Норхидир Ҳайдар (1960)

Норхидир Ҳайдар 1960 йилда Бойсун туманида туғилган. 1989 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясини тамомлаган. «Хотира», «Юртим наволари», «Умид ёғдуси» шеърий тўпламлари муаллифи.

ШОИР ҚИСМАТИ

Ҳаёт ҳақиқатга ўргатса ҳамки,
Юрак мўъжизага интилар ҳамон.
Дилда муҳаббатнинг енгилмас кучи
Илоҳий гўзаллик излайди мудом.

Ҳислари бир умр юракда сўнмас,
Қалбида гуллаган ғунча сўлмайди.
Дилдаги ишончи алдамас уни,
Бу йўлдан юрганлар асло ўлмайди.

Ердаги қовжираш, илоҳий дилдан
Кўчган гўзалликни сўндиролмайди.
Юрагида ҳайрат бўлмаса агар
Тошда гул чечакни ундиролмайди.

Аллоҳнинг бу каби марҳаматига
Сазовор бўлади танланган инсон.
Ҳаётнинг алдамчи васвасасига
Алданиб сўнг унга келтирмас иймон.

Ўзгалар дарди деб ўзини қийнаб
Даво топа олгай, етишар унга.
Халқнинг манфаатин юракка жойлаб,
Етар албат бир кун муродбахш кунга.

Шундайин заҳматли шоир қисмати,
Қалбидан жой олган илҳом парчаси.
Ҳаёт ҳикматини англаб етган кун,
Қалбдан шеърларига кўчар барчаси.

БЕГОНА АЁЛ

Ғунча лабларида лим-лим табассум,
Лаҳзада бир боқиб тинади хаёл.
Сени танимайман, сени билмайман,
Кўзларимга яқин бегона аёл.

Кетиб борасану йўлни кўрасан,
Кўрмайсан йўлингда девона дилни.
Шундай дамда ютиб қўйсанг қийиндир,
Лаҳзанимас, асли тош қотган тилни.

Дардинг бегонамас, ўзинг бегона,
Исмингни билмайман, парисан, ҳурсан.
Мунчоқ кўзларингга тикилолмадим,
Шода марвариддан бир дона дурсан.

Тасодиф! Қандайин жазо бу билмам,
Қанча одам ўтар ахир бу йўлдан.
Кетолмадим унинг ортидан аммо,
Фақат ихтиёрим кетмоқда қўлдан.

ТИЛАК

Иссиқ чўғнинг устида,
Новда тутаб ёнгандай…
Соқов олов пинҳона,
Новда шохни ютгандай.
Ҳаёт ғамгин, кун сайин,
Кунлар тутаб ўтмоқда.
Наҳот ўтсам шундайин,
Дарддан қувонч кутгандай.
О, ҳаётда бир бора,
Гулхан каби ёнолсам…
Тутаб ёнишдан кўра,
Ёнай оташ бўлсам ҳам.