Чжоу Банъян

* * *

Равон оқиб ётар Таоси,
Ўзгармайди қонуни азал.
Нилуфаргул тортар илдизин —
Гулламайди ортиқ нилуфар.

Ёдда, қизил кўприк устида
Кутар эдик висол дамларин.
Ёлғиз қолиб ҳижрон дастида,
Бу гўшани кезгум бетиним.

Тиниқ уфқда яшил зирвалар
Кўринади — йўқдир адоғи.
Қуёш ботар. Шафаққа қадар
Учар ғозлар, сўнг бўлар ғойиб.

Инсон нима? — Кўкдаги булут.
Шамол турса — изи қолмагай!
Кўрдим, теран попугин барқут
Ёмғир лойга қорибди атай.

* * *

Шафақ ўтар барглар оралаб,
Сув ёришиб кетади бир он.
Тўлқинларни чийраб, саралаб
Эшмоқ бўлар минг зарли арқон.

Шаҳар ёруғ тортган шу оқшом
Турарканман кўприк устида.
Шўртанг шамол кўзга урилди
Севги ўчин олмоқ қасдида.

Сўнг ойнадан эски қудуқнинг
Ҳовурига боқдим афтода.
Ва эшитдим сўнгги япроқнинг
Ингроғини кечки ҳавода.

Тўшак мени илитмас эди —
Гўё тикан устида таним.
Ким ҳам билар, севгилим, сенга
Қайғу тўла мактуб ёзганим?

* * *

Келди намчил тийрамоҳ.
Кунлар қисқарди бир оз.
Кезиб юрар ҳовлида
Зерикиш… яна аёз.

Сездим сукунат аро
Мен ҳавонинг нидосин.
Тўсди қуюқ булутлар
Сайёҳ ғозлар тўдасин.

Бари тинди. Одамлар
Тарқалдилар, тушди кеч.
Фақат соя нур билан
Ўйнашмоқни қўймас ҳеч.

Ўтиб кетди сархушлик,
Уйқу ҳам келмас бу чоғ.
Қаршимда бепоён тун —
Унга бас келгум қандоқ?

Русчадан Гулноз Мўминова таржимаси