Дурбек (XIV-XV аср)

Дурбек (14-аср охири — Балх — 15-аср боши) — ўзбек шоири. Унинг «Юсуф ва Зулайҳо» достонигина етиб келган. Дурбекнинг «Юсуф ва Зулайҳо» достони 1409 йили ёзилган. Достон асосини Шарқда машҳур Юсуф ва Зулайҳо ҳақидаги ривоят ташкил этган. Шарқ адабиётида сайёр сюжетга айланиб кетган бу мавзу ўзига хос услубда қайтадан (ўзбек тилида) баён этилган.

Дурбек ўзи яшаган давр манзараларини достон руҳига сингдириб юборган. Асарда Балх ш.нинг қамал қилиниши, шаҳар халқи бошига тушган оғир фожиалар юксак маҳорат билан тасвирланган. Қамал туфайли юз берган очлик, сувсизлик каби қийинчиликларни шаҳар ташқарисидаги маъмурчиликка қарамақарши қўйган. Достондаги қахрамонлар фаолияти Марказий Осиё шаҳар ва қишлоқларига хос табиат манзаралари, турмуш ҳодисалари, халқ урф-одатлари тасвири орқали акс эттирилган.

Шоир бош қаҳрамон Юсуфнинг тақдири ва унинг ҳаётга бўлган муносабатини турли вазиятларда тасвирлайди. Юсуфнинг инсоний фазилатлари унинг зеҳни ва заковати одамларга, ўз элига мухаббатида кўзга яққол ташланади. У беҳуда қон тўкмасдан, ақл-идрок билан мамлакатни бошқарувчи одил шоҳ даражасига кўтарилади. Дурбек хотин-қизлар латофати ва заковатини янги жихатлар билан бойитган, Зулайҳо тимсолида садоқатли севги соҳибаси образини ярата олган. «Юсуф ва Зулайҳо» достонининг қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида (инв. №185), Париж ва Истанбул кутубхоналарида сақланади.

«ЮСУФ ВА ЗУЛАЙХО» ДОСТОНИДАН

Китоб назмининг ибтидоси

Балх эрур даҳрға уммул-билод,
Мазҳари ислом тақи адлу дод.

Жумла акобирнинг эди манзили,
Сокин эрур анда набию вали.

Бўлди фалак гардишидин дори зулм,
Халқи анинг бўлди гирифтори зулм.

«Зод» эди тарих яна «ҳе»ю «дол»,
Муддати ҳижратдин ўтуб моҳу сол.

Қалъаи Балх ўлди чу дарвоза банд,
Пояи зулм ўлди бағоят баланд.

Айлади қаҳҳор чу изҳор қаҳр,
Бўлди гирифтор халойиқ башаҳр.

Ҳукм била кирди улус ичкари,
Ҳосили умрин қўюбон ташқари.

Шаҳр чу дўзах киби зиндон эди,
Ташқари бир равзаи ризвон эди.

Ташқари эрди бори нозу наим,
Шаҳр ичида эрди азоби алим.

Ташқари эрди бари полизу боғ,
Шаҳр ичида эрди басе дарду доғ.

Ташта эди сабзау оби равон,
Шаҳр ичида эрди юз оҳу, фиғон.

Ташта эди неъмат ила киштигоҳ,
Шаҳр ичида шарбат эди оби чоҳ.

Ташта ўшал суҳбати гулзор эди,
Шаҳр ичида меҳнату булжор эди.

Ташта эди жумлаи айшу тараб,
Шаҳр ичида эрди басе сўзу таб.

Халқ бу шаҳр ичра базиндон эди,
Меҳнат ўтидин бари бирён эди:

Учар эди кўзларидин нақши нон,
Кўз ёши эрди магар оби равон.

Барчаси мафлуку теҳи даст эди,
Барча узум ҳасратидин маст эди.

Барчанинг ул тоқатидин тоқ эди,
Барчаси ун ғуссасидин қоқ эди.

Барчанинг ул жони ба бонги суруд,
Дер эди шафтолию себу муруд.

Барчаси ҳасрат била лайлу наҳор,
Дер эдилар олуву обию нор.

Ушбу қабол ичра уч ойи тамом
Ер эдилар ғуссаву ғам суҳбу шом.

Банда алар бирла гирифтор эдим,
Барчасидин воқиф асрор эдим.

Кулбаи эҳзон қилиб эрдим ватан,
Кўнгул эди дар ғаму жон мумтаҳан.

Гоҳ эдим жон била машғули зикр;
Гоҳи эдим ғарқаи андуҳи фикр.

Гаҳ ўқур эрдим зи каломи илоҳ,
Гаҳ кутуб ичра қилур эрдим нигоҳ.

Гаҳ боқар эрдим зи китоби қисас,
Гаҳ ичар эрдим зи шароби ғусас.

Лек қисас ичра вале майли жон
«Қиссаи Юсуф»та эди ул замон.

Ул эди, ул ҳолда маҳбуби дил,
Ул эди, ул қиссаи матлуби дил.

Бандаи бечораға шому саҳар,
«Қиссаи Юсуф» эди андар назар,

Наср эди бу қисса дағи форси,
Эди анга жон кўзи наззораси.

Бор эди кўнгулда бурундин бу азм,
Турки тили бирламу қилсам бу назм.

Ушбу маҳалда анга бос магар
Бўлди яна бир неча соҳиб назар.

Бандага дедилар аларким бу дам,
Бўлғил ўшул қавлунға собит қадам.

Қўйма талаб устида табъингни суст,
Айла бу азмингни тамоми дуруст.

Қиссаи Юсуфни тамом айла назм,
Турки тили бирла қилиб азми жазм.

Қолга(й) охир сафҳасида ёдгор,
Сендин ўшал қисса, ўтуб рўзгор.

Банда ўшал ҳолда қилдим шуруъ,
Шукр қилиб тангрига айлаб ружуъ.

Олдим ўшал лаҳза давоту қалам,
Сафҳаи қоғаз уза урдум рақам.

Давлати тавфиқни истаб мудом,
Тенгри таолодин ўшал субҳу шом.

Ушбу мушавваш кўнгул айёми чанд,
Қилди қалам нўги, била сўзни банд.

Эрди чу хотирга мусаммам бу азм,
Айлади бу қиссани дар силки назм.

Кимки ўқусаю битиса муни,
Фотиҳае бирла соғинғай мени.

Мағриб падшоҳининг қизи Зулайхо деган ҳазрати Юсуфни тушида кўргони

Бор эди Мағрибда шаҳи номвар,
Ҳамраҳ эди чун анга фатҳу зафар.

Кофир эди ул, вале одил ўзи,
Бўлмас эди икки онинг бир сўзи.

Эр кишининг сўзи агар бўлса бир
Хоҳ ғани бўлсуну хоҳи фақир.

Эрди онинг оти чу Таймус шоҳ,
Беҳад анга бор эди хайлу сипоҳ.

Бир қизи бор эрди маҳи ховарий,
Оразиға шамсу қамар муштари.

Юзи қуёш эрди вале безавол,
Барча фунун бобида соҳиб камол.

Ҳосили умри эди ул шоҳнинг,
Оти Зулайхо эди ул моҳнинг.

Бир кеча Юсуфни магар кўрди хоб.
Кирди онинг қўйнина чун офтоб.

Шамсу қамардек топибон иттисол,
Бир-биридин айлади себи висол.

Деди Зулайхоки: — «Аё гулбадан,
Менга де отингни — недур? Қайдасан?

Қайда тилай йўқласам охир сени?
Мунда топарсан чу тиласанг мени».

Дедики: — «Юсуфдур отим, гул узор,
Мен эрурам Миср элида шаҳриёр.

Меҳнату дарду аламу ранжу ғам,
Етгусидур мунча бало дамбадам.

Оқибат ул тенгри иноят қилиб,
Сени менга, мен сенга бўлғум насиб».

Ушбу сўз устинда Зулайхо равон
Сесканиб уйғонди магар ул замон.

Эрди анинг оғзида Юсуф оти,
Ўртади бошдин-оёғи ишқ ўти.

Бошдин-оёқ қилди яқосини чок,
Суртар эди юзини ҳар дам бахок.

Қилди аносиға бу тушдин хабар,
Деди аноси атосига магар.

Фикр ичида қолди алар субҳу шом.
Бўлди очун айши аларга ҳаром.

Лек Зулайхо эди бехўрду хоб,
Бағри эди ишқ ўтидин кабоб.

Юсуф эди зикри анинг ҳар нафас,
Булбул эди бўлгон асири қафас.

Ишқ ўтининг шуъласи ўртар жаҳон,
Ким тутар, эй дўст, бу ўтни ниҳон.

Оқибатул-қисса, чу Таймус шоҳ,
Деди эрур Миср чу шаш моҳа роҳ.

Йиғди улуғ бекларини ул замон,
Деди қилинг Мисрға элчи разон.

 —«Номау таҳсин битингиз бу дам,
Миср Азизи ул эмиш муҳтарам,

Номани таъзим ила иншо қидинг,
Васл мадиҳин доғи имло қилинг.

Яъни ўғуллуққа қилурбиз қабул,
Бизнинг орамизда юрурсун расул.

Мисрда улдур чу шаҳи комгор,
Анга эрур яхши-ёмон ихтиёр».

Гарчи улус ҳокими райён эди,
Ушбу Азиз олдида ҳайрон эди.

Ганжу хазойин ангадур беадад,
Билки бу райёнға қилур ул мадад».

Жумлаи беклар йиғилиб сарбасар
Нома битидилар тўла оби зар.

Битидилар дарж қилиб шарҳи васл,
Жумла ҳикоятни зи фаръу зи асл.

Буткариб элчига бериб ул замон,
Миср сари қилдилар элчи равон.

 

БАЙТЛАР

Ишқ ўти ҳар ердаки урса алам,
Билки қилур жумла вужудни адам.
Ишқ жон мулкида султон эрур,
Шоҳу гадо анга чу яксон эрур.

* * *

Чархи фалак неча менга қилса жабр,
Мен қилайин ушбу бало ичра сабр.

* * *

Сабр била топқасен охир мурод,
Гъам еган одам бўлур, албатта шод.

* * *

Сабр била банда топар коми дил,
Коми дил истар эсанг, сен сабр қил.

* * *

Кимгаким бор ҳиммат ила эътиқод,
Оқибат ул амр топар ул мурод.

* * *

Оқибатуламр бўлур ҳақ зуҳур,
Меҳнат утуб бўлгуси фасли сурур.

* * *

Гул тилаган хор жафосин чекар,
Кимки асал олса, ариси тегар.