаётда фожиа ҳам, кулгу ҳам аралаш бўлади. «Премблюд» («Премиальные блюда») деган гап бор эди. Планини ошириб бажарган одам битта пончик (бўғирсоқ) мукофот оларди. Бир куни қарасам, соддароқ бир йигит барак соясида пончик ушлаб ўтирибди.

— Емайсизми, ахир? — десам ўтирибди.

— Ака, худо хоҳласа уйга борсам, хотинимга би-ир қозон пиримбулут пиширтириб, тўйиб ейман-да!

Бу шароитда яшаш зиёлиларга оғир эди. Кўпчилигига «сиёсий душманиликдан ташқари «миллатчи» деган оғир гуноҳ ҳам ёпиштирилган.

Ўткир Ҳошимов. Октябрь инқилобининг тўфонлари шиддатли бўлди. Шубҳасиз, инқилобга қарши курашган ашаддий душманлар, ғирт миллатчилар зиёлилар орасида ҳам бўлган. Бироқ революция моҳиятини дарҳол тушуниб етмаганлар ҳам оз эмас эди. Ва бу ҳам табиий ҳол эди. Дастлабки пайтда ижодида ҳаётдан нолиш, миллатчилик руҳи сезилган (Чўлпон ва Фитратнинг баъзи асарларига ўхшаб) қаламкашлар мамлакатдаги ҳамма адабиётда ҳам бўлган. Истеъдодли қаламкашлар орадан кўп ўтмай ленинча позицияга ўтган. Аммо уларнинг кўпига фақат бир томонлама — «душман» деб, «миллатчи» деб қараш яқин-яқинларгача давом этиб келди. Устига-устак совет мактабида ўқиб таълим олган, пионер, комсомол, коммунистик партия сафида ўсиб-улғайган айрим зиёлиларни «миллатчи» деган ваҳимали гап билан қўрқитиш ҳоллари кечаги кунгача ҳам йўқ эмас эди. 70-йилларда ёш шоир она тили ҳақида шеър ёзиб область газеталаридан бирида эълон қилади. Тирноқ тагидан кир излайдиган ваҳимачилар шеърга дарҳол «сиёсий тус» бериб, ёш шоирни «миллатчи» сифатида муҳокама қиладилар.

Ахир Расул Гамзатовнинг ҳам шундай шеъри бор-ку, дейди ёш шоир. «Хоҳласак ўша Гамзатовингни ҳам муҳокама қилиб жазолаймиз», дейишади. Қойил! Шаҳар миқёсидаги амалдорча жаҳон миқёсидаги шоирни жазоламоқчи! Қўйиб берсангиз, чўпонга эшак минишни ўргатадиган «билимдон»лар шунақалардан чиқади. Улар, модомики амалим борми, ҳамма нарсани ҳаммадан яхши биламан, деб ўйлайди. Гамзатовнинг «Доғистоним» асари мамлакатдаги деярли ҳамма тилларда эълон қилинди. Бизда эса «Гулистон» журналида ярмиси чиққан жойида тўхтатиб қўйилди. Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» шеъридан ҳам иллат излашди. Қизиқ, нега бир халқ шоири ўз тили, ўз халқи билан фахрланиши мумкину, иккинчи бир халқ вакилининг бунга ҳаққи йўқ? Ижодга, ижодкорга бундай «маъмурий» ҳукмронлик қилиш фақат одамларни камситибгина қолмайди, халқлар дўстлигига раҳна солади. Бундай услубда ишлайдиганлар интернационализмни достон қиладию, аслида уларнинг ўзи интернационализм душмани. Чунки бир халқни улуғлаш ҳисобига иккинчи халқни камситиш ҳеч қачон яхшиликка олиб бормайди. СССР Ёзувчилар союзи пленумида шу гаплар рўй-рост айтилди. Аслида бу ҳам ўша қўрқув салтанатининг садоси эканлиги аён. Партия XXVII съезди миллий ифтихор туйғусига ҳурмат билан қараш кераклигини таъкидлади. Миллий ўзига хослик билан миллатчиликни аралаштириб юбормаслик керак.

Саид Аҳмад. У пайтларда бунақа фикрларни айтиш у ёқда турсин, ўйлашга ҳам қўрқар эди одам. Лагердагиларнинг Сталинга муносабати ёмон эди. 50-йилларга келиб ноҳақ азоб чекаётганлар анча нарсани тушуниб етган эди. Лагердаги «сиёсий» маҳбуслар орасида қилча ҳам айби йўқлигини баён қилиб Сталинга хат ёзганларнинг биронтаси «доҳий» муруввати билан озодликка чиққанини кўрганим йўқ.

Ўткир Ҳошимов. Саид Аҳмад ака! Яқинда автобус беқатида шу мавзуда катта баҳс бўлди. Бир чеккада қулоқ солиб турдиму бу анчайин жўн масала эмаслигини тушундим. Баҳс узоқ давом этди. Одамлар қизишиб, бақириб гаплашар эди.

«Сталин халқлар отаси эмас, халқлар жаллоди эди!»

«Бекор гап. Сталин қаттиққўллик қилмаса, ҳозир сен немиснинг қўлида қул бўлиб юрардинг!»

«Сталин колхоз тузаман деб қишлоқ хўжалигини расво қилди. Энг тажрибали деҳқонларни қулоқ деб Сибирга сургун қилди, колхоз тажрибасиз, ландовур, дангасалар қўлида қолди».

«Урушдан кейин ҳар йили арзончилик бўлгани эсингиздан чиқдими? Ҳамма нарса мўл-кўл эди».

«Сенинг шаҳрингда шундай бўлса бўлгандир. Қишлоқда одамлар очидан ўлган».

«Немис Москва остонасига келганида Сталин қочмаган. Ватан учун ўз ўғлидан воз кечган».

Шунда ўзим кўрган фильмлар, ўқиган китобларим эсимга тушди. «Тавба-тазарру» фильми, А. Рибаковнинг «Арбат фарзандлари», Д. Граниннинг «Зубр», В. Дудинцевнинг «Оқ либос» асарларида шахсга сиғинишнинг фожиали оқибатлари турли томондан кўрсатилган. Марҳум адиб А. Бекнинг «Эртаси куни» романида эса (асар анча аввал ёзилган, аммо босилмаган) Сталиннинг ёшлиги тасвирланади. У ўзига Коба (Казбегининг «Подаркуш» романидаги адолатпарвар, жасур қаҳрамон йигит номи) лақабини олганлиги, чиндан ҳам жасур йигит бўлгани, аммо феълида шахсиятпарастлик, ҳокимиятга интилиш ёшлигиданоқ кучли бўлганлиги, бу йўлда ҳар қандай қинғир йўлдан тоймаслиги, шафқатсизлиги ҳужжатлар асосида ёзилган. Шунга қарамай, Сталиннинг Улуғ Ватан урушидаги хизматини барибир тан олиш керак шекилли. Лекин бу палладаги айрим чалкашликлар ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Академик А. Самойлов 1942 йил 28 июль куни чиққан «Бир қадам ҳам орқага чекинилмасин!» деган буйруқ бир жиҳатдан тўғри бўлгани, иккинчи жиҳатдан эса талай қисмларнинг маневр қилолмай беҳуда қирилиб кетганини айтади.

А. Самсонов 1941 йил, 16 август куни чиққан 270-буйруқ билан асирга тушганларнинг ҳаммаси Ватан хоини деб эълон қилиниши фожиали оқибатларга олиб келгани, уларнинг ўзигина эмас, бола-чақаси ҳам репрессияга учрагани ўтакетган адолатсизлик бўлганини ёзади.

Хуллас, булар — мураккаб масалалар. Ҳарқалай, бундай фожиалар учун ёлғиз Сталинни айблаш тўғри бўлмаса керак. Атрофдагиларнинг ҳам улуши бўлгандир? Баъзан ўйлаб қолади, одам. Балки сталинизмни замоннинг ўзи яратгандир. Агар бу Сталин бўлмаса бошқа Сталин бошқачароқ кўринишда пайдо бўлармиди… Билмадим…

Бундан ташқари яна бир андишани айтмасам бўлмайди. Бизнинг авлод ҳам «халқлар отаси»ни гўдаклигимиздан улуғлаб ўрганганмиз. Сталин ўлганида бешинчи синфда ўқирдим. Йиғлаб шеър ёзганим эсимда. Ҳозир кўп ҳақиқатлар очиляпти. Хоҳлаймизми-йўқми, инсон психикаси турғун бўлади. Сталиннинг улуғ доҳийлигига шак келтирмайдиган, бу одам ҳақида бирон оғиз танқидий сўз эшитса ранжийдиган одамлар оз эмас. Шаккоклик қилаётган бўлсам, узр сўрайман. Бу — менинг шахсий фикрим, такрор айтаман, ҳарқалай Сталиннинг Улуғ Ватан урушидаги хизматларини камситиш инсофдан бўлмаса керак. Эслаб кўринг: немис Москва остонасига келиб қолганида «Сталин Москвадан жилмади!» деган шиорнинг ўзи минглаб жангчиларга руҳ бергани ёлғон эмас. Беихтиёр асирликка тушиб қолган ўғлининг жонидан азбаройи принцип учун воз кечгани (қаҳр билан бир қарашда инсоний муносабат бобида тагига етиш анчайин мушкул бўлган принципиалликнинг аралашиб кетишини қаранг: асирга тушганлар ҳаммаси — Ватан хоини дейиш ноинсофлик, лекин шу йўлда ҳатто ўз жигарбандидан ҳам воз кечиш ғалати) буларни бирёқлама баҳолаш мушкул.

Теҳрон конференциясидан кейин эса АҚШда атом қуроли яратилгани ҳақида Трумэн тантана қилиб гапирганда Сталин рақибларидан руҳан устун келгани ҳам факт. Бундан ташқари бу одамнинг ортиқча ҳашамларсиз яшагани, ўзидан кейин мамлакат раҳбари бўлган айрим кишиларга ўхшаб кўксига қўша-қўша олтин юлдузлар тақмагани, бироқ айни замонда бурятиялик Энгельсина деган қизалоқни қўлида кўтариб турган сурати бутун дунёга достон бўлганию, «болаларнинг энг яқин дўсти» деган унвонга сазовор бўлатуриб, айнан шу қизчанинг отасини «халқ душмани» сифатида оттиргани, онасини ўлдиргани, қизалоқнинг ўзини эса сургун қилгани, мамлакат газеталарида ҳар куни Сталин сурати босилиб тургани ҳам факт. Дафъатан тушуниш қийин бўлган мураккаб тақдир, мураккаб шахс. Назаримда ҳар кимнинг савоб ва гуноҳини тарозига тортиб кўриш кераклигини, нима бўлганида ҳам бу ҳақда биз эмас, шахсга сиғиниш уқубатларини ўз бошидан кечирган, ўз кўзи билан кўрганлар кўпроқ гапиргани маъқулга ўхшайди. Бу масалада сизларнинг авлод бизнинг авлодга нисбатан бир неча карра ортиқ маънавий ҳуқуққа эга.

Саид Аҳмад. Сталиннинг савобидан гуноҳи — кўп. Баъзиларда НКВД органлари жаллодлик вазифасини бажарган, деган фикр бўлиши мумкин. Энди аён бўлдики, Сталин энг аввал ўзининг йўриғига юрмайдиган чекистларни йўқ қилган. 1936—1937 йилларда 20 минг чекист қамалган. Кўпчилиги отилган. Бундай органларга салла сўраса, калла олиб келадиган бетайин ялтоқиларни бошлиқ қилиб қўйган. (Ежовдан тортиб Бериягача шундай кимсалар бўлган.) Шундай вазият туғилганки, бу одамга қарши боришга ҳатто унинг атрофидаги энг таниқли кишиларнинг ҳам юраги бетламайдиган бўлиб қолган. Умумхалқ оқсоқоли Михаил Калининнинг хотини «халқ душмани» саналиб, қамоққа тиқилгани, Калининдек Президентнинг қўлидан ҳеч нарса келмаганини эсласанг, кўп нарса аён бўлади. Ҳеч эсимдан чиқмайди. Сталин ўлган куни лагерда ўзига хос намойиш бўлди. Минглаб маҳбусларни сафга тизиб, тикка турғазиб қўйди-да, «халқлар отаси»нинг вафот этгани ҳақидаги хабарни ўқий бошлади, Шунда сафдагилар ерга ўтириб ола бошлади. Назоратчилар сафнинг у бошига югуриб, одамларни ўрнидан турғазса, бу бошидагилар ўтириб олади. Бу — мотам митингига қарши исён эди.

«Ташқаридаги» ҳаётда эсаётган шабадалар лагерга ҳам етиб борди. Берия отилгандан кейин бараклар деразасидаги темир панжаралар олиб ташланди. «Особое совешание» қарори билан қамалган «сиёсий» маҳбусларга муносабат ўзгарди. «Особое совешание» деган ташкилот қонундан ташқари деб топилди. Судсиз, далилсиз ҳукм қилинган, «махсус қенгаш» қарори билан кесилганлар тегишли органларга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин, дейишди. Ҳар ҳафтада беш-олти киши озод қилингани ҳақида ҳаммани тўплаб, маълум қила бошладилар… Мен ҳам ариза ёздим.

1955 йил 18 мартга ўтар кечаси «сиёсий» туш кўрдим. («Сиёсий душман» «сиёсий» туш кўрса керак-да!) Баланд бир тепалик устида Ленин турганмиш. Ҳайкалми, деб бундай қарасам, йўқ, тирик эмиш. «Кетавер, кетавер», деб қўл силтабди, Уч-тўрт қадам юриб, тағин ўгирилиб қарабман. Ленин тағин қўл силтаб, кетавер, дебди.

Немис пленида бўлган Қори ака деган намозхон одам бор эди. Тушимни айтиб, таъбирини сўрадим.

— Иншолло ёруғликка чиққайсиз,— деди Қори ака.— Бу ердан кетсангиз бир шартим бор: кўрпангизни менга ташлаб кетасиз. Қалингина.

— Кўрпа сиздан айлансин! — дедим ҳовлиқиб.

Ўша куни одатдагидек ҳаммани тўплаб, лагер бошлиғи эълон қилди:

— Маҳбус Ҳусанхўжаев, сиз озод бўлдингиз!

Карахт бўлиб қолдим. Қулоғимга ишонмайман.

— Ўртоқ Ҳусанхўжаев, десангиз ишонаман! — дедим энтикиб.

— Ўртоқ Ҳусанхўжаев,— деди лагерь бошлиғи.— Сиз озодсиз. Лагерь маъмурияти номидан ҳалол меҳнатингиз учун сизга миннатдорчилик билдираман.

Қарағандадан поездга чиқиш машаққат бўлди. Озодликка чиққан минглаб кишилар поезд кутяпти. Чу станциясига амаллаб етиб олдим. Бу ерда собиқ маҳбуслар ундан ҳам кўп. Сибирдан тахта олиб келаётган ўзбекларни кўриб қолдим. Ўшаларнинг вагонига чиқиб олдим. Бир ҳафтада Тошкентга етиб келдим. Қарасам, вокзалда опам, Саидахон, жиянларим кутиб турибди. (Қаердан хабар топишганини кейин билдим. Ҳозирги машҳур рассом Четкаускас мен билан лагерда бирга ётган эди. Ўша йигит телеграмма юборган экан).

Уйга етиб борганимизда ойим мени эшикдан эмас, девор ошириб туширди. (Нега бундай ирим қилганини билмайман.) Шундай қилиб, беш йил деганда уйимга қайтиб келдим. Ёзувчилар союзига Абдулла Қаҳҳор раис экан. «Муштум» журналига ишга жойлади.

Андижонга бориб Саидахон билан қайтадан тўй қилдик.

Жон-жаҳдим билан ҳикоялар ёза бошладим. Ҳикояларимни радиода пайдар-пай эълон қилиб борган Жонрид Абдуллахоновдан, киностудиядан таржима учун сценарийлар берган Маннон Ғанидан ҳамон миннатдорман. Тўғри, минбарга чиқиб «бу мунча кўп ёзаяпти», деб висирлаганлар ҳам бўлди… Бахиллик қилганлар ҳам топилди…

Ўткир Ҳошимов. Шошманг, оқсоқол! Мана энди, муҳим бир нуқтага етиб келдик. Сталин айбдор деймиз. Берия — жаллод деймиз. Уларнинг атрофидагиларда гуноҳ кўп деймиз. Тўғри! Лекин бу жиноятларда салла ол деса, калла олган ҳамкасблар ҳам иштирок этган-ку! Ўз жонини асраш учун бошқаларни қурбон қилганлар-чи? Туҳматчилар, чақимчилар-чи? Ичиқоралар-чи?! Бу фожиаларда истеъдодли ҳамкасбларини йўқ қилиб, шу билан ўзи танҳо қолишни ўйлаганлар асосий айбдорлардан бири эмасми? Майли, Сиз-ку ҳали танилмаган ёш қаламкаш бўлгансиз. Аммо Қодирий, Усмон Носир, Чўлпон, Фитрат (бу икки ижодкорнинг баъзи асарларидаги ғоявий хатолардан қатъий назар), Шайхзода, Миртемир сингари эл меҳрини қозонган шоир ва ёзувчиларнинг номи қораланишида ғаразгўйларнинг айби йўқми? Улар азбаройи ҳасад ўтида ёнганлигидан шундай қилмаганмикин?

Мана, Сотти Ҳусайннинг гаплари… «Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар» билан ўтказиб келган муддаосини яхшилаб кийинтириб… сўз устида кўп ишлаб, синфий вазифасини бажарган… Икки-уч исканжа таҳликасида турган шаҳар майда буржуазия синфи учун бирдан бир қурол — сўз эди. Ҳаяжонли, мулойим, шафқатли, «холисона» уста сўзларига бино қўйдилар. Шунинг учун бадиий лафз (тил) майда буржуазия учун энг қулай қурол бўлмишдир. Бундай сўз унга жуда муддаолик (тенденциозний) бўлиб, сўз орқали ижтимоий-синфий ташвиқотчилик билан овора бўладир…»

Гап қаёққа қараб кетаётганини сезяпсизми? Кўнглингизга келмасин-ку, Саид Аҳмад ака, тил маҳорати бобида, мана олтмиш йилдан ошдики, биронта ўзбек ёзувчиси «Ўтган кунлар» даражасига кўтарила олганимиз йўқ. Сотти Ҳусайн эса Қодирийнинг энг зўр фазилатидан қусур излаяпти. Тили билан одамларни чалғитиб, синфий душманлик қилди, демоқчи. Дейлик, шахсан Сталин унинг пешонасига тўппонча ўқталиб, айнан шу гапларни ёзасан демагандир. Ахир, бу Қодирийни отишга ҳукмнома-ку! Мабодо Сотти Ҳусайн танқидчилик бобида инқилобий ўзгариш ясаб юборган даҳо бўлган тақдирда ҳам мана шу гаплари учун халқ қарғишига учрашга лойиқ эмасми? Ҳамкасбларига туҳмат қилганлар ёзувчилару шоирлар орасида ҳам бўлгандир…

Саид Аҳмад. Бўлган. Фақат мен эмас, шубҳа билан қамоққа тушган талай ёзувчилару олимлар устидан «далил» тўплаб чақув уюштирганлар ҳам, йўқ ердан айб топиб характеристика ёзганлар ҳам, туҳматдан иборат гувоҳлик берганлар ҳам бўлган. Баъзилари ҳалиям юрибди. Бир хиллари қўрққанидан шундай қилган, баъзилари ичиқораликдан… Уларнинг номини атайлаб айтмадим. (Қасос олгандек бўлмай). Лекин бир нарсани афсус билан айтишим керак. Ўзи халқ меҳрини қозонолмагани учун ичини ит тирнаб юрган ҳасадгўйлар ҳозир ҳам йўқ эмас. Худо кўрсатмасин, ўшандай замонлар қайтиб келса (қайтиб келмайди, энди партия бунга йўл қўймайди) талантли ёзувчиларга минг хил «сиёсий» айб тақаб, ўзи «машҳур» бўлиб қолишга интиладиганлар бугун ҳам урчиб кетиши мумкин. Улар бир нарсани ҳеч тан олгиси келмайди. Ёзувчини асари кўтаради. Қолгани ўткинчи гаплар.

Ўткир Ҳошимов. Шунча азобдан кейин асар ёзиш оғир кечмадими? Ҳикоялар, қиссалар, «Уфқ», янги романингиз «Жимжитлик» ўз йўлига. «Келинлар қўзғолони»-чи? Шунча разолатларни бошдан кечириб, бундай хушчақчақ асар ёзиш…

Саид Аҳмад. Балки ўша ғам-касофатни унутиш учун ҳам хушчақчақ нарсалар ёзгим келгандир. Чамамда мени иккита нарса қутқариб қолди. Биттаси ҳазил-ҳузилга ўчлигим. Юмор ҳиссининг кучлилиги. Иккинчиси шуки, жуда кам ухлайман. Доим тетик бўлишга ҳаракат қиламан.

Ўткир Ҳошимов. Тилимнинг учида турган тағин бир нарсани сўрашим керак. Бошига савдо тушган ёки ўзи қамалмаган тақдирда ҳам давр фожиасини кўрсатишни қаламкашлик бурчи санаган талай адиблар қачон чиқиш-чиқмаслигини ўйлаб ўтирмай бу ҳақда яхши асарлар ёзиб қолдирган экан. Афсуски, бизда бундай китоблар деярли ёзилмаган. Мана, сизнинг ўзингиз…

Саид Аҳмад. Ёзиш уёқда турсин, «тақиқланган адабиётни асрагани учун» қамоққа тиқилган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган бўлиб қолади. Тўғри, Хрушчёв пайтида яхши ўзгаришлар бошланди. Ўшанда ёзишга бир шайландим. Кейин тағин ҳаммаси «босди-босди» бўлди. Энди ёруғликка чиққанда нима кераги бор, деб ўйладим. Ёзганим билан барибир чиқмайди, дедим. (Ўша пайтда чиқмасди ҳам.) Қўлёзмани қаерга яшираман, деган хаёлга бордим. (Умуман бу ҳолатни бошига тушган одам билади.) Ҳарқалай, қисматимдан нолисам, айб бўлади. «Халқ душмани» эдим, «Халқлар дўстлиги» ордени беришди, Халқ ёзувчиси бўлдим.

Ўткир Ҳошимов. Саид Аҳмад ака! Суҳбатимизда нима деган бўлсангиз, ҳаммасини батафсил, ўзимдан бирон сўз қўшмасдан, қоғозга туширишга ваъда бераман. Аммо тағин бир гапни айтишим керак. Ақл ўргатяпти деб ўйламангу, менимча бу воқеаларни барибир ўзингиз асар қилиб ёзишингиз керак, шекилли. Мана шу суҳбатимизнинг ўзида жуда ҳаяжонли романни кўриб турибман. Ақалли қисса ёки туркум ҳикоялар…

Саид Аҳмад. Ўзинг ҳам ёзувчисан-ку, укам. Наҳот бир нарсани тушунмасанг. Гапириб бериш бошқа, асар ёзиш бошқа. Ёзиш учун ҳаммасини юракдан ўтказиш керак. Ҳис қилиш керак. Юрак кўтармайди, юрак тамом бўлган, укам, асаб чидамайди. Тушунинглар ахир…

1988 йил.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1989 йил, 4-сон