Тойир Жароков (1908-1965)

Тойир Жароков (Тайыр Жароков) Ўрол вилоятининг Ўрда тумани, Жетибой овулида дунёга келган. Дастлабки маълумотни рус-қозоқ бошланғич мактабида олган.
Илк шеърлари 1927 йилда “Оқинлар” адабий тўпламида “Олтин кун” номи билан чоп этилган. 1931 йилда Олмаотадаги Абай номидаги Педагогика институтини томомлаган. 1934-1936 йилларда Ленинград Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олган. Илк шеърлар тўплами “Юлдузлар ёғдуси” 1932 йили нашр этилган..
Т.Жароков кўплаб орден ва нишонлар билан мукофотланган.
“Гулхан атрофида” (1949), “Тошқин” (1949), “Қўшиқ қаноти” (1956), 2 жилдлик “Танланган асарлар” (1958-59) ва бошқа тўпламлари эълон қилинган.

ДУТОР БИЛАН ДЎМБИРА

Ўзгамас, ўз элимсан, Ўзбекистон,
Кўрингунг кўзга кўркам сен олисдан.
Кўзингда нур ёнганда жонга яқин,
Шеъримиз етиб борди сенга шу дам.

Қай оқин ўзбек элин зўр ҳурмати,
Қадрдонлик ҳаққи-чун барқ урмади?!
Юрагин ўти билан битиб байтлар,
Қай оқин бу дўстлик деб чарх урмади?!

Биз элдан, эл ҳам биздан олар илҳом,
Икки эл зафарларда қозонар ном.
Она сути янглиғ эгиз фарзандларга
Ойдинда мавжланар Сир ажиб оқшом.

Чирчиқ ва тўлқин отган Буқтарма*нинг
Нурлари ушалтирди эл армонин.
Пахтаорол оқ пахта гулин сочса,
Қозоқнинг дашти тўкди олтин донин.

Шеърга солиб узуму анорларин,
Мақтаган чоғ сиз ўзбек паловларин,
Ғафур ака, кўрингиз, Собит оға
Бўз қирда тикди инжу яловларин!

Суямиз олманию анорни биз,
Тўлдирди ширин болга қанорни куз.
Бир боғда ўсган нақшин мевадайин
Эртанги оқ тонгларга хуморлимиз.

О, кўркам қозоқ йигит бармоқлари
Дўмбира чертиб турса сайронлатиб,
Ойдин бир кўлда сузган оққувдайин
Қиз рақси қўяр элни ҳайронлатиб.

Оққувнинг боласидай бўйинларин
Нозлатиб, бошлаб латиф ўйинларин,
Эврилса тўқсон бураб хипча белин,
Ўзига мафтун айлар элнинг барин.

Қалбимга ошно қилиб мехримни чин,
Талпиниб юрагим-ла дуркун-дуркун,
Тошкентга ажиб шеърим айтиб келдим —
Қабул эт, қучоғинг оч, қардош юртим!

Кўркланиб отса уфқдан ажойиб тонг,
Елвагай кийиб дўппи, ола чопон,
Боғига ўзбек оғам сув оқизса,
Ан солар қир бошида қозоқ чўпон.

Ҳангома чопондамас, чўпондамас,
Олқишу ҳамду сано, хандондамас,
Жазм этиб парвоз сари элни мудом,
Чорласак, мудроқ диллар уйғонса, бас!

Қўшнимиз — битта эрур тақдиримиз,
Меҳр ва мурувватдир қалб сиримиз.
Севгимиз қўрига қўр қўшмоқликка
Маҳшаргача бурчлимиз ҳар биримиз.

Ортда қолсин мозийнинг фарёдлари,
Толе қучсин эгиз халқ зурёдлари.
Не ажаб, зафарларга эш икки эл
Биргаликда учса гар само сари!
_________________
* Чирчиқ дарёсига қурилган Буқтарма ГЭСи.

ҚАНТАР

Қантар ойи сулувдир, ҳаво очиқ,
Теварак жим, сукутда, қорлар босиб.
Кўринади ярқираб қир-адирлар,
Қўйгандайин тонгдан нақ шакар сочиб.

Эл сергир* қалъадаги, даладаги,
Ғичирлар оёқ боссанг дала қори!
Қизариб қўш бетингда ўйнайди қон,
Бу сенга изғириннинг меҳр изҳори.

Биллурдек мусаффодир қантар ойи,
Туш кўриб ётар юртнинг қири-жойи.
Қарасанг тоққа — кўзинг қамаштирар,
Қор руқинг аллалайди заб киройи.

Мол боққан Айдарлида – отардаги
Чўпонлар шод-мамнундир қатордаги –
Қийналмай қиш қўноғин қаршилашга,
Келувчи аёз билан қантардаги.

Турибди тўзғимайин қамиш қўра,
Илиқдир ичи, чунки молга тўла.
Оқ тўнли чўпон бобо қоровулдир,
Тўламиш ўзимизнинг таниш бола.

Тўламиш ўзи шу кеч қор олдига
Чиқиб бориб молларга қаради-да,
Чақириб чўпонларни кулбасига
Даладан кирди қайтиб шом олдида.

У дарҳол исинаркан уйга кириб,
Қўранинг атрофида зир югуриб,
Қор сочар қашқир қулоқ сур теватлар,
Узоқдан қора кўрса бирдан ҳуриб.

Осмон — кўк, дала — оқ қор, тун мудрайди,
Юлдузлар мисли чўғдек милтирайди.
Чўпоннинг отардаги кулбасига
Янги йил кирмоқ учун изн сўрайди…

Чўпонлар Янги йилга ялт қарашиб,
Бир-бирин табриклашар заб яйрашиб:
— “Сочув!“ – деб учқунларни сочди ҳар ён,
Улардан бири шампань оғзин очиб.

Ҳай, шундоқ қилиб, Янги йил бошланди,
Янги руҳ чулғаб олди ер-осмонни.
Мен эса шеърлар билан қаршилайман
Мадҳ этиб кенгликларни, мард чўпонни!
_______________
* Камаяди, тарқайди маъносида.

ЎЛАН

Ўлан сулув – уятчан баъзан қиздай,
Баъзан қўймас юракдан куй оқизмай.
Жонсиз ўлан туйғунгни совутгандай,
Босилади юракка баъзан муздай.

Ўлан — гоҳи нозланган гўзал ёрдай,
Гоҳ ловуллаб, гоҳ тафтинг босилгандай!
Гоҳ осмонни ёргандай ялт-юлт этиб,
Ўт-чақмоқнинг қувватин оширгандай!

Ўлан — баъзан боладай талпинади,
Баъзан она қалбидай балқимали.
Баъзида шўх денгизнинг тўлқинидай,
Феъли бордир “тентакнинг“ шалқимали!

Гоҳи кибру ҳавода керилган кас
Ўлан қадру қимматин ҳеч бир билмас.
Менсимаслик мумкинми ўланни, айт,
Асл ўлан боқийдир, ҳеч ҳам ўлмас!

Мирпўлат Мирзо таржималари