Турсунбой Адашбоев. Устозлардан юққан «нуқсон» (2013)

Кечагидек эсимда, биринчи машқим олтинчи синфда ўқиётганимда “Тонг юлдузи” (собиқ “Ленин учқуни”) газетасида босилган эди. “Қирғизистон ҳақиқати” респуб­лика газетасида ҳажвий шеърлар учун эълон қилинган танловда иккинчи ўринни олганимдан сўнг мусаҳҳиҳ бўлиб ишлашга таклиф қилишган.

1958 йилнинг май ойи эди. Муҳарриримиз Нўъмон Ғуломов Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, атоқли шоир Суюнбой Эралиев мени йўқлаётганини айтди. Уюшмага борсам, Суюнбой оға ҳовлида чуст дўппили, пўрим кийинган, юзи фариштали бир киши билан гурунглашиб турарди. Сўрашиб бўлгач, оға менга ҳамсуҳбатини таништириб: “Меҳмон устоз шоир Миртемир бўладилар. “Манас”ни таржима қилиш мақсадида келганлар. Бир ҳафта устозга ҳамроҳ бўласиз, ишхонангиз билан келишиб қўйганмиз”, деб гапнинг индаллосини айтди. Улуғ устоз, аллома инсон билан танишувимиз шу тарзда бошланган эди. Фанлар академиясининг Манас секторида икки кун бўлгач, “Олатоғ” журналининг бош муҳаррири, таниқли шоир Совранбой Жусуев ҳамроҳлигида Талас шаҳрига сафар қилдик. Манас қабри зиёратида шоир Талант Бойқобулов бирга бўлди. Миртемир домла эпосни ёддан айтувчи оқинлар билан юзма-юз учрашиб, суҳбатлашди. Баъзи маълумотларни ёндафтарига ёзиб олди. Ҳафтанинг сўнгги кунида Бишкекка қайтдик. Якшанба оқшомида устозни поездда Тошкентга кузатдик. Миртемир домла ваъдасига биноан 1959 йилнинг апрелида яна Бишкекка келди. Темир йўл вокзалининг рўпарасида янги қурилган “Тиёншон” меҳмонхонасига жойлашди. Бир ҳафта давомида “Манас”нинг бир неча вариантини ўрганиб, олимлар, оқинлар билан дилдан суҳбатлашди. Улуғ адиб Чингиз Айтматовнинг маслаҳатига биноан, эпоснинг машҳур оқин Саёқбой Қоралаев варианти бўйича нашр этилган қисмини ўзбек тилига ўгиришга келишиб олинди. Миртемир аканинг Талас, Ўш ва Иссиқкўлга сафари “Қирғизистон илҳомлари” номли машҳур туркумнинг яралишига сабаб бўлди. Туркумга кирган дастлабки шеърлар илк бора газетамизнинг қўш саҳифасида эълон қилинди. Орадан кўп ўтмай бу туркумни Туманбой Бойзоқов ва Совранбой Жусуев қирғизчага ағдаришди.

Устоз Бишкекдан қайтиш арафасида: “Бўтам, газетада босилган машқларингиз билан танишиб чиқдим. Жужуқларга ёзиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Қудрат Ҳикматнинг шеърларига оҳангдошлик бор. Сўз устида ишлаш санъатида бироз оқсайсиз. Келгуси йилнинг август ойида “Дўрмон” ижод уйида ёш қаламкашларнинг кенгаши режалаштириляпти. Насиб этса, сизни ҳам таклиф қиламиз, ўшанда Қудратвой билан таништириб қўяман. У талантли, қаттиққўл ижодкорларимиздан”, деди.

1960 йилнинг августида Миртемир домла жўнатган расмий таклифномани олиб, “Дўрмон”да ўтган кенгашда иштирок этдим. Шу ерда Тўра Сулаймон, Йўлдош Сулаймон, Сафар Барноев ва Ҳабиб Раҳмат билан дўстлашдим. Устоз ваъдасига биноан болаларнинг севимли шоири Қудрат Ҳикмат билан учраштирди. Қудрат ака семинар раҳбари бўлгани учун болалар адабиётининг ўша кездаги таниқли вакиллари Ҳаким Назир, Қуддус Муҳаммадий, Шукур Саъдулла, Толиб Йўлдош ва Пўлат Мўмин билан бизни яқиндан таништирди. Кенгаш қатнашчиларидан Йўлдош Сулаймон, Олим Маҳкам, Обиджон Юсупов ва Обид Расулнинг қўлёзмалари жиддий таҳлил қилинди. Уларнинг асарларидан баъзи намуналар альманахларда чоп этиш учун танлаб олинди. Семинар давомида вақтли матбуотда шеърлари чиққан тенгдошларимизга ҳавас қилдик.

Муҳокама жараёни кўпкарига биринчи марта кирган улоқчини ёдимга солди. Чўбир отга ҳар қан­ча қамчи урманг, у қашшанг тортади, тайсаллайди. Машқларимизда чўғ бўлмаса, уни ялтироқ сўз­лар ҳисобига безаш билан узоққа бориб бўлмас экан. Айниқса, Толиб Йўлдош ва Қудрат Ҳикматнинг Обид Расул шеърлари бўйича билдирган фикрлари, ўринли мулоҳазалари бизга ибрат бўлди. Чамамда, устоз Миртемир мен ҳақимда шипшитиб қўйганми, қўлёзмаларимни муҳокамага қўйишга Қудрат ака рўйхушлик бермади, фақат ўзимга “Семинардан кейин гаплашамиз”, деб қўйди. Бу “Машқларинг анча думбул” дегани эди. “Дўрмон”даги кенгашдан сўнг икки кунга қолишимга тўғри келди. Қудрат ака билан бир кун Тошкентни томоша қилдик. Иккинчи куни устоз Чилонзордаги бир хонали уйида қўлёзмаларимни бошдан-оёқ, сатрма-сатр таҳлил қилиб берди: ўттизта шеърдан атиги учтасининг нуқсонларини кўрсатиб, жиддий ишлашимни уқтирди. Самуил Маршакка тақлид қилиб қоралаган “Газета қандай чиқади” сар­­лавҳали балладамни қайта ёзишим кераклигини айтди. Болалар учун ёзилган шеърлар қисқа бў­ғинли, лўнда, қувноқ, воқеабанд ва янги қофияларга тўйинтирилган бўлишини таъкидлаб, жаҳон адабиётини изчил ўқишимни мас­лаҳат берди. Хуллас, икки йўлнинг ўртасида қолдим: газетада ишлашим керакми ёки болалар адабиётини танлаганим маъқулми? Қора қозонни қайнатиш учун таҳририятда ишлаб туришга тўғри келди. Икки ой давомида Қудрат аканинг эътиборига тушган учта шеър ва балладани қайта ишлаб, устозга жўнатдим. Шеърларимнинг “Гулхан” журналида чиқиши мен учун ҳақиқий байрам бўлди. Балладам эса 1962 йилда нашр этилган “Буни топинг, болалар, айтиб берманг, оналар” номли альманахда босилиши каминага қанот бағишлади.

Ҳа, устозлар масаласида мени Тангри ярлақади. Улар туфайли «Дўрмон»даги ижод уйида ўтган кейинги икки семинарда ҳам иштирок этиб, дўстлар орттирдим, ўз устимда жиддий ишладим. 1969 йилнинг кузида ишхонамга Барот Бойқобилов қўнғироқ қилиб, “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Туркистон”) газетасида Қудрат Ҳикмат менга оқ йўл тилаганини айтиб табриклади. Навбатдаги тадбирлардан бирида Миртемир домла қирғиз адабиётидан таржималар қилишга даъват этди. Устоз вақтли матбуотда ишлаётган шогирдларига ҳам тайинлаган бўлса керак, “Миртемир муаллим сизни тавсия қилди”, деган мазмунда хатлар ола бошладим. Талабалик чоғимдаёқ “Камолнинг олмаси” номли биринчи китобим босилиб чиқди. Ҳаволаниб кетдим шекилли, ўша кезлари ўткир киноялари, тақлидлари билан кўпчиликнинг эътиборига тушган Эркин Воҳидов, Анвар Эшонов, Юсуф Шомансур каби оғаларимга эргашиб пародиялар ёза бошладим. Устозим Қудрат Ҳикматнинг ўгити у қулоғимдан кириб, бунисидан чиқмаганида – Шукур Саъдулла билан Пўлат Мўмин каби устозларнинг ғашига тегиб пародия ёзмаган бў­лардим.

Мустабид тузумнинг биз илғамаган қонун-қои­да­ларидан бири шундай эди: қардош республикалардаги ўзбек ижодкори уюшмага ўтадиган бўлса, тавсияномаларни партия ташкилоти котиби тасдиқлаб, муҳр босиши шарт эди. 1965 йилларда устоз Шукур Саъдулла Ёзувчилар уюшмасида партия ташкилотини бошқарарди. Шукур аканинг “Озод диёр” сарлавҳали шеърига бағишлаган пародиям “Муштум” журналида босилгач, машмаша бошланди. Шукур ака Миртемир домла билан Қудрат аканинг каминага берган тавсияномаларини тасдиқлашдан бош тортди. Мен учун ташвишли бўлган ўша кезларда Ғафур Ғулом нашриётининг рўпарасидаги китоб дўконида Миртемир домла билан Тўра Сулаймонни учратиб қолдим. Устоз сўрашаётиб: “Киши балога қолурми ўз ихтиёри билан”, деб елкамга қоқиб қўйди. Чамаси, пародия машмашаси ҳақида Тўра Сулаймон шипшитиб қўйган. Миртемир ака такси тўхтатиб, Тўра Сулаймон иккимизни Ёзувчилар уюшмасининг 1 май кўчасидаги биносига олиб борди. Шукур аканинг хонаси очиқ, аммо ўзи йўқ экан. Галина исмли котиба Миртемир акани тавозе билан кутиб олди. Партия ташкилоти раҳбари Марказқўмда мажлисда экан. Котиба расмий қоғозларимизни тас­диқлаб берди. Кейин устоз бизни “Шарқ” ресторанида меҳмон қилди.

Анча шов-шувга сабаб бўлган ўша пародияни севимли журналимизнинг мухлислари ҳам бир ўқиб кўришса, ижодкор учун холис гапни айтиш ўша замонларда осон кечмаганини ҳис қилишар…

ҚИСҚАСИ, ПАЛОН-ПИСТОН

Шукур Саъдуллага

“Далаларинг боғистон,
Тошлоқларинг тоғистон.
Ростин айтсам, ўзингсан
Мангу чаман гулистон”.

“Озод диёр” шеъридан

* * *

Ўзбекистон боғистон,
Қирғизистон тоғистон.
Тиёншондан ўтсангиз,
Нарёғи Қозоғистон.
Олатоғу Тангритоғ
Ғаройиб тошлоғистон.
Кавказда-чи Элбурус,
Махачқалъа – Доғистон,
Қисқаси, палон-пистон,
Ёзсангиз бўлар достон.

(1965 йил).

Ҳар икки устоздан шогирдпарварликни, холисликни ўргандим. Миртемир домланинг даъвати билан қирғиз адибларининг бир талай асарларини ўзбек тилига ўгирдим. Қудрат Ҳикматдан тўғрисўзликни, талабчанликни, шеър устида ишлашни, кичкинтойларнинг сўз бойлигини ҳисобга олган ҳолда ёзишни ўргандим.

1965 йилдан 1990 йилга қадар 15 та китобим, 20 та таржима асарим чоп этилди. Рус, қозоқ, қирғиз, тожик ва латиш тилларига ўгирилганларини қўшсак, умумий адади икки миллиондан ошади. 1990 йилдан 2013 йилгача эса 10 та китобим, 5 та таржима асарим ярим миллион нусхада босилди. Корней Чуковский, Самуил Маршак ва Жованни Рабонининг сайланмалари таржимаси икки-уч мартадан чоп этилди. Ўзбекистон рамзий маънода болалар юрти. Демак, китобларимизнинг адади шунга яраша бўлиши керак.

Ижодкор жамият билан ҳамқадам бўлиши лозим. Атоқли адиб, устоз Одил Ёқубовнинг мустабид тузум даврида ўзбек пахтакорларининг оғир меҳнати ҳақида СССР Олий Советининг сессиясида сўзлаган оташин нутқини бир эслайлик. Шоир Шавкат Раҳмон билан журналист Ёқубжон Хўжамбердиевларнинг Ўш ва Ўзганда юз берган воқеалар билан боғлиқ туркум мақолалари, таниқли адиб Дадахон Нурийнинг табиатни муҳофаза қилиш мавзусидаги чиқишлари ибрат олишга арзигулик.

Мен ҳам болалар адабиётининг бир вакили сифатида ёзган асарларимизга нисбатан тўғрисўз бў­лиш, холис фикр айтиш тарафдориман. Сабаби, қаҳ­рамонларимиз табиатан ростгўй китобхонлар, ёл­ғонни улар катталардан ўрганади. Эрмак учун ёзилаётган бемаза шеърий китоблар, пештахталарда босилиб ётган сайланмаларни кўрганда буюк адиб, устоз Абдулла Қаҳҳорнинг қадри ўтаётганини ҳис қиламиз. Иброҳим Ғафуров ва Йўлдош Солижоновдан ташқари кўпчилик адабиётшуносларимиз эҳтиёткорликни, муросасозликни шиор қилиб олишди. Шу жумладан, болалар адабиёти учун мақташга арзигулик ишларни қилган олимларимиз ҳам ҳозирча сукутда.

Айбим – тўғрисўзлигим. Бу “нуқсон” ҳам устозларимдан юққан. Қолмишига қаҳрамонларимиз – бола­жонлар ёлғон гапиришмайди. Кичкинтойларнинг улкан адабиётида энг қийин соҳа мактабгача ёшдаги фарзандларимизга шеърлар ёзиш. Бу борада дўстим шоир Ҳабиб Раҳматга қойил қоламан. Худо раҳмат қилгур Ҳамза Имонбердиев ҳам шу соҳада ўзига хос мактаб яратиб кетди.

Кутубхонамдаги китобларнинг кўп қисмига “Пародия ёзмаслик шарти билан” қабилидаги дастхатлар битилган. Болалар адабиётига умуман дахли, маънавий ҳаққи йўқ баъзи журналистлар, айрим олимларнинг кичкинтойларга аталган тўпламларга сўзбоши ёзиши, “оқ йўл” тилаши урфга айланди.

Кунларнинг бирида яхшигина шеърлар ёзаётган укаларимдан бири Дилмурод Дўст: “Менинг машқимга пародия ёзибсиз”, дея ўпкалаб қолди. Дил­мурод билан эрйигитнинг уввос тортиб йиғлаши тўғрисидаги қўшиқлар урчиб бораётгани ҳақида дилдан суҳбатлашдик. Худди ўша куни оқшомда зангори экранда пўрим кийинган хонанда торни чертиб, “Тўйинг куни тўйиб йиғладим” қўшиғини айта бошлади. Қизларнинг ҳузурида йигит кишининг кўз ёш тўкишини бир тасаввур қилинг-а! Бу – йигитларнинг бачканалашиб боришига даъват эмасми? Шунақа вақтларда забардаст шоиримиз Абдулла Ориповнинг қуйидаги сатр­ларининг қадри янада ортади:

…У қўшиқ куйлади ёр шаънига маст,
На кулди, на тўкди қатра ёшини.
У мағрур куйлади, қиз эса шу вақт
Ҳузурига келди эгиб бошини.

Шеърлари пародия қилинган баъзи дўстларимиз газета ва журналларга узундан-узоқ шарҳлар, тушунтиришлар ёзишади, гина-кудурат қилиб интернет орқали суҳбатга чорлашади. Бунинг ўрнига, каминанинг ҳам маромига етмаган, ҳиссиёт устун келганда ёзилган, ўзимни ўзим такрорлаган машқларимга қойиллатиб пародиялар ёзишса, қайтанга хурсанд бўлардим. Бу – ўзи­га хос мардона муносабат бўларди. Адабиёт, менимча, мана шундай беғараз баҳсларда такомил топади.

Улуғ алломаларимизнинг номини ҳадеб санаб ўтиш ўрнига, Абу Райҳон Беруний, Ал-Хоразмий, Ибн Сино ҳақида, Қори Ниёзий, Ҳабиб Абдуллаев, Иб­роҳим Ҳамробоев, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Саъди Сирожиддинов, Ёлқин Тўрақулов ҳақида болалар ва ўсмирларга мўлжалланган бадиий-ҳужжатли асарларга танловлар эълон қилишнинг вақти етди. “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин” деб бекорга айтилмаган. Кичкинтойлар адабиётининг “нонини туя қилиб” нашр этилаётган баъзи китобларни кўриб, “Эсиз қоғоз, эсиз меҳнат!” дейсан. Катталарга дурустгина шеър ва ғазаллар ёзиб юрган бир укамизнинг “5 баҳо олган куним” деб номланган китобини олиб, муаллиф ҳисобидан хижолат чекдим. Қаламкаш дўстларимиз Зафар Исомиддин, Содиқжон Иноятов ва Худойберди Комиловнинг болаларга бағишланган китобларини бир варақлаб чиқса ёмон бўлмасди. Қисқаси, ҳар ким қўлидан келган ишни қилгани яхши.

Бугунги ўзбек болалар адабиётининг суянч тоғ­лари – устозларимиз Носир Фозилов, Худойберди Тўх­табоев, Миразиз Аъзамлари ҳамда Эркин Малик, Анвар Обиджон, Ҳабиб Раҳмат, Кавсар Турди­ева, Муҳаббат Ҳамидова, Қамбар Оталари бор. Бетакрор шоир, марҳум Рустам Назарнинг издошлари Маъмур Қаҳҳор, Абдураҳмон Акбар, Дилшод Ражаб, Қўзи Исмоил ва Эрпўлат Бахт каби укаларимиз панд-насиҳатгўйликдан холи, пухта асарлар ёзаяпти. Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди билан ҳамкорликда ўтказаётган “Дўрмон” ижод уйидаги семинарларда иқтидорли ёшлар кашф этилаётгани кичкинтойларнинг катта адабиёти бардавом эканидан дарак бериб турибди.

Республикамизда амалга оширилаётган улкан иш­лар, ўзгалар ҳавас қилса арзигулик қурилишлар, ай­ниқса, тинчлик ва хотиржамлик кўнглимизга ғурур бағишлаб, янги асарлар ёзишга руҳлантиряпти.

Дарҳақиқат, умр дарё экан. Мана, ёшимиз ҳам бир жойни қоралаб бормоқда. Аллоҳга минг шукрки, диёнатли фарзандларимнинг ардоғидаман. Уч қизим, ўғлим, қатор набираларимдан кўнглим тўқ. Улар бошқа соҳаларнинг эгаси бўлишига қарамай, адабиётимизнинг фаол мухлиси.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 11-сон.