Фозил Ҳусни Доғларжа (1914-2008)

Фозил Ҳусни Доғларжа (Fazıl Hüsnü Dağlarca) 1914 йилда Истанбулда туғилган. Кулели Ҳарбий лицейини (1933) ва ҳарбий мактабни (1935) битирган. Шундан сўнг Матбуот ва Туризм Бош Бошқармасида, Меҳнат Вазирлиги Иш Назоратчиси бўлиб Истанбулда ишлаган (1952-60). Нафақага чиққандан кейин Истанбулда “Китоб” номли нашриёт ташкил қилган (1959 декабр), “Туркча” номли ойнома чиқарган (43 сон, 1960 йил, январ-1964 йил, июл). 1970 йилдан эътиборан нашриётни ёпиб, қолган умрини шеър ёзишга бағишлаган.
Илк шеъри “Истанбул” газетасида чиққан. (“Секинлашган умр”, 1933). 1933 йилдан эътиборан шеърларини кўпроқ “Истанбул”, “Борлиқ”, “Маданият ҳафтаси”, “Юксал”, “Оила”, “Инқилобчи ёшлар”, “Етти тепа”, “Турк тили”, “Янгилик”, “Ватан”, “Маданият дунёси”, “Атач”, “Чағри”, “Турк юрти”, “Даврим”, “Йўл”, “Адабиёт дунёси”, “Елкан”, “Папирос” каби журналларда чиқартирган. Биринчи шеърий китоби Ҳарбий мактабни битирган куни (1935 йил, 30 август) нашрдан чиққан. Иккинчи ва энг кўп рағбатга сазовор бўлган “Бола ва Аллоҳ” (1940) номли китобидан сўнг номи машҳур бўлди. Шакл ва мазмун жиҳатидан мутаносиб бу асари Жумҳурият даври шеъриятининг энг яхши намуналаридан бири ҳисобланади.
Ижодининг сўнгги йилларида асосан болаларга аталган шеърлар ёзди. “Чакрин достони” номли китоби билан 1946 йилда ЖХП (Жумҳурият Халқ Партияси) шеър мусобақасида учинчи даражали совринни, 1956, 1966 йилларда ҳам турли мукофотларни қўлга киритди. 1967 йили Америкадаги International Poetry Forum томонидан “Ҳаётдаги энг яхши турк шоири” дея эътироф этилди.
Асарлари: “Ҳавога чизилган дунё” (1935), “Бола ва Аллоҳ” (1940), “Яна” (1943), “Тош даври” (1945), “Она тупроқ” (1950), “Ғарб даври” (1958), “Мавлонода бўлиш” (1958), “Жазоир қўшиқлари” (французча, инглизча, арабча таржималари билан), “Чаноққалъа достони” (1965), “Тўрт қанотли қуш” (шеърларидан намуналар), “Тилдаги компьютер” (1992), “Маҳзун қўзи йиғиси” (1972), “Ер юзи болалари” (1974), “Ёзувларни севган айиқ” (1980), “Жин ўғлон” (Насриддин Афандининг болалиги 1981), “Ҳинд ва ҳиндча” (1981), “Қуёш чиқаргувчи” (1981), “Қочган айиқлар ўлкасида” кабилар.

ЮРТИМГА

Сен Туркиясан, буюксан, гўзалсан,
Далалардай, уруш майдонларидай, чексиз йўл.
Ким юражак? Сен! Ким тутажак? Сен!
Метин оёқсан, ахир, пайдор қўл!

Сен Туркиясан, буюксан, гўзалсан,
Аммо сўрилган, аммо йиқиқ, аммо боқимсиз.
Бир саринлик тегсин кўксинга ойдинликлардан,
Кўк юзининг бутун шамоллари келсин ғиз-ғиз!

Сен Туркиясан, буюксан, гўзалсан,
Кут бир йил яна, балки, бир неча йил тағин
Кўтаргай ўғилларинг сени, бахтли бўларсан,
Бугун сен учун уялиб юрган ўғлонларинг!

ХОТИРЖАМЛИК

Сен катта бўлганингда, жўжуғим,
Яна баҳор безанажак чечаклар билан.
Шохларда очилган чечаклар каби
Яна жўжуқлар улғаяр эртаклар билан

Сен катта бўлганингда жўжиғим,
Яна уйқулар инар ҳовузларнинг тубига.
Ҳовузларда ғойиб бўлган уйқулар каби
Яна жўжуқлар йўл олар мактабига.

Сен катта бўлганингда жўжуғим,
Яна кўклардан мовий кўлкалар инажар ерга.
Ерни нурлантирган мовий кўлкалар каби
Яна жўжуқлар кулимсирар аскарларга.

Сен катта бўлганингда жўжуғим,
Яна кемалар ўтар денгизлардан.
Денгизлардан ўтган кемалар каби
Яна жўжуқлар бўлар дилга хотиржамлик берган.

ШУ ҚЎЛЛАРМИДИ?..

Шу қўллармиди эртаклар орасидан
Тушларимга узатилган шу қўллармиди?
Орзу тўла, ҳаёт тўла,
Шу қўллармиди расмларни ушлаб ётган?

“Бектош” ларнинг қувончли дунёчалари,
Шу қўллармиди дунёчалар камоли?
Олтин ўйин каби эсарди кечалари
Олтин сочлар аро болалик шамоли…

Тупроқлардан уйлар қурган шу қўллармиди
Ки, энди тегмоқда пахса уйларга?
Тупроқларини ютиб ўйламоқ на демак
Ер ҳайдаб далаларда, кўйларда?

Қишлоқ тупроғини кавлаган пичоқ ила
Сурнайчи ясаркан тол новдаларидан,
Ғойиб бўлди, унутилди кафтларининг чизиғида
Фолчиларнинг бахт башорат қилган белгилари…

Шу қўллармиди сўйган мовий бир чумчуқни,
Уч томчи қон оқизган? Зафар, қаҳрамонлик!
Юпқа бир кўрпага бурканиб
Шу қўллармиди ёмон кўриб тунни, тилаган омонлик?

Айрилиб севимли ўйинчоқларидан,
Кичкина шишаларни синдирган
Шу қўлларми ҳаммасидан олдин ва ҳаммасидан сўнг
Бисмиллоҳ деб юзларга суртилган?

ИСТАК

Буғдойим сасланар-сасланар,
Ухлаб қопман тошдан баттар.
Сен эшитмассан мени,
Аммо тоғ боши эшитар.
Узун тунлар қазман, омочман,
Буғдойим сасланар-сасланар.

Чалғилар ўришга ҳавасланар,
Бўлиқ бошоқлар каттая-каттая.
Шоширар кўрибоқ экиннинг товланишин
Даламнинг қушлари эрталаб.
Эвоҳ дедим уйқуларим ўчиб…
Чалғилар ўришга ҳавасланар.

Инсон буғдой-ла басланар,
Аммо ўртада товланиш бор…
На илдиз қайнатар қозонда бувим,
На ўғлим машоқ терар ёнбошда.
На дард қолар, на-да ғам-алам.
Инсон буғдой-ла басланар.

ЁЛҒИЗЛИКДА

Гулим, ҳаёт эмас яшамоқ
Тоқ-тоқ.
На кечалар бир нимага ўхшар, на йўллар
Тоқ-тоқ.

Қўзилар маъларми жимжит саҳроларда,
Қушлар учарми,
Тераклар чайқаларми ҳеч
Тоқ-тоқ?

Мана кўряпсанки туғилар оҳиста
Улғаяр,
Кўпаяр юлдузлар
Тоқ-тоқ.

Мана, кўряпсанки, соҳилларда
Бошланар мовий рангда
Қоплар сафсар долғалар денгизларни
Тоқ-тоқ.

Гулим, бўлмас-ку, тоғлар тоғ,
Сувлар сув,
Ўлимлар ўлим зулматларда
Тоқ-тоқ.

ОҒИР КАСАЛ

Уфлама менга, онажоним, қўрқяпман
Дуо қила-қила кечаларни.
Касалман, аммо нақадар гўзал
Кетиши сузяпгандай вужудимнинг бир ери.

Нечун бундай ўраб-чирмашди устимга
Қоидали қилибки, мени қаттиқ ўйлатар
Оқараркан узоқ шамоллар ичида
Ўйинчоқлар каби шаҳар?

Кўзларим бинтланган, фақат юзим-ла кўряпман,
Йиғлаяпсан нур каби.
Бирга эшитяпмиз оҳиста ва танҳо
Девордаги расмлар-ла, насибни.

Онажоним, улғайдим мен энди.
Улғайди кўлларда қамиш.
Лекин таёқланган одам қаерда,
Укам сув берсин унга, чанқамиш.

СИВАСЛИ ЧУМОЛИ

Кўҳна Қизилирмоқ кўпира-кўпира
Оқар эди,
Бир телеграф симёғочи тубида,
Замонлар каби шошилмай ва кўпиксиз
Кетиб борар эди
Сивасли бир чумоли.

Қарши соҳилда эса силлиқ, ялтироқ
Кишнар эди
Отлар гулдур-гулдур,
Отларнинг қўшиғига парво қилмай,
Бурилганча кетиб борар эди,
Отларнинг масофаларини англамас.
Дупури, одимлар дупури мамнун ва бахтиёр
Эшитилар эди,
Қаҳрамон!
Очларнинг ҳали юраётган оёқларидай азиз
Ўтиб борар эди
Ер юзидан.

Бемалол кетишидан маьлум:
Билар эди
Тоғдан, сувдан, ўтлардан маза қилиб ўтишни,
Бошқа чумолилардан ўзган,
Кетиб борар эди
Галдаги чумолиларга.

Ғайрат билан ишлаб, ҳоримай боришда
Бошқа чумолиларга ўхшар эди
Африкадаги, Чиндаги, Париждагиларга
Қора тупроқнинг манглайи устида, қоп-қора,
Юриб борар эди
Ёшмишидагидан ҳам ҳур.

Йўқ эди фикрлардан, даьволардвн хабари,
Юрақолмас эди
Хаёли ҳеч.
Буғдой донаси узра
Юриб борар эди
Сивасли бир чумоли.

ДУНЁ БЎЙИЧА

Бунда, Ҳиндистонда, Африкада
Ҳар нарса бир-бирига ўхшайдир.
Бунда, Ҳиндистонда, Африкада
Буғдойни яхши кўриш ўша-ўша,
Ўлим ҳақидаги фикр ҳам бир.

Қандай гапирилса гапирилсин,
Тушунилар кўзларимдан сўйлагани.
Қандай гапирилса гапирилсин,
Менинг эшитганим шамоллардир,
Тинглагани.

Биз инсонлар айри-айри қолганмиз.
Бўлган бахтимизни чизгиси юртларнинг;
Биз инсон айри-айри қолганмиз –
Кўкда қушларнинг қардошлиги,
Ерда бўриларнинг.

ТЎРТ ЯПРОҚЛИ ГУЛ

Чиқолмас болалигидан ташқарига
Ҳеч кимса.
Ўйнашларимиз шундайдир
Қора тупроқда мингларча йил.

Чиқолмас болалигидан ташқарига
Ҳеч кимса.
Шундайдир севишимиз
Гилос дарахтларини.

Чиқолмас болалигидан ташқарига
Ҳеч кимса.
Қардошлигимиз шундадир
Мовий сувлар билан мингларча йил.

Чиқолмас болалигидан ташқарига
Ҳеч кимса.
Шундандир ишонмаслигимиз
Катта-катта бомбаларга.

Туркчадан Миразиз Аъзам таржимаси

ҚАРШИ

Бу ўткинчи дунёда
Давлатлар менга қарши
Тоғларда уйғонмишам
Ҳайбатлар менга қарши
Қалбим кўкларга қадар
Зулматлар ичра баҳор
Кеча сувлар майсалар
Оташлар менга қарши
Ишқимни озод этдим
Ишқимнинг мисоли йўқ
Ишқимни ҳудуд дегил
Лаззатлар менга қарши

УЗОҚДА

Сариқ сувга боқмишим
Сариқ япроқ сочмишим
Мен демам қушлардан сўр
Юртдан қайга чиқмишим
Теракнинг бўйи гўзал
Қизларнинг ўйи гўзал
Қуш бўлди қора тупроқ
Августдай ойи гўзал

Севаман қуш бўлганни
Кечаси туш бўлганни
Қўлида оёғида
Қўшиғи иш бўлганни
Кечалар алла айтар
Келинлар гулга кетар
Қуш-ла келиб очлигим
Ташқари йўлга кетар

ИЛК ОЙДИНЛИКДА

Оқардими ғорларнинг улуғворлиги
Уйғондими қуртлар қушлар
Қоронғилик қучган тепаларнинг ортига
Янада олислардан чўлпон юлдузи
Очиққан уйғонганларнинг ҳаммаси
Онам хамирини қордими
Эрта саҳар эди эрта баҳор
Тумандан намчил шохлар ғунча очдими
Яшаб турипти ер юзи
кўк юзи билан қўллар ҳам
Яшаб турипти шамоллар яшиллигида қирлар
Бир ишқ туфайли
Сас келдими оҳимиз кўкка етдими

ВУЖУД

Бу жоҳил не истар
Ёраб ўнгимдан чиқмиш
Бу ёмғир не истар
Деразамдан узун қиш

Бу осмон не пстар
Қўлларимдан ҳар замон
Бу бола не истар
Юзига боққаним он

Соямни бермас менга
Бу сувлар не истар
Ҳеч нарсадан дарак йўқ
Бу йўллар не истар

Бундай келиб кетишдан
Бу уйлар не истар
Оқшом тушгунча мендан
Бу вужуд не истар

ОҒИРЛИК

Сиз кўп яшарсиз
Тоғ нима дер
Юлдуз нима дер қоронғуликка
Қуш нима дер тонг отаркан
Агар тушунмасангиз
Тупроқни тошни ирмоқларни
Кечани кундузни
Фикрларни
Севмасангиз
Кулимсираб боқмасангиз
Булутга денгизга ўрмонга
Сиз жуда кўп яшарсиз

ТУҒИЛИШ

Туғилади ҳар кеча
Катта япрокларнинг кўр уйқусинда
Туғилар бир кучли санчиқ ичинда дада
Кечанинг
Тоғу тошу
Сувнинг
Ўт ва оташ ўчган вақтида
Туғилар Африка ўрмонларидаги
қоратанли
Қоп-кора зт кўпикдай жимирлар
Қоп-қора эт қимирлар
Қоп-қора этлининг ҳовучларинда
Қимирлар бирдан-бир
Озодлик!

МЕНГА КЎРА

Менга кўра тоғ
Ёлғиздир
Тоғга кўра мен
Уйқусиз
Мен Тоғга
Тоғга
Кўра
Телбаман
Тоғ
Менга
Кўра
Оч
Тоғга кўра мен
Чўзилолмайман
Баландмасман
Тоғ менга кўра
Хоҳлаган ерига боролмас

ЁМҒИРСИЗ ҚИШЛОҚ

Очман қора тупроқ тушунасанми, очман!
Қора ҳўкиз-ла баробар очман, бу кеча.
Ҳўкиз тушунар, овутар уни тушунча,
Мен ҳам тушунаман, тушунаман — очиқаман.
Очман, қора тупроқ, тушунасанми, очман,
Очликка чидаб бўлмас!
Очофат тоғларда шимол шамоли ухлар,
Қушлар, балиқлар барча ҳайвонлар ухлар.
Тамғали, ёғли юлдузлар аста сўнарлар,
Чўкар қоронғилик.
Очофат тоғларда шимол шамоли ухлар,
Очликда ухлаб бўлмас.
Очлик қора доғ юзимизда, очлик оқдир,
Далалару тепаликлар, одамлар очдир,
Ёмғир ёғмас бўлди, экинларки қуриди,
Осмон бунча хафа, биз нима қилдик, ахир?
Очлик қора доғ юзимизда, очлик оқдир,
Очликда яшаб бўлмас.

ОҚ ЮРАК

Куз оқшомлари
Япроқлар тўкилди дудоқларига
Тўлишган хотинларнинг.
Менинг англаганимни
Улар англай олмас
Куз оқшомлари
Оз бўлар
Тошнинг томларнинг сувнинг
Бозорларнинг
Тангридан кўргани — ойдинлик
Уйлардан олисда сарвилар
Қоп-қорайиб солланаркан
Негадир ҳеч кимса сўйламас
Куз оқшомлари
Кетганлар келмас
Кўлларимга бириккан тупроқнинг сариқ кучи
Севар
Умид қилар
Кутар тушунаман
Куз оқшомлари
Тушса ҳам кўкрагига япроқлар
Тўлишган хотинларнинг
Куз оқшомлари
Менинг ёлғизлигимни
Тушунмас улар

МАРСДАН КЕЛГАН ОДАМ*

Наҳотки
Марсдан келган бўлсанг
Ватанингми ўша олис юлдузча
Ватан бу шундай бир жойки
Сен туғилиб ўсган гўша
Истасанг мен сенга ўз Ватанимдан
Сўзлай кўрган-билганимдан тўғри
Мана бу хасис бой мапа бу очкўз кимса
Буниси бузуқ хотин у ёқда қўрқоқ ўғри
Кўриб турибсанки аҳволимиз яхшимас сира
Биз ўзимизни йўқотиб қўйдик XX асрда
Айт-чи кайси давр ҳокимдир сизда
Ҳей Марслик биродар кўп яқин келма
Билмайсанки сени бунда не кутар
Қандай хавф-хатар сақлар
Бу оғизлар бу қўллар
Гапир Марсда ҳам борми урушлар
Тоғлар бағрида ястанганми водийлар
Биласизларми
ўқишни ёзишни
севишни йиғлашни
Онани оларкан энг сўнгги манзил
Сизда ҳам ҳасрат-ла йиғларми ўғил
Сизлар ҳам атом яратдингларми
Оилада қанча фарзанд туғилар
Уларни боқишга қодирмисизлар
Ҳар бир юракдаги мусиқа ҳисси
Сукунат остида тўлғонадими
Эй марслик биродар бунча яқин келма
Кўзимдаги эзгулик шуъласига ишонма
Балки Исо пайғамбарни эшитгандирсан
Қонли салбда кўкка кўтарилган
Мен ёмон одамман доимо ёлғиз
Нам тупроқ олди бағрига
отамни
қизимни
Ҳаёт ва ўлимнинг фаҳмига етмоқ бўлиб
Умидсизлик билан касал қилдим ўзимни
Сўрадим самодан пайғамбарлардан нечун
Менга сукут билан жавоб берди қора тун
Ерингиз ғамини юмшоққина ўраб олган
Муҳит борми сизларда ҳам биродар
Сизларнинг урушингиз тугар нима билан
Сизлар топдингизми худони
Ечдингизми машъум муаммони
Бунча яқин келма марслик биродар
Яхшиси нима қилайлик айт шуни
Бўлмаса бизни буткул адо қилар
Шубҳа ва ёлғонлар тутуни
Менинг бир йилим тўрт фасл
Ёзим жуда кўм-кўк
қишим жуда оппоқ
Мудом ёлғон сўйлайман эзилиб
Баъзида нимадандир кетаман қўрқиб
Гоҳ юраккинам қон бўлиб
Озаман ақлдан
Умримнинг сўнгигача яшайман хатолар-ла
ғамларда
Кучим адо бўлар бир бурда нон деб
Шаҳарларим кенгаяр ҳаво етишмас менга
Саховатим титрайди, шамолдаги япроқдай
Ҳаётимнинг дарёси шимилади қушларга
Бунча яқин келма Марснинг ўғлони
Нозик нигоҳимга ишонма кўп ҳам
Тун зулмати қоплади ер ва самони
Мен итдай очман
________
* 1950 йилларда матбуотда қандайдир Марсдан келган аппаратнинг ерга яқинлашгаплиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.

ТЎХТАГАН СОАТ

Қадимдан хотинлар таширди
олтин кўзаларни бошларида.

Бу нақадар гўзалдир
У лаззат у шифо
У таъсир йўқ энди

Қадимдан кечалар жуда чароғон эди
Кундуз жуда ёруғ эди
Йўқ энди вақтнинг сўнгсизлиги
Чироқлар-ла хаёлни қочирдик

Қадимдан энг буюк одамлар
Игна учи билан безатарди тоғлардай мозорларни
Йўқ энди бизни паришон этар
Ўлмоқ сабри

СЎНГГИ БОШОҚЛАР

Сизларни эслашни истамам
Тепамиздан ўтаркан булутлар
Денгизлар узра бир ойдинлик
Тонглардан узоқ ва эрта

Сизларни тушунмоқ истамам
Далалардан оқаркан даралар
Ва чиркин тоғларки самолар
Сўнгсизликдан баҳс этар

Сизларни йўқотмоқ истамам
Туманлар босаркан уйларни
Надомат-ла ошкор бўлади
Вужуднинг мажҳул уйқулари

Тилак Жўра таржималари

ОҒИР ХАСТА

Уфлама менга онажоним, қўрқяпман,
Дуо қилиб, қилиб кечалари.
Хастаман, аммо шунчалар гўзал,
Сузиб борар вужудимнинг бир ери.

Нега бундай ёпдилар устимни,
Мунтазамки, менга маҳзунлик берар.
Оқараркан, узоқ шамоллар ичида,
Ўйинчоқлар каби бир шаҳар…

Кўзларим юмиқ, юзим-ла кўряпман,
Йиғлаяпсан, эслаяпман нурни.
Баробар туймокдамиз секин, танҳо,
Девордаги расмлар-ла тақдирни…

Онажоним, каттаряпман мен энди,
Каттармоқда кўлда қамиш ҳам.
Укам тезроқ сув берсин айтинг,
Ташна қолди таёқ отгинам…


БОЛА, КЕЧА, ОЁҚ КИЙИМЛАР

Кеча бўлганда ҳаммадан яширин,
Бир ишимиз бор эди ажойибгина.
Оёқ кийимларни тизардик укам билан,
Ўғрилар каби зинадан энибгина.

Отамники бир томон, меники бир томон,
Биз эса – икки болакай…
Туннинг, вақтнинг зулматига қарши,
Кураш бошлагандик ўйламай…


ВУЖУД ЯРАТИШ

Тўплансин бошимга тиланчилар,
Бир бўлак нон лаззатин баҳслашайлик.
Мавсум ва вақтнинг орасида.
Кўрлар каби қоронғудан қўрқмай…
Шу қадар танҳо, ҳамма хотирасида…

Шукр оташлари ёнар қарши тоғлардан,
Тўйган чўпонларнинг одати.
Қушларнинг қўнгани (эса) ёлғизлик…
Йўқолибди эсланадиган саодати…
Қалбимиз-чи янада синиқ…

Сиҳат тўла ҳайвонлар хавфсизлик берар,
Дарвешу, Абдол ҳурматсиз, очкўзлар сарбаст.
Ҳулёларимизда шаҳзодалар ухларкан…
Хижолат бўлмасдан баҳс этсин ҳар ким,
Вужудини яратиш завқидан…

ЯРИМ ОЙДИНЛИКЛАРКИ СОҲИБСИЗ…

Ярим ойдинликларки соҳибсиз,
Ва мовий қушлар тонгда тин олмасдан…
Болам, қўшиқлар айтгин кўчаларда,
Овозинг гўзаллиги йўқолмасдан.

Эшиклар очилар сўнгига қадар,
Қушлар учар хотиралар ичидан.
Болам кўп-кўп эртак эшитгин,
Ҳануз ишонганинг учун ҳам…

Кемаларнинг энг узоқ қароқчилари –
Томоша қил юлдузлар кўринишини…
Болам, сўра нега оқшом бўляпти…
Айблолмас ҳеч кимса сени…

Баъзи соҳилларнинг салқинлиги,
Ва унутилмаган бир даста гул…
Болам, сенга ёлворяпман,
Қўлинг кирланмасдан дуо қил!..

ЭМИЗАР ЭДИ…

Эмизар эди, қоронғуликда, танҳоликда,
Болаларини жасур ҳайвон.
Севги, лаззат, орзу билан порларди,
У орамизда(ги) қолган…

Бергани давом этади ўз-ўзидан…
Тошлар қадар қийматли, тупроқ қадар роҳат,
Юлдузларнинг ва ўрмоннинг остида хабарсиз,
Ўсаётган наботот…
Эмизар эди бир саодат ойдинлигида,
Сувлар вақтни, дарахт қушларни…
Жон деб жимган тоғлар устидан,
Осмон эса… Ерни…

ДУНЁ ИЧРА

Дунё ичра туркимизни  айт,
Оч ўзингга оппоқ бир елкан…
Нега ҳамма гўзал бўлолмас,
Яшамоқ бунча гўзал экан…

Инсон шохлару булутлар-ла,
Ойдин мовийлиқдан ўтар экан.
Қандай ўла олади ахир,
Яшамоқ шунча гўзал экан…

ЎТГАН НАРСА

Катта ялдизлар  остида майда дунёмиз,
У кичкинагина бир “хона”.
Ифор сочар қир гуллари тонг оқармасдан,
Онсиз, уйқусиз,
Ифор сочаверар райҳона…

Қадимда ҳам шундай маст бўлган ҳамма,
Бир қарашда ҳамма “мастона”.
Хаёл келар нозли ёр томондан,
Ишқдан маст қушлар сузилар,
Қушлар ўзгаради шоҳона…

Аслида-чи, сезмайди кўнгил,
Гўё доим шундай девона.
Ичимиздану, ташимиздан,
Ўтиб борар вақт,
Золим, золимона!..

СУВЛАР БИЗДАН АҚЛЛИ

Сувлар биздан аклли, олдин кўрар оқшомни,
Тушар ҳаводан олдин зулмат сари.
Буюк илон каби ўртадан сузар,
Тоққа қочар экан, тоғ ҳайвонлари..

Сувлар биздан аклли, мамнун бўлади,
Фақат дарахтлардан.
Бошқа инсонлардан эмас,
Инсонларни олмайди тан…

Сувлар биздан ақллидир, ухламайди ҳеч,
Очар мовийликка йирик кўзларини
Ва кутарлар ўлим сири ичида,
Ўз ҳаётларининг маҳшарларини…

ПРОКУРОР

Прокурор надир ўйладингми,
Тоғларни тождор қилган?
Улар сукут билмас кеча кундуз,
Улар ҳайқиради юксакда.
Ўтаб тоғлардан ялангоёқ,
Бир ишсиз турса эшигингда,
Ичингни эзиб… ёқиб…

Прокурор надир ўйладингми?
Пичокни учли қилган, (лекин)
Бир эски интиқом олинмаган –
Кимларнингдир пешона тери,
Кимлар бошига тож бўлмаган…

Прокурор надир ўйладингми
Ёзувларни сучли  қилгани?
Ақлу юрак билан буюган,
Кундузлар кечага қарши,
Аммо недир тошмоқ узрадир,
Мени сендан кучли қилгани!.

ЖОҲИД СИДҚИ МАРСИЯСИ

Жоҳид Сидқи, мен сени қандай хотирлай,
Минг бир он, минг бир юлдуз-ла яшаркан.
Билсин янги авлод, ёлғизлик бир шиша майдир…
Оқшом олди ҳароратсиз зулмат…
Кимдир секин-секин ичаркан, Жоҳиддир.

Севса йўлдан ўтганни, булутни, қушларни,
Аёл ва эркаклар гўзал ўпишаркан…
Кўк юзи, ер юзи мовийлик-ла бир.
Некбинликдир, аммо шошмангиз,
Кимнинг жони сиқиларкан, Жоҳиддир.

У ер-бақирсанг товушинг чиқмас ташқари,
У ер-жиловингни девлар тишлаб ушларкан.
Деворлар тош, эшиклар темир,
Ўрганган нарсаси эди яшамоқ…
Ким ўлимдан қўрқиб, унга қочаркан, Жоҳиддир.

Ким ўлимдан қўрқиб, уни қучаркан, Жоҳиддир…

Абдулатиф Абдуллаев таржимаси