Мунавварқори Абдурашидхонов. Мусулмонлик

МУҚАДДИМА

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, Мустақиллик туфайли бой маданий меросимизни ўрганиш ва маърифатпарвар сиймоларнинг асарларини халқимизга етказиш борасида кўп хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтмишда миллатимизга маърифат тарқатган кўпгина олимларимизнинг номлари қайтадан тикланмоқда. Шундай сиймолардан бири Мунаввар қори Абдурашидхон ўғлидир.
У зот 1878 йилда Тошкент шаҳрининг Шайх Хованд Тахур дахасидаги Дархон маҳалласида зиёлилар оиласида дунёга келган.
Мунаввар қори отасидан етти ёшида етим колади. Дастлабки таълимни онаси Хосият отиндан олиб, хат-саводи чиққач, Тошкентдаги Юнусхон мадрасасида таҳсил кўради. 1898 йили ўша даврда Ўрта Осиёда илм маркази ҳисобланган Бухорога бориб, мадрасалардан бирида таҳсил ола бошлайди. Аммо кўп ўтмай моддий қийинчилик сабабли Тошкентга қайтиб келиб, Дархон масжидида имомлик қилади.
1900 йиллардан бошлаб тараққийпарвар зиёли кишилар орасида ўқиш ва ўқитиш, мадраса ва мактаб ислоҳотига оид илғор фикрлар олға сурилиб, бундай зиёлилар “жадид” (янгичи)лар номини олади. Мунаввар қори ҳам шу тараққийпарвар зиёлилар харакати сафига қўшилиб, тез орада унинг фаолларидан бирига айланади. 1903 йилдан эътиборан у жадид мактаблари очиб, дарс беради ва улар учун дарслик ҳамда қўлланмалар ёзади. Жумладан, унинг “Адиби аввал” (“Биринчи адиб”, 1907 й.) алифбо китоби, “Адиби соний” (“Иккинчи адиб”, 1907 й.) ўқиш китоби, “Сабзавор” (тўплами), “Ер юзи” (“Жуғрофия”), “Тажвид” (Қуръонни қоидали ўқиш) каби китоблари босилиб, янги усулдаги мактабларда дарслик сифатида қўлланилган.
Мунаввар қори миллий матбуотимизнинг илғор журналистларидан бўлганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиздир. У 1906 йили “Хуршид” жаридасини чиқара бошлаган. 1917 йилда “Нажот”, “Кенгаш”, “Ҳуррият” ва бошқа жаридаларда ҳам муҳаррирлик қилади. Инқилобдан сўнг халқ, маорифи ташкилотларида хизмат қилиб, маърифат ишлари билан шуғулланади.
Ҳозирги Тошкент Давлат миллий дорилфунунини ташкил этишда Мунаввар қори Абдурашидхон ўғлининг ҳиссаси беқиёсдир. 1918 йилнинг 9 апрелида у киши раислигида Халқ дорилфунуни мусулмон бўлимининг кишидан иборат ташкилий ҳайъати тЎзилади. 3 май куни ўтказилган сайлов натижаларига кўра, Мунаввар қори ректор, Исо Тўхтабой ва Бурхон Ҳабиблар унинг ёрдамчилари этиб сайланадилар. Уша йилнинг 13 майида эски шаҳардаги ҳозирги Ўзбекистон ёш томошабинлар театри биносида Туркистон халқ дорилфунунининг мусулмон бўлими тантанали суратда очилади.
Мунаввар қорининг 1908 йилда ёзилган “Ҳавой-ижи диния” рисоласи унинг Туркистон ўлкасида нашр эттирган илк китобларидан биридир. Рисола жузъ-жузъ шаклида турли вақтларда чоп этилган бўлиб, 1909 йилги нашри барча жузъларни ўз ичига олган.
Шулардан бири бўлган ушбу жузъни бирмунча замонавийлаштирилган тилда ва янги алифбода нашр этиб, муҳтарам китобхонлар эътиборига ҳавола қилмоқдамиз.

Алҳамду лиллаҳ ҳаммамиз Ислом динидамиз. Ислом динидаги кишиларга мусулмон дейилади. Мусулмонлик беш нарса билан бўлади. Шу беш нарсанинг биринчиси: Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигига, Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбарликларига чин кўнгилдан ишониб, ишонганлигини тил билан айтиб иқрор бўлмоқ. Иккинчиси: хар куни беш вақт намоз ўкимоқ. Учинчиси: Бутун Рамазон ойи давомида рўза тутмоқ. Тўртинчиси: Моли нисобга етганда закот бермоқ. Бешинчиси: Барча имкониятлари бор киши учун умрида бир марта хаж килмоқдир.


МУСУЛМОНЛИК

Савол: Қайси диндасиз?
Жавоб: Алҳамду лиллаҳ Ислом динидамиз.

Савол: Ислом динидаги кишиларга ким дейилади?
Жавоб: Ислом динидаги кишиларга мусулмон дейилади.

Савол: Мусулмонлик неча нарса билан бўлади?
Жавоб: Мусулмонлик беш нарса билан бўлади.

Савол: Бу беш нарса қайсилар?
Жавоб: Бу беш нарса ушбулардир:
Биринчиси: Аллоҳ таолонинг борлигига, Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ Пайғамбарлигига чин кўнгилдан ишониб, ишонганини тил билан айтиб иқрор бўлмоқ, (яъни «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ» деб айтмоқ).
Иккинчиси: Ҳар куни беш вақт намоз ўқимоқ.
Учинчиси: Бутун Рамазон ойи давомида рўза тутмоқ.
Тўртинчиси: Бой кишига ҳар йили молининг закотини, яъни қирқдан бир қисмини фақир ва мискинларга бермоқ.
Бешинчиси: Кучи етган кишига умрида бир марта бўлса ҳам Маккаи мукаррамага бориб хаж қилмоқдир.

Савол: Ушбу беш ишга нима дейилади?
Жавоб: Ушбу беш ишга Ислом биноси дейилади.

Савол: Мусулмонлик учун улардан бошқа керакли амаллар йўқми?
Жавоб: Мусулмонлик учун ушбу беш ишдан бошқа ҳам керакли амаллар ниҳоятда кўпдир.

Савол: Машҳурроқлари қайсилар?
Жавоб: 1 – шариат буюрган ибодатларнинг барчасини қилиб, шариат қайтарган ишларнинг барчасидан қайтмоқ.
2    – дин ва дунё учун керакли ҳар хил илм ҳамда ҳар хил тилларни ўқимоқ ва ўрганмоқ.
3    – ҳар ишни илм, иттифоқ, ва тўғрилик билан қилмоқ.
4 – барча мусулмонларни ўз қариндошлари каби дўст тутмоқ.
5    – ота-онани ва улуғ кишиларни иззат-ҳурмат қилмоқ.
6    – ёшларга марҳамат, фақирларга шафқат, муҳтожларга иноят (яъни эҳсон, совға) этмоқ.
7    – ўз фойдасидан кўра халқ ва миллат фойдасини яхши кўрмоқ.
8    – Ислом динининг тараққиёти ва ривожи учун доим ҳаракатда бўлмоқ, ва шуларга ўхшаган ишлардир.

ИМОН

Савол: Имон нима?
Жавоб: Имон Аллоҳ таоло тарафидан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга келган Ҳақ динга ва унинг барча ҳукмларига чин кўнгилдан ишониб, ишонганлигини тил билан айтиб иқрор бўлмоқ.

Савол: Имонли бўлмоқ учун қайси калималарни айтмоқ лозим?
Жавоб: Тавҳид, Шаҳодат ва Имон калималарини айтмоқ билан имон тасдиқланади.

Савол: Бу калималарни қандай айтмоқ керак?
Жавоб: Уларнинг маъноларини билиб, чин кўнгилдан ишониб айтмоқ, лозим.

Савол: Тавҳид калимаси қайси?
Жавоб: Тавхид калимаси ушбудир: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ лаҳул мулку ва лаҳул ҳамд. Юҳъи ва юмит. Ва ҳува ҳайюл ла ямут. Биядиҳил хайр ва ҳува ъала кулли шайъин қодир».
Маъноси: Гувоҳлик бераманки, Аллоҳ таолодан ўзга маъбуд йўқ. Унга (тенг келадиган) шерик йўқ, барча олам Унинг мулки ва барча ҳамду санолар Унга хосдир. У (барча мавжудотга) ҳаёт бахш этади ва ҳаётдан жудо ҳам қилади. У доимо барҳаёт. Ҳамма яхшиликлар Унинг кўлида ва У ҳар ишга қодирдир.

Савол: Шаҳодат калимаси қайси?
Жавоб: Шаҳодат калимаси ушбудир: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ».
Маъноси: Гувоҳлик бераманки, Аллоҳ таолодан бошқа илоҳ йўқ, албатта, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва (Аллоҳнинг бандаларига дин ҳукмлари ўргатмоқ учун юборган) элчисидир.

Савол: Имон калимаси қайси?
Жавоб: Имон калимаси ушбудир: «Аманту биллахи ва малаикатиҳи ва кутубиҳи ва русулиҳи валявмил ахири валқодари хойриҳи ва шарриҳи миналлоҳи таъала вал баъси баъдал мавт».
Маъноси: Аллоҳга ва Унинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари ҳамда қиёмат кунига, тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканлигига ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишондим.


АЛЛОҲ ТАОЛОГА ИШОНМОҚ

Савол: Қисқача Имон калимаси қайси?
Жавоб: Аллоҳ таолога ишонмоқни ифодаловчи қисқача Имон калимаси ушбудир: «Аманту биллаҳи кама ҳува биъасмаъиҳи ва сифатиҳи ва қабилту жамиъа аҳкамиҳи».
Маъноси: Аллоҳга, У исмлари ва сифатларида қандай бўлса, шундайлигича ишондим. Ва Аллоҳнинг барча ҳукмларини қабул қилдим.

Савол: Аллоҳ таоло қандай зот?
Жавоб: Аллоҳ таолонинг зотини билмоққа бизнинг ақлимиз етмайди.

Савол: Аллоҳ таолога комил имон келтирмоқ учун нима килмоқ керак?
Жавоб: Аллоҳ таолога комил имон келтирмоқ учун У Зотни сифатлари билан билмоқ лозимдир.

Савол: Аллоҳ таолонинг сифатлари қайси?
Жавоб: Аллоҳ таолонинг сифатлари ушбулардир:
Биринчи сифати «Мавжуд», яъни, бордир. Аллоҳ таолони ҳеч ким бор қилган эмас, балки Ўзидан-ўзи азалий бордир.

Савол: Борлигининг аввали ва охири борми?
Жавоб: Борлигининг аввали ва охири йўқ, яъни, бизга ўхшаш аввал йўқ бўлиб, кейин бор бўлган ва охирида йўқ бўладиган эмас, балки доимо бор бўлиб тургувчидир.
Иккинчи сифати «Аҳад», яъни, бирдир, яккаю ёлғиздир, ҳеч бир шериги, тенгдоши, ўхшаши, ўғил-қизи, ота-онаси, қариндоши, эри ва хотини йўқ.
Учинчи сифати «Ҳайюн» яъни, тирикдир.

Савол: Тириклиги нима билан?
Жавоб: Бизга ўхшаш тан ва жон билан эмас, балки Ўз зотига муносиб бир сифат билан тирикдир.

Савол: Аллоҳ таолода ўлмоқ, ухламоқ борми?
Жавоб: Аллоҳ таоло ўлмоқ, ва ухламоқ каби камчилик сифатлардан покдир. Ўлмоқ ва ухламоқ махлуқларнинг сифатларидир.
Тўртинчи сифати «Алим», яъни билувчидир.

Савол: Аллоҳ таоло нималарни билади?
Жавоб: Бўлиб ўтган ишларни, энди бўладиган ишларни, хоҳ катта, хоҳ кичик, барчасини билади.

Савол: Аллоҳ таоло билмайдиган иш борми?
Жавоб: Ерда бўлсин, осмонда бўлсин, Аллоҳ таоло билмайдиган ҳеч бир иш йўқ.

Савол: Нима билан билади?
Жавоб: Бизга ўхшаш ақл ва зеҳн билан ёки ўрганмоқ ва ўйламоқ ёрдамида эмас, балки Ўз зотига муносиб бир сифат билан билади.
Бешинчи сифати «Мурид», яъни хоҳлагувчидир. Дунёдаги ишларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг иродаси ва хоҳиши билан бўлади. Аллоҳ таоло хоҳлаган иш бўлмай қолмайди ва У хоҳламаган иш эса, асло бўлмайди.
Олтинчи сифати «Кодир», яъни хар ишга қудрати етгувчи, ҳар нарсани қилмоққа қодирдир. Бизга ўхшаш тан кувватига, асбоб ва кишилар ёрдамига муҳтож эмас.
Еттинчи сифати «Басир», яъни кўрувчидир.

Савол: Қандай нарсаларни кўради?
Жавоб: Ер ва осмондаги, қоронғу ва ёруғдаги катта ва кичик нарсаларнинг барчасини кўради.

Савол: Нима билан кўради?
Жавоб: Бизга ўхшаш кўз билан эмас, балки Ўз зотига муносиб бир сифат билан кўради.
Саккизинчи сифати «Самиъ», яъни эшитгувчидир.

Савол: Қандай овозларни эшитади?
Жавоб: Қаттиқ бўлсин, секин бўлсин, хар қандай овозларни эшитади.

Савол: Нима билан эшитади?
Жавоб: Бизга ўхшаш қулоқ билан эмас, балки Ўз зотига муносиб бир сифат билан эшитади.
Тўққизинчи сифати «Мутакаллим», яъни, сўзлагувчидир. Қуръондаги барча оятлар Аллоҳ таолонинг сўзидир.

Савол: Биз билмаган сўзи ҳам борми?
Жавоб: Биз билмаган сўзи ниҳоятда кўп. Таврот, Инжил, Забур номли китоблар ҳам Аллоҳ таолонинг сўзидир.

Савол: Нима билан сўзлайди?
Жавоб: Бизга ўхшаш тил билан, овоз ва товушлар ёрдамида эмас, балки Ўз зотига муносиб бир сифат билан сўзлайди.
Ўнинчи сифати «Мукаввин», яъни бўлдиргувчидир.

Савол: Нималарни бўлдиради?
Жавоб: Дунёдаги бор нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг бўлдирмоғи билан яралган.
Ўн биринчи сифати «Раббун», яъни, тарбия қилгувчидир.

Савол: Кимларни тарбия қилади?
Жавоб: Дунёдаги жонли ва жонсиз нарсаларнинг барчасини тарбия қилувчи Аллоҳ таолодир.
Ўн иккинчи сифати «Одил», яъни, тўғрилик билан иш кўрувчидир, яъни ҳар бир ҳукмни ва ҳар қайси ишни тўғрилик билан қилади. Ҳеч кимга жабр ва зулм ўтказмайди.

Савол: Аллоҳ таолонинг булардан бошқа ҳам сифатлари борми?
Жавоб: Аллоҳ таолонинг булардан бошқа сифатлари ҳам ниҳоятда кўп. Дунё ва охиратдаги ҳар бир яхшилик Аллоҳ таолонинг сифатидир.

Савол: Аллоҳ таолонинг бирор айби борми?
Жавоб: Аллоҳ таолонинг зотида ва сифатида ҳеч бир айб ва камчилик йўқ.

Савол: Аллоҳ таоло турадиган жойи ва маконига эгами?
Жавоб: Аллоҳ таолонинг турадиган жойи (макони), олди ва орқаси, ўнг ва чапи, юқори ва пасти йўқ, балки у ҳар ерда ҳозирдир.

Савол: Аллоҳ таолога емоқ ва ичмоқ хосми?
Жавоб: Аллоҳ таоло емоқ, ичмоқ, оғримоқ каби камчилик сифатлардан покдир.


ФАРИШТАЛАРГА ИШОНМОҚ

Савол: Фаришталар кимлар?
Жавоб: Фаришталар Аллоҳ таолонинг ниҳоятда итоатли, ҳеч бир гуноҳсиз, нурдан яратилган, бизнинг кўзимизга кўринмайдиган бандаларидир.

Савол: Фаришталар нима иш килишади?
Жавоб: Доим Аллоҳ таолонинг буюрган ишларини қиладилар. Аллоҳ таолонинг буйруғидан асло чиқмайдилар.

Савол: Фаришталар Аллоҳнинг бошқа бандаларидан фарқли яна Қандай ҳусусиятларга эга?
Жавоб: Фаришталарда эрлик, хотинлик, туғмоқ, туғдирмоқ, емоқ, ичмоқ ва ухламоқ каби ишлар асло йўқдир.

Савол: Ораларида машҳурроқлари кимлар?
Жавоб: Ораларида Жаброил, Микоил, Исрофил, Азроил алайҳимуссалом исмли машҳурлари ва Аллоҳ таолога энг яқин бўлганлари бор.

Савол: Фаришталар бизнинг кўзимизга кўринишлари мумкинми?
Жавоб: Агарда ўзлари хоҳласалар, бизнинг кўзимизга ҳар хил суратда кўринмоқлари мумкин.

ПАЙҒАМБАРЛАРГА ИШОНМОҚ

Савол: Пайғамбар деб кимларга айтилади?
Жавоб: Пайғамбар деб, Аллоҳ таоло тарафидан бандаларига дин ҳукмларини ўргатмоқ, учун юборилган элчиларга айтилади.

Савол: Пайғамбарлар қандай зотлар?
Жавоб: Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ниҳоятда ақлли, зийрак, тўғри ва итоатли бандаларидир. Аллоҳ таолонинг амридан асло чиқмайдилар, ҳеч гуноҳ қилмайдилар. Ўзлари одам болаларидан бўлади.

Савол: Қиладиган ишлари қайсилар?
Жавоб: Ишлари Аллоҳ таоло тарафидан буюрилган дин ва шариат ҳукмларини бандаларига етказмоқ, бандаларни ҳақ динга ва яхши амалларга ваъз ва насиҳат билан чақирмоқ ва Аллоҳ таолога ибодат қилмоқдир.

Савол: Пайғамбарларда емоқ, ичмоқ каби ишлар борми?
Жавоб: Пайғамбарларга емоқ, ичмоқ, ухламоқ, уйланмоқ ва ўлмоқ каби ишларнинг барчаси хосдир.

Савол: Дунёга қанча пайғамбарлар келиб кетишган?
Жавоб: Дунёга ниҳоятда кўп пайғамбарлар келиб кетишган. Ҳисоби бизга маълум эмас.

Савол: Қуръонда неча пайғамбарнинг исмлари зикр қилинган?
Жавоб: Қуръонда йигирма саккиз пайғамбарнинг исмлари зикр этилган.

Савол: Улар кимлар?
Жавоб: Улар Одам, Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Иброҳим, Исмоил, Ишок, Яҳё, Юсуф, Айюб, Шуъайб, Мусо, Хорун, Зулкифл, Довуд, Сулаймон, Илёс, Алясаъ, Юнус, Закариё, Яхр, Исо, Ўзайр, Луқмон, Зулқарнайн ва Муҳаммад алайҳимуссалом ҳазратларидирлар.

Савол: Улар орасида пайғамбарликлари аниқ маълум бўлмаганлари ҳам борми?
Жавоб: Улардан Узайр, Луқмон ва Зулқарнайн хазратларининг пайғамбарликлари аниқ маълум эмас. Бу уч зотни баъзи уламолар пайғамбарлардан ва баъзилари авлиёлардан дейишади.

Савол: Булардан бошқа пайғамбарларнинг исмлари маълум эмасми?
Жавоб: Булардан бошқа Шис, Хизр, Башр, Дониёл, Юшаъ, Ишмуйил, Ашаъё ва Армиё исмли пайғамбарларнинг исмлари тарих ва ҳадис китобларидан маълум.

Савол: Пайғамбарлар неча хил бўлишади?
Жавоб: Пайғамбарлар икки хил бўлишади: баъзилари расул ва баъзилари набий дейилади.

Савол: Қандай пайғамбарларга расул дейилади?
Жавоб: Аллоҳ таоло тарафидан ўзларига алоҳида Китоб ва шариат берилган пайғамбарларга расул дейилади.

Савол: Қандай пайғамбарларга набий дейилади?
Жавоб: Ўзларига махсус китоб ва шариат берилмай, бошқа бир расулга берилган Китоб ва шариатга амал қилишга буюрилган пайғамбарларга набий дейилади.

Савол: Набийлар расул бўла оладиларми?
Жавоб: Набийларнинг ҳеч бирлари расул бўла олмайди. Аммо, расулларнинг хар бирига набий ҳам дейилади.

Савол: Бу пайғамбарлардан неча кишига Китоб ва шариат берилган?
Жавоб: Бу пайғамбарлардан саккиз кишига алохида Китоб ва шариат берилган.

Савол: Ким-кимларга?
Жавоб: Одам, Шис, Идрис, Иброҳим, Мусо, Довуд, Исо ва Муҳаммад алайҳимуссаломларга.

Савол: Пайғамбарларнинг биринчиси ким бўлган?
Жавоб: Пайғамбарларнинг биринчиси барчамизнинг отамиз ҳазрати Одам алайҳиссаломдир.

Савол: Пайғамбарларнинг охиргиси кимдир?
Жавоб: Пайғамбарларнинг охиргиси ва барчадан афзали бизнинг Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломдирлар.

Савол: Муҳаммад алайҳиссаломдан сўнг дунёга пайғамбар келадими?
Жавоб: Муҳаммад алайҳиссаломдан сўнг дунёга асло пайғамбар келмайди. Бу зотнинг шариатлари (кўрсатган йўллари) билан қиёматгача амал қилинади.

Савол: Биз қайси пайғамбарнинг шариатлари билан амал қиламиз?
Жавоб: Биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатлари билан амал қиламиз.


КИТОБЛАРГА ИШОНМОҚ

Савол: Қайси сўзлар Аллоҳ таолонинг Китобларидир?
Жавоб: Ҳур замоннинг ўзига ярашадиган дини ва муомалот ҳукмларини баён этиб, ўша замон пайғамбарларига юборилган сўзлар – Аллоҳ таолонинг Китобларидир.

Савол: Аллоҳ таоло пайғамбарларига неча Китоб юборди?
Жавоб: Аллоҳ таоло шу биз билган пайғамбарларига юз сахифа ва тўрт Китоб юборди.

Савол: Юз сахифани қайси пайғамбарларига юборди?
Жавоб: Юз сахифадан ўн сахифани Одам алайҳиссаломга, эллик сахифани Шис алайҳиссаломга, ўттиз сахифани Идрис алайҳиссаломга, ўн сахифани Иброҳим алайҳиссаломга юборди.

Савол: Тўрт Китобни қайси пайғамбарларига юборди?
Жавоб: Тўрт Китобдан Таврот номли Китобни Мусо алайҳиссаломга, Забур номли Китобни Довуд алайҳиссаломга, Инжил номли Китобни Исо алайҳиссаломга, Қуръон номли Китобни бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга юборди.

Савол: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръон қайси равишда юборилди?
Жавоб: Қуръонни керакли вақтларда Аллоҳ таоло тарафидан Жаброил алайҳиссалом исмли фаришта келиб, Муҳаммад алайҳиссаломга оят-оят билдириб кетдилар.

Савол: Энг охирги Китоб қайси?
Жавоб: Энг охирги Китоб Қуръондир. Қуръон нозил килинмоғи билан аввалги китобларнинг баъзи ҳукмлари бекор бўлди. Қуръон ҳукмлари билан амал қилмоқ барчага лозим этилди.

Савол: Қуръонда қандай ҳукмлар бор?
Жавоб: Одам болаларининг дунё ва охиратлари учун фойдали бўлган, хар замонга тўғри келадиган ва қиёматгача ўзгармайдиган ҳикматли ҳукмлар бор.

Савол: Биз қайси Китоб билан амал қиламиз?
Жавоб: Биз барча китобларнинг афзали ва акмали Қуръони карим билан амал қиламиз.

ОХИРАТ КУНИГА ИШОНМОҚ

Савол: Охират куни деб қайси кунга айтилади?
Жавоб: Бир кун келиб, бу дунёдаги бизнинг кўзимизга кўринадиган ва кўринмайдиган, жонли ва жонсиз нарсаларнинг барчаси йўқ бўлиб, Аллоҳ таолонинг ўзидан ва хоҳлаганидан бошқа ҳеч нарса қолмайди, ўша кунга охират куни дейилади.

Савол: Охират куни қачон бўлади?
Жавоб: Охират қачон бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди, лекин (у кун) албатта келади.

Савол: (У кун) ўлган бандаларнинг ҳоллари қандай бўлади?
Жавоб: Ўлган бандалар гўрга кўйилганларидан сўнгра гўрларига Мункар ва Накир исмли икки фаришта кириб, «Раббинг ким, дининг қайси, пайғамбаринг ким?» деб савол қилишади.

Савол: Бу саволларга тўғри жавоб берган бандаларга нима қилинади?
Жавоб: Бу саволларга тўғри жавоб берган бандалар яхшилардан ҳисобланиб, киёматгача роҳатда бўладилар.

Савол: Тўғри жавоб бермаганларга нима қилинади?
Жавоб: Тўғри жавоб бермаган бандалар ёмонлардан саналиб, қиёматгача азобда қоладилар.

Савол: Ўлган бандалар яна тириладиларми?
Жавоб: Охират куни келиб, барча йўқ бўлгандан сўнг, Аллоҳ таолонинг қудрати билан ўлиб кетган бандаларнинг барчалари яна тирилади.

Савол: Тирилгандан сўнг улар нима қилишади?
Жавоб: Тирилгандан сўнг барчалари уйқудан тургандек гўрларидан чиқиб, Аллоҳ таоло тайин қилган ерга бориб йиғиладилар.

Савол: Бандалар у куни йиғиладиган ер нима дейилади?
Жавоб: Бандалар у куни йиғиладиган ер «Маҳшар ери» ва у кун «Қиёмат куни» дейилади.

ҚИЁМАТ КУНИГА ИШОНМОҚ

Савол: Қиёмат куни Қандай кун?
Жавоб: Қиёмат куни бандаларнинг бу дунёда қилган яхшилик ва ёмонликлари маълум бўладиган, яхши бандалар учун севинчли, ёмон бандалар учун қўрқинчли ва шиддатли кундир.

Савол: Бандаларнинг яхшилик ва ёмонликлари қай равишда маълум бўлади?
Жавоб: Барча бандалар гўрларидан чиқиб, Маҳшар ерига йиғилганларидан сўнг ҳар бирларининг бу дунёдаги қилган яхшилик ва ёмонликлари ҳисоб қилиниб, Аллоҳ таолонинг қудрат тарозусида ўлчанади. Ҳар кимнинг яхшилиги ва ёмонлиги ўзига ва барча кишиларга шу равишда маълум бўлади.

Савол: Яхшиликлари маълум бўлган бандаларни не ҳол кутади?
Жавоб: Яхшиликлари маълум бўлган бандалар хурсандлик билан Сирот кўпригидан ўтиб, жаннатга кирадилар.
Савол: Ёмонликлари маълум бўлган бандаларнинг ҳоллари қандай кечади?
Жавоб: Бундай бандалар ўз ёмонликларидан уялиб, шарманда бўладилар, агарда Аллоҳ таоло гуноҳларидан кечмаса, Сирот кўпригидан ўтолмай, дўзахга кирадилар.

СИРОТ, ЖАННАТ ВА ДЎЗАХ

Савол: Сирот кўприги қандай кўприк?
Жавоб: Сирот кўприги Махшар ери билан жаннат орасида дўзах устига қурилган, қиличдан ўткир, қилдан ингичка ва ниҳоятда узун кўприкдир. Жаннатга кирувчиларнинг ҳар бири унга ушбу кўприкдан ўтиб киради.

Савол: Жаннат қандай жой?
Жавоб: Жаннат яхши бандалар учун ҳар хил неъматлар билан зийнат берилиб яратилган ва катталиги бу дунёга бир неча баробар келадиган роҳат саройидир.

Савол: Дўзах қандай жой?
Жавоб: Дўзах ҳам бу дунёга бир неча баробар келадиган ва ёмон бандалар учун яратилган азоб зиндонидир. Барчамизни Аллоҳ ундан асрасин!

Савол: Жаннатга кирган кишилар қайтиб чиқариладиларми?
Жавоб: Жаннатга кирган кишилар қайтиб чиқмайдилар ва ўлмоқ оғримоқ, хафа бўлмоқ, ишламоқ, ҳамда бир нарсага мухтож бўлмоқ каби кўнгилсиз ҳоллардан қутулиб, доимо хурсандлик билан роҳат ва фароғатда бўладилар.

Савол: Дўзахга кирган кишилар қайтиб чиқадиларми?
Жавоб: Дўзахга кирган кишиларнинг имонлилари қилган гунохларига яраша азоб тортганларидан сўнг, дўзахдан чиқиб, жаннатга кирадилар. Аммо имонсизлари асло чиқмай, доимий азобда қоладилар.

Савол: Жаннатга кирган кишиларга Аллоҳ таоло нимани кўрсатади?
Жавоб: Жаннатга кирган кишиларга Аллоҳ таоло Ўзининг дийдорини кўрсатади. Аммо қай равишда кўрсатмоғи бандага маълум эмас.

ТАҚДИРГА ИШОНМОҚ

Савол: Тақдир деб нимага айтилади?
Жавоб: Аллоҳ таоло ҳар бир яхши ва ёмон ишнинг қайси замонда, қайси жойда, қайси равишда бўлмоғини Ўз изми азалийси билан билиб, бўлмасидан бурун тайин қилиб қўйган. Тақдир деб шунга айтилади.

Савол: Аллоҳ таоло тақдир килмаган ишни банда бўлдира оладими?
Жавоб: Аллоҳ таоло тақдир килмаган ишни ҳеч ким бўлдира олмайди.

Савол: Аллоҳ таоло тақдир килган иш бўлмай қоладими?
Жавоб: Аллоҳ таоло тақдир килган иш асло бўлмай қолмайди.


ШАРҲ

Аллоҳ таолонинг тақдирига шу равишда ишонмоқ кифоядир. Лекин, тақдирда нима бўлса, шуни кўрамиз деб ҳаракатсиз ётмай, Аллоҳ таолонинг фазлу карамидан умидворликда, яхши амаллар қилиб, қахру-ғазабидан қўрқиб, ёмон ишлардан қочиш, Ислом динининг ривожи ва тараққийсига сабаб бўладиган ишларда қатнашмоқ ҳар бир мусулмонга фарз ва лозимдир. Чунки, Аллоҳ таоло тақдирда кўп ишларнинг бўлиш ва бўлмаслигини банданинг саъйи харакатига боғлаб қўйган. Қуръони каримда: «…Ва ан лайса лил инсани илла ма саъа», яъни, «Инсонга ўзининг саъйи ҳаракатининг маҳсулидан бошқа ҳеч нарса йўқдир», дейилади. Масалан: бир киши ҳаракат қилиб, бир ерга буғдой экса, албатта, у ердан буғдой олади. Ҳаракат қилмаса, экмаса, у ердан буғдой ололмайди. Буни тўғри ўйлаган кишиларга ушбу масалалар очиқроқ маълум бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло бандаларини яхши ишларни қилишга, ёмон амаллардан қочишга таклиф қилиб, яна жузъий (қисман) ихтиёрни банданинг ўзига берган. Аллоҳ банда ихтиёр қилган яхши ишни розилик билан, ёмон ишни норозилик билан Ўзи аввалда белгилаб қўйган тақдир ва тайинига мувофиқ Ўзи бўлдиради. (Аллоҳ таоло) яхши ишлар учун жаннат роҳатини, ёмон ишлар учун дўзах азобини ваъда қилган.

ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД
СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ

Савол: Муҳаммад алайҳиссалом қандай зотдирлар?
Жавоб: Муҳаммад алайҳиссалом жумла мавжудот (ҳамма бор нарсалар) нинг афзали, Аллоҳ таолонинг энг яқин дўсти ва Расули ва охир замон Пайғамбаридирлар.

Савол: Қайси жойда, қайси ойда ва қайси кунда туғилганлар?
Жавоб: Маккаи мукаррама шаҳрида, рабиулаввал ойининг 12-сида, душанба куни тонг вақтида дунёга келганлар.

Савол: Оталари кимдирлар?
Жавоб: Оталари арабларнинг Қурайш қабиласидан Абдуллоҳ исмли кишидирлар.

Савол: Абдуллоҳнинг оталари кимдирлар?
Жавоб: Абдуллоҳнинг отаси Абдулмутталиб, Абдулмутталибнинг отаси Ҳошим, Ҳошимнинг отаси Абдулманнон исмли кишилардир.

Савол: Оналари кимдирлар?
Жавоб: Оналари ҳам арабларнинг Қурайш қабиласидан Ваҳобнинг кизи Омина исмли хотиндирлар.

Савол: Оталари қай вақтда вафот этдилар?
Жавоб: Муҳаммад алайҳиссалом туғилмасларидан бурун оталари вафот қилган эдилар.

Савол: Оналари қачон вафот этдилар?
Жавоб: Олти ёшга етганларида оналари вафот этиб, боболари Абдулмутталибнинг қўлида қолдилар.

Савол: Боболари вафот этгандан сўнг кимнинг қўлида ва тарбиясида қолдилар?
Жавоб: Абу Толиб исмли амакиларининг тарбиясида қолдилар.

Савол: Ёш вақтларида қандай эдилар?
Жавоб: Ёш вақтларида ҳам очиқ юзли, ширин сўзли, ниҳоятда тўғри, ақлли ва ишончли бўлиб, Макка халқи орасида эътибор ва шуҳрат топиб, Муҳаммад Амин, яъни “ишончли” номини олган эдилар.

Савол: Неча ёшларида уйландилар?
Жавоб: 25 ёшларида Хадича исмли бир бой хотинга уйландилар.

Савол: Неча ёшларида Пайғамбар бўлдилар?
Жавоб: 40 ёшга етганларида Аллоҳ таоло Жаброил исмли фаришта воситасида пайғамбарлик юбориб, бандаларини Ислом динига чақиришга буюрди.

Савол: Пайғамбар бўлганларидан сўнгра нима иш қилдилар?
Жавоб: Пайғамбар бўлганларидан сўнгра ўн уч йил Маккада туриб, унинг халқини Ислом динига таклиф қилдилар.

Савол: Шу йиллар мобайнида Макка халқидан қанча киши Ислом динини қабул этди?
Жавоб: Бу ўн уч йил ичида Макка халқидан ва ўзга жойлардан бир неча юзгина киши Ислом динини қабул этиб, мусулмон бўлдилар, қолганлари қабул этмай, Пайғамбаримизга душманлик йўлидан бориб, ҳар хил жабрлар ўтказишга, ҳатто ўлдиришга ҳаракат қилдилар.

Савол: Шундан сўнгра нима қилдилар?
Жавоб: Шундан сўнг, 53 ёшларида Пайғамбаримиз Аллоҳ таолонинг буйруғи билан Маккадан Мадина шаҳрига кўчдилар.
(Пайғамбаримизнинг Мадинага кўчишлари “хижрат” дейилади. Хижрат кунидан бошлаб Ислом дини қувват топганлиги учун мусулмонларнинг ўша йили тарих боши хисобланади ва “хижрий тарихи” деб аталади.)

Савол: Мадинага кўчишларига нима сабаб бўлди?
Жавоб: Бу шаҳарга кўчишларига кофирларнинг мусулмонларга қилган жабр-зулмлари сабаб бўлди.

Савол: Мадинада неча йил турдилар?
Жавоб: Бу шаҳарда ўн йил туриб, халқини Ислом динига таклиф қилдилар.

Савол: Шу йиллар ичида мусулмонлар сони қанчага етди?
Жавоб: Бу даврда хар тарафдан одамлар тўп-тўп бўлиб келишиб, мусулмон бўла бошладилар. Шу сабабли қисқа вақтда мусулмонлар қувват топиб, улар сони юз мингдан ошди.

Савол: Муҳаммад алайҳиссалом неча ёшларида вафот этдилар?
Жавоб: Муҳаммад алайҳиссалом Мадинада ўн йил турганларидан сўнг, 63 ёшларида вафот этдилар.


САҲОБАЛАР

Савол: Саҳоба деб кимларга айтилади?
Жавоб: Саҳоба деб, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг тирик вақтларида Ислом динини қабул этиб, ўзларини кўрган мусулмонларга айтилади.

Савол: Саҳобалар қандай кишилар?
Жавоб: Саҳобаларнинг хар бири кўп ишларда Пайғамбаримизга ёрдам берган, Ислом динининг қуввати ва шавкатига сабаб бўлган азиз ва ҳурматли кишилардир. Уларнинг барчаларини дўст тутмоқ, ва хотираларига таъзим қилмоқ жумлаи (ҳамма) мусулмонларга лозимдир.

Савол: Муҳаммад алайҳиссалом вафотларидан сўнг ўринларига ким халифа бўлди?
Жавоб: Муҳаммад алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг ўринларига барча Саҳобаларнинг афзали ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. У зот йигирма етти ой халифалик қилиб, хижратнинг 13-йилида вафот этдилар.

Савол: Ўринларига ким халифа бўлди?
Жавоб: Ўринларида хазрати Умари одил розияллоҳу анҳу ўн ярим йил халифалик килиб, хижратнинг 23-йилида шаҳид бўлдилар.

Савол: У кишидан сўнг ким халифа бўлди?
Жавоб: У кишидан сўнг хазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўн икки йил халифалик килиб, хижратнинг 35-йилида шаҳид бўлдилар.

Савол: У кишининг ўринларига ким халифа бўлди?
Жавоб: У кишининг ўринларига ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу халифа бўлиб, хижратнинг 40-йилида шаҳид кетдилар.

Савол: Бу тўрт зот қандай халифа бўлдилар?
Жавоб: Саҳобаларнинг байъат килмоқлари, ахдлашувлари ва сайламоқлари билан бу тўрт зот барҳақ (ҳаққоний) халифалар бўлдилар.

Савол: Улардан сўнгра халифалик кимларга қолди?
Жавоб: Халифалик ҳазрати Алининг ўғиллари ҳазрати Имом Ҳасанга қолган бўлса ҳам, у зот муроса учун ушбу мартабани ҳазрати Муовияга топширдилар. Бундан сўнг мусулмонлар орасида ҳар хил ихтилофлар ва урушлар чиқа бошлади. Хилофат (халифалик) салтанатга (подшохдикка) айланди. Шундай бўлса ҳам, Ислом дини ўзининг ҳақлиги ва у замондаги мусулмонларнинг ғайратлари туфайли бутун дунёга ёйилди.

ДАВЛАТИ УМАВИЙА

Ҳазрати Муовиядан бошланган давлатга Умавия давлати дейилур. Давлати Умавия 92 йил турди. Бу 92 йил ичида умавийлардан 14 киши подшоҳ бўлиб ўлдилар. Ул подшоҳларнинг исмлари
1)    Ҳазрати Муовия Абу Суфён ўғли
2)    Язид ҳазрати Муовия ўғли
3)    Иккинчи Муовия Язид ўғли
4)    Марвон Ҳақам ўғли
5)    Абдулмалик Марвон ўғли
6)    Валид Абдулмалик ўғли
7)    Сулаймон Абдулмалик ўғли
8)    Умар Абдулазиз ўғли
9)    Иккинчи Язид Абдулмалик ўғли
10)     Ҳишом Абдулмалик ўғли
11)     Иккинчи Валид иккинчи Язид ўғли
12)     Учинчи Язид биринчи Валид ўғли
13)     Иброҳим биринчи Валид ўғли
14)     Иккинчи Марвон Муҳаммад ўғли.

Давлати Умавия подшоҳларининг энг улуғ хизматлари Ислом динини ҳар тарафга ёймоқ ва ислом мамлакатларини кенгайтирмоқ бўлди.

ДАВЛАТИ АББОСИЙА

Иккинчи Марвон замонида мусулмонлар умавийлардан норози бўлиб, пайғамбаримизнинг амакилари ҳазрати Аббоснинг авлодларидан Абдуллоҳ исмли кишинн подшоҳ қилиб сайладилар. Бундан сўнгра ислом подшоҳлиги умавийлардан аббосийларга ўтди. Бу давлатга – Давлати Аббосия дейиладур. Аббосийлардан 37 киши подшоҳ бўлиб ўтгандан сўнг, ислом подшоҳлиги аббосийлардан усмонийларга ўтди.

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг