Лутфий (1366-1465)

Лутфий (1366- Ҳирот — 1465), Мавлоно Лутфий — ўзбек шоири, ориф ва мутафаккир. Ўз замонининг «малик ул-каломи». Яқин вақтларгача Лутфийнинг таваллуд топган ва вафот этган жойи Ҳиротнинг Деқиканор мавзеи деб кўрсатиб келинган. Шайх Аҳмад Тарозийнинг Мирзо Улуғбекка бағишлаб ёзилган «Фунун ул-балоға» асари топилгач, ундаги «маъдан ул-латойиф Лутфийи Шоший» жумлаларига асосланиб, Лутфийнинг она ватани Тошкент бўлган, деган фикр ҳам илгари сурилди.

Лутфийнинг ҳаёт йўли сингари, ижодий тақдири ҳам жуда ибратли: у 99 йил яшаган. Умрининг асосий қисми ўқиш, ўрганиш ва бадиий ижод меҳнати билан ўтган. Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» тазкирасида маълумот берилишича, Лутфий умрининг охирларида «офтоб» радифли бир шеър ёзган, ўша замоннинг кўп шоирлари унга татаббуъ қилганлар, аммо улардан ҳеч бири Лутфийнинг «панжасига панжа» ура олмаганлар. Навоийнинг ёзишича, Лутфий 90 ёшдан ўтганда, Абдураҳмон Жомий отиға радифи «сухан» сажъ қасидае айтиб эрдики, замон хушгўйлари барча хўблиққа мусаллам» тутмишлар («Насойим ул-муҳаббат»).

Лутфий ҳам зоҳирий-дунёвий, ҳам диний-тасаввуфий илмларни чуқур эгаллаган, давр ва замонига очиқ назар билан қарашга қодир, ҳақиқат ва маърифатга содиқ ижодкор эди. Навоий сўзи билан айтганда, у «форсий ва туркийда назири йўқ» шоир бўлган.

Лутфий гарчи ўз она тили — туркий тилда яратилган шеърлари билан машҳурликка етишган бўлсада, форсийда ҳам ўзининг шоирлик иқтидори ва маҳоратига кўпчиликни иқрор эта олган. Иккинчидан, Лутфий шеърият билан тариқатни, мажоз билан ҳақиқатни уйғунлаштирган эди. Аммо у сўнгги нафасигача шоирлик бурчи ва илҳомига содиқ қолиб, ўзбек шеърияти хазинасини бири биридан қимматли назм дурдоналари билан бойитди. Шу билан бир қаторда, шоирлик нечоғлик «маъруф ва машҳур» бўлмасин, «дарвешлик тариқини дағи иликдан» (Навоий) чиқармаган эди. Худди шу нарса унинг нафақат ўз замондошлари ва ижод аҳли орасида, балки давр ҳукмдорлари олдида ҳам юқори мавқега кўтарилишига бир асос бўлган.

Ҳақиқатан ҳам Лутфийнинг шеърияти — хилма-хил шакллардан таркиб топган мазмундор, рангин шеърият. Бизгача шоирнинг 16—20-асрлар мобайнида кўчирилган туркий девонининг 33 қўлёзма нусхаси етиб келган бўлиб, улар Тошкент, Душанба, Истанбул, Теҳрон, Лондон, Париж, Санкт-Петербург кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланади.

Олим Э. Аҳмадхўжаевнинг аниқлаши бўйича, Лутфий қаламига мансуб мавжуд шеърларнинг умумий миқдори 2774 байт ёки 5548 мисрадан ортиқ. Уларнинг катта қисми (2086 байти) ғазал жанрида ёзилган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Лутфий ғазалнавис сифатида Шарқ адабиётида барқарорлашган адабий-эстетик анъаналар билан халқ оғзаки ижодиёти тажриба тамойили ва усулларини ниҳоятда моҳирлик билан мувофиқлаштирган. Шу боисдан ҳам унинг ғазалларида миллий ҳис-туйгулар нурланиб, инсоний дард, армон, қайғу ва шодлик тасвири такрорсиз бир таъсирчанлик касб этган. Лутфий наинки ғазалларида, рубоий, туюқ, қитъа, фардга ўхшаш бошқа жанрлардаги шеърларида ҳам нафосат ҳисси шаклланган, дид ва савияси баланд кишиларнинг — зукко ва ҳаётсевар халқ вакилларининг фикру туйғуларини тараннум этган.

Лутфий девонидаги бош мавзу ишқ ва асосий мақсад ошиқнинг ҳасбу ҳолини тасвирлашдан иборат бўлсада, шоир деярли ҳар бир шеърида мавзуга янгича ёндашиб, бетакрор оҳанглар яратади, моҳиятига мос поэтик образлар топади, бир-бирига ўхшамайдиган бадиий санъатларни қўллайди. Лутфий девонида ташбеҳ, талмеҳ, тазод, ийҳом, хусусан, ирсоли масал санъати намоён бўлган. Лутфий рубоий, туюқ, қитъаларини ҳам санъат намунаси мақомига кўтара олган.

Яқин-яқингача «Гул ва Наврўз» достони Лутфий асари деб келинган эди. Кейинги тадқиқотлар натижасида бу достон муаллифи Ҳайдар Хоразмий эканлиги аниқланди. Лутфий — туркий шеъриятда мактаб яратган санъаткор. Бу ижод мактабидан Алишер Навоий ва Мирзо Бобур сабоқ олишган. Роқим, Амирий, Султонхон тўра Адо, Табибий сингари шоирларнинг девонларидан Лутфий ғазаллари илҳомида битилган мухаммаслар жой олган.

Лутфий шеъриятининг таъсири фақат Ўрта Осиё билан чегараланиб қолмасдан, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларига ҳам етиб борган. Атоқли турк олими М. Ф. Кўпрулизоданинг эътироф этишича, Лутфийнинг шеърлари ёлғиз чиғатой шоирлари орасида эмас, балки «Харобот» муаллифи Зиё Пошога қадар бўлган усмонли турк шоирлари орасида ҳам завқ билан ўқилган.

Иброҳим Ҳаққулов

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Кўзунг қораси фитна, вале оқи балодур,
Жонлар оладур,ваҳ, не бало кўзи қародур?

Кўз устида жон олғувчидур холию қоши,
Бир-бирга бари фитна қотилған не балодур?

Ҳамдардтур айтай анга ҳолимким,инонғай,
Гулшандин ўшул булбули мискин,ки жудодур.

«Бош ўйнайину жон берайин васл учун» — айттим,
Хуш-хуш кулуб айтур мангаким:»Яхши баҳодур!»

Кўп қилма анинг жавридин,эй Лутфий,шикоят,
Ким,ҳусн элининг шеваси пайваста жафодур.

* * *

Жоним чиқадур дард ила, жононима айтинг,
Мен хаста гадо ҳолини султонима айтинг.

Ўртанмагу кўз ёшию ўлмактурур ишим,
Бу қиссани ул шамъи шабистонима айтинг.

Қат-қат юрагим боғлади қон ғунча менғизлик,
Бу дарди дилимни гули хандонима айтинг.

Қон ёшим эрур юх уза юлдуз каби сонсиз,
Ул кўзлари чўлпон,маҳи тобонима айтинг.

Лутфийи дилафкор тилар ҳажр элидинг дод,
Аҳволини ул бегимау хонима айтинг.

* * *

Мени шайдо қиладурғон бу кўнгулдур,бу кўнгул,
Хору расво қиладурғон бу кўнгулдур,бу кўнгул.

Ўқдайин қоматимизни қора қошлиғлар учун,
Муттасил ё қиладурғон бу кўнгулдур,бу кўнгул.

Мени ёзғурма «севар» деб,ки менинг ҳаддим эмас,
Ул таманно қиладурғон бу кўнгулдур,бу кўнгул.

Борма дерлар эшики сори дамо-дам,нетайин,
Кўп тақозо қиладурғон бу кўнгулдур,бу кўнгул.

Қора мўйин ҳаваси бирла қоронғу кечада,
Жонни савдо қиладурғон бу кўнгулдур,бу кўнгул.

Душману дўст орасинда мени ғофилни мудом
Бе сару по қиладурғон бу кўнгулдур,бу кўнгул.

Ўзгадин кўрма,ки кўзунг ёшини, эй Лутфий,
Айни дарё қиладурғон бу кўнгулдур,бу кўнгул.

* * *

Қаду оғзингға боқсам, оҳ дерман,
Сени кўрган сайин Оллоҳ дерман.

Тилар кўнглим сени оламдау бас,
Бу нисбатин сени дилхоҳ дерман.

Мени ҳаддим эмаски,истаса васл,
«Кўз учи бирла боқ гоҳ-гоҳ» — дерман.

Қусури табъдин дерман сени сарв,
Эрур ул нораво бир оҳ дерман.

Этагингга кишининг илки этмас,
Сени бу важҳ ила мен моҳ дерман.

Сенинг қаддинг била нозик юрурда,
Эрур ўзга нима ҳамроҳ дерман.

Жамолинг Лутфий сўзин қилди рангин,
Сенинг ҳуснунгга «шайъанлиллоҳ» дерман.

* * *

Нега жонима жафо қилурсан?
Вақти ўлди агар вафо қилурсан.

Жоним чиқадур фироқ ўтиндин
Дардимға қачон даво қилурсан?

Ул зулфни солма юзунг узра,
Ким юз била минг бало қилурсан.

Бўйнунгда қоним, ки бизни, эй кўз,
Хўблар билан ошно қилурсан.

Жондин иликингни,Лутфий, ювғил,
Чун ишқ била марҳабо қилурсан:

* * *

Қон бўлди кўнгул фироқингиздан,
Жон куйди ҳам иштиёқингиздан.

Дину дилу ақл бўлди яғмо,
Жон олғувчи ул қароқингиздан.

Ўқтек бўйимиз эгилди ёдек,
Ул фитналик икки тоқингиздан.

Су бўлди жоним,вале дамо-дам
Ўтқа ёқилур дудоқингиздан.

Олтун каби чеҳра бўлди сориғ,
Ул сим тикин сақоқингиздан.

Кўрсам керак ою кун булутсиз,
Сочни кеторинг янгоқингиздан.

Бу Лутфийи хастани сўрунгким,
Бечора ўлар фироқингиздин.

РУБОИЙЛАР

* * *

Сенсизин айшу сурурим қолмади,
Йиғламоқтин кўзда нурим қолмади.
Ул қуёш юзунгдин айрулғон учун,
Қайғудин зарра ҳузурим қолмади.

* * *

Сайд қилди бизни жайрон кўзлари,
Делва бўлди жон эшитиб сўзлари.
Ёр агар қилса иноят не ажаб,
Қулни чун девона қилди ўзлари.

* * *

Бу не қошу ғамзайи айёр эрур?
Бу не шаклу шевау рафтор эрур?
Сизга осондур агар мен бўлмасам,
Сенсизин лекин менга душвор эрур.

ТУЮҚЛАР

* * *

Гарчи қурутмас кўзумнинг ёшини,
Ҳақ узун қилсун ул ойнинг ёшини.
Йиғлама кўп, бу вужудинг ишқ ўти,
Не қуруғин қўйғуси,не ёшини.

* * *

Неча дедим:»Ул санамға бормағин!»
Қилмади ул тарк охир бормағин.
Мунчаким,худрайлиғ кўргузди ул,
Ақл ҳайрат қилди тишлаб бармоғин.

* * *

Мен сенинг ишқингдин,эй дил, бандаман,
Ваҳ,қачон эйткайман ул дилбанда ман.
Бевафоларға мени қилдинг асир,
Сен менга султонсан,эй дил, бандаман.