Абдулҳамид Чўлпон. Қор қўйнида лола (ҳикоя)

I

Бир, икки, уч, тўрт… беш; беш… олти! Етти, саккиз, тўққиз, ўн….
Кичкина, қизил ипдан безалган тўп (каптов) алжиб қочиб кетиб, ертўла оғилнинг деворига ёндошиб ўскан ёш қантак ўрикка бориб тегди-да, сакраб ҳовузға «шўп» этиб тушиб ҳам кетди…
Қизлар барчаси бирдан:
— Вой, ўлақолай, ҳовузға тушиб кетди!—деб қич-қиришиб юбордилар. Тўпни тутиш учун қувалаб бораётғон Шарофатхон ҳам ҳовуз ёнида қотиб қолди…
Тўп сувга шўнғиб кетиб ҳовузнинг ўртасидан чиқди ва қизларнинг ҳавасли, ўйноқи кўзлари олдида гердайиб, секингина суза бошлади.
Барча қизлар сув юзида эркаланиб сузиб юрган тўпга бироз қарашиб турдилар-да, бу орада бир-бирларига боқишиб юмшоққина кулишиб ҳам олдилар.
Тожи қассобнинг кичик қизи Турғунбуш югуриб бо-риб оғилнинг томиға чиқди-да, бир чеккага босиб қўйилғон тут ўтинидан битта узун бутоқни синдириб олиб, ҳовуз бўйига келди ва ҳалиги бутоқ билан сувни ўз томониға торта бошлади; қизлар унинг теграсига дув йиғилиб, тўпнинг сувдан чиқишини кута бошладилар.
Сув ясама оқиш билан қизлар томонға оқа бошлағондан сўнг, ярим белидан сувга кўмилган тўп дам ботиб, дам чиқиб секингина қирғоққа келди. Қизлар қийчув билан ушлаб ҳам олдилар.
Сув билан шалаббо бўлғон тўпни Шарофатхон олди-да, «Ҳу, қочмай ўлгин, тутулдинг-ку!» деб ерга урди. Унинг бу ишига Абдулла жаллобнинг қизи Тўтихоннинг аччиғи келди, дарров бориб ердан тўпни олди ва:
— Ҳой, бунда нима ёзиқ? Бунинг жони бўлмаса… ўзингиз тушириб, бу бояқишни тағин қарғайсизми?— деб тўпни сувда чайқаб олғондан сўнг, лабини тишлаб, бор кучи билан сиқмоққа бошлади.
—Шарофатхон қизларга қараб:
— Барибир, қанча сиқиб қуритмоқчи бўлсак-да, ҳўл тўп чиқмайдур, энди бошқа кимнинг тўпи бор?
— Вой, ўла қолай, ҳеч қайсингларники йўқми? Салтанат, сеники бор эди-ю?
— Меники бор эди-ю, тунов кун Гулнор ўлгур, йўқотиб келибдир…
— Бўлмаса, ўйин тугабдир-да?
— Йўқ, бошқа ўйин қиламиз!
— Ҳу, ўлақолсун, тўп ўйинидан ҳам яхшиси борми?
— Ҳай, Шарофатхон, сиз ўзингиз кира қолингиз, ўрус тўпингизни олиб чиқасиз!
— Ўрустўпим ёрилиб эди-ку…
— Вой, эссизгина, қачон?
— Қачонлари-ю…
Шу вақтда боғнинг кичкина эшикчасидан. ҳовруққанча югуриб бир кичкина қиз кела бошлади.
Турғунбуш бирдан:
— Ҳа, ана менинг синглим чиқиб қолди, уйга тўпга юбораман!—деди. Барча қизлар:
— Ҳа, ҳа, Фазилатни юборамиз!—дедилар.
Кичкина қиз— Фазилат югуриб келиб опасининг бўйниға осилди.
— Бир чеккага чиқинг, опа, сизга қизиқ гапим бор.
Барча қизлар бирдан:
— Қизиғи ўлсин, қизиғи, айтабер барчамизға!
— Йўқ, опамнинг ўзига айтаман.
— Бўлмаса, опанг бизга айтиб берадир…
Эгачи-сингил ҳовуз бўйиға кетдилар… Эшмат қоровулнинг мамадана, қизиқ гапларни билатурғон қизи Тиллахон туриб:
— Қизиқ гапи нима бўлар эди, айтмаса ҳам биламан.
— Айтчи, билсанг?
— Нима бўлар эди, Турғунбушга куёв келгандир!— Барчалари кулишдилар. Турғунбуш қайтиб келди-да:
— Ўла қолсун, Тилла, менга куёв эмас, Шарофатхонга совчи келибдир!—деди. Қизлар бир-бирларига қарашиб олдилар. Шарофатхон қип-қизил қизариб, турғон ерида қотиб қолғон эди.

II

Шарофатхоннинг отаси Самандар ака илгаридан от чиқарғон бир савдогар эди. Шунча оғирчилик йиллар-да, қиймат, касод вақтларида ишини тарақлатиб келиб, охири ўзғон йили эрта баҳорда синғон. Бор-йўғини қарзиға сотиб берганидан сўнг, жуда сўфи бўлиб эшонларникида чувалашиб қолғон эди.
Эрта билан саҳарлаб эшонникига кетар, зикр бўлса-бўлмаса эшоннинг ишини қилиб, кечқурун шомлатиб уйига келар эди. Уйга келгандан сўнг ҳам бир қошиқ қуюқ-суюғи бўлса тотиниб, малла жойнамознинг устига чиқиб ўлтуриб, қаҳрабо тасбеҳни неча давр айлан-тириб «вазифа»ларини ўқур, сўнгра то ярим кеча-саҳаргача ҳўнгур-ҳўнгур йиғлар эди…
Бир кун эшонникида катта ва қизғин бир зикр бўлди. Зикрга бошқа шаҳарлардан ҳам ўтли-нафас билан ўқийтурғон ҳофизлар келдилар. Хонақоҳнинг ичи зич тўлди. Эрта билан бамдоддан сўнг бошланғон «зикр» хуфтонға яқин зўрға тугади. Бир неча киши ўзидан кетиб у ер-бу ерда юмаланиб қолдилар ёнғон сўфилардан бир-иккитаси «жазава»нинг ортиғлиғидан бориб ўзларини ҳовузға ташладилар. Қисқаси, бу кун қиёмат бўлди.
Эртаси куни эрта билан хонақоҳнинг меҳроби олди-да ҳазрат эшон ўлтурганлар, икки ёнларида учтадан олти ҳофиз, бир ўн беш чамаси муридлар…
Эшон қутлуғ бошларини қуйи солиб «сукут»га кетканлар.
Ташқарида тўполон, шовқин, бири қўй етаклаган» бири нон кўтарган, бири кийим сарпо…
Самандар ака хонақоҳдан чиқди, ҳалиги назрларнинг барчасини кўрди, кўздан ўтказди.
— Ҳа балли, баракалла, Султон Орифнинг жамолларини кўринг!— деб жавраб, ҳазрат эшоннинг қучоғ-қучоғ дуоларини хонақоҳдан чиқариб бериб турғон сўфи кулиб, ўйнаб Самандар акага қаради-да:
— Ҳа, бой ака, назрдан дарак борми?—деди, Самандар ака дарвозадан чиқар экан:
— Бўлиб қолар, сўфи!— деди.
Самандар ака уйга келгунча кўнглидаги туйғулар билан тортишиб келди. Ўзининг пири ва устозига тузуккина, каттагина, иложи бўлса бошқа муридлар бера олмағон бир нарса бермакчи эди. Бироқ, уйда арзигудек бир нарса йўқ. Арзийтурғон нарсалари бўлса, барчаси қарзға кеткан… Кўп ўйлади, бироқ ҳеч бир нарсага кўнгли қарор топмади.
— Агар илгариги вақтим бўлса, ола қашқани тутар эдим…
Кўнгли оғриди, бир замонғи бойлиқлари, давлатлари эсига тушди: ола қашқаси, тўруқ йўрғаси, бўйи тевадек Масков зовуд оти… уч файтўн, ер-суви…

Унча-мунчани беришни ўзига эп билмади. Бошқа назрларни босиб кетгундек бир нарса беришга ўйлар эди.
Бирдан Йўлдош бойвачча эсига тушиб кетди.
— Йўлдош бойвачча ўн ботмон гуруч, битта яхши улоқчи от, бош-оёқ кийим берди…
Шундай хаёллар билан ҳавлисига етиб, ичкари уйга кирмакчи бўлғон эди, хотини тўхтатди:
— Ичкарида хотинлар бор, сиз ташқари уйга кириб туринг, қўноқларга ош-сув қилғон эдим, мен сизга ош олиб чиқай!
Самандар ака кичкина товоқдағи ошни ёлғиз ултириб емакка тутинди. Ошни яримлатғон ҳам эди, олдига хотини чиқиб қаршисига ўлтирди:
— Яхши ҳам келиб қолдингиз, отаси, қизингизга совчилар келиб, мен нима дейишни билмай туриб эдим!
— Ким экан улар, қаердан экан?
— Анови Азиза отин билан Рустам аканинг хотини… ўзингизнинг эшонингизникидан совчи бўлиб келишибдирлар… Энди эшоннинг ўзлари ҳам «қариб қуйилмағон, ачиб суйилмағон»лар, дея иккита хотинлари устига тағин бу…
Бу сўзни эшитиши биланоқ Самандар аканинг кўзлари чақчайиб кетди:
— Тўғрими, эшонникиданми, тўғрими? Эшон нега ўзимга мазмун қилмадилар экан?
— Энди катта одам, мен совчиларга ҳали қизим ёш, энди 17 га чиқди, дедим. Шундай деб жавоб бера қолайми?
Бу вақт кимдир, ташқаридан бир хотин товуши эшитилди:—Қумрибуш, қўноқлар туришдилар!—Қумрибуш ўрнидан турди, эрига бир нима дегандек қаради.
Самандарбой бир ёш қизини, бир эшонни, бояги назр-ниёз масаласини, энг сўнг кимсан ҳазрат эшоннинг куёвликларини ўйлаб турди-да:
— «Битта қизимиз бўлса, ҳазрат эшонимизға тутдик, садағалари кетсун!» дегил!— деди.
Қумрибуш кутилмаган бу гапдан оқарди, кўкарди, сувратдек қотиб деворга суялиб қолди…

III

Шарофатхон Самандар аканинг битта-ю битта қизи эди. Бу қиз шу тегранинг кўрклиликда, чеварликда, шўхлик ва ўйноқиликда битта-ю биттаси эди. Маҳалла-кўйнинг ўспурунларидан иккита-учтаси бир ерга йиғил-салар, топғон-тутғонлари шул Шарофатхон масаласи бўлур. «Бу қиз қайси худо ярлақағонники бўлур экан? Кимнинг уйини обод қилар экан?» деб бош оғритарлар эди.
Шарофатхоннинг эшонга берилиш хабари чиққондан сўнг, бутун маҳалла-кўй яна бир неча кун шунинг довриғини қилишдилар.
Кўчада қатор-қатор аравалар чопишиб, бир-бирларидан ўзишадирлар.
Ўн-ўн беш аравага тўлғон хотинларнинг тартибсиз «ёр-ёр»лари дунёни бузиб, кўкни кўтариб борар эди.
Сандиқ, кўрпа, гилам, тугун ва бошқа нарсалар юклаган ва юклар устига яна битта-иккита кампир ўтқизган аравакашлар илгаригилардек бир-бирлари билан басма-баслашиб чопишар эдилар.
Шу гулдир-шолдир, шовқин-сурон, қий-чув билан кетаётқон кўч энг сўнг эшоннинг эшигига яқинлашди. Кўчанинг ўртасиға гуруллатиб ёқилғон, алангаси осмонға чиққон ўтнинг теграсига тўпланғон бир тўп эркаклар товушларининг борича «ёр-ёр»ни чўзғон; уларнинг бериги биқинида бошига паранжи ёпинғон, чопон ташлағон, рўмол тутғон хотинлар, келинлар, қизчалар… ўз олдилариға катта тўп бўлиб, улар ҳам «ёр-ёр»ни қўйиб юборғон эдилар.

Тахта-тахта кўпурук тахтинг бўлсин, ёр-ёр,
Пайғамбарнинг қизидек бахтинг бўлсин, ёр-ёр!
Узун-узун арғамчи ҳалунчакка ёр-ёр,
Чакан кўнглак ярашар келинчакка ёр-ёр.

Ўтнинг теграсига тўпланғон эр-хотин барчаси бирдан: «Келин келди, келин келди!» деб юборишдилар. Бир неча йигит қучоқ-қучоқ ғўзапоя олиб чиқиб, ўтнинг ўртасиға ташладилар, ўт яна кучайди, яна аланга берди.
Ҳар ким питирлаб қимирлаб қолди. Болалар қиз келаётғон томонға қараб чопишиб кетдилар.
Шовқин, тўполон орасида аравалар етдилар. Халқ орасида:
— Ана келин, ана қиз тушган арава!—деган гаплар бошланди.
Аравакаш келинли аравани «намойишкорона» бир суратда ўтнинг ўртасидан отни қамчилағонча олиб ўтиб, эшикка яқин бир ерда тўхтади.
— Куёв почча, куёв почча! Тақсирим қанилар? Қоч, қоч,— деган товушлар кўтарилди.
Бир вақт оппоқ соқолли, қари, бўшашғон бир чол (куёв тўра) устига зарбоб тўн кийиб, катта ўрама бел-боқ боғлағони ҳолда бирмунча оқсоқол муридлари ўртасида секингина судралиб аравага яқинлашди. Яна халқ ўртасида:
— Кўтаринг-а, куёв почча, кўтаринг-а!
— Ўзингизни тетик тутинг, тақсир!
— Ҳа, тақсир, кўтаринг!
Чол титрак қўлларини аравага узатиб, қизни кўтарди ва бир-икки одум босғондан сўнг ерга қўйди.
Яна халқ чувирлашиб кетди:
— Баракалла, тақсир, баракалла!
— Бўш келмадилар тақсирим!
— Ҳали беллари бақувват экан тақсиримнинг!
Бу шовқин, қий-чув, тўполон ярим кечага бориб тўхтади. Ҳалиги томоша ўрни бўлғон кўчада кишилар ариб, қоп-қоронғи, жимжит бир гўристонга айланди.

IV

Бу вақт эшоннинг эшигидан икки ёш йигит чиқдилар.
— Ҳўх-ҳў, кўча жуда қоронғи-ку!
— Шуни айтгил-а, осмонда дориға ҳам битта юлдуз топилмайдур!
— Юрабер. Бу кеча худди эшонбобонгнинг кўнглидек бўлибдир.
— Тўғри-я, мен қизға ачинаман, бояқиш келиб-келиб кимники бўлди-я!..
— Нимасини айтасан, отасининг уйи куйсун, одам эмас экан!
— Соқолини оппоқ тутадек ҳилиб, неварасидек бир қизни аравадан олишини қара, киши чидамас экан. Шуни бир нарсага ўхшатғум келди-ю, ўхшата олмадим-да!
Шу чоқ бир бурчакда кўча пойлаб ётғон Мамат қоровул йиғлағондай қилиб ҳуштагини чалиб олди-да:
— Нимасини айтасиз, йигитлар, дунё ўзи шундай тескари дунё экан… Лоланинг устига қор ёғди!..— деди.
Йигитлар жавоб бермадилар ва қоронғилиқ қучоғиға кириб йўқ бўлдилар…
Сени кўп кўрмасун
(Фарғона ҳаётидан)
— Ҳаҳ, тангримга шукр, оҳ, ухлаб кетди! — деди ва эски тўшаклар орасида тўлиб-тошиб ухлаб ётқан боласиға она муҳаббати билан узоқ-узоқ тикилиб қарағандан кейин:
— Жиндак мизғиб олай,— деди ва бошини секингина болишқа қўйди.
Бу каттагина бир қишлоқда ўтиб ётқан бир рўзғор, у боласини ухлатған Хадичахон деган ёш бир жувон. Ухлаб ётқан бола бўлса, унинг кичик ўғли Ишоқжон эди.
Ишоқжоннинг отаси Розиқжон ўша қишлоқлик бир деҳқон йигит бўлиб, тўрт-беш таноб ерига ўзи ишлаб, беш-олти йилдан бери шу рўзғорини айлантириб келар эди.
Рўзғор катта эмас: бир хотуни, бир онаси, икки ўғли ва бир ўзидан иборат кичкинагина бир йиғин эди.
Инқилобдан бир-икки йил бурун янги уйланган вақтларида рўзғори яхши, тинч, бир хилгина ўтиб турган эди. Инқилоб бўлиб, мана, ички урушлар бошланиб, юрт уруш майдониға айлангандан кейин талаға чиқиб деҳқончилик қилиш қийинлашиб, рўзғорни келдиратиб олиб бориш ҳам жуда оғир бўлиб қолди. Шундай бўлса ҳамки, ёш, ғайратлик, лекин ёшлиғидан бери тинчликни севиб катта бўлған Розиқжон куч ва қувватини, ғайрат ва ҳаракатини бирга ўн ошириб, бир қарич тупроқ устида ишлади. Сўнг чоғларғача рўзғорини тебратиб келди.
Рўзғорнинг ички ҳожатлари учун иккита соғим сигир, битта қўшчи от орттирди. Шундай қилиб, бу турмуш ўтган йили шу чоғларғача бир хилда давом этиб келди.

Бултур шу вақтларда Розиқжон у… хуфтонғача таладан қайтмасдан, кечикиб қолди. Хадичахон замоннинг тинчсиз вақтпарида эрининг кеч қолишидан қўрқса ҳам, «бугун ўроқни бўлса, нариги жўгари томонға сув боғламоқчи эди», деб шу билан ўзини юпатди.
Ярим кеча — саҳар бўлди. Розиқдан хабар бўлмади. Хадичахон билан қари кампир оғир бир изтироб остиға тушган эдилар.
Эшикни қоқдилар.
Эшик очмоқ учун чиқиб кетган кампир: «Вой болам»лаб йиғлаб кирди. Кўнгли бузулғон Хадичахон ирғиб ташқарига чиқиши билан уч эркакнинг қўллари устида қора қонға бўялиб ётқан Розиқни кўрди!
Бир нафас тўхтади, на йиғи келди, на бошқа, бош қотди. Кейин ўликни бўйранинг устига қўйиб кетаёткан кишилардан:
— Вой, бу нима гап? — деб сўради.
Қишлоқ кишилари шошилмасдан, ҳовлиқмасдан, вазминлик билан:
— Келин, бу таладан келаётиб йўлда беклар отиб кетибдур,— деб жавоб бердилар…
Шунга бир йил бўлиб ўтди.
Розиқжон эсдан чиқаёзиб қолди. Хадичахон боласи Ишоқни ухлатиб бўлиб, ўзи болишқа бошини қўйған вақтида Розиқжон хаёлиға тушди. Ундан кейин ухлай олмай, узоқ-узоқ ўйланиб ётди.
Кун чиққан, тиғлари панжара орқали чўзилиб уй ичига кирганлар эди. Ухлай олмади, боласига яна бир тикилиб олғач, бошиға калта камзулини ёпиб, тўппа-тўғри кўчага чиқди. Беш қадам юриб, чап қўлдағи тор кўча билан талаға чиқди. Талада ишлаб ётқан деҳқонларга қараб, Розиқжонни тугалгина эсига солмоқчи эди.
Бу йил бир мунча ерга пахта экилган, ана шу Турдиали ўз ерида пахта чопиб турадур. Тутнинг тагига ўт ёқиб, кичкина човгунчани қайнатиб қўйған: тўнини тутқа илган…
Оҳ, агар шу Розиқжон бўлса эди, чойдиш қўйиб чой дамлаб, зоғора нон билан олиб чиқар эди… Кўнгли тўлди, кўзига хоҳлар-хоҳламас бир томчи ёш келди. Кўз ёшларини кир-моғор енги билан секингина артиб, яна уйга қайтди. Кўча тарафдаги эшикни очиб, ичкарига кириши билан кампир йўлиқиб:
— Собиржонни икки хурмача қатиқ бериб, шаҳарга юбордим: «Дарров сотиб, бир қадоқ-ярим қадоқ гўшт олиб кел!» — дедим, болам бечора кетди,—- деди.
Келиннинг ақли талада, бир вақтлар талани яшнатқан Розиқжонда эди. Англар-англамас бир аҳд билан, бўшангғина, эшитилар-эшитилмас қилиб:
— Яхши қилибсиз,— деди.
Шу билан индамасдан уйга кириб кетди.

Пешин бўлди, кеч кирди. Собиржондан дарак бўлмади. Кампир билан келин талвасаға тушдилар. Дарҳол қўни-қўшниға хабар бериб, қўшнининг катта ўғли Холматни отқа миндириб шаҳарга юбордилар. Холмат у кеча қайтмади.
У кечани кампир билан келин бир дўзах азобида ўтказдилар, чой ҳам ичмадилар, овқат ҳам емадилар.
Эртаси эрта билан Собиржоннинг ўлигини кўтариб Холмат келди. Йиғи-сиғи орасида сўрағанларға Холмат йигит сира пинагини бузмасдан:
— Шаҳарда отиш бўлған экан… Ўқ теккандур, ё арманлар отиб кетгандур,— деб жавоб берди…
Хадичахон 23 га қадам босқан. Локин ҳеч ким уни 23 да демайдур; билмаган кишилар уни қари жувон, 35 ларга кирган бир хотун дейдурлар. Унинг ақли, ҳуши ҳам жойида эмас, қишлоқ болалари: «Хади жинни» деб от қўйғанлар. Мунинг аҳволини яхши билган кишиларнинг ҳамма вақт унга раҳмлари келадур, «бечора жувон» дейдурлар.
Бечора жувоннинг кичик ўғли Ишоқжон ҳам касал. Мундай замонда табиб, дору дармон ҳам топилмайдур.
Бечора хотун безгак чангалида қалтираб ётқан боласини заҳарлик кўз-ёшлари тўкуб туриб, қуруб-қотиб кётган бағрига босадур-да:
— Битта-ю биттам, ёлғуз қўзичоғим, худойим сенигина кўп кўрмасин!..— дейдур. Ва тиқилган, бўғулган нафаси билан узулуб-узулуб йиғлайдур…

1923 йил.