Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. Адабиёт ахлоқи — мезон (2015)

“Шарқ юлдузи” журнали: — Бадиий асар тарбия воситасими? Яхши китоб эзгуликка, ёмони ёвузликка етаклашига ишонасизми?

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон: — Ҳа, бадиий асар тарбиячидир. Тарбия воситаларидан бири эмас, айнан тарбиячидир; тарбиячилардан биридир.

Умуман олганда, тарбиячи бўлмаган нима бор бу дунёда?! Яратганнинг тарбиячилигини қўя турайлик, Ундан бошқа (аммо У яратган) барча нарса ва ҳодиса ҳам инсоннинг тарбияси билан вазифаланган. Бола дунёга келди. Илк онидан бошлабоқ у бошқаларнинг парваришига йўлиқади. Ота-она, оила, кўча, маҳалла, боғча, мактаб, жамият, давлат ва ҳоказо тузилмалар унинг тарбияси билан шуғуллана бошлайди. Қолганларининг тарбия усуллари тушунарли, кейингилардан жамият диний йўл-йўриқлар асосида ўзаро қабул қилинган одоб-ахлоқ меъёрлари ва ўрнак билан, давлат эса қонунлар билан тарбиялашга киришади. Ҳатто давлат қонунлари тарбиячи бўлганидан кейин бадиий асар (адабиёт) тарбиячи бўлмасинми?!

Лекин, ажабки, кейинги замонларда адабиётнинг тарбиячилик сифати эслатилса, айримларнинг ғаши келадиган бўлиб қолди. Бадиий асарга тарбиявий нуқтаи назардан баҳо бера бошланса ёки биргина “тарбия” сўзининг ўзи айтилсаёқ юзи буришадиган тоифа пайдо бўлди. Нимага? Унча тушунмайман. Тагига етолмайман. Ахир, тарбия энг яхши нарса-ку, дейман. Бу ерда бир нозик нуқта бор: жамиятда тарбиянинг ўрни анча пасайгандек. Илгарилари одамлар бир-бири ҳузурига насиҳат истаб борарди. Ҳеч бўлмаса, боласини етаклаб келиб: “Насиҳат қилиб қўйинг!” деб илтимос қиларди. Энди-чи? Бировни салгина тартибга чақирсангиз, “Насиҳатингни болангга қил!” деб бобиллаб беряпти. Бирон ёш-ялангга енгилгина танбеҳ берсангиз, бошингизга ота-онаси чопқиллаб келади,“Олдин ўзингнинг болангни тарбия қилиб ол!” деб ғавғо кўтаради. Жамиятдаги мана шу кайфият тарбиячиларнинг олд сафида туриши керак бўлган адибларимизга ҳам юқди, шекилли. Бошқача айтганда, кўплар тарбияланишни хушламайдиган этиб “тарбияланиб” қолди. Кўрдингизми, бундай натижа ҳам тарбия меваси экан! Фақат, у тескари тарбия мевасидир.

Ҳолбуки, теварагимизда тарбиячи бўлмаган нарса ё ҳодисанинг ўзи йўқ, худди шунингдек, тарбиядан ташқарида ҳам ҳеч қандай нарса ё ҳодиса йўқ. Ўнг ё терс тарбия бор, холос. Қай бири ўнг, қай бири терс тарбия, инсониятга қай бири фойдали, қай бири зарарли эканини Буюк Тарбиячининг Ўзи айириб берган, аниқ ўлчовни У кўрсатган. Одамнинг ўзига қолса, тўғри ўлчовни асло белгилай олмасди. Кимдир ўзича ниманидир ўлчов деб белгиламоқчи бўлса, бошқаси дарров унга қарши чиқиб, ўзиникини сўқарди. Яъни одамнинг ўзига ташлаб қўйилса, тарбия бир онда издан чиқиб кетади.

Иккинчи нозик нуқта: “тарбия” дейилса, айримларнинг хаёлига дарров насиҳат келади. Ижирғанади. Кўпинча, ўзининг қинғир ҳаётига кўникиб қолган, уни тўғри деб ўйлайдиган ва ундан ажралгиси келмайдиганлар насиҳатни ёқтирмайди. “Яна насиҳатми?!” дейди. Ҳолбуки, тарбия фақат насиҳатдан иборат эмас ва насиҳат тарбиянинг ўзи эмас. Насиҳат тарбия воситаларидан биттасидир, холос. Адабиётни тарбиячи дерканмиз, фақат насиҳат қилиб ўтиради, дегани эмас. Адабиётнинг усуллари, воситалари кўп. Тўғридан-тўғри, очиқ насиҳат қилиши ҳам мумкин ‒ буни панд-насиҳат адабиёти дейишади, билдирмай насиҳат қилиши ҳам мумкин. “Қобуснома” очиқ насиҳат, бу ҳам буюк асар! “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” яширин насиҳат ‒ булар ҳам буюк асарлар! Ёки “Ўткан кунлар”ни олинг. Билдирмасдан миллатни миллий руҳда шунақа тарбиялаб қўяди, ўрнини кўп очиқ насиҳатлар боса олмайди.

Шу маънода, ҳа, адабиётнинг тарбиячи эканига ҳам, яхшиси ўқувчи юрагига эзгулик, ёмони ёвузлик уруғини экишига ишонаман. Адабиётни яратадиган шахслар ҳам оддий одамлардир, улар ҳам оилада, жамиятда, тузумларда ҳар хил тарбия кўришган, бу ҳолат ёзган асарлари руҳига кўчмаслиги мумкин эмас. Ижодкор шахснинг тарбия даражаси асарида кўринади. Ҳазрат Навоий ибораси билан айтганда, у тузук бўлса ‒ бу тузук, у бузуқ бўлса ‒ бу ҳам бузуқ.

Мисолни кўпчилик суядиган иккита мультфильмдан оламиз. Биринчиси, “Ну, погоди!” мультфильми. Уни совет даврида кўрмаган киши қолмади. Бутун бир авлод танглайи шу мультфильм билан кўтарилди, бўри билан қуённинг қувлашмачоқ саҳналари билан кўзи очилди. Бир қараганда, қуённинг топқирликлари, бўрининг ландавур-лапашанглиги ғаразсиз кулги бўлиб кўринади, аммо масалага тўғри ё тескари, фойдали ё зарарли тарбия нуқтаи назаридан боқилса, моҳиятан унчалик ғаразсиз эмаслиги ойдинлашади. У кулгили воқеалар мурғак юракларда қанақа туйғуларни шакллантиради? Қуённинг найрангларидан шавқланиб, бўрининг ҳар гал ютқизиқларидан завқланиб ўсган болакай келгусида қанақа инсон бўлиб етишади? Айниқса, мусулмон боласи?! Айниқса, туркий халқлар?! Биласизлар, бўри туркий халқлар тушунчасида (демак, адабиётида ҳам) қадимдан мардлик тимсоли бўлиб келган. Ҳатто айрим босқичларда айрим туркий қавмлар бўри тимсолини ўзларига тотем қилиб олишган. Ҳозиргача шу фикрда тоифалар, олимлар, фалсафалар яшаб келяпти. Масаланинг мафкуравий томонига бу ерда баҳо бермаймиз, фақат тарбиявий томонига қарасак, “Ну, погоди!”даги бўри билан қуён можаролари бизни қайси руҳда тарбиялайди? Мардлик, тўғрилик, куч-қудрат тимсоли бўлган бўрини битта қуёнча нуқул чув тушириб юрса!..Тинимсиз оёқдан чалиш, чув тушириш, боплаб кетишлардан завқланган ва бу тубан ишларни ижобий хислат деб қабул қилиб олган ёш юрак катта бўлганида нима қилади?!.

Ёки “Том ва Жерри” (“Сичқон ва мушук”) мультфильмини олинг. Капитализм замони болаларининг энг севимли “тарбиячиси” шу ва шунга ўхшаш мультфильмлар бўлиб қолди. Биз ота-оналар болаларимиз тарбиясини “Том ва Жерри”га ва шу каби “тарбиячи”лар маконига айланиб қолган телевидениега ишониб топшириб қўйганмиз! Болалар алданган мушукни кўриб ҳолига кулишади, минг хил усул билан уни лақиллатиб кетадиган сичқоннинг ишларига қойил қолишади. Бу нима дегани? Лақиллатиб яшаш болаларга хуш келяпти деганидир! Мардлик, олижаноблик эмас, лақиллатиш, алдаш, бу йўлда ҳеч қандай усул ва йўлдан тоймаслик болалар онгига ижобий хислат бўлиб сингаяпти. Аслида, мурғак юракка томчилаб-томчилаб заҳар сингаяпти. Тарбиясиз, алдаш ҳисобига бойишни айб санамайдиган қайсидир мамлакатларда боласини ҳам балки шунақа мульт­фильмлар билан “тарбиялаб” бориб ўзларига муносиб авлод етиштиришар, аммо алдашни одобсизлик деб биладиган бизнинг халқ учун бунақа “капиталистик” мультфильмлар фақат хавфли ва разил тарбиячидир. Бизга ўзимизнинг “Зумрад ва Қиммат” эртагимиз ва мультфильмимиз ёқади.

— Энг катта адабиёт юрагимизда яшайди. Демак, адабиёт ҳар биримизнинг, ҳаммамизнинг ичимизда. Лекин адабиётга “яқин” бўлганимиз ҳолда нега дунёда зулм бор? Нега бугун инсоният янги йўл қидирмоқда? “Йўлини йўқотган дунё”да адабиётнинг ўрни ва роли борми? Нега у, яъни адабиёт дунёнинг йўлини йўқотишига жим қараб тур(а)ди? Энди-чи, адабиёт дунёнинг равишига таъсир этиб, унинг янги, муносиб йўл топишига илҳомлантирувчи куч бўла оладими-йўқми?..

— Савол мен учун анчайин тушунарсиз. Нима дейилмоқчи эканини илғаб турган бўлсам ҳам, менда арзирли мулоҳаза туғилмади. Масалан, мен “Энг катта адабиёт юрагимизда яшайди”, деган жумланинг маъносини англаб етолмадим. Мен бунақа деб ҳисобламайман ҳам. Ёки, дейлик, дунёда зулм бор-йўқлигига адабиётга “яқин” ё узоқлигимизнинг нима алоқаси бор? Қўпол туюлса ҳам, ихтиёрсиз равишда эсимга келиб қолди: Адольф Ҳитлер яхшигина расм чизувчи эди, бадиий асарларни ҳам севиб ўқирди. Айниқса, Фёдор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романи доим унинг столи устида турган. Адабиётга яқин тугул, севарди ҳисоб, аммо бу адабиёт севгиси уни зулмдан асраб қолдими? Дунёнинг бошига нималар солмади “адабиётга яқин” бу одам! Демак, бу ерда бошқа нарса бор. У бошқа нарса жуда катта мавзудир.

“Инсон янги йўл қидирмоқда. Нега?” деган саволга ҳам, “Йўлини йўқотган дунё” ҳақидаги мулоҳазаларга ҳам бир неча томондан ёндашилса, ўшанга қараб турлича фикр билдирса бўлади. Масалан, бир боқимдан: инсон ҳеч қанақа йўл қидирмаяпти, яралганидан бери тушиб олган эски йўлларида ‒ айримлари тўғри йўлда кетяпти, айримлари адашиб-улоқиб юрибди, деса ҳам бўлади ёки, иккинчи боқимдан: албатта, ҳар бир инсон ўзлигини англашга ҳаракат қилганидек, ҳар бир давр ҳам ўзлигини англашга тиришади ва бу изланиш замон ўзгаришига қараб турли-туман йўллардан ўтишига тўғри келади, деса ҳам бўлади. Учинчи хил боқимдан учинчи фикр туғилади. Шу қиррадан қаралса, менинг фикримча, дунё йўлини йўқотмаган, белгиланган йўлида белгиланган равишда белгиланган вақтда собит илгарилаяпти. Адабиёт ҳам “дунёнинг йўлини йўқотишига жим қараб тургани” йўқ: белгиланган издан чиққан адабиёт, ўзи билиб ё билмай, дунёнинг йўл йўқотишига “ҳисса” қўшяпти, тўғри йўлдаги адабиёт эса дунё йўлини йўқотмасин, деб қайғуриб ётибди.

— Битта асар жамиятга икки хил таъсир кўрсатадими? Нима учун?..

— Истаймизми-истамаймизми, буюк бир ҳикматга кўра, одам ҳар хил қилиб яратилган. Шаклда ҳам, мазмунда ҳам. Кучда ҳам, қобилиятда ҳам.Илмда ҳам, фаросатда ҳам. Беришда ҳам, олишда ҳам. Бир фандан ўттиз ўқитувчи ўттиз хил даражада дарс берганидек, бир ўқитувчининг битта дарсини ўттиз талаба ўттиз хил даражада қабул қилади. Бир гулни кимдир пайқамай ўтиб кетади, кимдир ундан кўзини узолмай қолади. Билмайдиган одам ерда ётган тиллани мис деб ўйлаб тепиб ўтиши мумкин, биладиган киши олиб, халтасига солади. Дунё шу ҳар хиллиги билан гўзал! Бундай бир шароитда хос ва омма диди бўлиши табиий. “Кўзи ёшлуларнинг ҳолин на билсун мардуми ғофил, Кавокиб сайрини шаб то саҳар бедор ўландан сўр”, деркан, Фузулий илоҳий ишқ гаштини хосларгина анг­лаб етишларига урғу беради. Машраб мачит минорасидан ёзилган бўлса, омма “Мачит ҳовлисини булғади, кофир бўлди”, дейди, хослар эса, Машраб ўзининг шахсини улуғлаб юборганларни ўзидан бездириш ва уларнинг муҳаббатларини Яратганга ва динга тўғри йўналтириш мақсадида: “Мен бир гуноҳкор бандаман, сизлар ҳар қандай айбу нуқсондан холи Зотга боғланинглар”, демоқчи бўлди, дейишади.

Аммо хоснинг диди, фаросати ғурурланишга асос бўлмаганидек, омманинг соддалиги ҳам уларни камситишга асос бўлмайди. Улар шундай яратилган! Демак, шундай бўлиши керак! Ҳар бири ўз ҳолича гўзал! Иброҳим Ҳаққий демоқчи: “Мавло, гўралим, найлар, Найларса, гўзал айлар!” Биздан лозими, борини ўз ҳолича қабул қилиш. Ижодкор агар кучли бўлса, бир пайтнинг ўзида иккала тоифанинг эҳтиёжини ҳам бирдай қондирадиган асарлар ёзади. Бошқача айтганда, асар маҳорат билан ёзилса, ҳар ким ўз имконияти ва салоҳияти даражасида ўз насибасини олади. Масалан, Аҳмад Яссавий асарлари хосга ҳам, авомга ҳам бирдай таъсир этади ‒ иккаласи ҳам оҳ-воҳ урган, иккаласининг ҳам кўзида ёш. Ҳолбуки, хос ҳар бир сўзнинг теран илдизларини, кўздан яширин томонларини кўриб чидаёлмай йиғлаб юборади, авом сўзнинг юза маъносини ўқибоқ йиғлайверади! Чунки юза маъноси ҳам гўзалдир.

Энди саволнинг иккинчи бўлагига келсак. Менимча, ҳаммага “ҳамма нарса”ни тақдим этиб бўлмайди, дейдиганлар ҳам тўғри айтади, хитоб умумга бўлганидан кейин ҳаммага ҳамма нарсани айтса бўлаверади, ҳар ким ўзига кераклисини, ўзининг тоғорасига сиққанини олаверади, дейдиганлар ҳам тўғри айтади. Олтин ўрталиқни фақат донишмандларгина билади ва бу икки ҳақиқатни ўз ўрнида, ўз вақтида улар оқилона қўллай олади. Аммо ҳаётда донишманд кам. Нима мумкин, нима мумкин эмаслигини ҳар ким ўз қаричи билан ўлчай бошласа, тажрибада синалди, ахлоқни асраш нияти тўғри сўзни бўғиш томонига оғиб кетиши ҳам бемалол мумкин. Шахсан менга қўйиб берилса, мен бугун телевидениемиз палапартиш бераётган киноларнинг етмиш-саксон фоизини халқимизга тақдим этмаган бўлар эдим. Менга қўйиб берилса, мактаб дарсликларимизни паст савияли, тарбиявий томондан бир тийинга қиммат “асарлар”дан тозалаб чиқардим.

Оиламизда китоб юксак қадрланар эди. Раҳматли Дадам кўп китоб ўқирдилар. Айримларини биз болаларга ҳам тавсия этсалар, айримларини ҳозирча ўқимагин дердилар. Шунга қарамай, катталар ўқийдиган кирилча имлодаги китоблардан бир-иккитасини болалигимдаёқ ўқиганман. Эсимда, уйимизда саккиз жилдлик “Минг бир кеча” китоби бўларди. Еттинчи синфдалик пайтим ўқий бошлаганман. Бир гал Дадам кўриб қолиб, “Буни катта бўлганингда ўқийсан”, деб қўлимдан олиб қўйганлар. Лекин мен уни яширилган жойдан топиб (саккиз жон биттагина уйда яшаганмиз, шунча кўп китоб қаерга ҳам яшириларди) бошдан-охир шимиб ўқиб чиққанман. Балки уни топиб, барибир, ўқиётганимни раҳматли Дадам сезгандирлар, аммо кейин индамаганлар. Хўш, ўшанда мен ҳаммага ҳам, ҳар доим ҳам бериб бўлмайдиган китобни ўқиганим, катталар ҳаётига хос айрим ишларни “билиб қолганим” тўғри бўлганми, хато бўлганми? Ҳалигача бунга аниқ бир нима дея олмайман.

Яна бир қизиқ ҳолат: ёшим улғайиб, адабий суягим пича қотиб, бугун қаттиқ истасам ҳам айрим асарларни ўқий олмайман. Адабий давраларда у асарлар мақталади, ёзувчилари дунёга машҳур, уларни ўқимаслик қолоқлик саналади, ҳеч бўлмаса, замондан орқада қолмаслик учун ҳам уларни ўқиб чиқишим лозим. Аммо…

Масалан, бир сабаб бўлиб, Франц Кафканинг асарларини ўқий олмай қолганман. У ер-бу ерда номи чиқиб, айримлар жуда кўкларга кўтариб мақтайвергач, мен ҳам бир ўрисча таржимасини топдим. Табиий, олдин китоб сўзбошисини ўқидим. Унда ёзувчи таржимаи ҳолига тегишли бир-икки маълумот ҳам берилган экан. Франц Кафка болалигида дастурхон теварагида бир одобсизлик қилгани учун отасидан калтак еганини ва бир умр юрагида отасига нисбатан алам ва нафрат сақлаганини ёзади. Битта шу кичкина воқеа менга қаттиқ таъсир қилди ва… асарини ўқимадим! Ўқий олмадим! Арзимас дакки учун отани бир умр ёмон кўриб қолган юракдан нима фойдали нарса чиқарди, деган мулоҳаза-туйғу мени унинг асарларидан тўсди. Кейинчалик ҳам ташқи таъсирлар туфайли унинг асарларини ўқишга бир неча марта киришдим ва ҳар гал қаршимда бир дакки учун отасини ёмон кўриб қолган одам гавдаланаверди. Кейин иқрор бўлдим: менинг руҳимга, тарбиямга тўғри келмасди унинг қилиғи! Ҳа-да, нимага мен уни қадрлашим керак?! Фақат дунёда машҳур бўлгани, дунё уни шов-шув билан қабул қилгани учунми?! Уни машҳур қилган ва бошига кўтарган дунё менинг маънавий эҳтиёжимга, руҳий талабимга жавоб бера олмаса, “дунё”да неча карра машҳур бўлмайдими, менинг юрагимда у қадрини топмайди.

Жойснинг “Улисс” романи ҳам ўта машҳур бўлди. Асар бошқа дунё кайфиятининг маҳсули, албатта, шунинг учун ўша дунёда у жуда қадрланди. Лекин бизнинг ўзбек адабиётчилари ҳам уни улуғлай бошлашди. Бу, балки шахсий камчилигимдир, аммо мен “Улисс”ни ҳам ўқий олмадим. Уч-тўрт йил бурун охирги Масков нашрини атай сотиб олиб, яна “қаттиқ” киришдим, лекин… барибир, тортмади. Кимдир уни ич-ичига кириб кетиб ўқир, бўлиши мумкин, кўплардан шу каби гапларни эшитдим, айниқса, юраги ва руҳи ўша асарларга мос тарбияланиб қолган бўлса, албатта берилиб ўқийди ва таъсирланади. Аммо мен юз бетдан нарига ўта олмадим. Чунки мени адабий маҳоратгина, янгича услубларгина қизиқтирмасди, мени биринчи галда асарнинг, адибнинг юраги қизиқтирарди.

Ҳолбуки, мен жуда унақанги дидсиз эмасман, менинг ҳам завқланадиган ўз оламларим бор. Дейлик, Мусо (алайҳиссалом) бошлиқ яҳудийлар Фиръавн лашкаридан қочиб келаётганида, орқадан душман етай-етай деб турганида олдиларидан ўтиб бўлмас бир денгиз чиқиб қолади. Мана шу вазиятда ‒ икки чорасизлик орасида чорасиз қолган қавмнинг ҳолатини кўрсатадиган биргина “Олдинда душман каби денгиз, орқада денгиз каби душман” ифодасини ҳар гал ўқиганимда кечалари уйқумни йўқотгудай даражада таъсирланаман, ҳаловатимни буткул йўқотаман. Ёки менга тақдир аллақачон битилган маъносидаги биргина “Қалам кўтарилди, сиёҳлар қуриди” ифодаси олам-олам маъно бера олади, юрагимни буткул эгаллайди. Аммо, нима қилай, ярим дунё мақтаб ётган бутун бошли романлар заррача таъсир этмаслиги мумкин. Савол мендан сўралгани учун мен ўз мулоҳазамни билдирдим, бошқалар ўзларига олмасинлар.

Булардан ўзимча хулоса қилсам, барибир, ўртада қандайдир бир ўлчов-назорат бўлиши керак, деб ўйлайман. Масалан, ҳар қандай жамият ҳам инсонни ҳеч қачон ўз ҳолига ташлаб қўймайди-ку. Ҳатто ўзини ўта эркин деб ҳисоблайдиган, қонунлари-ла кўз кўриб қулоқ эшитмаган бузуқликларга-да йўл очиб берган либерал-демократик жамиятларда ҳам рухсатлар билан бир қаторда талай таъқиқлар бор. Таъқиқдан ошиб ўтган киши маҳкамаларга тортилади, қамоқларга тиқилади. Аммо бу билан эркинлик бўғилган бўлмайди.

Адабиётда таъқиқ қонун билан бўлмаса-да, кўпроқ ахлоқ билан бўлиши керак. Яъни адабиёт нимани кимга қачон ва қанча миқдорда беришини адабий ахлоқ белгиласин. Асосий ўлчов АДАБИЁТ АХЛОҚИ бўлсин.

— Хос ва омма диди ҳамда адабиёти ҳақида сиз нима деган бўлардингиз? Ҳаммага “ҳамма нарса”ни тақдим қилиш қандай оқибатларга олиб келади? Маънавий иммунитети ҳали етарлича шаклланмаган ёш авлодга қандай асарлар тавсия этиладию қандайлари йўқ?

— Умидбахшлилик фойданинг кони, тушкунлик ҳар томондан зарарли ҳолатдир. Шундай экан, биринчи саволга жавоб саволнинг ўзида бор, уни кенгайтириб тушунтиришга ҳожат йўқ. Иккинчи савол жуда муҳим ва долзарбдир.

Замонавий (аслида, ҳар қачон ҳам) дунё ҳақиқатга муҳтождир. Ҳақиқатга муҳтож дунё адабиётдан нимани кутарди? Албатта, ҳақиқатни!

Ҳақиқат нима? Бу дунёнинг бир Яратувчиси борлиги, дунё бежиз яратилмагани, инсоннинг яратилишдан мақсади Яратганигагина қуллик қилиши ва мана шу бош масаладан чиқиб келадиган бошқа ҳамма хулосалардир. Бу дегани, адабиёт нуқул шу очиқ ҳақиқатларни уқтиравериши керак, дегани эмас. Негизда адабиёт тўғри йўлда бўлса, у нима мавзуни, қанақа томондан қаламга олмасин, ҳақиқатга хизмат қилган бўлаверади. Мумтоз адабиётимизнинг бошидан то мумтоз адабиётимизнинг сўнгги ва янги адабиётимизни илк вакили бўлмиш Абдулла Қодирий асарларигача шу томони билан эътиборлидир.

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 3-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!