Баҳодир Баҳром. Шукруллоҳ (ҳикоя)

Рихсилой момо сандалнинг бир бурчагида куйган кундадай турарди. Бошига шоҳи рўмоли ташланган. Бир рўмолни томоғи тагидан ўраган, икки чаккасига қуриган райҳонни осиб олган, тез-тез деразадан ташқари мўралайди. Момодан мадор кетганига анча бўлган. У сув сепилган ер билан соя тушган ерни фарқлолмайди.
–    Айни пешинда чинорнинг тагига ким сув сепганикин. Бирор тадорик борга ўхшайди.
Момо ҳар гал қуёш тик кўтарилганда тушадиган сояни кўриб, шундай фаҳмлайди. Саксонни қоралаб қўйган ўғлига юзланади:
– Каримбой, бирор тўй-пўйинг борми, а?
– Не дейсиз, эна?
– А-а?
Она-боланинг энг узоқ суҳбати ана шу бўлади. Улар бир-бирига айтган гапни эшитмайди. Шу пайт Рихсилой момо ташқаридан чопиб ўтиб қолган бир гала болакайга овоз беради. Улардан бири остонада қўққаяди.
– Ҳа, момо, келдим.
– Бугун уйда тўй-пўй борми?
– Йўқ, шунчаки, амаки бовамнинг набиралари келган.
– Ҳа-а, сен Турсунбоймисан?
– Ҳа, момо.
Асли бу боланинг исми Турсунбой эмас. Ўрганиб қолган, момо қарийб ўн йиллардан буён қораси кўринган болани Турсунбой, деб ўйлайди. Болалари неварали ё эварали бўлганини эшитса, бешик беларга бориб, “Энди, буни Турсунбой деб атаймиз”, дейди. Бу, табиийки, этаги бола билан тўла келинларга, қизларга ёқмайди.
Бир гал Каримбойнинг набираси Гўзал йигирмага кирмай қўчқордай ўғил туғди. Кайвони билиб момони олиб боришди. Ирим-сиримини жойига қўйиб, бешикка белашди. Белар пайтда “исми нима экан бу тойчоғимни”, деб қолди момо.
– Турсунбой эмас, – баланд овозда тўнғиллади Гўзал. – Ҳа, момо, Турсунбой эмас. Бизнинг уруққа ўлат текканми, туғилган болага Турсунбой деб исм қўяверасиз. Билсангиз, набираларингиз орасида биронта ҳам Турсунбой йўқ.
Момо бу гапни эшитиб бир оғизгина “Бу ҳам яхши ният-да, болам”, дея шивирлаб қўйганди. Орадан уч йил ўтди. Момо у гапларни унутиб юборган. Аммо Турсунбой номини эмас. У урушга ем бўлган эрининг сийрати, сувратини унинг авлодларида кўрмоқчи бўлган-да. Бироқ бирортаси суяк сурмади. Полвон бўлиб давра айланмади. Фақат шу Каримбойининг сержун қўлларидан зиғир мойини оқизиб, ош ейишлари отаси Турсунбойга тортган. Бошқа хислати йўқ.
Эри урушга кетаётиб:
– Рихси, мен қайтмасам, эрга тег. Болалар билан қийналиб қолма, – деганди.
– Йўқ, ўлмайсиз. Мен тирик эканман, сиз ўлмайсиз, – йиғи аралаш айтарди Рихси. – Бошқа бу ҳақида сўз очманг.
Рихсилой момо дастурхон устидан қалтираган қўлларини айлантириб, бир ҳовуч ширинликни остонага қараб отади.
– Укаларинг билан ерсан, Турсунбой.
Бола ҳовлиққанча ширинликларни териб, чўнтакка уради-ю, жуфтакни ростлайди. Момо яна деразадан термулади. Чинор остида икки шарпани илғайди. Танишга чоғланади-ю, фойда бўлмайди. Ичи қизиб секин ўрнидан қўзғалади. Ўша томонга йўл олади. Момонинг тўхтаб-тўхтаб, қалтираб-қалтираб бориши енгил шабадада учиб кетаётган қовжироқ япроқни ёдга солади.
Манзилга яқинлашган сари Рихсилой момонинг қулоғига йиғига қорилган сўзлар эшитила бошлади. Мундай яқинига бориб қараса, Каримининг кичкинаси уч боласини етовлаб турибди. Момо супага оғир чўкди. Невараси ва келиннинг гапларига қулоқ тутди.
– Ажраламан, эна, ажраламан. Қачонгача шундай яшайман. Бир эмас, беш укаси бор. Уларнинг овқатини пишириш, кирини ювишнинг ўзи бўладими?! Яна сассиқ чолига ҳам мен қарайман. Одам қариса ҳам суровини йўқотмаса.
Бу гапларни эшитган она қизига момони кўрсатиб имо қилди:
– Хафа бўладилар-а!
– Эшитмайди-ку, эна, тирик-ўлигини ҳам билмай қолган бу кампир.
– Нега ундай дейсан, шундай тарбия берганмидик сенга. Арзимас баҳоналарни деб, аразлаб келаверасанми? Сабр қил, болам, сабр қил. Қиз бола чирик муаммоларни деб, эри билан отасининг уйи ўртасида бўзчининг мокисидай қатнамайди. Одамлар кулади-я. Уят, уят! Сенинг тақдиринг ўша. Ундан кечганинг, Худодан кечганингдай гап. Болаларингни ўйла. Момонгдан ибрат олсанг бўлмайдими?!

* * *

…Уруш йиллари. Рихсилойнинг эридан қорахат келган. У тўрт боласи билан ёлғиз қолганди. Жигар барибир жигар-да, очарчилик пайти бўлишига қарамай, акалари Рихсини уйига олиб кетишди. Аммо унинг қувончи узоққа чўзилмади. Акалар бир кеч дастурхон устида маслаҳат солди. Гапни катта акаси Мамашариф бошлади:
– Синглим, бир эмас, тўртта этинг бор. Ҳали хом. Пишмаган. Ҳаёт бешафқат. Биз бугун бормиз, эртага йўқ. Худо кўрсатмасин, акаларингдан ҳам ажраб қолсанг, ким кунингга ярайди. Сен янги турмушга тайёрлан. Ибодуллабой оғиз соляпти.
Рихси юзини рўмол билан тўсди. Сандалга орқа берди. Худди эшикдан Турсунбой кириб келаётгандай, уни бу муаммолардан олиб кетадигандай туюлди. Дастлаб елкалари учди. Тиззасини маҳкам қучоқлаб йиғлаб юборди.
– Куёвингиз кафансиз кўмилганининг ўзи етади. Чирқираган руҳини яна чирқиратмоқчимасман. Қўлимда ҳунарим бор. Шу етимчаларимнинг нонини топиб берарман.
Қолган акалар лом-мим деёлмади. Мамашариф хотинига ўзинг гаплаш, деган маънода имо қилди-да, укаларини етаклаб ташқарилади.
– Айланай, Рихсижон, акангизнинг гапида жон бор. Кейин эр кўрган хотинсиз. Номус масаласи ҳам бор. Акаларингизнинг юзи…
– Янга, этимни ит тимдаласаям, бировга этагимни очадиган суюқи эмасман. Ўйлаб гапиринг. Иснодни сиздан яхшироқ биламан.
– Ҳа, энди, Турсунбойнинг ҳар саҳар музёрарга кетаётганини кўп эшитганмиз-да. Ўрганган кўнгил…
Ўртага юракни ёргудек ваҳимали сокинлик чўкди. Рихси бақириб-бақириб йиғлагиси келди. Рўмолини ечиб, ўзига ҳаво берган бўлди. Оғиз жуфтлаб, нимадир демоққа чоғланди-ю сиртига чиқармади. Фақат кўзидаги ёш сизиб лабларининг икки четидан оқиб, худди ҳаётдай шўрхок таъм унинг ҳушини ушлаб турди. Сопол чойнакдан сипқориб, ҳўриллатиб совуқ чой симирди. Янгасига ўқрайиб қаради, егудай бўлиб қаради. Ўрнидан шарт турди-ю, араби нақш туширилган тахта эшикни шаҳд билан очиб, ичкари уйга кириб кетди. Ўзини жойга отди ва ҳўнграб йиғлаб юборди. Дераза ёнида, ташқарида акаларининг ғўлдир-ғўлдир суҳбати эшитилиб турди.
– Ака, Султон ошнамнинг хотини бор эди-ку, Зумрад. Кеча Иззат эчкини унинг кўрпаси остидан топишибди, – Сафаралининг ваҳимали овози пичирлаганда янаям ваҳимали туюларди. – Абдусалом ғурурли йигит-да. У ерда, фронтда “саллот”лар нима учун жон олиб, жон берганини яхши билади. Зумрад ён қўшниси. Султон билан қадрдон эди. Аввал ҳам Иззатнинг эгри қадам эканини сезганми, ишқилиб, ушлаб олибди.
– Эҳ, нимасини айтасан, ука. Бу уруш одамларни иймондан айирди. Эр зоти итдай ўлди, хотин-халаж ер бўлди. Энди танда ҳарорат борми, шайтон ҳам васвасага со­ла­веради-да.
– Рихсининг орқасидан ҳам шундайчиғин гаплар эшитмайлик, деб уйга олиб келдик. Бошида эри бўлса, яхши-да. У тушунмайди ҳали. Энди йигирма тўртга кирди. Ёшда-ёш!
– Балки, шунинг учун ўжарлиги бордир, – суҳбатга қў­шилди Раззоқбой. – Ибодуллабой бамаъни одам. Юриш-туришида файз бор. Ўйлаб кўрса, яхши бў­ларди.
– Эй, ўз ҳолига қўяйлик, шу Рихсини, – акаларига танбеҳ берган бўлди Кенжабой. – Тўғри-да! Қўлида ҳунари бўлса, кам бўлармиди.
– Йўқ, уни эрга бериш керак. Болалар тарбиясида ҳам ота асқотади. Биз кўнгли ярим десак, у эркаланиб кетади. Қа­чонгача кўнглига қараймиз. Замон нотинч. Рихси бизнинг юзимиз. Бир қалпоқ кепак учун бева аёллар ҳар нарсага тайёр.
– Жа унчаликмасдир, Мамашариф ака, – деди Кенжабой. – Эрга берсагам, ёшроғи чиқар. Ё сизларга оғирлиги тушаётган бўлса, ўзим қарайман.
– Бу нима деганинг, хунаса. Эртага бир ёмон гап чиқса, кимга эл бўламиз. Одамлар орасида қандай бош кўтариб юрамиз. Сен ҳам ёшсан ҳали. Қўйнинг аёл билан тўлмаган-да, ҳаётнинг макрларидан бехабарсан.
Бу гаплардан Рихсилойнинг юраги увушди. Дунё кўзига тор кўринди. Руҳи сиқилди. Бош олиб олисларга кетгиси келди. Кейин ўзини чалғитиш учун қўшни аёлнинг буюртмасини тикишга уннади. Хаёли чалғиб, қўлига игна санчиб олди. Яна йиғлади. Аммо дунёда шундай дардлар борки, уларни на кўз ёш ва на қон юва олади. Рихсилой ҳам ана шундай қарама-қаршиликлар қаршисида сония сайин қариб борарди. Ўзини қўйишга жой тополмасди.
Шу тун туш кўрди. Турсунбойни кўрди. Уларнинг тўйи бўлаётганмиш. Хеш-ақраболар жамулжам. Болалар ҳовлини бошига кўтариб ўйнайди. Ёш қизалоқлар келин кўрарга ошиқади. Бир пайт куёв келди. Турсунбой келди. Урф-одатини қилишди. Оёқбосар пайти оёқ босай деса, куёвининг оёғи йўқ эмиш. Қўлига сув қўяй деса қўли йўқ. Эшон розилигини сўраса гапиролмасмиш. Тили узиб олинганмиш. Бош силкитай деса, Турсунбойнинг боши йўқолиб қолибди. “Йўқ” дея бақириб уйғониб кетди Рихсилой. Тонг отгунча тўлғониб чиқди. Ёстиқни муштлаб-муштлаб йиғлади. Тушининг таъбиридан хавотирланди.
Эрта тонгдан акалари яна эски гапни қўзғашди. Ибодуллабойнинг толеидан гапиришди. Икки бевани никоҳига олиб, уларнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлганини айтишди. Бу гаплар Рихсилойнинг бағрини нимта этди. Кўксига бигиз ботгандай бўлди. Этини юлиб олгандай вужуди ачишди. Руҳи қақшади. Секин турдию, оғилхонага кириб, калимасини қайтарди. Бошидан рўмолини ечиб отди ва тақдирини сиртмоққа топширмоққа аҳд қилди. Мамашариф устахонаси­га йўл олаётганида хириллаган овозни эшитиб, оғил­хонага югуриб кирди. Ранг-қути учиб, арқонни кесишга чоғланди.
– Кечир, бизни кечир, сингилжон! – У шундай деб тинимсиз йиғларди. Ёш икки юзини ювар, мўйлови мўйларидан сирғалиб тушарди.
Шу-шу бўлди-ю, қайтиб акалари Рихсини эрга бўлишини ўйламай қўйишди.

* * *

– Абдусалом бува сасиган чолмас, – деди Каримбойнинг завжаси қизига қарата. – Вақтида қишлоқнинг мана-ман деган йигитлари олдидан ўтолмаган. У ориятли, ғурурли одам бўлган-да. Сенлар енгил ҳаётга ўрганиб қолдинг. Қара, жиянинг Гўзални. Боласи хас­таланиб ўлса ҳам тушган ерида тошдай қотди. Эрта-индин иккинчисини туғади. У ҳам сендай эди. Шукр қилишни ўрганди. Худо инсоф берди.
Рихсилой момо бошини қуйи эгганча, чинор танасига суяниб, рўмолининг учини ўйнаб ўтирарди. Оғир хўрсинар, эварасининг беандиша гапларидан уялар, унинг шу ҳолга келганида ўзини ҳам айбдор санарди. Она-бола чинор остидан узоқлаша бошлади. Момо уларнинг ортидан қимтинибгина термулиб қолди. Чинор шохларидай қалтираб қараб қолди.     
Биров илғар-илғамас овозда шивирлади:
Тўқлик надир, эдирмайди,
Очлик надир, едирмайди.
Орадан етти кун ўтди.
– Момо, момо, Гўзал опам ўғил туғибди, суюнчи беринг, – деди Рихсилой момо чақирса, доим остонада беминнат қорасини кўрсатадиган невараси.
Рихсилой момо севиниб кетди.
– Вой, оғзингга пайғамбар тупургур, бола туш­магур-ей, зўр янгилик айтдинг-ку.
Момонинг қалтираган қўллари дастурхон устидаги қандли ликопчага қўнди. Остонага қарата бир ҳовуч ширинликни улоқтира туриб: – Сен Турсунбоймисан, – дея сўради.
–    Йўқ, момо, – деди қандларни шоша-пиша тераётган бола. – Мен Исматман, Исмат. Гўзал опам ўғлига Турсунбой деб исм қўйибди.
Бу гапдан момонинг кўнгли тоғ қадар ўсди. Бошини тик кўтаришга ҳарчанд уринмасин, мадори етмади.
Рихсилой момонинг кафтларига тўрт томчи ёш сирғалиб тушди.
– Шукр, Ўзингга шукр!

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 11-сон.