Асқар Расулов (1954)

Асқар Одилўғли Расулов (Əsgər Rəsulov) 1954 йилда Нахичеванда туғилган. 1976 йилда Озарбайжон Давлат университети Шарқшунослик факультетининг Турк тили ва адабиёти бўлимини битирган.
1980 йилда “Турк филологияси” кафедрасида илмий фаолиятини бошлаган. Ҳозирда филология фанлари доктори, профессор. 1976—1979 ва 1989— 1995 йилларда Туркия Республикасида референт-таржимон вазифасида ишлаган.
“Турк насри” (2004), “Таржима назарияси доирасида Туркия туркчаси ва озарбайжон тили” (2007), “Турк тили” (2007, ҳаммуаллифликда), “Туркча-русча-озарбайжонча тилчилик терминлари лугати” (2010, ҳаммуаллифликда) каби 10 га яқин китоб, Озарбайжон ва чет элларда чоп этилган 100 дан ортиқ илмий мақола муаллифидир.
Озарбайжончадан туркчага ва туркчадан озарбайжончага кўп китоблар таржима қилган. Озарбайжон Давлат телерадиосининг хорижий эшиттиришлар редакцияси учун туркум-туркум очерклар ва пьесалар ёзган. “Тилмоч” номли шеър ва поэмалар китоби нашр этилган (2006). Шунингдек, унинг “Рақс илоҳаси ва шоир” (2008), “Сукутнинг суиқасди” (2009), “Ўлдиришнинг ҳикмати” (2009) достонлари ҳам журналларда чоп этилган.

ҲИЖРОННИНГ УМРИ

“Ҳижроннинг умри” муаллифи Теймур Каримлига

Энг узун тун ҳам битар,
Қиссаларин бошлар тонг.
Шафақ зулматни татар,
Зулмат сўнар онма-он.

Инсон учун бекат йўқ,
Соҳил йўқ замон учун.
Кеча елда шамини
Эритар инсон учун.

Тақвиму соат куннинг
Тилимланган замени.
Тақвим умр йўлининг
Вақтга айлаган они.

Ҳар бир ҳижрон умрининг
Ўз узун кечаси бор.
Ҳижрон кечаси ўзга,
Тақвимга боқмас зинҳор.

Замон ҳаётимизнинг
Энг кескир қиличидир.
“Ҳар дақиқа яралар,
Ўлдирган қирқинчидир.”

ЯНГИ ФИКР

Янги сўз сўзламоқ дарди
Сени безовта айламасин.
Илҳом париси чарх урар,
Кезсин, қонинг қайнамасин.

Токи сенинг айтилишга
Янги фикринг, сўзинг бўлсин.
Бекиниб ётган матлабни
Кўра билгич кўзинг бўлсин.

Нуқта, вергул, калом, санъат,
Бокир бўлган фикр, туйғу.
Сен эскидан янгини ярат,
Тафаккурга кўрсат қайғу.

Фикр дувоққа бурканган
Қиз-келин бичиминдадир.
Нимдош қобиқли садафнинг
Марвариди ичиндадир.

ДЕНГИЗ СУВИ КАБИСАН

Кириб буҳрон ёшингга,
Қолибсан тоқ бошингга,
Ўз қўлинг ўз бошингга
Ёстиқ бўлгандан бери.

Унутмишсан ҳар нени —
Упа, элик, сурмани,
Кўзёшинг мужгонингни
Намлик қилгандан бери.

Унут дединг, унутдим,
Жавобан сен унутдинг,
Мен ўз сўзимни тутдим
Бездик дегандан бери.

Денгиз суви кабисан,
Хайфки, на ичиларсан,
На-да воз кечиларсан
Дўстмиз дегандан бери.

Миразиз Аъзам таржимаси