Нодар Думбадзе. Талико (ҳикоя)

— Ҳой, эшитяпсанми, трусигингни ҳиёл пастга туширгин! — деб илтимос қилдим.
— Бу яна нимаси бўлди? — дея ҳайратланди Талико.
— Трусик — иштон дегани. Шаҳарчасига, — деб тушунтирди Циала мендан баттар ажабланиб.
— Нега энди пастга туширарканман, жиннивой? — дея кулди Талико.
— Холингни кўрмоқчийдим! — деб илтимос қилдим.
— Яна қанақа хол?
— Киндигингнинг тагида, ўнгроқда-чи. — Талико нўхотдек, қоп-қора, чиройли холини очиб кўрсатди.
— Агар ақли бўлганда бу ерда эмас, манави жойимда бўлиши керак эди! — Талико шундай деди-да, бош бармоғини ёноғига ниқтади, кейин ўғил болаларга ўхшаб бошини ҳиёл эгиб, сувга шўнғиди.

* * *

Шу воқеаларга ҳам қирқ йил бўлибди.
Ўша вақтда мен, Талико, Циала ҳамда бошқа синфдошларимиз етти-саккиз ёшда эдик, дарсдан кейин Чурчкала ариғимизда онадан қандай туғилган бўлсак, шундайлигимизча сувсепар ўйнаб, чўмилардик. Негадир ўша куни Талико билан Циала ечинишни хоҳлашмаганди. Шунингдек, мен ҳам. Ўшанда нега бундай бўлганини тушуниб етмагандим. Энди билсам: бу илк маротаба қандайдир тушуниксиз андиша ҳамда уят ҳисси қалбларимизга туташган кун бўлиб, Таликога қилган илтимосим ҳам болалик билан охирги видолашув они экан…
…Ўшанда бир йилдан сўнг онамнинг уруғлари мени вақтинча Сухумига олиб кетишди. Кейинчалик ҳам қишлоққа келиб турдим, лекин қанча сўраб-суриштиришимга қарамай, Талико билан учрашиш насиб этмади. Айтишларича, Талико жудаям гўзал бўлиб кетганмиш. Гурияда ундан сулув қиз топилмасмиш. Манаман деган йигитлар совчи қўйишса ҳам ҳеч қайсисига турмушга чиқишга унамабди. Куёвликка лечхумилик Авдидо Карселадзени танлаб, уйига етаклаб келибди. Карселадзе ҳақида узунқулоқ гаплар юрарди, эмишки, у авваллари шубҳали ишлар билан шуғулланганмиш. Ҳеч нарсадан тап тортмасмиш. Бошқалар эса, аксинча, унинг мардлигию олижаноблигини мақташарди.
Ҳозир — машҳури жаҳон ёзувчи — тобут тепасида бошимни қайғу-ла эгиб, мени боқиб катта қилган бувимга мотамда эдим. Қадрдон Чиагоуридаги ҳовлимизга тумонат одам йиғилганди.
— Қайғунгизга ҳамдардман, ҳурматли Нодар! Дадил бўлинг, бу иш ҳаммамизнинг бошимизда бор… Мени эслайсизми? Мен — Гурам Тотибадземан, — у анчагача қўлимни қўйиб юбормай маҳкам қисиб турди. Миннатдорчилик билдириб бошимни силкидим, шундан кейингина у мамнун узоқлашди.
— Бардам бўл, Нодар, ҳамма қариндош-уруғларинг ҳамдардмиз! Мени танияпсанми? Вой, нодон-ей! Ахир мен Дгапайаман, бувингнинг синглисининг набирасиман! — Биз қучоқлашдик.
— Вой-бу, ўзингмисан? Қанчалик ўзгариб кетибсан-а, йигитча. Марҳума яшаб улгурмаган кунларнинг ҳаммасини сенга ато қилсин!.. Танидингми? Ҳа, ҳа, Тухия Габунияман, бирга ўқигандик-ку!
Негадир одамлар бу ерга бувим билан видолашишдан ҳам кўра кўпроқ мен билан кўришиш мақсадида келишмаяптимикин, деб ҳайрон бўла бошладим. Марҳумани амма-холаю, тоғавачча ҳамда амакиваччалариму яна бошқа сон-саноқсиз қариндош-уруғларим назоратида қолдириб, тоза ҳаво олиш учун ҳовлига чиқдим.

* * *

Хушбўй мушмула дарахти тагидаги узун ходада Ражден Себискверадзе ўтирарди. Унинг атрофини анча-мунча одам ўраб олганидан, чол қандайдир қизиқ нарсаларни гапириб бераётганга ўхшарди…

* * *

Кечқурун, қариндош-уруғлару қўни-қўшнилар дастурхонга ўтиришларидан олдин ошхонага кирдим.
Эркаклар балиқларни кесиб, тарелкаларга солишаётганди. Аёлларнинг баъзилари ёғоч тоғораларда бодринг билан помидор тўғраб газакбости тайёрлашарди, бошқалари эса каттакон қозонда биқиллаётган қаҳрабодек гоми1 , учинчилари ловия пишириш билан банд эдилар. Камин олдида сопол трубкасини буруқситиб қишлоқ оқсоқоли Галако Сихарулидзе ўтирарди.
— Саломалайкум, батано2 Галако! — деб қария билан саломлашиб, ёнига ўтирдим.
— Саломат бўл, қароғим! Негадир сени танимаяпман? — Галако бобо мени танимади.
— Бу Нодар, Ангелинанинг набираси, — деб таништирди синфдошим Гия Тутберидзе, — ёдингизда бўлса керак, болалиги шу қишлоғимизда ўтганди.
— Э-ҳа, газетасида нуқул биз гурияликларнинг обрўсини тўкаётган анови болами? Нега бундай қиласан-а, ўғлим? — Галако трубкасини тошдек қотиб кетган кафтига қоқиб туширди.
— Неча ёшга кирдингиз, батано Галако? — дея гапни чалғитдим.
— Бир юз ўн еттига.
— Вой-бў! — дедим беихтиёр.
— Рост. Бувинг Ангелина туғилган кунни жуда яхши эслайман. Эҳ, болаларнинг ғами адойи тамом қилди бечорани, бўлмаса айни ўйнаб-куладиган вақти эди — ахир у эндигина тўқсон бирга кирганди-да! — Галако афсусланганча бошини сарак-сарак қилди.
— Ўзиям-чи, эси нақ ўн олти ёшли ўсмирникидек, — деб шивирлади Гия, — кўриш, эшитиш, фикрлаш қобилиятига тараф йўқ. Биласанми, унда қандайдир тескари склероз ривожланган — иккинчи йилдан бошлаб ҳар бир кунни жуда яхши эслайди.
— Тўққиз юз иккинчи йилдан-а! — деб ҳайратландим.
— Тўққиз юз иккинчи йилдан эмас, икки ёшга тўлганимдан кейинги воқеаларни, — деб менинг гапимни тузатди Галако ва яна трубкасини буруқсита бошлади. — Анови товоқдаги қизил нарса нима? — деб мурожаат қилди у Гияга.
— Қизил икра! — қиқирлаб кулди Гия.
— Мазасини татиб кўрай-чи! — деганча Галако бобо кафтини чўзди. Гиянинг қўлини қайтаргунимча бўлмай, у ловияга аралаштириш учун тайёрланган гармдоридан ёғоч қошиқда тўлатиб олиб Галаконинг кафтига қўйди. Қария аччиқ гармдорини оғзига солди-да, кўзини юмганча, лаззатланиб шима бошлади. Галако бобонинг ўрнига менинг нафасим қайтиб, ичакларим аччиқдан ёниб кетгандек бўлди.
— Эсингни еб қўйдингми? —деб Гияни койидим, лекин у парвосига ҳам келтирмай, жилмайганча мени тинчлантирди.
— Бекорга ташвишланяпсан!
— Мана шуни икра деяпсизларми? — норози бўлгандек пешонасини тириштирди Галако бобо гармдорини тинчитгач. — Бизнинг вақтимизда эсимда, икра бўларди! Уни Батумида есанг, нақ Кигаурагача мазаси оғзингда турарди, нақ бир ҳафтагача-я!
— Ана, сенга нима девдим?! — деб жилмайди Гия.

* * *

— Яхшимисиз, батано Нодар! — деган овоз эшитилди орқамдан.
Орқамга ўгирилдим. Рўпарамда қадди-қомати келишган, сочига битта-яримта оқ оралаган аёл турарди. Унинг чиройли қўй кўзларида меҳр ҳамда майин табассум порларди.
— Саломатмисиз, калбатано3!.. — деб саломлашдим хижолатомуз. Хотирамга қанчалик зўр бермай, барибир бу аёлнинг кимлигини эслай олмадим, лекин негадир уни жуда яхши билишимга имоним комил эди.
— Қанақасига калбатано бўларкан, ахир бу ўзимизнинг Талико-ку! — деди Гия қўлини елкамга қўйганча.
Вой, тавба-эй! Ростданам Талико-ку! Кўз-қошлар, бақбақа, бежирим бурун, дўнг пешона, чиройли оғиз, садафдек оппоқ тишлар — бари уники… Ичимда нимадир узилиб, аъзойи баданимга ҳузурбахш илиқлик таралгандек бўлди.
— Салом, Талико! — ҳеч кимдан уялмай, ундан рухсат ҳам сўраб ўтирмай қучоғимни очиб Таликони кўксимга босдим, — энг яқин жигарим, жондош-қондош қариндошим. Қаршимда намоён бўлган малак — оёқяланг, ярим-яланғоч, оч-наҳор, лекин бениҳоя бахтли болалигимнинг ёрқин тимсоли!
— Талико, менинг Таликоим! — деб такрорлардим томоғимга тиқилиб қолган кўз ёшларни зўрға қайтарарканман. — Қалайсан, нима қиляпсан, қаердасан? — деб сўрадим ундан кўзимни узмай. У бўлса бехос қучоқлаб олганимгами ёки иссиқданми ёноғи лоладек қип-қизарганча, бошини эгиб, қўлини қаёққа қўйишни билмай гангиб турарди.
— Шундай, бир нави, раҳмат, батано Нодар… Ўзингизнинг аҳволларингиз қалай? — деб сўрай олди ниҳоят Талико, кейин ловия пиширилаётган қозон олдига ўтириб, уни каттакон ёғоч қошиқ билан аралаштира бошлади. Мен унинг ёнидаги пастак уч оёқли стулчага ўтирдим.
— Сени қирқ йил кўрмадим-а, Талико, — дедим чўзилиб кетган жимликни бузиш мақсадида.
— Тўппа-тўғри, қирқ йил бўлди, — деб жавоб қилди аёл бошини ердан кўтармай.
— Ловиянг суюқроқ бўлиб қопти, шекилли, — дея суҳбатга бошқа гап тополмай ошпазликдаги билимдонлигимни намойиш қилдим ўзимча.
— Бу ҳақда ташвишланмай қўя қолинг, батано Нодар, озгина картошка унидан қўшсам, қуюқлашади, ана унда пичоқ билан ҳам кесолмайсиз, — деб жилмайди Талико менинг ўринсиз танбеҳимга.
— Мени «батано» деб чақирма, бўлмаса бутунлай бегона одам билан гаплашаётганга ўхшайман, — деб илтимос қилдим.
— Бунга кўникиш керак. Ҳаракат қилиб кўраман… — деб ваъда берди Талико.
— Турмушга чиқибсан, деб эшитдим.
— Анча бўлган.
— Нечта боланг бор?
— Еттита.
— Қанча?!
— Еттита. Нега ажабланяпсан? Ҳатто набирам ҳам бор. Бата, тўрт ёш бўлди! — деди Талико ғурур билан.
— Ишонгим келмаяпти! Жуда ёш кўринасан!
— Икковимиз тенгдошмиз-ку, лекин мен жуда эрта турмуш қурганман.
— Шундай қилиб, етти болам бор дегин?
— Ҳа, Датико, Гиви, Тамаз, Гиули, Этери ва Вано.
— Олтита бўлди-ку.
— Қайси бирини ёддан чиқарибман, эсим қурсин! А-ҳа, Жабо! Жажжигина Жабойим! У еттинчиси!
— Афтидан, эринг яхши одамга ўхшайди…
— Ажойиб. У лечхумилик.
— Гурияликлар қандай қилиб сени лечхумиликка беришди?
— Жуда осон, у бошқалардан устунроқ экан-да! — деб мақтанган бўлди Талико.
Негадир у билан ҳазиллашгим келиб қолди.
— Ундай бўлса, мен бугуноқ оилангни барбод қиламан! — деб пўписа қилдим ғурури таҳқирланган гуриялик қиёфасига кириб.
— Қандай қилиб? — деб сўради у ажабланганча.
— Мана бундай: унга киндигингнинг остида, ўнгроқдаги чиройли холинг ҳақида айтаман, шунда… ҳолингга маймунлар йиғлайди!
— Нодар, мени шарманда қилма! Холим сенга қаёқдан маълум? — деди ҳайратли ажабланиш билан Талико.
— Чурчкала ёдингдан кўтарилдими?
— Қирқ йилдан бери ўша холни эслаб юрибсанми?
— Эсимда, Талико! Ахир ёзувчи бўлишнинг ўзи бўладими? Ҳеч нарсани эсдан чиқармаслик керак, тушундингми?
Талико узоқ сукут сақлади, кейин афсус биланми ёки алам биланми:
— Авдидо бўлса бирон мартаям ўша холни кўрмаган… — деди. Мен қулоқларимга ишонмадим. Томоғим қуруқшаб қолди.
— Нима дединг?
— Тентаквой, эрим холимни кўрмаган! — такрорлади Талико жилмайганча.
Ё, тавба! Бу нима ўзи?! Ёхуд инсон табиатининг соф ва гўзаллиги, маънавий баркамоллиги зуҳур этаётгандир… Шунча йил рўзғор тутиб, бир ёстиққа бош қўйган бу икки одамнинг шаффоф ва ғоят сирли, эъзозли туйғуларими? Мен уни тушунишга ожизлик қилмоқдаман!..

* * *
Кейин… Мендек шаккок ёзувчининг хаёл ҳофизасида мана бундай воқеа жонланди:
Талико ёғоч каравотда қўлини бошига қўйиб, шифтга тикилганча хаёл суриб ётарди. Ярим кечага яқин хонага чарчаб-ҳориган басавлат, қадди-қомати келишган, кўркам Авдидо кириб келди. У совиб қолган камин олдига ўтириб, чўғдан сигаретасини тутатиб олиб, шошмасдан чекди, сўнг қолдиғини каминга ташлади-да, унсиз ечиниб, оҳиста хотинининг ёнига чўзилди.
Талико қимир этмади. Авдидо хотини уйғоқлигини сезди-да:
— Ухламаяпсанми? — деб сўради. Талико индамай бошини тебратди.
— Нарироқ сурил.
Талико хиёл сурилди. Сукут сақлашди. Кейин Авдидо хотинига ўгирилиб, унинг қулоғига қайноқ лабларини яқинлаштириб, шивирлади:
— Талико, чиройли холингни кўрсат… Киндигингнинг пастида, ўнгроқда экан-ку.
Таликонинг юраги қинидан чиқиб кетай деб, тили танглайига ёпишиб қолди, пешонасини совуқ тер қоплади… У ўзини босиб олиб, эрига қаради.
— Авдидо, тентаккинам, холим сенга қаёқдан маълум бўла қолди?
— Бата айтди, набирамиз. Кеча шўхлик қилиб ҳамма ёқнинг тўс-тўполонини чиқариб юборди. Бир таъзирини бермоқчи бўлиб, иштончасини пастга туширдиму, лекин киндиги остидаги холни кўриб қолиб, ҳовримдан тушиб, тирмизакнинг нақ холидан ўпдим. У бўлса: «Буважон, биласанми, бувимда ҳам шунақа хол бор. Чиройли. Кеча Чурчкалада чўмилаётганимизда кўриб қолдим…» деса бўладими!
Талико нафасини ростлаб, ҳуши ўзига келди. Кейин аъзойи бадани бўшашиб кетди. Кейин хахолаб кулди. Ниҳоят меҳри товланиб, шошиб қолган эрини маҳкам қучоқлаганча йиғлаб юборди.
— Оҳ, Авдидо, жонгинам Авдидо, азизам…
— Сенга нима бўлди! Бас қил! Тинчлан… — дея хотинини овутишга уринарди қўрқиб кетган Авдидо.
— Агар билсанг эди… Агар билсанг эди, тентак, сени қанчалик севишимни! Агар билсанг, жоним…
— Шунинг учун йиғлаяпсанми? — деб сўради ҳам ажабланган, ҳам бахтиёр Авдидо.
— Шунинг учун… Шунинг учун… ҳам йиғлаяпман-да… Чунки… — деб шивирларди Талико. Бу дақиқада ҳаяжон оғушидаги аёлни тинчлантиришга қодир куч йўқ эди.

Рус тилидан Ҳикоят Маҳмудова таржимаси.
_________________
1. Гоми — жўхори унидан тайёрланадиган қуюқ овқат.
2. Батано — грузинларда эркакларга эҳтиром билан мурожаат қилинадиган сўз.
3. Калбатано — аёлларга нисбатан ҳурмат юзасидан қўлланиладиган сўз.