Ислом – илм демакдир (муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан суҳбат) (1989)

— Муфтий ҳазратлари! Ўзингизга аён, ҳозир шундай бир пайтда яшаяпмизки, ҳаётимизда йиғилиб қолган кўплаб чигил ва мавҳум муаммолар хусусида рўй-рост, ошкора гапиришни, халқимизнинг ўтмишдаги ҳаётига, умуман, тарихга муносабатимизни ўзгартиришни даврнинг ўзи тақозо этаётир. Масалан, кенг омма учун ҳозиргача ноаниқ қолиб келаётган шундай муаммолардан бири – диннинг илмга муносабати масаласидир. Шу мавзуда Сизга ўзимни кўпдан ўйлантириб юрган бир қанча саволлар билан мурожаат қилмоқчи эдим. Ўйлайманки, улар кўп сонли журналхонларимизни ҳам қизиқтиради.

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим! Аввало, «Фан ва турмуш» журналхонларини биринчи диний суҳбат муносабати ила чин қалбдан табрик этишга ижозат бергайсиз. Ўйлаймизки, бу суҳбат келгусидаги шу хил чиқишларнинг дебочаси, холос.

— Суҳбатимизни ҳозирги мадрасаларда таълим қандайлигидан бошласак. Мадрасаларга ўқишга кириш учун конкурс катта дейишади, шу тўғрими? Уларда дунёвий илмлар қай даражада ўқитилади? Мадрасада таҳсил кўрганлар араб тилини шарқшунос олимлардан мукаммалроқ билишади, бунинг сири нимада? Мадрасаларда диний арбобларгина эмас, балки илмий ходимлар ҳам тайёрлаш кўзда тутилганми? Усмон Қуръони қайтарилиши билан Сиз орқали дин аҳлини муборакбод этар эканмиз, Диний бошқарма ва мадрасалар кутубхонасида қайси илмларга оид китоблар сақланиши, уларни ўрганиш қай аҳволда эканлигини ҳам билишни истардик. Қолаверса, имло ўзгаравериши оқибатида бутун халқимиз ўтмиш меросидан маҳрум бўлиб қолган, олимларимиз беҳисоб қўлёзмаларни ўрганиб улгуролмаётган ҳозирги даврда бу ишга дин аҳллари қандай ҳисса қўшаётирлар?

— Ҳа, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом маъҳади ва Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кирйш учун конкурс катта. Бунинг бир неча сабаблари бор, шулардан бирига кўра, бу иккала мадраса ўз бобида Ватанимиздаги ягона ўқув юртлари бўлиб, уларда таҳсил рлувчиларнинг сони чиқарилган. Мазкур ўқув юртларида фақат диний арбоблар тайёрлаш кўзда тутилган, лекин диний илмлар билан бир қаторда жуғрофия, тарих, давлат ва ҳуқуқ каби дунёвий илмлар ҳам ўқитилади.

Мадрасада таҳсил кўрганлар араб тилини шарқшунос олимлардан мукаммалроқ билишларининг сирига келсак, бизда араб тили асл манбалардан муфассал ўрганилади. Айниқса Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифни ўрганиш жараёни катта ижобий таъсир кўрсатади. Шарқшуносларда эса ундоқ эмас, улар асосан сўзлашувга катта эътибор беришади, араб тилини рус тилида ёзилган ўзига хос манбалар, араб тили қоидалари руҳидан йироқ қоидалар асосида ўрганишади.

Диний бошқарма ва мадрасалар кутубхонасида асосан Қуръон, Тафсир, Ҳадис, Усул ал-фиқҳ, Ислом тарихи ва бошқа табаррук китоблар сақланади. Шу билан бирга китоблар орасида араб, форс, ўзбек ва тожик адабиётига оид, тиб, жуғрофия, илми фалак, фалсафа ва бошқа илмларга доир асарлар ҳам мавжуд. Уларни ўрганиш эса, афсуски, яхши аҳволда эмас. 4-қурултойдан аввал ўтказилган тафтиш ишлари Диний идора кутубхонасининг фаолиятини қониқарсиз деб топди. Кўплаб китоблар изсиз йўқолган, борларини сақлаш талаб даражасида эмас. Ҳозирда бу нуқсонларни бартараф этиш тадбирлари кўрилаётир.

Олимларимиз беҳисоб қўлёзмаларни ўрганиб улгуролмаётган ҳозирги даврда бу ишга дин аҳллари қўшаётган ҳисса ҳақида гапириш жуда оғир. Чунки кўзга кўринарли ҳеч нарса қилинмаган десам ёлғончи бўлмасман. Қани, менга айтинг-чи, агар бирон диний ходим илмий иш қилса, уни ким қабул этади-ю, ким нашр қилади? Бироқ айни вақтда, дин аҳллари бу ишга мутлақо ҳисса қўшишмаган десак ҳам инсофдан бўлмас. Ҳисса қўшишган – шарқшунос олимлар улардан биров билмаслиги шарти билан ёрдам олиб туришган. Лекин ҳозирда, қайта қуриш ва ошкоралик даврида Қуръонни таржима қилаётган олимлар диндорлардан ёрдам олмаётганлиги таажжубланарлидир.

— Ҳозирдаки аҳвол шундай бўлса, демак, тарихимиз бузиб кўрсатиб келинганига ажабланмаслик ҳам керак экан-да. Масалан, Хўжа Аҳрор раҳнамолигидаги мутаассиб руҳонийлар доираси шоҳу олим Мирзо Улуғбекни бир умр таъқиб этгани, пировардида уни ўлдириб, расадхонасини вайрон этиб, шогирдларини қувғин қилгани ҳақида кўп гапирилади. Бу тўғрида мактабда, олий ўқув юртида талабалар қулоғига қуйилаверади. Нафақат дарсликлар, балки бадиий асарлар, фильмларда ҳам айнан шу нарса такрор этилаверади. Кўп қатори мен ҳам шу вақтгача бунга ишонардим, жоҳил Хўжа Аҳрордан ғазабланиб, жаҳолат қурбони Улуғбекка ачинардим. Бироқ кутилмаганда шарқшунос олим Бўривой Аҳмедов бултур «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида босилган бир мақоласи билан бу тўғридаги жамики тасаввурларимни ўзгартириб юборди.

Аслида Хўжа Аҳрор жоҳил руҳоний эмас, балки ўз даврининг уламойи кироми экан. Улуғбекни таъқиб этиш уёқда турсин, ҳатто ўзаро таниш бўлмаган, унинг ўлимига заррача ҳам алоқаси йўқ экан. Расадхона Улуғбек ўлимидан сўнг яна 50 йил турган. Дарвоқе, бу ҳақда бошқа манбаларда ҳам ёзилган-ку. Масалан, Улуғбек 1449 йили ўлдирилган бўлса, Бобур «Бобурнома»сида расадхонани 1500 йили бус-бутун кўрганини айтади. Қолаверса, Улуғбекнинг шогирдларини ҳам таъқиб этмаган. Али Қушчи устодидан кейин Самарқандда узоқ вақт яшаб, сўнг Истамбул сафарини ихтиёр этган экан.

Муфтий ҳазратлари! Бу ўринда тарих қўпол равишда бузиб кўрсатилгани яққол аён бўлиб турибди. Бу ёлғон кимларга ва нима учун керак бўлгани менга қоронғу. Лекин Сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим: Хўжа Аҳрор мисолида дин ноҳақ қораланган экан, бу масалани нечун сизлар, дин арбоблари кўтариб чиқмадингиз? То шарқшунос олим ажрим қилиб бермагунча, манфаатдор томон бўлатуриб, бу масалада чет да турдингизлар?

— Журналингизнинг биринчи сонидан бошлаб то ҳозирги кунгача ушбу суҳбатни уюштириш учун сизга тўсиқ бўлган нарса бизни дам бу масалада четда туришга мажбур қилган. Ҳурматли олимимиз Бўривой Аҳмедовнинг мазкур мақоласи кўпчилик учун кутилмаган бўлса бўлгандир, лекин биз учун қачонлардир айтилиши зарур ҳақиқатнинг юзага чиқиши бўлди, холос. Мен Бўривой оғанинг бу мақоласини илмий жасорат деб аташдан ҳеч тортинмайман.

Шу билан бирга таъкидлаб айтмоқчиманки, бу масала фақат Улуғбек ва Хўжа Аҳрор шахслари билангина чекланиб қолмайди. Ибн Сино, Форобий, Беруний ва бошқа буюк шахсларнинг ҳам ўз «Хўжа Аҳрор»и бор. Фақат воқелик (реализм)гагина асосланувчи ижодкорларимиз ва «ҳақиқатгўй» олиму тарихчиларимиз бу хил тўқима «Хўжа Аҳрор»лар орқали қандай ниятга эришишмоқчи бўлганларини ўзларидан сўрайлик, жавоб берсинлар.

Юқорида номлари зикр этилган алломалар ўз даврининг фарзанди бўлган. Лекин, нима учундир, улар бугунги кун бўёғи билан бўялади. Ҳаммалари аввало даҳрий деб эълон қилинади, сўнг баъзи асарлари шу руҳда ўргана бошланади. Ҳақиқатда эса алломаларнинг ўзлари мусулмонликлари билан фахрланиб ўтишган. Ибн Синога «Шайх ур-раис», Форобийга «Устоди соний» унвонлари Ислом фалсафаси бўйича берилган-ку ахир?!

Аминманки, «Ибн Сино ким бўлган ва унинг қандай асарларини биласиз?» – деган саволга журналхонлар: «Ибн Сино машҳур табиб бўлган, у «Тиб қонунлари» китобининг муаллифи» деган жавобдан нарига ўта олмайдилар. «Ибн Сино машҳур Ислом файласуфи бўлган, Аллоҳнинг мавжудлигини, Қуръоннинг илоҳий китоблигини ва бошқа Ислом ақидаларини фалсафий йўл билан баён қилган ўнлаб муҳим китобларнинг муаллифи» деб жавоб берадиганлар эса кам бўлса керак. Бу хил мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Модомики шундай экан, Ислом илмга тўсқинлик қилган, деган даъвога қандай ишоним мумкин?

— Билъакс, исломшуносликка оид адабиётларда Ислом ҳамиша илмга даъват этиб келгани кўрсатилади. Масалан, ҳорижий машҳур шарқшунос олим Франц Роузентал Ислом ва илм муносабатларига бағишланган «Илм тантанаси» номли йирик асарида Ислом дини мағиз-мағзигача илм олишга даъватдан иборат деб таъкидлайди. Каттагина бир қисмга «Илм – исломдир» деган ном берилган, умуман – Ислом – илм демакдир» деган фикр асарнинг бошидан охиригача сингдириб юборилган, Қолаверса, муаллиф шуни алоҳида таъкидлаб ўтадики, Қуръонда жами 78000 га яқин сўз бўлса, «илм» сўзи уларнинг 1 фоизга яқинини ташкил этар, бошқача айтганда, «Аллоҳ», «араб», «бўлмоқ» ва «айтмоқ» каби энг кўп такрорланувчи сўзлардан кейин бешинчи ўринда тураркан. Бу ўринда олим диний илмни назарда тутяптими ё дунёвий илмни? Умуман, Исломнинг илмга муносабати хусисида нималар дея оласиз?

— Араб тилшунослари илмнинг моҳиятини «Нарсаларни худди воқеликдагидек идрок этиш» деб таърифлашади. «Ислом дини илмга қарши бўлган» деган фикр эса «Дин – илмга қарши» ғарбий фикрнинг умумлаштирилган кўриниши, холос. Бошқа динлар илмга қарши бўлган бўлса эҳтимол, лекин Ислом ҳеч қачон илмга қарши бўлган эмас. Ислом – илм динидур. Сиз Тошкентда 12 та мадраса бўлган экан дедингиз, Самарқанд, Бухоро, Хива сингари марказларда юзлаб шу хил олий ўқув юртлари бўлган. Қолаверса, гап илм масканларининг сонидагина эмас, балки уларда етишиб чиққан Бухорий, Замахшарий, Термизий, Насафий, Шоший, Ибн Сино, Беруний, Форобий, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Улуғбек, Жомий, Навоий ва бошқа алломалар ҳақида ҳамдир.

Энди бир ўйлаб кўрайлик: нима учун мўътабар зотлар Ислом маданияти гуллаб яшнаган бир пайтдагина етишиб чиқди, ундан аввал ҳам эмас? Ислом илмга қарши деганлар, қани, шуни бир тушунтириб берсинлар-чи? Келинг, тарафкашликни бир четга қўйиб, Исломнинг асоси бўлмиш Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифга мурожаат этайлик, илм ҳақидаги баъзи таълимотларга назар солайлик.

Қуръонда «илм» сўзи турли ҳолларда 765 марта такрорланади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлари ва айтган сўзлари ҳам илмга даъват билан тўла. Биргина мисол келтирайлик. Бадр деган жойда мушриклар билан урушдан сўнг Муҳаммад алайҳиссалом ҳар бир асирга озод бўлиши учун 10 та мусулмонга ўқиш, ёзишни ўргатиб қўйишни шарт қилганлар. Ўша ўринда пул, мол ёки хоҳлаган бошқа нарса сўралиши мумкин эди, лекин Исломда илм ҳамма нарсадан устун тургани учун шу сўралган. Бу масалада қанча гапирилса шунча оз, ўнлаб китоблар битилган бўлса ҳам барибир оз.

Сиз Франц Роузентал ҳақида гапирдингиз, бу борада у ёлғиз эмас, ғарбдаги кўплаб инсофли олимлар Ислом илм дини эканлигини очиқ-ойдин, ҳужжат ва далиллар билан исботлаб беришган. Шулардан бири, немис шарқшунос олимаси Зингфрид Хенка «Араб қуёши ғарбга зиё сочади» номли йирик асарида бу масалани атрофлича ёритган. Хусусан, китобнинг «Мадрасага қатнаётган халқ» деб аталувчи бобида ғарб аҳолисининг 95 фоизи саводсиз бўлган, буюк Шарл қариган чоғида ўқиш, ёзишни қийналиб ўрганаётган, ҳатто ибодатхоналарда қалам тутишни биладиганлар нодир бўлган IX – XII асрларда Ислом оламининг шаҳару қишлоқларидаги минглаб мадрасалар миллионлаб ўғил-қизларни кутиб олаётгани, улар Ислом талабига асосан илмни рағбат билан ўргатаётгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Исломда илм тўғрисида сўз юритилар экан, унинг том маъноси назарда тутилади. Башарти фақат диний илм назарда тутилган бўлса, бу алоҳида қайд этилиб, таъкидланар эди. Шуни унутмаслик керакки, Исломда дин ва дунё алоҳида-алоҳида тушунчалар эмас, балки бир-бири билан боғлиқ нарсалардир. Сиз дунёвий деб атаётган илмларда мусулмондар пешқадам бўлишган, бунга эса уларни Қуръони Карим ва Ислом таълимотлари чорлаган.

Шунинг учун ҳам барча илмларнинг диний туси бўлган. Ривоят қилишларича, фалакиёт соҳасидаги икки мусулмон олими юнон олими Батлимуснинг фалак илмига оид китобини ўқиб ўтиришган экан, диний уламолар ўтиб кетаётиб: «Нима қилиб ўтирибсизлар?» – деб сўрашибди. Шунда фалак илми соҳиблари: «Туя қандай яратилганига ва осмон қандай кўтарилганига назар солмайдиларми?» – деган оятнинг шарҳини ўқиб ўтирибмиз», деб жавоб беришган экан. Худди шу фикрни барча илмлар ҳакида Қуръон ва суннатдан далиллар келтириб қувватлаш мумкин.

Ислом илм талаб қилишни ибодат даражасига кўтарган, ҳаттоки ихтиёрий ибодатдан илм талабини устун қўйган. Шунинг учун ҳам авваллари илм ўргатганларга ҳақ берилмаган, илм ўргатиш – ибодат, ибодатга эса ҳақ олинмайди дейилган. Турли илм ва ҳунарлар бўйича ўз эҳтиёжига етарли кишиларни тайёрлаш мусулмон жамиятига фарздир. Агар бу борада камчилик бўлса, жамиятнинг барча аъзолари Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлажаклар. Гапнинг хулосасини айтганда, Ислом – илмдир, илм – исломдир.

— Маълумки, араблар дунёнинг ярмини эгаллашган, Ислом дини Атлантика океани соҳиллларидан Тинч океан соҳилларига қадар кенг ёйилган. Айни вақтда улар истило этган жойларида илму урфон ҳам тарқатишган. Натижада босиб олинган мамлакатларнинг фани ва маданияти ҳам дунёга араб фани ва маданияти номида маълум бўлди. Пировардида эса араблар Қадимги Юнонистондан, шунингдек, босиб олган мамлакатларидан, айниқса Ўрта Осиёдан тўплаган жамики илмларини Испаниянинг ўша давр Андалусияси – Қуртуба халифалиги ва Ғарната амирлиги орқали Европага узатиб, Уйғониш даврининг тамал тошини қўйишди.

Мисол учун, Буюк географик кашфиётлар даврида Васко да Гама Африкани айланиб ўтиб, Ҳиндистонга бориш мумкинлигини қаердан билган? Берунийнинг Африка жанубида Атлантика ва Ҳинд океанлари ўзаро туташ деган фикри етиб бормаганмикан унга? Сафарининг маълум қисмида португал сайёҳига машҳур араб денгизчиси Аҳмад ибн Мажид йўлбошловчилик қилгани ҳам бежиз эмасдир балки! Ёинки Америка қитъасини кашф этишида Христофор Колумбга Берунийнинг юзлаб йил аввал айтилган, даҳоларга хос башорати илҳом бермаганмикан?! Умуман, шарқнинг ғарбга таъсири ва бу борада ана шу илмларни олиб борган Исломнинг роли ҳақида нималар дея оласиз?

– Саволингиздан кўриниб турибдики, бу тўғридаги маълумотларни ғарб шарқшуносларидан олгансиз. Зотан, араб фани, араб маданияти каби тушунчалар уларга хос. Аслида эса Ислом фани, Ислом маданияти дейилиши керак. Негаки, араблар тарихга фақат Ислом орқали киришган. Аввалги мусулмонлар орасида эса арабмаслар ҳам бўлган, шунингдек, илму фан ва маданият арбобларининг кўпчилиги ҳам араб эмас. Ибн Сино, Форобий, Беруний, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний каби алломаларнинг ўзиёқ гувоҳ бунга. Уларнинг бари мусулмон, Ислом фани ва маданиятининг йирик намояндалари бўлишган.

«Босиб олиш» ибораси ҳам шарқшуносларники, биз эса «фатҳ» (очиш) сўзини ишлатамиз. Чунки мусулмонлар қаерга боришган бўлса, фақат динни тарқатиш, яъни бошқа халқларнинг ҳам онгини очиш учун боришган, холос. «Босиб олиш» маъноси бўлмаган мутлақо. Тарих шоҳид, улар қаерга боришса, ўша ернинг туб аҳолиси билан ака-ука, дўст-биродарларга айланишган. Ўзлари билган нарсаларни ўргатиб, билмаганларини ўрганишган. Ҳозирги кунга қадар барча халқлар уларни ҳурмат-эҳтиром билан эсга оладилар.

Маълумки, Қадимги Юнонистон ва Римнинг фани ҳамда маданияти таназзулга учраган даврдан то Ислом боргунига қадар Европа кўп асрлик зулмат қўйнида қолган эди. Ислом ҳадсиз-ҳисобсиз илмларни олиб бориб, Европа халқларини ғафлат уйқусидан уйғотди. Уйғониш даврини бошлаб берди. Масалан, мусулмонлар Андалусияга ҳисоб илмини беришди, «алгебра», «алгоритм» сўзлари буюк бобомиз Ал-Хоразмий номи билан боғлиқлигини бутун дунё эътироф этади. Ҳатто Рим папаларидан бири саноқни арабчада ўргангани тарихдан маълум. Мусулмонлар Европага техника, астрономия, ҳарбий ишга оид илмларни олиб боришди, порох ва компас совға қилишди. Пахтанинг инглизча номи «коттон» арабча «қутун» сўзидан, «кофе» арабча «қаҳва» сўзидан олинган. Мусулмонлар Европага жуғрофий, кемасозлик, денгизчилик илмларини олиб боришди, бу эса Буюк жўғрофий кашфиётларга олиб келди. «Капитан» сўзи ҳам арабча «қубтон»дан олинган.

Ислом табобати европаликларга беморларни даволашни, шифохоналар қуришни ўргатди. Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асари Европа дорилфунунларида 600 йил мобайнида талабалар учун табобат бўйича ягона қўлланма бўлиб келганини бутун дунё эътироф этади. Уёғини сўрасангиз, Европа Исломдан ҳатто меъморчиликни ўрганган жойлари бор.

— Муфтий ҳазратлари, Ислом фани ва маданияти қадимги дунё илмларини асраб қолиб ва кўпайтириб, янги дунё ривожи учун тақдим этган башарият тарихида бағоят улуғвор иш бўлгани тўғрисида, айниқса, Ғарбнинг ўзида кўп ёзишади. Масалан, француз файласуфи Жан Кондорсе «Инсон тафаккури тараққиётининг тарихий манзараси чизгилари» номли асарида: «Ўрта асрлар мусулмон оламида тўпланган илмий билимлар ғарбда Уйғониш даврини тайёрлаш учун хизмат қилмаганида инсоният учун бесамар йўқолиб кетарди» деб ёзган.

Замонамизнинг йирик фантаст-ёзувчиларидан бири, атоқли олим Артур Кларк эса Исломнинг ғарб оламига, умуман, башарият тарихига жаҳоншумул улкан таъсир кўрсатганини янада юқори баҳолайди. Унинг фикрича, Ислом Андалусия билан чекланиб қолмай, бутун Европага тарқалганида ер юзида тараққиёт 1000 йил олға кетар ва ҳозирда инсоният сайёралар уёқда турсин, юлдузларга етиб борган бўлар экан. Бу баҳоларга қандай қарайсиз?

— Шу саволингизга мухтасар жавоб қилсам, боиси – аввалги гапларимда қисман жавоб бор. Француз файласуфининг Ислом тўғрисидаги фикрига қўшиламан. Энди фантаст-ёзувчининг тасаввурига келсак, унда ҳеч қандай янгилик йўқ. Бу гап ғарбнинг ўзида 1000 йил аввал айтилган.

— Исломнинг илмга муносабатида гоҳо ҳайратомуз ҳодисаларга дуч келиш мумкин. Масалан, илм олишда миллат ажратмаслик, наинки мусулмонлар, балки ғайридинлар ҳам бемалол таҳсил кўриши учун кенг имконият яратиб бериш ҳолларини учратамиз тарихда.

Чунончи, араблар даврида Искандария дорилфунунида баъзан 14000 талаба ўқиган. Кутубхонасида 700000 жилд китоб бўлган. Бу ажабланарли эмас, мисол учун халифалардан бирининг кутубхонасидаги китоблар каталогининг ўзи 40 жилд эди. Ажабланарлиси шуки, ҳайвонот ва наботот боғлари, расадхонаси, жарроҳхонаси ва ҳоказолари ҳам бўлган ушбу дорилфунунда илм-фаннинг барча соҳаларида исталган диндаги кишилар ўқиши мумкин бўлган.

Мана бу қизиқарли маълумот эса Ислом илм бобида ҳар қандай диний қарашлардан устун турганини яна бир бор тасдиқлайди. Халифа Ал-Маъмун математик Лев Шарқ пойтахтига келишига ижозат беришини сўраб, Византия императоридан шундай илтимос қилган эди: «Динимиз ёхуд мамлакатларимиз ўртасидаги тафовутлар боис ўтинчимни рад этмагайсиз. Дўстлик удумларига мувофиқ иш тутгайсиз, деган умидим бор. Эвазига мен сизга юз қадоқ тилла, абадий иттифоқ ва сулҳни таклиф этурман».

— Ҳадислардан бирида Муҳаммад алайҳиссалом: «Илмни Чин мамлакатидан бўлса ҳам талаб қилинглар», деганлар. Ислом ҳар қандай илмни ўрганишга даъват этади, у диний ақидани бузмаса бас. «Илм – мўминларнинг ахтариб юрувчи нарсасидир, топган жойидан олади», деган ҳадис ҳам бор. «Имкони борича ва қаерда қодир бўлсанг илм ўрган ва маърифатингни зиёда қил», бу – мусулмонларнинг доимий шиори бўлган.

Халифа Хорун ар-Рашид ва Маъмун даврларида Бағдодда ўша давр академияси – Байтул ҳикмат («Донишмандлик уйи») ташкил этилиб, қадимги юнонларнинг жамики илмларига олд асарлари таржима қилинган. Шунингдек, бошқа халқлар тилидан ўгириладиган таржималарга ҳам эътибор катта бўлган, масалан ҳиндларнинг «Калила ва Димна» асари қадимги санскрит тилидан ўгирилган эди, замонлар ўтиши билан асл нусхаси йўқолганидан кейин арабча таржима энг қадимий матн бўлиб қолди.

— Илм бобида миллату динни ажратмагани каби Ислом эркагу аёлни ҳам тенг кўрган. «Илм олмакка интилиш муслим ва муслималар учун бирдек қарзу фарз» деган ҳадис бунга яққол мисолдир. Дарвоқе, суҳбатимиз аввалида тилга олинган олиму шоҳ Улуғбек бу ҳадисни Бухородаги мадрасаси эшикларига ёздирган эди. Шунинг ўзиёқ Ислом аёл кишини асло камситмаганини кўрсатмайдими?

У ҳолда нима учун дин хотин-қизларни ҳамиша таҳқирлаган, ҳақ-ҳуқуқларшш чеклаб қўйган, деб ёшларимизнинг қулоғига қуйиб келишади? Бу нима ўзи – бир замонлари динга қарши кўр-кўрона бошланган курашнинг ҳанузгача судралиб келаётган асоратими? Зотан, Ислом аёлни камситиши ва айни вақтнинг ўзида илм олишга даъват қилиши мумкин эмас-ку ахир?

— Ислом хотин-қизларни ҳеч қачон камситмаган, билъакс, уларни ҳамиша улуғлаб келган. На Қуръони Каримда ва на Ҳадиси шарифда аёл кишига паст назар билан қаралмаган, бунга қуруқ даъво қилувчилар қани, бирон манбадан исбот-далил келтириб кўрсинлар-чи?

Исломнинг илк даврларидаёқ хотин-қизлар эъзозланган, уларнинг эҳтиёжларига ҳамиша диққат-эътибор билан қараб келинган. Масалан, аёллар кўп жиҳатдан эркаклар биздан ўтиб кетишяпти, деб шикоят қилишганида Муҳаммад алайҳиссалом улар учун махсус мажлислар тайин этганлар.

Онани-ку Ислом мўътабар зот деб билади. Ҳадислардан бирида айтилишича, бир киши: «Кимга яхшилик қилишим керак?» – деб сўраганида Муҳаммад алайҳиссалом: «Онангга!» – деб жавоб берганлар. Савол уч марта такрорланганда ҳам жавоби шу бўлган. Фақат тўртинчи мартадагина пайғамбаримиз: «Отангга!» – деган эканлар. Яъни Исломда онанинг ҳақи отаникидан уч баравар улуғ деб билинади. «Жаннат – оналар оёғи остидадир», деганлар пайғамбаримиз.

Ислом хотин-қизларга шу қадар иззат-икром кўрсатгани боис ҳам тарихда кўплаб фозила аёллар етишиб чиққан. Маълумки, ҳадисларни йиғувчи, шарҳловчи ва тарғиб этувчи шахслар муҳаммадий деб аталган. Абу Ҳурайра энг кўп ҳадис ривоят қилган киши ҳисобланади. Муҳаммад алайҳиссаломнинг хотинлари Биби Ойша эса у кишидан сўнг иккинчи ўриндадирлар. Пайғамбаримизнинг қизлари Биби Фотима ҳам илмли, фозила аёл бўлиб, ижтимоий ишларда фаол иштирок этган, араб халифаларининг бутун бошли бир сулоласи – фотимийлар ўзларини Биби Фотиманинг авлоди деб ҳисоблайдилар.

Самарқандлик аллома Имом Косоний фиқҳ илмида устозининг китобига шарҳ тарзида «Бадоеул саное» номли ажойиб асар битган. Миннатдор устод эса шогирдига илмда беназир қизи Фотимани берган. Ўша вақтларда бу уч машҳур фақиҳнинг имзолари қўйилмагунча фатволар кучга кирмаган. Шунингдек, аёллар орасида атоқли шоиралар ҳам бўлган.

Энди Ислом аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқини чеклаганига келсак, бу фақат уларнинг манфаатини кўзлаганидан. Масалан, аёллар урушда ҳамширалик этишига ижозат бергани ҳолда оғир меҳнат қилишига рухсат бермаган. Ўзингиз қиёслаб кўринг: ҳозир қаерда оғир иш бўлса, аёл кишини албатта учратасиз. Хотин-қизларимиз саратон тиғида кун бўйи кетмон чопишади, қурилишда ишлашади, кўчага асфальт ётқизишади, завод-фабрикаларда мураккаб машиналарни бошқаришади, бозор-ўчар қилишади ва ҳоказо. Ислом эса аёл кишини илм олишга даъват қилади-ю, лекин қўлига кетмон бермайди асло. У жамики оғир ишларни эркаклар зиммасига юклаб, аёлларни бундан халос этади.

Аёл киши аввало аёллигини – бор нафосатию назокатини, одобу ибосини сақлаб қолиши керак, деб билади Ислом. Зеро, у она сифатида саломатлигини фарзандлари учун асрамоғи шарт. Зурёдлари соғлом бўлишини истовчи эркак эса аёлини эъзозламоқ учун бурчлидир. Хулласи калом, Ислом хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ёлғизгина бир нарсада – оғир меҳнат қилишда чеклаган, холос.

— Муфтий ҳазратлари, бир вақтлари динга қарши кўр-кўрона бошланган кураш қандай салбий оқибатларга олиб келганини қисқача бўлса-да, кўриб ўтдик. Шу кураш ниқоби остида диний-мистик шоирлар деган тамға ёпиштирилган талай ижодкорлар вақти-соати келиб дунёвий адабиётга қайтарилди. Лекин узоқ ва бой тарихимизда уларга ўхшаш олимлар ҳам кўп. Умуман, Ислом тараққиётига Ўрта Осиёдан етишиб чиққан алломалар жуда катта ҳисса қўшгани жумлаи жаҳонга аён. Иккитагина мисол келтирай.

Ҳожа Исмоил Бухорийнинг «Саҳиҳи Бухорий» деб ҳам юритиладиган, минглаб ҳадислар жам этилган «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» – «Ишонарли тўплам» номли асари мусулмон мамлакатларида улуғ шуҳрат топиб, қайта-қайта нашр этилган. Атоқли фақиҳ Бурҳониддин Марғилонийнинг фиқҳ илмига оид «Бидоят ал-мубтадий» – «Илмга киришувчи учун биринчи асос» номли кўп жилдли асари эса Шарқ мамлакатларидаги мадрасаларда ҳанузгача асосий қўлланма бўлиб келаётир, форс, инглиз, рус тилларига таржима қилинган.

Юқоридаги шоирлар ижоди сингари бу олимлар ижоди ҳам диний аҳамиятидан ташқари катта дунёвий аҳамиятга эга. Зеро, мазкур асарларда халқимизнинг тарихи, ўтмишдаги ҳаёти, маросимлари, урф-одатлари, аҳлоққа оид қарашлари ва ҳоказолар бўйича қимматли маълумотлар мавжуд. Бинобарин, ҳорижий тилларга аллақачон ўгирилган бу хил асарларни ниҳоят ўзбек тилига ҳам таржима қилиб, халқимизнинг ўзига таништириш фурсати етмадимикан? Масалан, Қуръонни!

— Фурсат етганда қандай? Бироқ қани ушбу савоб, аммо оғир юмушга бел боғловчилар? Қани бунга имкон ва шароит? Ҳолбуки, ҳануз диний илмга ҳам бой бўлган бундай асарлар жуда кўп. Қуръоннинг ўзи хусусида мухтасар сўзлаб ўтсам.

Қуръони Карим мусулмонларнинг асосий муқаддас китобидир. Унда инсониятнинг этник бўлиниши, ижтимоий-иқтисодий табақаланиши инкор этилади. Бундан ташқари, Қуръон мусулмон халқларнинг фалсафий, ахлоқий ва ҳуқуқий қарашлари тараққиётига ҳал қилувчи таъсир кўрсатган. Унда географик, этнографик, тарихий маълумотлар мавжуд. Айни вақтда Қуръон араб насрининг илк ёзма ёдгорлиги сифатида умуман Шарқ адабиётида катта таъсир кўрсатган.

Турфа хил жиҳатлардан беқиёс аҳамиятга эгалиги боис ҳам Қуръони Карим XII асрданоқ дунё халқлари тилларига таржима қилина бошланган. Ҳозирги даврда, Қуръонни бутун дунё бемалол ўқиб турган бир пайтда, қолаверса, рус тилига бир неча марта таржима қилингани ҳолда биз, мусулмонлар ўз тилимизда ўқий олмаслигимиз ҳам тўғри эмас. Қолаверса, эндиликда айрим кишилар Қуръонни ўқиган ҳамма одам диндор бўлиб кетади, деб қўрққан пайтлар эмас-ку! Қуръонни ҳатто сиз, зиёлилар ҳам билмаслигингиз уят эмасми ахир?

Аллоҳга шукрким, суҳбатимиз аввалида айтиб ўтганимиздек, Қуръон ўзбек тилига таржима этилаяпти. Умид қиламизки, бовдқа диний асарлар ҳам холисанлиллоҳ баҳосини олиб, таржима этилади, кечроқ бўлса-да, халқимизнинг ўзига қайтарилади.

— Бошқа диндагилар, масалан, христианлар ўзининг ўтмишига нисбатан бундай нотўғри муносабатда бўлмаётганини жаҳон афкор оммаси кўриб турибди-ку ахир! Русь чўқинтирилганининг 1000 йиллиги кенг нишонланди, Библия миллионлаб нусхада нашр этиляпти. «Социалистик Татаристон» газетасининг 1988 йилги 18 декабрь сонида мухбирнинг Маржоний масжиди жомесининг имоми Закий ҳазрат Сафиуллин билан суҳбати эълон қилинди. Закий ҳазратнинг айтишича, бу йил Волгабўйи халқлари Исломни қабул этганининг 1000 йиллиги нишонланар, шу муносабат билан Қуръон татар тилида 50000 нусхада чоп этилар экан.

Ўрта Осиёда Ислом қачон қабул қилинган? Бирон санаси нишонланганми? Турли-туман халқларни бирлаштира олишдек қудратли кучга эга бўлган динга нисбатан бу хил лоқайд муносабат бизда токайгача давом этади?

— Ислом 22-ҳижрий йилда Марв шаҳрига кириб келган, унинг Ўрта Осиёда тарқалиши шу санадан бошланади. 1974 йили Бухорийнинг 1200 йиллиги, 1980 йили ҳижрий сананинг 1500 йиллиги нишонланган. Келгуси йили Имом Тирмизийнинг таваллудига 1200 йил тўлади. Ва ниҳоят, Аллоҳ насиб этса, яқин келажакда Ўрта Осиёда Ислом қабул этилганининг 1400 йиллигини нишонлаш ниятимиз бор. Сўнгги саволингизга мен жавоб бермасам, уни Исломга ҳануз лоқайд муносабатда бўлиб келаётганларнинг ўзларига ҳавола этсак. Зеро, эътиқод эркинлиги сўзда эмас, амалда бўлмоғи лозим.

— Муфтий ҳазратлари! Мазмунли суҳбатингиз учун юз минглаб муштарийларимиз номидан Сизга ташаккур билдириш баробарида сўнгги сўзни ўзингизга берсам. Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Ўрта Осиёда ягона бўлган илмий-оммабоп журналимиз орқали кенг оммага айтадиган дилдаги гапларингиз, айниқса ёшларга билдирадиган тилакларингиз бордир.

— «Фан ва турмуш» журналхонларига Аллоҳ таолодан аввало сиҳат-саломатлик, иймон-эътиқод бутунлигини тилайман, бахт-саодат ҳамиша ёр бўлсин сизларга. Ёшларга ҳам бир оғизгина гапим бор. Одам оламни фақат илм орқалигина англай олади.

Одамдан юқори тураркан олам,

Билим оширмоққа муҳтождир одам, –

деган эдилар Абу Абдуллоҳ Рудакий ҳам. Минг йил бўлибдики, ушбу ҳикмат ҳануз эскирмайди.

Қуръони Карим ҳам «Иқро!», яъни «Ўқи!» – деган сўздан бошланган ва бу хитоб уч бора такрорланади. Менинг ҳам сизларга тилагим шу: «Ўрганинг ва илмли бўлинг, зеро куч – илмдадир!»

«Фан ва турмуш» журнали, 1989 йил, июнь.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!