Юрий Казаков. Ёзувчининг матонати ҳақида

Мен турли-туман денгизчилар ва сайёҳлар келавериб, оёқ ости қилиб юборган ивирсиқ ҳамда ажойиб Архангельск меҳмонхонасининг юқори қаватида, латта-путта, бўм-бўш халталар; бу этигу сигарет қутилари, олмослару милтиқлар, патронлар ва қўйингчи ҳар бало палпис сочилиб ётган хонада адабиёт ҳақидаги асабий, беҳуда мунозаралардан сўнг ҳориб-чарчаб, ойна ёнида ғамгин ўтирардим. Алламаҳал бўлиб қолган; сокин, оппоқ-ойдин тун вужудимга аччиқ бир оғу сингари сингиб-сингиб борар, негадир беихтиёр мени йироқларга чорлар… Кўнглим ғаш эди ва боягина маҳаллий бир билимдон билан адабиёт ҳақида қилган баҳсимизни эслаб ёзувчининг жасорати ҳақида ўй сурардим.
Ёзувчи довюрак бўлмоғи керак, дея фикр юритардим мен, чунки ҳаётининг турган-битгани машаққат. У қўлига қалам тутиб ёлғиз қолган кезларида дунёдаги ҳамма нарса унга халал бера бошлайди. Шу чоққача ёзилган миллион-миллион китоблардан тортиб, қўйингчи, буларнинг бари эски, сийқаси чиққан гап, булар ҳақида аллақачон айтилган, яна бош қотиришнинг кимга кераги бор-а, деган хаёл ҳам кони зарар; баъзан туйқис жунбушга келувчи бош оғриғи ва умидсизлик, шу лаҳзаларда унинг ҳолидан хабар олгани келган ёки келаётган, қўнғироқ қилаётган таниш-билишлар; шу тобда қилиниши шарт ишлардан ҳам муҳимроқ туюлаётган тирикчилик ташвишлари, икир-чикир юмушлар ҳам душман. Илло, ташқарига – мусаффо, сўлим табиат қўйнига чорлаётган алланимани ҳис қилиш, номаълум бир бахт намосини бир мартагина тотиб кўришга даъват этаётган нурафшон офтоб ҳам дардисар. Қўйингчи, юраги ўртаниб оғриган ва ишлагиси келмаган булутли оқшомлари унга ёмғир ҳам ҳалал беради.
Атрофида ҳаёт барқ уриб яшайди, энтикади ва нафас олади, олам қаёққадир талпинади, йўргакланган онлариданоқ ана шу оламнинг асири бўлган ёзувчи эса эл қатори яшашга ҳақли эканига қарамасдан бундай дақиқаларда бир ўзи ёлғиз қолишга маҳкум, ёлғиз қолишга мажбур. Шунинг учун ёнида на маҳбубаси, на онаси, на болалари – ҳеч кимса бўлмаслиги, у ҳаётини, умрини бахш этган ҳис-ҳаяжон, қаҳрамонлари, уни мафтун этган муқаддас Сўз билан қолиши шарт.
Ёзувчи топ-тоза қоғоз билан ёлғиз қолдими, бас, унинг ёзишига ўша заҳоти шунчалар кўп, шунчалар кўп нарса ҳалақит бера бошлайдики, тасаввур қилолмайсан. У дахлсиз, фақат ўзига тегишли тасаввурлар оламида яшамоғи лозим ва алланечук номаълум, ҳеч ким ҳеч қачон кўрмаган, ўзи учунгина тирик, жонли одамлар ҳақида гўё ўз хешу-ақробаларидек ўйлашга мажбур; буёқда – ташқарида эса ҳар бир гиёҳ, ҳар бир нарса ўзининг мавжудлигини кўз-кўз қилади, уни чалғитади, ўз бағрига чорлайди. Ёзувчи деразадан аллақаёқларга кўз ташлаб ўтиради-ю, бироқ бари бир ҳеч нимани кўрмайди, кўролмайди; унинг кўзига ёлғиз шу кунгача ёзган саҳифалари, ўтган ва ўтаётган кунлар ҳамда эртанги ҳаёт, омадсизлик ва умидсизлик кўринади.
Бундай пайтларда у жудаям қийналади, ўзини беҳол ночор ва ожиз сезади. Ҳолбуки, у ўзига ҳеч ким ёрдам беролмаслигини билади. Чунки бу оламда у танҳо қолишга маҳкум.
Ҳамма бало шундаки, ҳеч ким, ҳеч қачон унга ёрдам беролмайди, қалами ёки ёзув машинкасини олиб оғирини енгил қилолмайди, қандай ёзиш кераклигини ўргатолмайди. Бинобарин, ёлғиз ўзи буни эплаши зарур. Мабодо, ўзи эплолмадими, тамом, у ҳеч қачон ёзувчи бўлолмайди. Сени соғ-касаллигинг, ёзишни эплайсанми-йўқми, бардошинг етадими – ҳеч кимга қизиғи йўқ. Мана шуни била туриб, ёзиш, ишонсанг, ҳақиқий жасоратдир. Агарда ёмон ёзган бўлсанг, унутма, на унвон, на мукофот, на ўтмишдаги шон-шуҳратинг жонингга ора киради. Тўғри, баъзан бўш асарингни эълон қилиниши учун амалинг асқотиб қолади, дўстларинг оғзини кўпиртириб мақташга ошиқадилар ҳамда сен қалам ҳақини ҳам оласан, аммо шуни унутмаки, сен энди бари бир ёзувчи ҳисобланмайсан…
Ҳаммасини ибтидодан бошламоқ учун эса матонатли, мард бўлиши керак. Узоқ вақт ёзолмай қийналиб, ўз ёғингга ўзинг қовурилиб юрганинг ёки умуман ёзишдан безиб кетганингда кутмоқ ва чидамоқ учун ҳам катта жасорат керак. Агар ироданг кучли бўлса, тоқат-шижоатинг етса, бас, бир кун келиб яна истеъдод билан ёза оласан.
Ҳақиқий ёзувчи бир суткада кам деганда 10 соат ишлайди. Кўпинча у ёзолмай қолади, шунда кунлар, ҳафталар ўтиб кетади, ёзаётган асарини давом эттиролмай ҳамда буларнинг барчасидан воз кечиб кетолмай, қийналиб юрганида олтиндан қиммат вақти тез ва самарасиз ўтиб бораётганини телбаларча, йиғлагудек ҳис қилади.
Ва ниҳоят асар тугайди. Ажабо… ўша лаҳзалардан сўнг кўнгли шунчалар ҳувиллаб қоладики, назарида энди бир мисра ҳам ёзолмайдигандек туюлади. – Хўш, нима бўпти, мен ахир ўз вазифамни адо этдим, деб ўйлаши мумкин у. Бундай асарни шу пайтгача ҳеч ким ёзмаган. Мендан аввал Толстой ва Чеховлар ижод қилса қилгандир, аммо буни мен ёздим. Бу ўзига хос асар. Менинг ёзганим уларникидан ёмондир. Аммо меники ҳам бари бир анчайин маъқул асар-ку. Ҳар қалай, ҳали яхши-ёмонлиги ҳам маълум эмас, қани, бирорта ёзувчи менчалик ёзиб кўрсинчи!
Хаёлини муттасил банд этган асарини тугатгач, ёзувчи худди шундай деб ўйлашга тамом ҳақлидир. У ахир сўнгги нуқтани қўйди, бу ўзидан ўзи ғолиб чиқди, дегани эмасми?! Оҳ, шодликнинг умри бунчалар қисқа!.. У ҳориган, айни чоқда зудлик билан янги асарини ёзишга ўтиради; ҳозир эса кўнгли қувонч тусаяпти. Хушбахтлик қанчалар мухтасар…
Дарвоқе, баҳор ўтиб кетганини, айтайлик, ўша апрелнинг илк кунлари – тунда, осмоннинг ғарб томонида йиғилган қора булутлар қаъридан бетиним, мунтазам ва кучли илмилиқ шамол эсиб қорлар эрий бошлаган пайтдан бери анча вақт ўтганини бирдан пайқаб қолади. Орадан шунча вақт ўтибди. Музлар кўчиб, ирмоқлар жилдираб оқа бошлабди; илк майсалар кўз уқалаб, қушлар учиб келибди, бошоқлар тўлиб, сарғайиб пишибди ҳамки у сезмабди; буларнинг биронтасидан огоҳ бўлмабди. Ҳолбуки, у куну тун ёзишдан бош кўтармай, хаёлан ўз қаҳрамонлари оламида яшаган кезлар ер юзида нималар содир бўлмади, халқлар, мамлакатлар ҳаётида қандай воқеа ва ҳодисалар юз бермади дейсиз. Унинг учун бу кунлар энди сира қайтиб келмайди. Умрнинг бу фаслини ҳеч ким ҳеч қачон унга қайтариб беролмайди.
Кейин у асарини журналга элтиб беради.
Иши ўнгидан келиб, масалан, унинг асарини катта қувонч билан қабул қилишди, дейлик. Ёзувчига зудлик билан сим қоқадилар ёки телеграмма жўнатадилар: уни табриклайдилар. Бу асар бошқа журналда эмас, ўзларида эълон қилинаётганида фахрланадилар ҳам. Ёзувчи редакцияга ташриф буюрганида ўзини эркин ва хуррам тутади. Ҳамма одамлар уни кўрганликларидан, у эса одамларнинг бунчалар ёқимтой эканлигидан қувонади. “Азизам, албатта эълон қиламиз, албатта – дейишади, — уни 12-сонига киритдик”. Бу декабрда чиқади дегани. Декабрь – қиш. Ҳозир эса айни ёз…
Ҳамма ёзувчига жилмайиб, очиқ юз билан қарайди. Унинг қўлини қисиб, елкасига дўстона қоқиб қўядилар. Уларнинг ҳаммаси гўё ёзувчи яна 50 йил умр кўрадигандек муомала қиладилар. Гўё олти ой, унга олти кундек гап.
Ёзувчи учун эса, ғалати, машаққатли давр бошланади. У кунларининг тезроқ ўтишини истайди. Ёз тезроқ ўта қолсайди. Кейин куз келади. Уни ҳам жин урсин. Унга декабрь керак! Мана нима! Қишни кутавериб унинг тоқати-тоқ бўлади.
Ҳолбуки, у яна боши билан ишга шўнғийди. Ёзганлари яна ўзига гоҳ ёқиб, гоҳ ёқмайди. Йил ўтади, яна апрель – баҳор сабил қолади. Ниҳоят, навбат танқидчиларга етади ва эски нарса учун унинг таъзирини бера бошлайдилар.
Ёзувчилар ўз асарлари хусусидаги мулоҳазаларни ўқишади. Баъзилар асарлари хусусида айтилаётган гапларга гўё қизиқишмасмиш. Бу нотўғри. Турли миш-мишлар, адолатсиз танқидларга ортиқча куйинмаслик, ғазабланмаслик учун, қаттиқроқ сўкаётган бўлсалар ёзишдан совиб кетмаслик, мақтанаётганларида эриб кетмаслик учун айниқса, мана шу дамларда жасорат сув билан ҳаводек зарур. Мақтов ёзувчи учун бамисли заҳар. Бунинг оқибатида у ўзига ортиқча баҳо бера бошлайди. Пировардида ёзувчининг ўзи ўрганиш, изланиш ўрнига бошқаларга насиҳат қила бошлайди. Ахир, бу асарини ҳар қанча яхши ёзган бўлмасин, ундан аълороқ ёзиши мумкин эмасми?! Бунинг учун мард бўлиши ва ўқиб ўрганишдан қочмаслиги керак холос.
Аммо, мақтов ёки миш-мишлар ҳолва. Энг ёмони сени тилга олмайдилар. Мана бу даҳшат. Ёзувчи яхши асарлар ёзганига қарамай, ҳеч ким аҳамият бермаётган пайтда, айниқса, матонатли бўлиши керак.
Адабий ҳақиқат, ҳамиша ҳаёт ҳақиқатларидан туғилади, модомики, шундай экан совет ёзувчилари ижодкорлик жасоратига ўзлари қаламга олаётган одамлар – замин қиёфасини пешона тери билан ўзгартираётган ишчилар, учувчилар, денгизчилар шижоатини ҳам сингдира олиши лозим. Ҳар бир ёзувчи имкони борича турли-туман одамлар, бир-бирига мутлақо ўхшамаган тақдирлар ҳақида ёзади, модомики шундай экан, у ўша одамларнинг ҳаёт тарзини билиши ва ҳис қилиши учун улар билан яшаши, жилла қурса уларнинг турмушини ўз кўзи билан кўриб ўрганиши керак. Зарур бўлса ўшалар каби геолог, ўрмончи, деҳқон, овчи, ҳатто тракторчи бўлиб ишлаши керак.
Совет ёзувчиси ҳали дунёда зулм барҳам топмаганини, қаердадир оддий инсоний ҳуқуқларидан маҳрум эрксиз одамлар яшаётганлигини, зўравонлик ва очлик, жаҳолат, уруш ҳамда фашизм ҳукм сураётганини унутмаслиги керак. У имкони борича бу иллатларга қарши исён кўтармоғи, одамларни курашга даъват этмоғи лозим. Бўҳтон, риё ҳамда жиноятларга қарши бонг урмоғи керак. Бундай даъват алоҳида таҳсинга лойиқ жасоратдир.
Ниҳоят, зарурият туғилса, солдат бўлиши, солдатдек жангга кирмоғи, омон қолса яна ҳақиқатни ёзишга ўзида куч, бардош топмоғи керак.
Зеро ёзувчининг ижодий жасорати ҳар маҳал турғун ва собит бўлмоғи лозимдир. Чунки ёзувчининг ҳаёти ва фаолияти ҳар кун, ҳар дақиқа жасорат талаб қилади.
Буни у ҳеч қачон унутмаслиги лозим. Негаки, у бир, икки кун эмас, умрбод ижод қилади. Ҳар сафар янгитдан бошлаш зарурлигини, эндиги гал қийинроқ бўлажагини у яхши билади.
Агар ёзувчи шижоатли бўлмас экан – тамом. У ҳар қанча истеъдодли бўлса ҳам фойдаси йўқ, иқтидори уни сақлаб қололмайди. У ҳасадгўйга айланади, ўз биродарлари – қаламкаш дўстларига хиёнат қила бошлайди. Мудом ўз номини аллақайси бир мақола ёки маърузада тилга олмаганликлари ва мукофот берилмаётганлиги ҳақида ўйлаб ғазабдан кўкариб юради. Пировард натижада ёзувчилик бахти нимадан иборат эканлигини бир умр билмай ўтиб кетади… Ваҳоланки, ижоднинг қувончлари бор.
Зеро, бундай дақиқалар ёзувчининг ҳаётида албатта содир бўлади. Ҳар нечук унинг пешонасига ҳам яхши кунлар ёзилган. Бу айниқса, кеча ёки аввалги кунлар кўнглига умидсизлик солган асарини бугун яхши ва мароқ билан ёзаётган ёзув машинкаси тўхтовсиз чиқиллаётган ва битган саҳифалар бирин-сирин кўпайиб бораётган маҳалда кўпроқ билинади. Бу, айниқса, ёзувчи ўзини ҳалол, ҳар нарсага қодир эканини ҳис этганда сезилади.
Асарнинг энг кучли бобини ёзаётган чоғида у ҳаммаси бир сўздан бошлангани ёки пайдо бўлгани ва бу сўз – илоҳий эканини бирдан эслаганда билинади. Бундай ажойиб сониялар буюкларга ҳам насиб этмаслиги мумкин. Аммо шижоатли ёзувчиларга уларнинг барча қийинчиликлари – машаққатли меҳнати, умидсизлик ва қониқмасликлари эвазига мукофот тариқасида илоҳий лаҳзалар ато этилган бўлади. Ёзувчи ёзиб тугатгач, мана шу саҳифалар асарнинг бошқа боблари ва қисмларидан кучлироқ эканлигини, бундан ташқари айнан мана шу саҳифалар адабиёт оламида қолажагини ҳис қилади.
У фақат ҳақиқатни ёзиши кераклигини, унинг учун нажот ёлғиз мана шунда эканлигини тушуниб қолганда ўзини бахтиёр сезади. Фақат сен кашф қилган ҳақиқатни ўша заҳоти сўзсиз қабул қиладилар, деб ўйлаш ярамайди. Сен ўша сон-саноқсиз нотаниш одамлар учун ёзаверишинг, ҳеч қачон иккиланмаслигинг, юрагингдаги ҳақиқатларни ўша одамлар учун тўкиб солаверишинг керак. Ахир, сен редактор ва танқидчи учун эмас, ёки эл қатори сенинг ҳам бир эҳтиёжларинг бўлишига қарамай, жин урсин, пул учун ёзмайсан. Дарвоқе, пул топиш учун ёзувчилик қилиш шарт эмас. Пул топишнинг бундан ҳам осонроқ йўллари бор. Сен эса авваламбор сўз ва ҳақиқатнинг муқаддаслигига имон келтириб, сўнгра қалам тебратасан. Демак, ёзиш жараёнида адабиёт инсониятнинг ўзлигини англаш воситаси ёки ўзини макон ва замонда устувор, қойим ифодалаши ҳақида фикр юритасан. Буни эса ҳеч қачон унутмаслик керак ҳамда зиммангга яратишдек шарафли бурч тушганидан фахрланиб юриш лозим.
Гоҳо бирдан соатга кўзинг тушиб қолади-ю, вақт алламаҳал бўлиб қолганини, ер юзига тун чўккани, поёнсиз кенгликларга чўзилиб кетган курраи-заминда тирик жон ором олаётгани ёки бир-бирини севишдан бўлак ҳеч нарса билан қизиқмаётганликлари, хунрезликка иқтидо қилаётганлари ва аллақаерларда бомбалар ортилган самолётлар изғиб юргани, боз устига қаердадир кимлардир рақсга тушаётганлари кўз олдингга келади. Ҳар хил радиостанцияларнинг дикторлари қандайдир ёлғон-яшиклар, беҳуда юпанч, ташвиш, шоду-хуррамлик, умидсизлик ва ишонч ҳақидаги ваъзлари учун электр қувватини исроф қилаётганликлари ҳақида ўйлайсан ва ушбу соатда сен шунчалар дармонсиз, танҳо бедор ўтириб, бутун олам ҳақида қайғурасан, жамики одам болалари оқибат – охир бахтиёр ва озод бўлишини, ер юзида меҳнат, ижод қилиш сув билан ҳаводек бир заруриятга айланажагини, тенгсизлик, уруш, ирқчилик ва қашшоқлик батамом барҳам топишини истайсан.
Зеро, энг катта бу зим-зиё тун қўйнида бедор ўтирган фақат ўзинг эмаслигини ҳис қилишда. Сенга ўхшаб ҳамқадам биродарларинг – бошқа ёзувчилар ҳам бедор ўтирибдилар. Зотан, барчангизнинг мақсадингиз битта – у ҳам бўлса олам чароғон, одам янаям инсоний бўлишидир.
Дунёни янгитдан қуриш ёки ўзгартириш ҳуқуқинг йўқ. Аммо бу ҳаётда сени ўз ҳақиқатинг ва ўз каломинг бор. Ва сен ўз бахтсизлигинг, муваффақиятсизлигинг ҳамда омадсизлигингга қарамай одамларга қувонч улашиш ва ҳаёт бундан кўра гўзалроқ бўлиши керак, деб муттасил равишда бонг урмоғинг учун яна минг чандон жасурроқ бўлмоғинг зарур!

Олим Отахонов таржимаси