Вилма Стокенстрём (1933)

Шоира Вилма Стокенстрём (Wilma Johanna Stockenström) Трансваалда туғилган. Стелленбош университетининг адабиёт факултетида драматургия бўлимини тамомлади. Бир неча йил драматик асарлар ёзди, уларни саҳналаштирди, асарлари радио ва ТВда қўйилди.70-йиллардан бошлаб шеърлар ёзишга киришди. “Эътиборли ўқирманлар учун” (1970), “Сув кўзгуси” (1973), “Унутилиш ва довруқ” (1976) тўпламлари чиқди-ю, унинг номи оммалашиб кетди. Китоблари Кейптаунда, сўнгра бошкент Преторияда ҳам чоп этилди.
В. Стекенстрём умуминсоний, азалий нарсалар ҳақида, яъни муҳаббат, болалар, хусусан, ХХ юзйилликнинг фожиавий ҳодисалари – урушларда болаларнинг ўлдирилиши, ер юзидаги миллий-озодлик ҳаракатларининг аёвсиз бостирилиши ва, албатта, ўз фожиалари тўғрисида ёзади. Чунончи, Шарпевиль ҳақда.
Шарпевилда, Йоханнесбург этагидаги занжилар посёлкасида 1960 йил 21 мартда полиция африкалик намойишчиларни отиб ташлаган эди. Кейин БМТ 21 мартни Ирқчиликка қарши Кураш куни деб эълон қилди. Ҳар йили бу кун бутун дунё халқи ирқчиликни лаънатлаб нишонлайди.
Ўша 1960 йил воқеаларини ўз кўзи билан кўрган 27 ёшли Вилма Стокенстрём бу ҳодисани ҳеч хотирасидан ўчиролмади ва узоқ йиллар Шарпевил аҳолисини ҳимоя қилувчи шеърлар ёзди.

ҚЎРҚУВ

Тикон сим бўйламаси осилгансиз, болалар, қийқимлардай;
сайёҳлар кўришсин деразалардан,
“Танидик, танидик, Африка бу!” десинлар.

Қассоб. Шарпевил – сенинг энсанг. Шарпевилда ҳамма нарса –
шундай қассобларнинг энсаси. Шубҳа йўқки,
кафеларнинг тикка-тик ўтирғичларида
варақилардан олдин варақаларни олишади, агарда
уларда янги тўкилган қон руҳияти бўлса.

Газетачи, йиртқич қуш каби, отилиб бориб,
келинчакнинг фатасини юлқиб олади,
воқеанинг ҳаммасини рангдор тасвирлаб бериш учун,
икир-чикиригача: яланғочлик, қалтираш, эҳтирос,
ғунчанинг очиб ташланиши ва бўғиқ ингроқ,
яъни аслида қандай бўлган бўлса, шундоқ гапириб бериш учун.

Сув оқизиб кетаётган сон-саноқсиз жажжи ўликлар,
чивинлар, чирилдоқларга ўхшайдиган чоллар
ҳокимлар қарови сустлигидан шаҳарга отилиб кирадилар.
Юкчи машиналар сиреналарини ёқиб
ахлатларни чиқариб ташлашга шошиладилар.
Худди дорларга ўхшаб светофорлар сўппайиб турадилар
йўл ёқаларида.
Бошлиқлар матбуот вакилларига изоҳ берадилар.
Юртда эса, тупроқ заранглашиб, қуриб кетган.
Қанотларини ёяр намойишкорона, зафар билан
ҳайбатли бир қўрқув.

ЁЛЛАНГАН ОДАМ

Ўз ишининг устаси, ёлланувчи одам, урушмоқчи бўлган шахсларга,
ким бўлишидан қатъи назар, ўз хизматини таклиф қилади.Керакли жойга етказиш – ёлловчи ҳисобидан, ишнинг нархи – “келишамиз”.
Малака гувоҳномаси: жароҳатлар, чандиқлар –
худди Плайя , Катангада терига ёпиштириладиган қоғозлардай,
худди Қобилни ўлдирган Ҳобилнинг муҳридай манглай
ўртасида: Биафра.
Мана шундай кунбай ўлдирувчининг ҳақиқий турқи-таровати,
мўйлови тулкимўйлов, ёвуз кўзлари зангори-мовий,
мистер ташланди, мистер ипирисқи! Қани кетдик, олғааа!
Товламачи ва нўноқ, ифлос латта – қуролини тортиб олган
бўлсангиз. Олмаган бўлсангиз –эҳҳ-ҳе! Қани кетдик, олғааа!
Ўтақаҳрамон, ўтаэркак, қисқаси – шоввоз бир жангчи.
У жангчидир, масалан, Жануби-Шарқий Осиёнинг барги тўкилган
жунглилари учун, у ерда заҳарли газлар таратувчи денгиз узра
дарахтларнинг ўлик шохлари зўрға-зўрға кўтарилиб туради.
Роттердам, Хиросима, Дрезден – унинг рекламаси.
Бу ишда энг муҳими – қўлларнинг чаққонлиги, керак бўлса
ўзганинг катта “нон”идан бир бурда ундириб қолиш ўзи учун.
Қани кетдик, олғааа! Аммо бу қанақа қўйларнинг суруви бўлди?
Бу қувноқ йигитча – ёши ўтган болаларнинг ёлланган қўшинлари,
булар нимаси? Буларми? Булар ҳурматли унвон эгаларидир!
Қани ғурур билан жилмайинг, қўлларни шай қилинг,
кўзлар порласин!
Бу сенинг сўнгги имконинг, сен – бўшашган ўспирин жангчисан,
Эгилган елкангда ўқ-дорилар билан имиллайсан сен.

Ҳарбий машқлар учун шайдир: снарядлар, сувости қайиқлари,
ҳаммаси олий нав, яп-янги, ҳали пломбаси ечилмаган,
эндигина қўлдан чиққан, шундай башанг, ҳимояловчи рангли –
булар ҳаммаси урушнинг яралари, мохов доғларини яшириш учун,
ёйилаётган дардларини бекитиш учун – шу қўрқинч ниқоб
остида қилинади
инсон қиёфасининг бузилганини, йўқ қилинганини хаспўшлаш учун.

КАТТА ҲАЙКАЛ ЎРНАТИШ БЎЙИЧА ЧИҚАРИЛГАН ҚАРОР

Бир ҳайъат бир қишлоқни зиёрат қилди
ва шундай қарор ўйлаб чиқарди (аниқки, черков атрофида,
почта-робита олдида, манзарали жойларда
номдор бошлиқлар эскорти билан сайр қилди,
шунда бошлиқлардан бири занжи кулбаларин кўрсатиб,
улар билан қўшни бўлмаслик иложсизлигидан ўкинчини айтиб ўтганди):

шу ерда катта ҳайкал ўрнатилади –

замон ўзига хос манзара яратар ўз-ўзидан,
водий эса шу қадар шоирона игнабарглар,
дасторгуллар, арчагуллар билан қопланган,
тупроқ чириндиларга бой, яна дарёси ҳам
жигарранг ердан бошланиб келиб,
денгизга етганда оппоқ, кўпириб туради;

қора чашмаларни бунда эсламайди ҳеч ким.

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси