Гулчеҳра Жўраева (1937)

Гулчехра Жўраева 1937 йил 1 февралда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1992). ТошДУнинг журналистика бўлимини тамомлаган (1954—59). Ижоди 50-йиллардан бошланган. Дастлабки шеърий китоби — «Бахтим борки…» (1961). «Гул шайдоси» (1969), «Боғимда баҳор» (1968), «Ҳаяжон» (1971), «Умр — дарё» (1974), «Салом дўстлар» (1975), «Энг яқин юлдуз» (1979), «Достонлар» (1981), «Иқбол» (1983), «Меҳрим сизники» (1984) каби тўпламлари нашр этилган. «Гулшанаро» номи билан шеър ва достонлардан иборат «Сайланма» (1987) асари чоп этилган.

ҲАЁТ САБОҚЛАРИ

Ёшлик ва кексалик ораси узун,
Курранинг иккита қитъаси худди.
Тасмадай текис йўл, гоҳ илон изи,
Ўртада денгизу тоғлар ҳудуди.

Гоҳо тик борасан, олгандек нишон,
Баъзан адашасан, тўғри йўл қолиб.
Шунда мушкулингни этмоққа осон,
Ақл ҳам идрокни ўт ишга солиб…

Ёшлик ва кексалик ораси йироқ,
Синов кўприклари туташ маҳали,
Қай биридан ўтдим, билмадим, бироқ,
Балки ўтмаганим олдинда ҳали…

МУҚАДДАС ТУЙҒУ

Ҳар куни, ҳар тонгда яқин-йироқдан,
Янги хушхабардан келади дарак…
Ўзбеклар довруғи янграр ҳар ёқда,
Ватанни севмоқлик шу бўлса керак.

Хориж шоҳсупасин устида ўзбек,
Байроқдек ҳилпирар вужудда юрак…
Ғолиблар ярашар юртда юз-кўздек,
Ватанни севмоқлик шу бўлса керак.

Қишлоқлар шаҳардек зебо чиройли,
Муҳташам қасрлар, уй-жойлар юксак.
Бунёдкор меҳридан қорилган лойи,
Ватанни севмоқлик шу бўлса керак.

Кечаю кундузми тер тўкар деҳқон,
Меҳнатда тобланган бақувват билак.
Нозу неъматларга тўкин дастурхон,
Ватанни севмоқлик шу бўлса керак.

Буюк келажакка интилган ёшлар,
Эзгулик илмини ўрганар бирдек.
Истеъдод ихтиро йўлига бошлар,
Ватанни севмоқлик шу бўлса керак.

Фарзандлар лутфида фахр, ифтихор,
“Ўзбекистон — бизнинг уйимиз” демак.
Дўстлик диёрида эллар бахтиёр,
Ватанни севмоқлик шу бўлса керак.

Ғанимга йўл йўқдир сарҳад мустаҳкам,
Полвон посбонлари ҳамиша сергак.
Халқимиз яшайди тинч ва хотиржам,
Ватанни севмоқлик шу бўлса керак.

Эъзозга муносиб азиз инсонлар,
Ғурурдан ярқиллар нишондор кўкрак.
Бунда туғилади чин қаҳрамонлар,
Ватанни севмоқлик шу бўлса керак.

Элим деб, юртим деб жонини тиккан,
Раҳнамо умрга — энг эзгу тилак.
Меҳрибон сарвари соғ, омон экан,
Ватанни севмоқлик шу бўлса керак!

САРАТОН

Дим ҳавонинг иситмаси хўп баланд,
Гармсел нафас уфуради оғзидан.
Муздай сувни кўксига сепган билан,
Пар айланиб хиппа олар бўғзидан.

Жон киритар субҳидамдаги шабнам,
Ташналикдан чечаклар чекса озор.
Қуёшига алёр айтар шод, хуррам,
Пахтазору, буғдойзору мевазор.

ҲАМРОҲ

Мунис шеърларимдан тўқилган сирдош,
Меҳнат қозонида қайнадик икков.
Иссиқ-совуқларда сен менга йўлдош,
Амудан Сиргача кезибмиз яёв.

Ишчими, деҳқонми, олим, талаба,
Инсонлар қалбига ташриф — бурчимиз.
Қайдаки тантана қилди ғалаба,
Бесамар юрмадик мақсад учун биз.

Истиқлол йўлига тушганда “ғов”лар,
Ташвишли кунларда бўлдик ҳамжиҳат.
Тилини тишлади кўролмас ёвлар,
Мустаҳкам бирлашди халқу жамият.

Янгича давронда фикр ҳам озод,
Яратмоқ ишқида ҳар юрак урмиш.
Марду майдонларга ватан қўшқанот,
Ободлик авжида ёнади турмуш.

Муқаддас даргоҳдир ижод олами,
Кўнгилга нур сочар адабий ҳаёт.
Ҳеч қачон тўхтама, азиз қаламим,
Бизга насиб этсин абадий ҳаёт!

ВАҚТ КУТМАЙДИ

Эринчоқлик — ҳайданг кўнгилдан,
Бошга бало ортмасидан у.
Муздек сувни қўйинг энгидан,
Танбал қилиб қўймасин уйқу…

Қувинг уни дала-даштларга,
Ерни чопсин, қаварсин билак.
Пойи тегсин тоғу тошларга,
Оёғини “ўпсин” тиканак.

Шогирд тушсин устоз Меҳнатга,
Билмаганни билишга шошсин.
Олов ёқсин сўник ғайратга,
Муҳаббати ҳаётга ошсин.

Эринчоқлик бор экан кимда,
Эрк бермангиз илдиз отишга.
Ечиб олиб сўнгги кўйлакни,
Тайёр турар уни сотишга.

Кутиб турмас шиддатли замон,
Умр ўтар, аямайди вақт.
Армонларда қолмасин армон,
Сизни излаб югурмайди бахт.
ҚАНОТ БЕР…

Менга қушдай енгил қанот бер,
Йиллар юки букмасин қаддим.
Оқ юзимни ювсин қора тер,
Меҳнатимдан юксалсин қадрим.

Менга қушдай енгил қанот бер,
Қояларга тегсин қанотим.
Жиловини узиб қочган шер
Каби чопсин илҳомим оти.

Таҳлил қилсин шеъримни қуёш,
Куйга солиб айтсин юлдузлар.
Ҳар юракка сирдош, оҳангдош
Алла каби сочилсин сўзлар.

Қўл-оёкдан кетмасин мадор,
Кўзларимдан совимасин нур.
Ҳеч кимсага этма мени зор,
Эй Оллоҳим, ўзинг қўллаб тур.

Менга қушдай енгил қанот бер,
Зил тошларим бўлсин чилпарчин.
Қимирла-ю қир ош, — юрак дер, —
Ғайратингда яшар чил барчин…

КУЗАТИШ

Кўзлар кўзга яна нигорон,
Бошга тушди бешафқат ҳижрон.
Муҳаббатга йўлдош имтиҳон,
Юрагингда мени олиб кет.

Сенсиз бедор тунларим билан,
Шеърга сирдош кунларим билан,
Озурда жон унларим билан,
Юрагингда мени олиб кет.

Кўзларимда учқунлар маржон –
Қуёшдан-да балки нурафшон,
Адаштирмас йўлингдан мижгон,
Юрагингда мени олиб кет.

Шабадалар мен бўлиб ўпсин,
Сочларингни тўзитиб ўтсин,
Ҳар маконда меҳрим гул тутсин,
Юрагингда мени олиб кет.

Айрилиқнинг дарди кўп ёмон,
Гул чеҳранинг зарди хўп ёмон,
Бахтимга сен ой бор, кел, омон,
Юрагингда мени олиб кет.

Тушларимга кирганда кулча,
Дарак берса субҳидам қушча,
Жаранглатиб гар пичоқ тушса,
Сени кутгум сабри бетоқат,
Бахтимга сен кел тезроқ фақат…

СЕН ЙЎҚ ЭРСАНГ…

Сўзларингни соғиндим ёмон,
Сенинг билан истадим суҳбат:
Китобингни очганим ҳамон
Салом берди яна муҳаббат.

Не тасодиф, бу не мўъжиза,
Не таъбирга жоиздир бу ҳол.
Ё сен бўлиб кўринди ғазал,
Ё мен сенга очдиммикан фол?

Икки варақ, икки саҳифа –
Юрагингнинг икки парчаси,
Икки варақ, икки саҳифа –
Юрагингнинг икки лахчаси.

Бири висол, бири-да ҳижрон,
Қай бирига бошим эгай ман.
Бир хонада яшар ёнма-ён,
Қай бирига абад эгаман?

Соғинч сени ёндирмоқ бўлса,
Кириб олай севгим хатига.
Соғинчимни қондирмоқ бўлсанг,
Бекиниб ол девон қатига.

Сен йўқ эрсанг ёнимда бирпас,
Айланурсан шеърга ўзинг-да,
Сен ёнимда бўлсанг ҳамнафас,
Шеър ўқийман теран кўзингда…