Мунаввар қори Абдурашидхонов (1878-1931)

Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиси, ХХ аср ўзбек миллий матбуоти ва янги усулдаги миллий мактаб асосчиси, янги миллий театр ташкилотчиларидан бири, адиб, шоир, мураббий, муҳаррир, маърифатпарвар, жамоат арбоби Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли 1878 йилда Тошкент шаҳрининг Шайх Хованд Тоҳур даҳаси Дархон маҳалласида мударрис оиласида туғилди. Отаси Абдурашидхон Сотиболдихон ўғли мударрис, онаси Хосият отин Хонхўжа Шораҳимхўжа мударрис қизи отинойи бўлган.  У оилада учинчи ўғил бўлиб, катта акалари Аъзамхон (1872—1919) ва Муслимхон (1875—1954) муаллим бўлишган. Отасидан ёш етим қолгани туфайли дастлабки таълим-тарбияни онасидан олган. Сўнг ўз даврининг машҳур ўқитувчиси Усмон домладан илми қироат ва тажвидни ўрганиб, ҳофизи Қуръон бўлган. 1885—90 йилларда Бухородаги Мирараб мадрасасида таҳсил олган, аммо таҳсилни охирига етказмай, Тошкентга қайтиб, Дархон масжидида имомлик вазифасини бажаради.

Мунаввар қори ХIХ асрнинг охиридан бошлаб жадидчилик ҳаракатларида фаол иштирок эта бошлади. 1901 йилда ўз ҳовлисида, кейинчалик Тошкентнинг турли даҳаларида жадид мактабларини очади.

1904 йилдан ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётга аралаша бошлаган. 1906 йилдан «Ўрта Осиёнинг умргузорлиги, тараққий», «Тараққий» газеталарида адабий ходим. Шу йили ношир ва муҳаррир сифатида «Хуршид» газетани ташкил этган. «Шуҳрат» (1907), «Тужжор» (1907), «Осиё» (1908) газеталарини ғоявий бошқарган ва адабий ходим вазифасини бажарган. Сўнг «Садойи Туркистон» (1914—15) газетасида масъул муҳаррир муовини, «Ал-ислоҳ» журнали (1915—17)да муҳаррир, «Нажот» ва «Кенгаш» (1917) газеталарида масъул муҳаррир.

У 1909 йили Тошкентда «Жамияти хайрия» уюшмасини тузади ва «Турон» номли жамиятни очади. Мунаввар қори 1906-йилда дастлабки ўзбек матбуоти намуналаридан бири «Хуршид» газетасини нашр этди. Кейинчалик «Нажот», «Кенгаш» газеталарида бош муҳаррир, «Садойи Туркистон»да эса бўлим муҳаррири бўлиб хизмат қилади.

Шўро даврида у ўзининг очиқ маърифий ишларини ва яширин сиёсий ҳаракатларини давом эттирди. 1918 йилнинг апрелида Туркистон халқ дорилфунунининг асосчиси ва ректори этиб сайланади. Унинг саъй-ҳаракати билан 1918 йил 2 июнда дорилмуаллимин иш бошлайди. У 1918 йилда «Турк ўчоғи» илмий-маърифий жамиятини ташкил қилади.

Мунаввар қори 20-йилларда ўзбек юртининг мустақиллиги учун кураш вазифасини ўз олдига қўйган «Миллий иттиҳод» ва «Миллий истиқлол» яширин ташкилотларига раҳбарлик қилган.

Мунаввар қори турли жамият ва уюшмалар ташкилотчиси. У «Жамияти Имдодия» (1909), «Турон» (1913), «Туркистон кутубхонаси» (1914), «Умид» (1914), «Мактаб» (1914), «Кўмак» (1921) жамият, ташкилот, ширкат ва уюшмаларида муассис, муовин, раис, аъзо. Шўролар ҳукумати даврида Халқ дорилфунуни шўросининг раиси, Туркистон Маориф халқ комиссарлиги турк шўъбасининг иш юритувчиси (1918), Тошкент шаҳар маориф нозири, Шарқ халқлари съезди (1920, Боку) делегати ва ҳайъати аъзоси. БХСР Маориф нозирлиги вақф бўлими бошлиғи (1920—21), Тошкент шаҳар ижтимоий тарбия бўлими мудири (1921), Академмарказ раиси (1922), Навоий номидаги мактаб, Наримонов номидаги педагогика техникуми, аёллар педагогика институтида муаллим (1923 — 25), Самарқанд шаҳар музейида илмий ходим, Ўзбекистон осори-атиқаларни сақлаш қўмитасининг Тошкент-Фарғона бўлимида масъул котиб (1927-28).

Мунаввар қори бир қанча дарслик муаллифидир. Унинг «Адиби аввал» (1907), «Адиб ус-соний» (1907), «Усули ҳисоб», «Тарихи қавм турк», «Тажвид» (1911), «Ҳавойижи диния», «Тарихи анбиё», «Тарихи исломия» (1912), «Ер юзи» (1916—17), 4 қисмдан иборат «Ўзбекча тил сабоқлиги» (Шорасул Зуннун ва Қаюм Рамазон билан бирга, 1925—26, 4-қисми мусодара қилинган) дарсликлари бир неча марта чоп этилган. 1914 йилда тараққийпарвар ўзбек шоирларининг шеърларини жамлаб, «Сабзавор» номи билан нашр этган.

Мунаввар қори ижтимоий-педагогик фаолият билан бирга бадиий ижод билан ҳам шуғулланган. Унинг ихчам ҳикоялари, талайгина шеърлари ўша даврдаги матбуот ва ўзи тузган ҳамда ёзган дарсликларга киритилган. Шунингдек, у ўткир публицист адиб сифатида танилган. Мақолаларида инсон ва жамият, дин ва диндорлик, ахлоқ, мустамлакачилик ва хуррият, зиёлилик, уюшма, ташкилот, давлат идораси масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

Мунаввар қори ўз фаолияти давомида педагогик, матбуотчилик, муҳаррирлик, адиблик билан чекланмай, жиддий сиёсий фаолият ҳам олиб борган, шу сабабли мустамлака ҳукумати томонидан бир неча бор ҳибс қилинган.

Европа савдо-саноат, илм-фанини ўрганишга чақирган, маънавий қолоқликни қоралаган. У виждон эркинлигини инкор этмаган дунёвий демократик давлат тарафдори бўлган. Шу сабабли Қўқон шаҳрида ташкил топган Туркистон мухториятини (1917) қўллаб-қувватлаган. Умр бўйи ўз ватанини мустақил кўришни истаган.

20-йилларнинг ўрталарида миллий зиёлиларни таъқиб қилиш кучайиши натижасида Мунаввар қори ҳамма лавозимлардан четлаштирилади. Бироқ ҳатто қатағон ҳам Мунаввар қори Абдурашидхон ўғлини истиқлол ғояларидан қайтара олмади.

У 1929 йил 6 ноябрда қамоққа олиниб, Москва шаҳридаги Бутирка қамоқхонасида қатл қилинган ва Ваганкова қабристонига дафн этилган. 1991 йилда расман реаблитация қилинган.

Мақолалар:

Маънавият юлдузлари: Мунаввар қори Абдурашидхонов (1878-1931)
Ўзбек шеърияти: Мунаввар қори Абдурашидхонов (1878-1931)
Биография: Мунаввар-кары Абдурашидхонов (на русском языке)
Biography: Munavvarqori Abdurashidhon (in English)

Мунавварқори Абдурашидхонов асарлари:

Мунавварқори Абдурашидхонов. Танланган асарлар
Мунавварқори Абдурашидхонов. Адибус-соний
Мунавварқори Абдурашидхонов. Ер юзи
Мунавварқори Абдурашидхонов. Мусулмонлик
Мунавварқори Абдурашидхонов. Тажвидул Қуръон
Мунавварқори Абдурашидхонов. Хотираларимдан

Мунавварқори Абдурашидхонов мақолалари:

Мунавварқори Абдурашидхонов. Никоҳ тўғрисида (1906)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Бизни жаҳолат — жаҳли мураккаб (1906)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Сабаби тартиб (1907)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Тошкандда мусулмон жамияти (1913)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Жамиятлар қандай очилур (1914)
Мунавварқори Абдурашидхонов. «Турон» театри очилишида сўзланган нутқ (1914)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Мақбул қурбонлар (1917)
Мунавварқори Абдурашидхонов. «Шўройи ислом» қарорномаси (1917)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Хитобнома (1919)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Туркистон вақфлари ҳақида (1920)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Ҳужумми? Мунозарами? (1921)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Туркистонда вақф ишлари (1922)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Туркистон шўролар жумҳуриятидаги маорифпарвар ёшларга хитоб (1923)
Мунавварқори Абдурашидхонов. «Нашри маориф» уюшмасининг аҳамияти (1923)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Ўзбекистонда вақф (1924)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Қоралаш яхши эмас (1927)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Маҳбусдан ариза (1930)

Мунавварқори Абдурашидхонов ҳикоялари:

Мунавварқори Абдурашидхонов. Туғишганлик севгиси (ҳикоя)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Қандай қуллик тушди? (ҳикоя)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Девпечак (ҳикоя)
Мунавварқори Абдурашидхонов. Бизда ҳамият (ҳикоя)