Боймирза Ҳайит. XX асрда Туркистондаги миллий ва совет давлатларининг характери (1986)

http://n.ziyouz.com/images/quqon_xonligi.jpg

(Турк тарих Қуруми муассасасинннг X қурултойида 1986 йил сентябрда ўқилган маъруза)

XIX аср ўрталарида Ғарбий Туркистонда Бухоро, Хева (Хоразм), Қўқон хонлик давлатлари ва Шарқий Туркистонда Ёқуббек давлати мавжуд эди. Булардан Бухоро, Хева ва Қўқон давлатлари XVI асрнинг бошида темурийлар давлатига барҳам берган ўзбек-турк-шайбонийхон сулоласи давлатининг XVII—XVIII юзйилда парчаланиши сабабли майдонга келган давлатлардир (Бухоро, Хева ва Қўқон хонликлари ва миллий давлатларнинг тарихи юзасидан, мисол учун, қуйидаги асарлар ва мақолалар катта аҳамиятга эгадир:

В. Бартольд, Москва, 1963, Сочинения, II, I, 268-292 б;

Велидов, Зеки «Некоторые данные по истории Ферганы XVIII столетия». Протоколы заседаний и сообидения членов Туркестанского кружка «Юбталай Археология», Ташкент—1915, 2-китоб, 68-118 б;

З. В. Тўғон. «Бу кунги Туркистон ва яқин тарихи», 2-нашри, Истанбул — 1981, 198-237 б;

П. П. Иванов. «Очерки по истории Средней Азии. ХУ1-середина XIX в. Москва — 1958, 178-213 б;

В. П. Наливкин. «Краткая история Кокандского ханства». Казань — 1886;

Lerch. Khiva oder Khorezm. Petersburd 1978;

Gens/Grof von Helmersen. Nachrichten uber Chiwa, Buchara, Chokand und den nordwestlichen Theil des chinesischen Staates. Petersburg 1839;

Н. В. Хаников. Описание Бухарского ханства. Петербург 1843;

Д. Н. Лагофет. Бухарское ханство под русским протекторатом. Петербург — 1911;

Arminius Vambery. History of Bukhara from the earliset period down to the present, composed for the first timeafter oriental known and unknown historical manuscripts. London 1873 (2 nded);

Oie Dlufsen. The Emir of Buykhara and his country. Copenhagen-London, 1911;

Spuler, Bartold. Geschiente Mittelasiens. Leiden/Koln 1966, 253-275 бетлар;

Strong, John W., Russian relations with Khiwa, Bukhara and Kokand, 1800-1858 ва бошқалар.

Шарқий Туркистон 1877 йилда давлатлик сифатидан ажралишга мажбур бўлди. 12 ноябрь 1933 йилда ташкил этилган Шарқий Туркистон Жумҳурияти эса 16 апрель 1934 йилда Хитой ва Русиянинг фаолиятлари ила тугатилди. Ғарбий Туркистондаги давлатлардан Қўқон хонлиги бугунги Туркистоннинг учдан икки қисмини идора этаётган, ўз даврининг қудратли бир давлати эди. Русия Туркистоннинг саҳроларини (Катта, Ўрта ва Кичик жузларни) XVIII асрнинг ўртасидан XIX аср бошига қадар истило этгандан кейин, Қўқон давлатини ўз ҳокимияти остига олиш фаолиятини бошлади. Рус армияси, 1852 йилда Қўқон хонлигининг Орол денгизи атрофидаги Оқмачит истеҳкомига ҳужум этди ва уни ишғол этгандан сўнг, Қўқон хонлигининг бутун ерларини эгалламоқ учун ҳаракатини давом эттирди. Русия билан Қўқон орасида 1852—1876 йилларда давом этган 24 йиллик уруш натижасида Русия Қўқон давлатини йўқ қилишга эришди (Қўқон хонлигининг тарихи бугунги кунга қадар етарли даражада тадқиқ этилмаган. Туркистоннинг учдан иккисини ташкил этган ва XIX аср охирида Русия истилоси ила давлат мавжудиятидан ажралган бу хонликнинг тарихини тадқиқ этмоқ турк тарихчиларининг вазифаларидан биридир). Бу хонликнинг бир парчаси бўлмиш Олой Ҳавзасининг (Олой Ҳавзаси, Помир ва Зарафшон тоғлари билан боғланган Олой тоғининг узунлиги ғарбдан шарққача 130 километр, кенглиги 8—12 километр, сатҳи 1712 километр квадратдан иборатдир. Баландлиги 3000 метрдир) ҳукмдори Қурбонжон Додҳо Хоним Русия ҳокимиятини таниди, лекин дахлдорлик масалаларида мустақил кичик бир Олой давлатини қурди (Қурбонжон Додҳо — Қўқон хонлиги армиясининг Бош қўмондони Алимқулнинг рафиқаси, 1876 йилда Русиянинг Қўқон хонлигига барҳам берган вақтидан эътиборан Олой Ҳавзасининг ҳукмдори ўлароқ бу минтақани мустақил идора этди). Ўзи 1811 йилда туғилган эди, 1907 йил 1 февралда вафот этди. Рус аскарлари уни 1876 йилда асир олиб, генерал Скобелевнинг ҳузурига келтирдилар. Скобелев рус аскарларига қарши урушни тўхтатишни талаб этди. Қурбонжон Додҳо Хоним, унга дохилий ишларда мустақил қолмоқ шарти билан урушни тўхтатажагини билдирди. Скобелев бу талабни қабул этди. Олой Ҳавзаси ярим мустақил ҳолда 1922 йилгача, фақат Қурбонжон Додҳонинг ўлимидан кейин рус идорасининг таъсирли контроли остида яшади. Қизил Армия қўшинлари 1923 йилда бу ҳавзани ишғол этдилар. Қурбонжон Додҳонинг хусусиятлари, жасурлиги, жанглари ва русларга қарши кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақида Иван Ювачевнинг «Қурбонжон Додҳо, Характеристика царицы Алая» номи остида «Исторический вестник» журналидан — Петербург, 1907 йил, 110-бет ва 945—980-бетлардан маълумот олиш мумкин. (Яна Б. Ҳайитнинг «Turkestan im XX Johrhundert», Darmstadt 1956, 20 б. ва «Turkistan Rusya ile Cin arasinda» 90-91 б. китобларига ҳам қаранг). Русия, Қурбонжон Додҳонинг 1907 йилда ўлимидан кейин бу ярим мустақил давлатнинг дохилий ишларига аралаша бошлади. Қизил Армия 1922 йилда Олой минтақасини ишғол этди.

Русия, 1865 йилда Бухоро давлати ҳудудларини ишғол қилишни бошлади. Русия билан Бухоро орасидаги (1865—1868) уруш сўнгида, Бухоро давлати мағлубиятга учради. 23 июнь 1868 йилда Русия билан Бухоро орасида имзоланган сулҳ битими ила Бухоро давлати ўзининг Хўжанд, Ўратепа ва Жиззах шаҳар ва вилоятларини Русияга беришга мажбур бўлди. Русия билан Бухоро орасида 28 сентябрь 1873 йилда 18 моддадан иборат янги бир битим имзоланди. Бухоро Амирлик давлати, Хива хонлигининг мағлубиятидан кейин ташқи сиёсатдан воз кечмоққа мажбур бўлди ва Русиянинг контроли остидаги давлат шаклини олди. Бухоро давлатининг тупроқларидан бир қисми Русияга қўшиб олинганда, унинг тупроқлари тақрибан 245.000 квадрат километрдан иборат эди. Амирлик 1920 йилгача 28 беклик воситаси ила идора этилди. Амир, давлатнинг мутлақ ҳокими эди. Дивон-и Бек ва ё Қушбеги (Бош Министр) ҳукумат ишларини идора этарди. Давлат ҳаёти ва ҳуқуқчилик, Ислом шариати асосида давом эттирилмоқда эди. Таъсирли диндорлар давлат ҳаётини дин ҳаётининг бир қисми, деб билардилар. Улар, мактаб ва мадрасаларда замонавий фанларнинг ўргатилишига рухсат беришмасди. Бухоро Амири армия ҳаётига аҳамият бермаганди. Унинг фикрича, армияни модернлаштиришга лузум йўқ эди. Чунки Русия Бухоро учун ҳимоя гарантиясини берган эди. XX асрнинг бошида Бухоро амирлигида «янгилашиш» (жадидчилик) жараёни бошланди. «Янгилашиш» ғоясининг тарафдорлари, миллий таълим-тарбияни ва давлат идорасини замон талаблари асосида ташкил этиш фикрида эдилар. Бухоро давлати 1920 йилгача Амирлик режими остида миллий ва диний асосларда яшашини давом эттирди.

Совет Русияси, 1919 йилдан бери Бухоро Амирлигида Совет ҳокимиятини ташкил этмоқ учун турли ташаббуслар билан ўртага чиқмоқда эди. Шу мақсадда Бухоро амирлигидан қочиб, Самарқанд, Чоржўй ва Тошкент шаҳарларида фаолият кўрсатаётган Бухоро жадидчиларининг бир группаси билан биргаликда иш кўрмоқда эди. 25 сентябрь 1918 йилда Тошкентда Бухоро Коммунистик партиясини ташкил этган «ёш бухороликлар» (коммунист бўлсин, бўлмасин) амирлик режимини йўқотишни ният қилгандилар. Совет Русияси давлати ва унинг Туркистон жабҳаси қўмондонлиги, шунингдек, Туркистон комиссияси, Бухоро давлатида Совет ҳокимиятини қурмоқ учун ҳозирлик кўрардилар. Лекин, Бухоро Амирлигининг Қизил Армия томонидан ишғол пайти соғлом ва ошкора йўсинда тайёрланмаган эди. Русиянинг Туркистон Жабҳаси Қўмондонлиги 1919 йилнинг охирида Бухоро сафарига ҳозирлик қилиш амрини олган эди. Фақатгина Бухоро давлатини ишғол этмоқ, «Бухоро ихтилолига ёрдам берингиз!» ниқоби остида амалга оширилиши керак эди. Туркистон Жабҳасининг Қўмондони М. В. Фрунзе ўзининг ҳарбий режаларида «аввал ихтилол, сўнгра қўшинлар ҳаракати»нинг лозимлигини илгари сурмоқда эди. Бунинг учун, бухоролик бир гуруҳнинг «ихтилол бошланди, ёрдам берингиз» дея баёнот бериши етарли эди.

Совет Русиясининг, Тошкент, Самарқанд, Когон, Чоржўй шаҳарларида «Бухоро ихтилолига ёрдам берингиз» дейиши мумкин бўлган 15—20 кишига яқин бухоролик ва ё Рус императорлигининг бошқа турк мусулмонлари бор эди. Фрунзе, 12 август 1920 йилда Туркистон жабҳасининг армиясига берган буйруғида, Бухоро Амирлигини ишғол этмоқ режаларини тайин этганди. Фрунзенинг 25 август 1920 йилда берган буйруғида 28 дан 29 га ўтар кечаси Қизил Армиянинг Бухорога юриши бошланажаги билдирилганди. Бу тайин этилган вақтда Русиянинг 10000 га яқин аскари, 38 тўп, 53 танк, 172 пулемёт, 8 зирҳли автомобиль (броневик), 5 зирҳли қатор (бронепоезд) ва 11 самолёт билан Бухоро давлатига ҳужум этдилар. Қизил Армия қўшинлари 1 сентябрь 1920 йилда Бухоро амирлигининг пойтахти Бухоро шаҳрини ишғол этдилар. Айни кунларда Бокуда Шарқ халқлари қурултойи тўпланган ва «Империализмга қарши» мунозаралар бўлаётган эди. Қизил Армиянинг зафари «Бухоро ихтилоли» деб эълон қилинди. Бу фикр бу кунга қадар давом этмоқда (Советлар томонидан «Бухоро ихтилоли» деб аталган бу воқеани ўрганмоқ учун, масалан, О. Эшоновнинг «Победа народной Советской революции в Бухаре» китобига, Тошкент— 1957; «К десятилетию Бухарской и Хорезмской революций» номли мақолалар тўпламига, Тошкент — 1930; И. М. Мўминовнинг «50 лет Бухарской народной Советской революции» рисоласига, — Тошкент, 1972, қаранг). Совет Русияси қўшинлари 200 йилдан ортиқ миллий ва исломий асосларда яшаган Бухоро Амирлиги идорасига барҳам берди. Совет Иттифоқида нашр этилган асарларда, Бухоро давлатида Совет Русияси армиясининг истило ҳаракатлари инкор этилмоқда (қаранг: О, Эшонов, «Бухарская Народная Республика». Тошкент— 1969; Ж. П. Шаропов, «Бухарская операция советских войск в 1920», «Ученые записки», Москва университети — 1964, № 167, 3—24-бет; М. В. Фрунзе. Собрание сочинений, 1-жилд. Москва—Ленинград, 1929).

6 октябрь 1920 йилда Бухоро Амирлиги Бухоро Халқ Жумҳурияти деб эълон этилди, На Совет қўшинлари, на-да Амир режимининг душманлари орасида «ёш бухороликлар»нинг шошилинч равишда Бухорода Совет режимининг ҳокимиятини тамсилан идора этажакларидан баҳс юритилганди. Бухоро Халқ Жумҳуриятининг ҳукумати Ёш бухороликларга берилди. Аммо ҳукуматни, Совет қўшинлари ва Русиянинг Бухородаги сиёсий вакиллари контрол этардилар. Халқ Жумҳурияти эълон этилгандан кейин ҳам Қизил Армия Бухоро давлати ҳудудидан чиқарилмади. Русия Совет Социалистик Федерал Жумҳурияти билан Бухоро Халқ Жумҳурияти орасида Москвада 4 март 1921 йилда Иттифоқдошлик Шартномаси имзоланди. Бу шартноманинг I моддасида, Совет Русияси давлати, Бухоро Халқ Жумҳуриятини мустақил бир давлат сифатида таниганди (РСФСР билан Бухоро Халқ Жумҳурияти орасида имзоланган шартномани ўрганиш учун қуйидаги асарларга қаранг: «Советский договор между Российской Советской Республикой и Бухарской Советской Республикой — Официальный текст. Москва — 1921, Б. Ҳайит. Die Turkvolker in der Sowjetunion noit 1917, нашр этган: «Die Orientierung» журнали, Мюнхен — 1968. Айни муаллиф. «Турк дунёсида Рус империализмининг излари», II нашри, Истанбул, 1978, 127—133-саҳифалар). Шунга қарамай, Совет Русияси Бухоро давлатининг ички ишларига аралашишда давом этарди. Бухоро ҳукумати эса, давлатни миллий ва ислом дини асосларида идора этишга интиларди. Лекин 1923 йилдан эътиборан Бухоро Халқ Жумҳуриятининг муҳим мақомлари Бухороли ва ё Русия ҳокимияти остидаги мусулмонлар орасидан етиштирилган коммунистлар воситаси ила идора этиларди. Бухоро Коммунистик партияси ягона партия ўлароқ давлат ҳаётини бошқарарди. Аъзолари 1200 дан ортиқ бўлмаган бу Коммунистик партия февраль 1922 йилдан эътиборан Русия Коммунистик партиясининг бир бўлаги ўлароқ қабул этилди. Бухоро Коммунистик партиясига Русия Коммунистик партиясининг «Вилоят Комитети» ҳуқуқи берилганди (А. М. Богоутдинов. «История Коммунистических организаций Средней Азии». Ташкент — 1967. 684-бет). Шу тариқа Бухоро Коммунистик партияси тўғридан-тўғри Русия Коммунистик партияси Марказий Комитетининг Ўрта Осиё Бюросига итоат эттирилди («Очерки Истории Коммунистической партии Узбекистана» тўпламида нашр этилган Р. Ҳ. Аминованинг мақоласига қаранг: Тошкент 1974, 172 б.). Бу партия эса, Бухоро давлатида Совет Русиясининг ва коммунизмнинг қуроли сифатида қўлланилмоқда эди. Бухоро Ҳукумати, Бухоро жумҳуриятининг советлаштирилишига аҳамият бермас эди. Бухоро Халқ Жумҳуриятини советлаштириш сиёсати эса Москвадаги ва Тошкентдаги коммунист раҳбарлар учун жиддий бир масала эди. Масалан, 23 июнь 1923 йилда Бухорога Русия Коммунистик партиясининг комиссияси келди. Бу комиссия, Бухоро жумҳурияти ҳукуматини советлаштириш жараёнига етақчилик қилиш билан шуғулланганди. Русия Коммунистик партиясининг Ўрта Осиё Бюроси, Бухоро Коммунистик партияси ичидаги миллатчиларга қарши жиддий бир кураш тайёрлангани тўғрисида 4 июль 1923 йилда қарор чиқарганди (қаранг: Б. Ҳайит. Sowjetrussische Orientpolitik am Beispiel Turkestans, Koln 1962, 107 б.) Совет Русияси давлати, Бухоро Жумҳуриятини фақат советлаштириш билан кифояланмай, айни замонда бу давлатга барҳам бериш йўлини ҳам излаётган эди. Бунинг учун 1920 йилдан бери Туркистон Мухтор Совет Жумҳурияти, Бухоро ва Хоразм Халқ Жумҳуриятлари тупроқларида янги Совет Жумҳуриятлари ташкил этмоқ лойиҳасини муҳокама этаётган эдилар. Русия Коммунистик партиясининг Марказий Комитети 31 январь 1924 йилда бу лойиҳани янгитдан тилга олди ва Ўрта Осиё Бюроси Раиси Рудзутакка, Бухоро, Хоразм ва Туркистон Мухтор Жумҳурияти вакилларини тўплаб, янги Совет Жумҳуриятига тақсим этмоқ масалаларида гапириш ва бу соҳада тадбирлар ишлаб чиқишни топширди. 25 февраль 1924 йилда Бухоро Коммунистик партиясининг Марказий Комитети Бухоро Халқ Жумҳуриятини бекор қилиш тўғрисида қарор олди. Бухоро Коммунистик партияси сентябрь 1924 йилда Умумбухоро халқ Қурултойини чақирди, фақат қурултой вакилларидан кўпи ўқиш-ёзишни билмайдиган ва сиёсий терминлардан хабарсиз деҳқонлардан иборат эди. Қурултойда, Бухоро Халқ Жумҳуриятини Бухоро Социалистик Жумҳурияти деб эълон қилдилар. Айни қурултойда, Бухоро тупроқларининг янгитдан ташкил этилажак Ўзбекистон ва Туркманистон Совет Социалистик Жумҳуриятларига аралаштирилишига қарор бердилар. 27 октябрь 1924 йилда Бухоро Совет Социалистик жумҳуриятининг барҳам топганлиги расман эълон этилди. Бухоро давлатининг тупроқлари учга тақсим этилди. Бу уч қисм, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистондан ташкил топгани кўрсатилиб, Совет Социалистик Жумҳуриятлар Иттифоқига қўшилди. Энди ҳозирги пайтда фақат Бухоро вилояти мавжуддир (Бухоро вилояти 143200 квадрат километр катталикда бўлиб, Ўзбекистон ССРнинг 3,2 фоизини ташкил этади. Вилоятнинг маркази Бухоро шаҳридир. Вилоятда 15 туман ва 9 шаҳар бор. Қаранг: «Узбекская Советская Социалистическая Республика», К. А. Зуфаров таҳрири остида, Тошкент—1981, 468-бет).

Туркистоннинг бошқа бир парчаси бўлмиш Хева (Хоразм) хонлик давлати Қўқон ва Бухоро давлатлари сингари Русия тажовузи билан юзма-юз келиб қолди. Русия, Хева давлатини ишғол этиш учун 156 йил ҳаракат қилди (Б. Ҳайит, «Туркистон Русия ила Чин орасида». Истанбул — 1975, 100-бет). Русия, охири 3 декабрь 1872 йилда Хева хонлигини ишғол этишга қарор қилганди. 1873 йилнинг февралида Русиянинг 12.300 дан ортиқ аскари, 56 тўп билан хонлик тупроқларини забт эта бошлади. («История Хорезма с древнейших времен до наших дней», Тошкент, 1976 йилда нашр этилган китобда И. Мўминов мақоласига қаранг, 122-бет). 29 май 1873 йилда Туркистон генерал-губернатори фон Кауфманнинг қўмондонлиги остидаги 6965 рус аскари, хонликнинг пойтахти Хева шаҳрини ишғол этдилар. Вон Кауфман Хева хонини 12 август 1873 йилда 18 моддалик бир шартномани имзолашга мажбур этди. Забт этилган 76000 квадрат километрлик ер Русиянинг мулки деб эълон этилди. Хева хонлиги ички ишларида мустақил давлат ҳолида Русиянинг назорати остидагина яшай оладиган низомномани қабул қилишга мажбур этилганди. Шундай ҳолат, 1920 йилгача давом этди. Русиядаги 1917 йил февраль инқилобидан кейин Хева хонлигидаги баъзи миллий кучлар Русиянинг Хевадаги иқтидорини танимаслик ҳаракатида бўлдилар. Буларнинг орасида Ёвмит-туркманларнинг раиси Жунайидхон муҳим роль ўйнаётган эди. Хевадаги миллий кучлар, 1917 йил октябрь инқилобидан кейин ҳам Русия ҳокимиятидан қутулиш учун олиб бораётган курашларини давом эттирдилар. Хева шаҳридаги гарнизонларда турган 300 га яқин рус аскари «Аскарлар Шўроси»ни туздилар, Русия ҳокимиятини сақлаб қолмоққа қарор қилдилар. 1918 йилнинг охири ва 1919 йилнинг бошларида Жунайидхоннинг аскарлари билан Русия Қизил қўшинлари орасида жиддий жанглар бўлди. 1919 йил 9 апрелда Туркистон Мухтор Жумҳуриятининг вакиллари, Русия ва Жунайидхоннинг вакиллари орасида сулҳ шартномаси имзоланганди. Совет Русияси давлати шартноманинг иккинчи моддасида, Хева хонлиги халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаши ҳуқуқини тан олган эди. (Непесов Ғойиб. «Из истории Хорезмской революции, 1920—24». Тошкент— 1962, 125-126-бетлар). Совет Русияси бу шартномани Хева хонлигини келажакда итоат эттирмоқ учун энг қулай шартнома сифатида кўраётган эди.

1919 йил 22 декабрда Совет Русиясининг «Туркистон Жабҳаси Инқилобий ва Ҳарбий Шўроси» ила Совет Русиясининг «Туркистон комиссияси», «Хева Хонлигидаги меҳнаткашларни» қутқармоққа қарор қилди. Қизил Армия қўшинлари 25 декабрда Хева Хонлигини истило этишга киришди ва даставвал Хева шаҳрини 1920 йил 25 январда истило этди. Қизил Армиянинг бу зафари «Хева халқининг инқилоби» деб эълон қилинди. 1920 йил февралида хонлик идорасига барҳам берилди ва Хоразм Халқ Жумҳурияти эълон этилди. Ҳукумат 1918 йил июлидан бери Урганч шаҳрида Совет Русияси билан биргаликда иш олиб бораётган «ёш хеваликлар»нинг Инқилобий Комитети томонидан қурилди. 1920 йил 13 сентябрда РСФСР билан Хоразм Жумҳурияти орасида 24 моддалик шартнома имзоланди. Совет Русияси ҳукумати, шартноманинг биринчи моддасида Хоразм Жумҳуриятининг мустақиллигини таниди, Чор Русиясининг Хева хонлигидаги таъсислари ва бошқа имтиёзларидан воз кечди. (РСФСР билан Хоразм Халқ Жумҳурияти орасидаги шартномани ўрганмоқ учун қаранг: «Собрание узаконений и распоряжений рабочего и крестьянского правительства» № 29, 24.7.1921. «Документы внешней политики СССР». Москва—1959, III ж. 178—185 б. «История Хорезмской Народной Советской Республики». Сб. документов. Тошкент—1976, 56—61 б. Жозеф Кастагне. «Le Turkestan depuis la Revolution Russe 1917—22», «Revue du Monde Muselman» 50 м. 208—1 2 б. ва бошқалар). Хоразмнинг мустақиллигини танимоқ, бу минтақада Совет таъсиридан воз кечмоқ маъносини билдирмас эди. Совет Русияси Хоразмда иш юритиш учун аввало Хоразм Жумҳуриятида коммунистик партия тузишга киришди. Хоразм, Қизил Армия томонидан ишғол этилгунча, бу минтақада биронта ҳам маҳаллий коммунист йўқ эди. «Ёш хеваликлар» орасидан коммунизмга хайрихоҳ одамлар чиқа бошлади ва 28 майда коммунистик партия тузилганлиги билдирилди ва шу тариқа Хоразмни советлаштириш жараёни бошланди. Хоразм коммунистик партияси, миллий туйғулар билан давлатни идора этмоққа ҳаракат қилаётган миллий ҳукуматга қарши фаолият кўрсатиб, ҳамма ишларга аралаша бошлади. Хоразм Ҳукумати, 1921 йилда илк бора коммунистларни тутиб, қўлга ола бошлаган эди. Халқ Жумҳуриятининг ҳукумати билан Совет Русиясининг бу жумҳуриятдаги тамсилчилари орасида ҳеч қачон дўстлик руҳи майдонга келмагандир. Хоразм давлатининг ҳукумати, давлатни миллий манфаатлар доирасида идрок этмоқ орзусида бўлди. Совет Русияси эса Хоразмда Совет коммунистик режимининг талабларини ёймоқ йўлидаги фаолиятларини давом эттирарди.

Қорақум чўлларида, Хоразмда, Совет Русияси ҳокимиятига қарши жангларини давом эттираётган Жунайидхоннинг аскарлари, 1924 йил январида Хева шаҳрини қамал қилдилар. Шаҳардаги 15000 га яқин киши ҳам қўзғолонга иштирок этди. Совет Русияси раҳбарлари, бу вазиятнинг таҳликасини яхши англаб, Русия коммунистик партиясининг Ўрта Осиё бюроси канали орқали 6 январь 1924 йилда «Хоразмда антисовет қўзғолоннинг бостирилиши учун» аскарий бўлинмалар жўнатилишига қарор берди. Русиянинг қаттиқ қуролланган 4-нчи ва 812-нчи отлиқ полклари 4 февраль 1924 йилда Хева шаҳрини янгитдан ишғол этдилар. Хоразм жумҳуриятида ҳарбий ҳаракатни идора этмоқ учун 1924 йил февралида И. С. Кутяков қўмондонлиги остида Хоразм жабҳаси ташкил этилди. Хева (Хоразм) хонлигини 1920 йилда ишғол этган Совет ҳарбий қисмларининг қўмондони Н. А. Шайдаков, Хоразм халқ жумҳуриятининг Армия Раиси (Ҳарбий министри) этиб тайинланди. Қизил Армия 1924 йил февраль ойининг охиригача Хоразмнинг бутун шаҳарларини ишғол этди (И. Мўминов. «История Хорезма…» — юқоридаги изоҳга қаранг. Ўша китоб, 174 бет).

Совет Русияси раҳбарлари ва уларнинг Тошкентдаги вакиллари 1924 йил март ойидан эътиборан Хоразм Жумҳуриятига барҳам бериш масаласи билан жиддий машғул бўлдилар. Русия коммунистик партияси, Ўрта Осиё бюросининг тамсилчиси Межлаук, 1924 йил март ойида Хоразм Коммунистик партияси Марказий Комитетининг йиғилишида, Хоразм Жумҳуриятига барҳам берилишини талаб этганди. Хоразмдаги коммунистлар 1924 йил июлдан бери Хоразмни қавмларга парчаламоқ ташвиқотини юритаётган эдилар. Совет Русияси сўнгги марта 1924 йил сентябрь ойида Хоразмни қавмлар орасида тақсимлашга қарор берди. 20 сентябрь 1924 йилда Хоразм қурултойини тўпладилар. Совет Русиясининг Хоразм Жумҳуриятидаги сиёсий вакили И. Б. Бик, қурултой биноси атрофига рус аскарларини келтирди ва қурултой минбаридан «Совет ҳокимиятини танийсизми ё танимайсизми?» дея бақирди. Унинг овозига ташқаридаги аскарлар қуролларидан ўқ узиб ҳамдамлик қилиб турдилар. Шу тариқа қурултой қўрқув босқини остида қолиб, Хоразм давлатининг тугатилишига қарор беришга мажбур бўлган эди.

Хоразм Халқ Жумҳурияти 20 октябрь 1924 йилда Хоразм Социалистик Совет жумҳурияти сифатида эълон этилганди (Ҳ. Иноятов нашрга тайёрлаган «История Хорезмской Народной Советской Республики. 1920—24» китобига қаранг: Тошкент, 1976, 269-бет). Айни чоқда бу жумҳуриятнинг ССЖИга қарам этилгани ҳақида ҳам қарор чиқарилганди. («История Бухарской и Хорезмской Народных Советских Республик». Нашрга тайёрловчилар: П. В. Волобуев ва бошқалар. Москва — 1971, 176-бет). Сўнгги марта 30 октябрь 1924 йилда ўтказилган «Хоразм қурултойинда Хоразм ерларини ўзбек, туркман ва қорақалпоқ қавмлари орасида тақсимлашга қарор қилингандир. Шундай қилиб Хоразм давлати йўқ қилинди. Миллий руҳга эга бўлган Хоразм давлатининг раҳбарлари Хоразм давлатига барҳам бераётган Совет режаларига қарши норозилик билдириб турдилар ва Хоразмнинг мустақил давлат бўлиб яшашини истадилар. («История коммунистических организаций Средней Азии». Тошкент—1967, 733-бет) Лекин Совет Русиясининг раҳбарлари уларнинг истакларига аҳамият бермадилар. Хоразм тупроқлари Ўзбекистон, Туркманистон Совет Социалистик Жумҳуриятлари ва Қорақалпоқ автоном вилоятларига тақсим этилиб, буларнинг воситаси билан ССЖИга қарам этилди. Хоразм деган ном бу кунга қадар фақат бир вилоят сифатида қолиб келаётир. (Хоразм вилояти, Ўзбекистон ССЖда 4500 квадрат километр ҳудудга эга, 9 туман, 3 шаҳардан иборатдир. Маркази Урганч шаҳри).

Русияда коммунистларнинг инқилобидан кейин, Бухоро ва Хоразм миллий давлатлари ёнида 1917 йил охирида Туркистон (Қўқон) ва Қизил Ўрда миллий мухторият давлатлари ташкил этилганди. Туркистон миллий раҳбарлари 12 декабрь 1917 йилда Қўқон шаҳрида (собиқ Туркистон генерал-губернаторлиги тупроқларида Туркистон Миллий Мухтор жумҳуриятини ва 26 декабрь 1917 йилда Оренбург шаҳрида Қизил Ўрда Мухтор Жумҳуриятини (собиқ Степь генерал-губернаторлиги тупроқларида) эълон этдилар. Булар, ўзларининг парламентлари, ҳудудлари, адлиялари ва ҳукуматлари ила миллий давлат хусусиятига эга эдилар. Аммо бу давлатларнинг яшашига бельшевик руслар монелик қилдилар. Туркистон Мухтор Жумҳурияти, Тошкентдаги Совет Рус Комиссарлиги қарори ила Қизил Армиянинг ҳужумига дучор бўлди. 20 февраль 1918 йилда Қизил Армия қўшинлари ва арманиларнинг Дашноқсутюн партиясининг қуролли кучлари Қўқон шаҳрини ишғол этдилар. Шаҳарда 10000 дан ортиқ туркистонли ўлдирилди. (А. Шомаъдиев. «Очерки истории гражданской войны в Ферганской долине». Тошкент— 1961, 54 бет. B. Hayit. Soviet Russian Colonialism and imperialism in Turkestan, Cologn 1955, 22 бет. Colonel R. T. Etherton. In the Heart of Asia. London 1925, 154-бетда «1400 дан ортиқ мусулмонларнинг ўлдирилгани»дан баҳс юритилгандир.) Шу тариқа Туркистон Миллий Мухтор жумҳуриятига барҳам берилганди. Омск шаҳридаги антисовет белорус ҳукумати 22 октябрь 1919 йилда Қизил Ўрда ҳукуматининг фаолиятини тақиқлаган эди. Шунга қарамай, Қизил Ўрда ишини давом эттирарди. Совет Русиясининг Қирғиз-Қозоқ инқилобий қўмитаси ҳам 9 март 1920 йилда Қизил Ўрда фаолиятларини тақиқлади. 1920 йилнинг декабрида Қизил Ўрда ҳукумати ва унинг ҳарбий қўшинлари (қисмлари) Совет Армиясига таслим бўлдилар. Туркистон ва Қизил Ўрда Мухтор Миллий давлатларининг ташкил этилиши, Туркистонлиларнинг миллий давлатчилик идорасининг ҳали сўнмаганлигини кўрсатарди ва у давлатларнинг Совет Русияси қуролли қучлари воситаси билан йўқотилиши миллий озодлик масаласида коммунистик режим ила миллий туйғу ва истаклар ўртасида ҳаёт-мамот кураши бошланишига сабаб бўлди. (Ҳурматли устозларим, профессор, доктор Френц Тайчнер ва профессор, доктор Готҳард Жаске раҳбарлиги остида 1950 йилда Қўқон мухторияти ва Қизил Ўрда мухториятининг қисқа тарихи билан «Die nationaten regierungen v. Kokand und der Alasch Orda» номли докторлик диссертациям орқали биринчи бўлиб Ғарбий Оврупо илм дунёсини таништиришга муваффақ бўлдим. Совет Иттифоқида бу миллий давлатларни қораловчи кўп асарлар ва мақолалар нашр этилди. Буларнинг библиографиясини тайёрлаш муҳим бир илмий вазифадир. Қўқон ва Қизил Ўрда миллий давлатлари ҳақида Совет Иттифоқидан ташқарида билдирилган фикрларни ўрганмоқ учун қаранг: З. В. Тўғон. «Бу кунги Туркистон». Юқоридаги китоб, 364—78 б.; J. Castagne. Ўша асар. 46—52 б., В. НауМ. B. Hayit. Turkestan im XX… 59—70 б. яна: «Turkistan Rusya ile Cin arasinda». 245—259 б. Alexander A. Park. «Bolshevism in Turkestan 1917-1927». New York 1957, 19—22 б. Hasan Orantay. «The Alash Movement in Turkestan». «Central Asian Survey», Oxford 1985, vo/ 1, 4, № 2, 41-58 б.). 1918 йилнинг февралидан то 1934 йилга қадар давом этган Туркистон миллий озодлик ҳаракати, Совет терминологиясида «босмачилик» деб кўрсатилган ҳуррият жанглари, тарихда унутилмас бир манзара бўлиб қолажак. Шундай қилиб Туркистон Мухториятининг йўқотилиши — 16 йиллик қонли урушнинг туғилишига сабаб бўлган эди.

Миллий-озодлик ҳаракатининг бир муваффақияти сифатида, Туркистон миллиятчиларининг вакиллари томонидан 15—20 апрель 1922 йилда Самарқанд шаҳрида ташкил этилган қурултойни кўрсатиш мумкин. Қурултой 20 апрель 1922 йилда Туркистон Турк мустақил Ислом Жумҳуриятини эълон қилганди. 36 моддадан иборат давлат низомномаси жумҳуриятнинг вақтинчалик конституцияси табиатига эга эди. («Туркистон мусулмонларининг иккинчи қурултойида қабул қилинган қарорнома». «Yas Turkistan» журнали Paris-Berlin 1932. № 29, 9—17-бетлар. Б. Ҳайит, « Turkistan…» 204—209-бетлар). Бу жумҳурият фақат уч ойгина яшай олди.

Совет Русияси ва унинг Туркистондаги, хусусан, Тошкентдаги вакиллари 1917 йилдан бери Туркистонда Совет характерига эга бўлган бир давлат ташкил этишга ҳаракат қилаётган эдилар. Рус Социал Демократлари ва Социал Инқилобчилар партияларининг расмий кишилари, 19 ноябрь 1917 йилда собиқ Туркистон генерал-губернаторлигини Совет режими асосида идора этиш учун руслардан иборат 36 комиссар тайинладилар. Ўз ҳокимиятларини бутун Туркистонда ўрнатмоқ учун жон-жаҳди билан ишлаган рус комиссарлари, 1918 йил апрелидаги Советларнинг съездида Туркистоннинг давлат системаси масаласини муҳокама қилдилар. 30 апрель 1919 йилда Туркистон Мухтор Совет Жумҳуриятининг ташкил этилгани тўғрисида баёнот бердилар. Русия Совет Федератив Социалистик жумҳурияти таркибига кирган деб эълон этилган бу Совет Мухтор Жумҳурияти Туркистон миллий манфаатларига уйғун бир давлат эмасди. Буни исботловчи кўп далиллар бор. Масалан, 1918 йил апрелидаги Советларнинг съездида Туркистон учун Миллатлар Комиссарлиги таъсис этилганди. (А. А. Гордиенко. «Творческая роль Советского государства и права в социалистическом преобразовании Туркистана». Тошкент—1959, 137-бет. Туркистонли Турор Рисқул, Туркистон Мухтор Совет Социалистик Жумҳуриятининг давлат раиси бўлгандан сўнг, 1920 йилнинг бошида Туркистон Миллатлар Комиссарлигини бекор қилди. Совет Русияси давлатининг Туркистон Комиссариатининг буйруғи ила бу комиссарлик 1921 йилда янгитдан ташкил этилгандир.) Туркистоннинг тарихий эгалари бўлмиш турк мусулмонлари учун алоҳида бир комиссарликнинг ташкил этилиши, Совет давлатининг ғайримиллий табиатга эга эканлигини кўрсатаётган эди. Москвадан Тошкентга бош комиссар сифатида жўнатилган А. П. Кобозев, жумҳуриятнинг давлат раиси ва 1917 йил ноябридан буён Тошкентда Совет Комиссарлар Шўросининг раиси бўлган Колесов ҳам бош министр сифатида сайлангандилар. Бу совет Мухтор Жумҳуриятининг «салоҳиятли» вакиллари социал масалаларда ҳали туркистонлилар билан русларнинг ҳуқуқларини бир хил деб кўриш даражасида ҳам эмасдилар. Зеро, 1919 йилда Қўқондаги социал ёрдам дўконларида, нон, ишсиз русларга 80 тийиндан, ишсиз туркистонликларга 1 сўм 70 тийиндан сотилганди (А. А. Гордиенко. «Создание Советской власти национальной государственности в Средней Азии». Москва — 1959, 83-бет).

Совет Русияси давлати 1920 йилнинг ўртасига қадар Туркистон Мухтор Совет Социалистик Жумҳуриятининг идоравий шакллари ва ҳуқуқлари тўғриоида аниқ бир қарор беролмаган эди. Русия Ижроия Қўмитаси 27 август 1920 йилда «Туркистон Жумҳурияти ҳақида» бир қарор сифатида «Туркистон Совет Социалистик Жумҳурияти» РСФСРнинг мухтор бир минтақаси бўлганини билдирганди (Шавкат Ўразаев. «Туркестанская АССР — первое социалистическое государство в Средней Азии». Москва—1961, 62-бет). 1920 йилнинг сентябрида бу Совет Жумҳуриятининг янги конституциясини қабул қилдилар. 1921 йил апрелида Совет Давлати Москвада бу конституцияни тасдиқ этди.

Тошкентда иш олиб бораётган Совет Мухтор Жумҳуриятининг ҳукумати ва аскарлари Туркистонда Совет ҳокимиятини муайянлаштира оладиган аҳволда эмасдилар. Туркистон миллий озодлик ҳаракати (босмачилик) Туркистондаги Совет ҳокимиятини йўқ қила оладиган даражага келганди. Совет Русияси раҳбарлари Туркистонда Совет ҳокимиятини сақлаб қолмоқ учун кўп тадбирларни ишга солдиларки, булардан иккитаси катта аҳамиятига эга бўлди. Биринчиси, 11 август 1919 йилда Русиянинг Туркистон жабҳаси ва иккинчиси, 1919 йил октябрида Русия давлати ва Коммунистик партиясининг Туркистон Комиссияси тузганлигидир. Бу комиссияга Туркистонда диктаторлик билан ишлашга изн берилганди. Комиссиянинг фаолияти 2 февраль 1925 йилда тўхтатилгандир. (Ш. Ўразаев. «В. И. Ленин и строительство Советской государственности в Туркестане». Тошкент— 1967, 481-6.) Туркистон Жабҳасининг қўмондони Фрунзе 14 август 1919 йилда берган фармонида «Армия ҳаракатининг асосий мақсади, бутун Туркистонни ишғол этмоқдан иборатдир», дея маълум қилган эди. Бу жабҳа Туркистонни янгитдан ишғол этишда. Бухоро ва Хева давлатларини советлаштиришда катта куч сарфлаганини ҳамма яхши билади. Туркистон жабҳасига 4 июнь 1926 йилда барҳам берилди ва унинг вазифаларини Ўрта Осиё Ҳарбий Округи давом эттирди («Гражданская война и военная интервенция в СССР». Энциклопедия. Москва — 1983. 605-бет).

Туркистон Мухтор Совет Социалистик Жумҳурияти РСФСРнинг бир қисми сифатида 1924 йилнинг охиригача яшади. 1924 йилдан эътиборан Советлар Иттифоқи давлатининг Туркистон сиёсатида ва Туркистон тарихида биринчи марта, қавмларни бир-биридан айириш йўлида Совет Жумҳуриятларининг тузилишига аҳамият берилди. Совет Русияси 1920 йилдан бери Туркистонда янги давлат маъмуриятлари ташкил этиш режаларини илгари сурарди. Советларнинг хизматидаги туркистонлилар бундай планни Туркистонни парчалаш сиёсати сифатида қабул қилдилар. Қизил Армия 1923 йилнинг охиригача Туркистон тупроқларида узил-кесил ғалаба қозонолмаганди, фақат 1924 йилда Бухоро ва Хоразм давлатларининг миллий борлиқларига барҳам берилганди, холос. Туркистон Мухтор Совет Жумҳуриятида Совет режимининг таъсирларини орттириш ҳаракатлари шиддат ила давом эттирилаётган эди. Совет давлати, Туркистонни ўзи хоҳлаган усулда идора эта олишига ишонгандан кейин Туркистонни қавмларга бўлиб парчалашни тезлаштирди. Туркистон Совет жумҳуриятининг Рудзутак раислигидаги ҳукумати 27 сентябрь 1920 йилда Туркистонни қавмларга айирмоққа қарор қилди. Совет режими, Туркистонда ягона турк миллатининг борлигини танимаётган эди. Туркистонли коммунист тарафдорлари 1920 йилда Туркистон Турк Жумҳуриятининг қурилишига қарор бергандилар. Совет Русияси Туркистон Комиссиясининг Раиси Ян Эрнестович Рудзутак 1920 йилда Туркистон Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг бир мажлисида «мен турк жумҳуриятининг ташкил этилишига қаршиман. Ҳақиқатда, фақат бир турк миллати мавжуд эмас. Лекин туркманлар, қозоқлар, қирғизлар ва ўзбеклар бор» дея таълимот берганди. (Г. Ф. Дакшлейгер. «Историография Советского Казахстана». Олма-ота, 1969, 20-21 б.)

1924 йилнинг октябрида Туркистон Мухтор Совет Жумҳурияти, Бухоро ва Хоразм жумҳуриятларига барҳам берилди. Уларнинг тупроқлари ва аҳолиси Ўзбекистон ва Туркманистон Совет Социалистик Жумҳуриятларига, Ўзбекистонга боғлиқ бўлган Тожикистон Мухтор Совет жумҳуриятига, Қора Қирғиз Мухтор вилоятига ва Қирғиз (Қозоқ) Мухтор Совет жумҳуриятларига тақсим этилди; булардан Ўзбекистон ва Туркманистон 13 май 1925 йилда ССЖИ таркибига киритилди. 5 декабрь 1929 йилда Тожикистонга Совет Социалистик Жумҳурияти номи берилди ва унинг тупроқларини ҳам ССЖИга қўшдилар.

26 август 1920 йилда РУСИЯ СОВЕТ ФЕДЕРАТИВ ЖУМҲУРИЯТИ идораси остида ташкил этилган Қозоғистон Мухтор Совет Жумҳурияти эса 5 декабрь 1936 йилда Совет Социалистик жумҳурияти сифатида ССЖИга қўшиб олинди. Қора Қирғиз (1926 йилдан бери Қирғиз деб аталарди) Мухтор Вилояти, 1 февраль 1926 йилда Совет Мухтор Жумҳурияти, 5 декабрь 1936 йилда Совет Социалистик Жумҳурияти номи билан ССЖИ таркибига киритилди. 1924 йилнинг октябрида ташкил этилган Қорақалпоқ Совет мухтор вилоятига 25 декабрь 1936 йилдан эътиборан бу «совет» минтақаси Ўзбекистон идораси остидадир. Шундай қилиб, Туркистон тарихида илк бора қавмларининг исмларини таниган, Совет терминологиясида «миллатлар» дея номланган, Совет режими характерини ташувчи давлат ташаккуллари майдонга келтирилди. Булар Совет фалсафасида «Социалистик миллий мустақил давлатлардир». Буларнинг ҳатто сўзда конституциялари, «Олий Совет» деган парламентлари, ҳукуматлари, давлат чегаралари ва адлия органлари ҳам бор. Булар давлат характерига эгадирлар, аммо, булар хусусиятлари билан Совет Иттифоқи давлатининг истаган пайтида истаганча ишлата оладиган жумҳуриятлари сифатида планлашгандирлар. Буни 1977 йилда Совет Иттифоқи Конституциясидан ва Туркистондаги Совет Жумҳуриятларининг конституцияларидан ўрганиш оппа-осондир. ССЖИ Конституциясининг 72-моддасида «ҳар бир иттифоқдош жумҳурият ўз хоҳиши билан ССЖИдан чиқиш ҳуқуқига эга» деб ёзилган. Конституциянинг 76-моддасида эса «ССЖИнинг тупроқлари бўлинмасдир (яхлитдир)» дейилган. Совет қонунларида Совет жумҳуриятларининг қайси йўл ё муассаса орқали ССЖИдан ажралиб чиқиши тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган. Совет ҳуқуқчилари зотан «ССЖИда параллел ҳукмрон бўлган мустақил давлат ҳокимияти йўқ» шаклидаги бир ифодани кўп ишлатадилар («Советское государство и право» журнали. Москва — 1976, № 7, 32-6.)

Туркистонда ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман номлари билан аталган Совет Жумҳуриятлари Совет давлатчилиги назариясининг умумий фикрларини акс эттирадилар. Булар давлатлар шаклида кўринадилар. Лекин Советларнинг «миллий мустақил социалистик давлатлари» том маъноси ила Туркистон миллий хусусиятларига зид фаолиятлар билан машғулдирлар. Совет жумҳуриятлари Туркистонда миллатсиз янги бир Совет миллатини юзага келтиришнинг воситаси ролини ўйнаш мажбурияти остида яшаётирлар. Бундай фикрни баён этиш учун бизга қуйидаги Совет манбалари ва нуқтаи назарлари асос бўлиб хизмат қилмоқда.

  1. Шарқ халқлари Меҳнаткашлари Коммунистик Университетининг ректори Бройдо 1925 йилда шундай ёзганди: «Коммунистик жамиятнинг юзага келиши натижасида инсонлар миллий борлиқлари ва муносабатларини унутажаклар. Шу тариқа, миллат ўлажакдир.» (Г. Ж. Бройдо. «Миллат масаласи». Москва — 1925, 11 бет. 25 май 1961 йилда «Қизил Ўзбекистон» газетаси ёзганди: «Коммунизмда миллий фарқлар йўқолади. Охир-оқибатда коммунизмнинг ғалабасидан кейин миллатлар фақат бир миллат бўлиб майдонга чиқадилар. Бу «Совет миллати» демакдир.)
  2. Совет Иттифоқида жиддий ва расмий равишда «Социалистик миллатларнинг бир-бирига яқинлашуви (сближение) ва бир-бирига қўшилуви (слияние, яъни ассимиляция қилиш сиёсати давом эттирилмоқда. Шундай сиёсатнинг якуни ҳақида Советларнинг расмий бир журнали қуйидаги фикрни ўртага қўйди: «Миллатларнинг ўзаро қўшилуви (ассимиляция бўлиши) миллий тупроқ мухториятларини, ҳатто иттифоқдош жумҳуриятларни миллатсизлантиради». («Советское государство и право» журнали, 1961, № 12, 25 бет. Abdurrahman Avtorchanov. Das kommunistische Program zur Entnationalisierung der Nationalitaten der UDSSR, Munchen 1964, 28 бетдан олинган жумладир.
  3. Совет давлатчилиги «Шаклан миллий, мазмунан социалистик маданият» сиёсати асосида яшамоқдадир. Бунга кўра Туркистондаги Совет жумҳуриятларининг ҳукуматлари ҳеч қачон ўзларининг миллий маданият сиёсатини юргиза олмайдилар. Бундай «шаклан миллий маданият» сиёсатининг бир қисми ўлароқ руслаштириш сиёсати жиддий равишда давом эттирилмоқда. Олий ва ўрта ўқув юртларининг кўпчилигида дарслар она тилида эмас, рус тилида берилмоқдадир.
  4. Туркистондаги Совет минтақаларида рус аҳолисининг саноғини орттириш сиёсати ўз натижаларини бермоқдадир. Масалан, 1979 йилдаги нуфус ҳисобига кўра, Қозоғистон Совет Социалистик Жумҳуриятида 1979 йилда 5991205 рус ва 5289349 қозоқ яшар эди. («Население СССР», Москва — 1980, 28 бет. Қозоғистон ССР 1979 йилдаги нуфусининг 36 фоизи қозоқ турклари, 40,8 фоизи руслардир.)
  5. Совет Иттифоқида нашр этилган манбаларга асосланиб шуни айта оламизки, Совет жумҳуриятлари миллий ва мустақил бир иқтисодий сиёсат юритиш ҳаққига эга эмаслар. Бу жиҳатдан бу Совет давлатлари Советларнинг табиий бойликлар ўчоғи ҳолида яшамоқда.
  6. Туркистондаги Совет давлатларининг энг муҳим соҳаларини руслар идора этмоқдалар. Давлат «раисларининг», «бош министрларининг», «министрларининг» ёрдамчилари, Давлат Хавфсизлик Қўмиталари, темир-йўллар ва Бош почтамт мудирлигининг тамсилчилари, Ҳарбий Округларнинг Қўмондонлари, Компартия Марказий Қўмиталарининг иккинчи секретарлари, оғир саноат бошлиқлари фақат руслардан танлаб қўйилади.

Юқорида қисқача ифода этилган асосларга кўра Туркистондаги Совет давлатларининг ҳеч бири, на миллий, на-да мустақил давлат мақомига эгадирлар.

Миразиз Аъзам нашрга тайёрлаган

“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 3-сон